Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.04.2010 й. ПҚ-1325-сон "Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
19.04.2010 й.
N ПҚ-1325
БАНК ПЛАСТИК КАРТОЧКАЛАРИДАН
ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА ҲИСОБ-КИТОБ
ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ
РАҒБАТЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Пул муомаласи тизимини такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва банкдан ташқари нақд пул айланмасини қисқартириш, аҳолининг банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда илғор банк технологияларини жорий этиш асосида хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида:
1. Республикада пластик карточкаларни ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилгани маълумот учун қабул қилинсин. Ушбу механизмга биноан:
ҳар бир пластик карточка эгаси карточка ҳисобрақамидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи шахсий идентификация рақами (ПИН-код)га эга бўлиб, у нотўғри терилган тақдирда пластик карточка автоматик тарзда блокировка қилинади;
бегона шахсларнинг сохталаштириши ва рухсатсиз фойдаланишига йўл қўймайдиган микрочипли модуллар ва маълумотларни шифрлайдиган тўрт поғонали тизимга эга пластик карточкалар орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш борасида ягона "Ўзкарт" тўлов тизими фаолият кўрсатмоқда;
пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда мижозлар ҳисоб-рақамидан маблағ ечиш ва унга пул ўтказиш Умумреспублика ягона процессинг маркази орқали амалга оширилади, бу мижозлар ҳамда сотувчиларни турли қаллоблик ва алдовлардан ҳимоя қилишни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари пластик карточкалар, ҳисоб-китоб терминаллари, банкоматлар ва бошқа махсус жиҳозларни юқори даражада ҳимоя қилиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши устидан қатъий тизимли назоратни таъминласин, пластик карточкалардан фойдаланиш орқали накд пулсиз тўловларни амалга оширишда сохталаштириш ҳамда фирибгарликларни истисно этадиган қўшимча чора-тадбирларни кўрсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2010-2011 йилларга мўлжалланган банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар бўйича махсус жиҳозлар тармоғини қўшимча кенгайтиришга доир прогноз кўрсаткичлар 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ва тижорат банкларининг аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари рўйхатини кенгайтириш тўғрисидаги таклифига (2-илова) розилик берилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари манфаатдор давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари билан ҳамкорликда 2011 йилнинг 1 январига қадар мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ рўйхатга киритилган чакана савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектларини банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.
Белгилаб қўйилсинки, юқоридаги рўйхатга киритилган хўжалик субъектларининг тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланишга оид талабларга риоя қилмаслиги назорат-касса машиналари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш тартибини, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишга тенглаштирилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик юкланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:
аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш объектларининг қонунчиликка биноан банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш талабларига сўзсиз риоя қилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган объектлар фаолияти устидан мунтазам мониторинг ўтказсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан биргаликда тижорат банкларининг сўмли банк пластик карточкалари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича тасдиқланган ягона тарифларга риоя қилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин;
тижорат банкларининг ягона тарифларга риоя қилмаслиги бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан уларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўрсин, шунингдек, тарифлар ошишига йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган санкцияларни қўлласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 3 августда қабул қилинган "Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 433-сон қарорининг 1-банд иккинчи хатбоши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрда қабул қилинган "Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 445-сон қарорининг 7-банди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 июлда қабул қилинган "Банкларнинг капиталлашувини янада ошириш ва иқтисодиётни модернизациялашдаги инвестиция жараёнларида уларнинг иштирокини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 670-сон қарорининг 7-бандида кўзда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларига амал қилиш муддати 2012 йилнинг 1 январигача узайтирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин;
идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
“Халқ сўзи”, 2010 йил 20 апрель
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 16-сон, 124-модда.
Мазкур Иловалар рус тилида тасдиқланган.
Ҳужжатнинг матни Норма газетаси ва ахборот-қидирув
тизими экспертлари томонидан ўзбек тилига таржима
қилинган ва ахборот тусига эга. Ноаниқликлар келиб
чиққанида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг рус тилидаги
матнига қаранг.
Президентининг
2010 йил 19 апрелдаги
ПҚ-1325-сон қарорига
1-ИЛОВА
2010-2011 йилларга мўлжалланган банк
пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда
нақд пулсиз ҳисоб-китоблар бўйича махсус жиҳозлар
тармоғини қўшимча кенгайтиришга доир
ПРОГНОЗ КЎРСАТКИЧЛАР
бирлик
N |
Банкларнинг номи |
Қўшимча ўрнатиладиган жиҳолар сони |
||
ҳисоб-китоб терминаллари |
банкоматлар |
инфокиосклари |
||
1 |
Ўзмиллийбанк |
3605 |
20 |
87 |
2 |
“Асака” банки |
1210 |
10 |
22 |
3 |
Ўзсаноатқурилишбанк |
1500 |
9 |
46 |
4 |
Агробанк |
3056 |
16 |
79 |
5 |
Халқ банки |
4245 |
18 |
63 |
6 |
Ипотека-банк |
2456 |
10 |
41 |
7 |
Микрокредитбанк |
1940 |
11 |
17 |
8 |
Қишлоқ қурилиш банки |
1615 |
8 |
18 |
9 |
Хамкорбанк |
1675 |
9 |
39 |
10 |
Савдогарбанк |
593 |
9 |
8 |
11 |
“Ипак йўли” банки |
580 |
4 |
12 |
12 |
Алоқабанк |
457 |
6 |
10 |
13 |
Туронбанк |
200 |
4 |
4 |
14 |
Бошқа банклар |
1716 |
27 |
36 |
Жами |
24848 |
161 |
482 |
Президентининг
2010 йил 19 апрелдаги
ПҚ-1325-сон қарорига
2-ИЛОВА
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга
оширадиган ва банк пластик карточкаларидан
тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб
терминаллари билан жиҳозланиши шарт
бўлган чакана савдо ҳамда хизмат
кўрсатиш соҳаси объектлари
РЎЙХАТИ*
6 |
Турғун савдо шохобчалари, шу жумладан дорихоналар (эгалланган майдон ҳажмидан қатъи назар) |
7 |
Умумий овқатланиш объектлари |
8 |
Аҳолидан уй-жой-коммунал хизматлари, шунингдек телефон, шу жумладан уяли телефон алоқаси хизматлари учун тўловларни қабул қилиш пунктлари |
9 |
Автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари |
10 |
Алоқа бўлимлари |
11 |
Маиший хизмат кўрсатиш ва маданий-оммавий ҳамда томоша тадбирларини ўтказиш объектлари |
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар |
*) Қонун ҳужжатларига мувофиқ аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган объектлар бундан мустасно.
Президентининг
2010 йил 19 апрелдаги
ПҚ-1325-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва
Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
ЎЗГАРТИРИШЛАР
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2006 йил 3 августдаги ПҚ-433-сон қарори 1-бандининг иккиничи хатбошидаги “2010 йилнинг 1 январигача” сўзлари “2012 йилнинг 1 январигача” сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2004 йил 24 сентябрдаги 445-сонли қарорида:
3-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
7-бандда “2010 йилнинг 1 январигача” сўзлари “2012 йилнинг 1 январигача” сўзлари билан алмаштирилсин;
9-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
3-илованинг 2-бандидаги “2010 йилнинг 1 январигача” сўзлари “2012 йилнинг 1 январигача” сўзлари билан алмаштирилсин.