Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

1999-2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари Дастури (ЎзР ВМ 20.10.1999 й. 469-сон Қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 20 октябрдаги

469-сон қарорига

1-ИЛОВА


1999-2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари

ДАСТУРИ


МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Дастурнинг бош мақсади - мамлакатнинг устувор экологик муаммоларни аниқлаб берувчи барқарор ривожланиш йўлига ўтиш бошланғич босқичининг табиатни муҳофаза қилиш стратегиясини шакллантириш, уларни ҳал қилиш воситаларини танлаш ва тегишли ташкилий тадбирларни амалга оширишдир.

Дастур Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг экологик давоми ҳисобланади ва унинг асосий қоидалари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда ҳисобга олиниши керак.

У учта асосий йўналишни ўз ичига олади:

аҳоли яшаши учун қулай шароитлар яратиш;

барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;

халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш.


1. Аҳоли яшаши учун қулай шароитлар яратиш қуйидагилар билан таъминланади:

сифатли ичимлик сув билан, айниқса қишлоқда, таъминлашни яхшилаш;

оқова сувларни тўлиқ тозалаш, маиший ва саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва йўқотиш йўли билан санитария-гигиена шароитларини яхшилаш;

зарарли ташландиқлар ва оқоваларни, токсик саноат чиқиндиларини камайтириш мақсадида саноат корхоналари ва транспорт ишларини яхшилаш;

озиқ-овқат маҳсулотларининг экологик сифатини ошириш;

нурланиш хавфсизлигини таъминлаш билан.

Ушбу йўналишда Ҳукумат томонидан қишлоқ аҳолисини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлаш, қишлоқ ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, Тошкент ва Нукус шаҳарларининг ва бошқа жойларнинг санитария тозалаш тизимини такомиллаштириш дастурлари тасдиқланган ва амалга оширилмоқда.


2. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қуйидаги йўллар билан эришилади:

табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларни такрорий ишлаб чиқариш, муҳофаза қилиш ва истеъмол қилишни асосли камайтиришни таъминлаш;

ерлардан қишлоқ хўжалиги учун фойдаланишни яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлигини ошириш бўйича ишларни амалга ошириш;

сув ресурсларини бошқариш тизимининг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, мавжуд сув тақсимлаш инфратузилмаларини реконструкция қилиш ва замонавийлаштириш ҳамда мониторинг ва ахборотларнинг ишончли тизимини яратиш воситасида сувни тежаш ва муҳофаза қилиш;

суғориш ва дренаж тармоқларини такомиллаштириш ва яхшилаш. (Ҳозирги вақтда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича махсус дастур амалга оширилмоқда);

Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 1 апрелдаги 139-сон қарори билан тасдиқланган Биологик ранг-барангликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва харакатлар режасини амалга ошириш;

маданий мерос (тарихий ёдгорликлар)ни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш табиатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, табиатдан фойдаланиш иқтисодий механизмларини жорий этиш, экология мониторинги тизимини ривожлантириш, таълим ва аҳолини тарбиялаш билан таъминланади.

Экология қонун ҳужжатларини ва уни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришни қонунчиликка қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш йўли билан, шунингдек қуйидаги йўналишлар бўйича янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш орқали рўёбга чиқариш назарда тутилган:

қонунчилик нормаларини амалга ошириш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича низоларни бартараф этиш ва тартибга солиш бўйича экологик қонунни бузишлар учун муқаррар жавобгарликни таъминловчи аниқ тартибот ва институционал қоидаларни ишлаб чиқиш;

давлат табиий ресурсларининг иқтисодий қийматини аниқловчи, шунингдек табиатдан пулли фойдаланишга ўтишни, атроф муҳитни муҳофаза қилишни иқтисодий рағбатлантиришни таъминловчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

хўжалик қонун ҳужжатлари нормаларини, уларни атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги қоидалар билан тўлдириш мақсадида, экологиялаштириш.

Табиатдан фойдаланиш иқтисодий механизмларини ва атроф муҳитнинг сифати стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифалари атроф муҳитга антропоген таъсир кўрсатишни камайтиришга ва "ифлослантирувчи тўлайди" ҳамда "фойдаланувчи тўлайди" қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган. Уларнинг асосий қисми:

сувдан фойдаланишнинг барча соҳаларида сувни тежашни;

табиий ресурслар сифатини, уларни муҳофаза қилиш ва қайта ишлаб чиқаришни яхшилашни;

экология жиҳатидан тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни;

атроф муҳитнинг саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланишини камайтиришни рағбатлантириш керак.

Иқтисодий механизмларни амалга ошириш ва уларнинг амал қилиш самарадорлиги:

табиий ресурслар учун, атроф муҳитни ифлослантирганлик ва унга зарар етказганлик учун тўловлар тизимини такомиллаштириш;

табиатдан фойдаланувчилардан солиқ олиш ва уларга кредит бериш тизимини такомиллаштириш;

давлат экология экспертизаси ва экология аудитини амалиётга кенг жорий этиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилишга инвестициялаш учун сармоядан фойдаланишни таъминловчи ривожланган сармоя бозорларини ташкил этиш;

муқобил танлаш учун имконият яратадиган экологик хизматлар ва маҳсулотларнинг ривожланган бозори билан таъминланади.

Мониторинг ва ахборотлар, экологик таълим тизимини такомиллаштириш:

назоратнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этган ҳолда мунтазам равишда кузатишнинг (намуна олиш, ўлчовлар аниқлиги, текширишлар сифати ва шу кабилар) технологик ва техник даражасини ошириш;

мониторинг тармоқларини кенгайтириш, ифлосланишнинг нуқтали ва нуқтасиз манбаларини янада тўлиқ ҳисобга олиш;

ягона экологик ахборот тизимини яратиш;

Давлат кадастрлари ягона хизматини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

экологик таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

турли ихтисосли, айниқса иқтисоднинг етакчи тармоқлари бўйича, бошқарув ва аудит соҳасида юқори малакали эколог кадрлар тайёрлаш;

ёшларнинг экологик маданиятини ривожлантиришда ўзбек халқининг маънавий меросидан фойдаланиш;

аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш учун оммавий ахборот воситаларидан янада кенгроқ фойдаланиш;

ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларни, аҳолини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини (маҳаллаларни) қарорлар муҳокамасига, қабул қилинишига ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга, айниқса махаллий даражада жалб этиш йўли билан назарда тутилади.


3. Халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш

Халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ишлар:

халқаро конвенциялар ва битимлар бўйича, шунингдек Орол танглигини бартараф этиш, давлатлараро сув оқимларидан фойдаланиш ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш, атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишининг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларни бажаришга йўналтирилган. Улар:

Барқарор ривожлантириш миллий стратегиясини;

Озонни бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш буйича миллий дастурни;

Иқлим ўзгариши бўйича мамлакатни ўрганиш ва мумкин бўлган оқибатларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш дастурини;

Саҳрога айланишга қарши кураш чора-тадбирлари дастурини;

Атроф муҳит гигиенаси бўйича ишлар режасини;

Биологик ранг-барангликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ишлар режасини;

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларидаги Ғарбий Тяньшаннинг биологик ранг-баранглигини сақлаш бўйича трансчегара лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг "Ахборотлардан фойдаланиш, атроф муҳитга тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида, суд ишларида жамоатчиликнинг қатнашиши ва улардан фойдаланиши тўғрисида" БМТ ЕЭК Орхус Конвенциясига (1998 й.) қўшилиши учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш орқали таъминланади.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси томонидан, Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ), Жаҳон банки ва бошқа халқаро донорларнинг молиявий кўмагида, Марказий Осиёдаги бешта давлат ҳукуматлари билан биргаликда Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш минтақавий стратегиясини ишлаб чиқиш ташкил этилган (Глобал экология жамғармаси лойиҳаси, муддатлари - 19982003 йиллар).

Давлатлараро сув оқимларининг сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг, атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланишининг жорий масалалари икки ва кўп томонлама давлатлараро битимлар ва шартномалар тузиш йўли билан ҳал қилинади.