Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.2014 й. 48-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 4 мартдаги

48-сон қарорига

1-ИЛОВА


Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва

овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш

ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш

ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини

ўзгартириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида" ва "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини (кейинги ўринларда маҳаллалар деб аталади) тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартибини белгилайди.

2. Маҳаллалар шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар ҳудудида ташкил этилади, бунда бир маҳалла бир маъмурий-ҳудудий бирлик (вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси) ҳудуди доирасида ташкил этилади ҳамда бир маҳалланинг ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирлик ҳудудида жойлашишига йўл қўйилмайди.

3. Маҳаллалар маъмурий-ҳудудий бирликлар ҳисобланмайди.


4. Маҳаллалардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўзларига қонун ҳужжатларида берилган ваколатларни тегишли маҳалла ҳудудининг ушбу Низомда белгиланган тартибда белгиланган чегаралари доирасида амалга оширадилар.


5. Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича таклифлар шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳалласининг фуқаролар йиғинлари кенгашлари томонидан тайёрланади.

6. Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш бўйича тадбирлар Низомга 1-иловадаги схемага, маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича тадбирлар Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


II. МАҲАЛЛАЛАРНИ ТУЗИШ, БИРЛАШТИРИШ,

БЎЛИШ ВА ТУГАТИШ


7. Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш фуқаролар йиғинлари илтимосномаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилади.

8. Маҳаллалар ҳудудларнинг тарихий хусусиятларини, қоидага кўра, камида 400 та хонадон мавжуд аҳоли пунктларининг географик жойлашишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Маҳаллалар, истисно ҳолларда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарори билан 400 тадан кам хонадонлари мавжуд бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ҳамда ҳарбий шаҳарчаларда ташкил этилиши мумкин.

Ушбу банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларига мувофиқ маҳаллалар тузиш мумкин бўлмаган тақдирда, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг ҳудудлари маҳаллалар тузмасдан, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг тегишли фуқаролар йиғинлари томонидан бошқарилади.

10. Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш ва бўлиш бўйича таклифлар шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллаларининг фуқаролар йиғини кенгаши томонидан шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллаларининг фуқаролар йиғинига кўриб чиқиш учун киритилади.

11. Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш бўйича таклифларда:

аҳоли фикрини ўрганиш тўғрисидаги;

муайян ҳудуд, унинг тарихий ва географик хусусиятлари тўғрисидаги;

яқин атрофдаги аҳоли пунктлари ва маҳаллаларнинг жойлашиши тўғрисидаги;

ушбу ҳудудда яшайдиган аҳоли ва оилалар сони тўғрисидаги;

ушбу ҳудудда жойлашган энг йирик саноат, транспорт ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, фермер хўжаликлари тўғрисидаги;

тузиладиган, бирлаштириладиган ва бўлинадиган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш бўйича таклифлар тўғрисидаги;

маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича таклифлар тўғрисидаги ахборотлар акс эттирилади.


12. Шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллаларининг фуқаролар йиғини маҳаллани тузиш, бирлаштириш ва бўлиш бўйича таклифларни кўриб чиқиб ўзининг қарори билан уларни маъқуллайди ёки асосланган ҳолда рад этади, зарурат бўлганда, уларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тавсия этади.

13. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш ва бўлиш бўйича таклифлар уч кун мобайнида шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва шаҳарлар маҳаллаларининг фуқаролар йиғинлари томонидан тегишли илтимоснома билан туман, шаҳар ҳокимига юборилади.

14. Тегишли туман (шаҳар) ҳокимига юборилаётган илтимосномага, ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ахборот билан бирга, қуйидагилар илова қилинади:

тегишли шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллалари фуқаролар йиғинининг маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш ва бўлиш бўйича таклифларни маъқуллаш тўғрисидаги қарори;

тузилаётган, бирлаштирилаётган маҳаллага ном бериш ва фаолият кўрсатаётган маҳаллаларнинг номини ўзгартириш бўйича таклифлар;

маҳалла ҳудудининг туман, шаҳар ҳокими билан олдиндан келишилган режаси (маҳаллалар чегараларини белгилаш ва ўзгартириш) бўйича таклифлар.


15. Туман (шаҳар) ҳокими маҳаллани тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш тўғрисида шаҳарча, қишлоқ, овул ёки шаҳар маҳаллаларининг фуқаролар йиғини томонидан киритилган таклифларни ўн беш кун муддатда кўриб чиқади ҳамда ахборотнома тайёрлаб, тўпланган ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссияга (кейинги ўринларда - Идоралараро комиссия) тақдим этади.

Идоралараро комиссия:

маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади ҳамда соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш бўйича тақдим этилган таклифларни ўн беш кун муддатда бевосита жойига чиқиб ўрганади ҳамда таклифларни қаноатлантириш ёки қаноатлантирмаслик тўғрисида хулоса тайёрлайди;

тайёрланган хулосани кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 кун муддатда киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари навбатдаги сессияда Идоралараро комиссиянинг хулосаси асосида маҳаллани тузиш, маҳаллаларни бирлаштириш, маҳаллани бўлиш (уларнинг чегараларини белгилаган ва уларга ном берган ёки уларнинг номини ўзгартирган ҳолда) ва тугатиш тўғрисида ёхуд ушбу таклифни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

17. Маҳаллани тугатиш ушбу ҳудудда яшаётган фуқаролар бошқа жойга кўчирилганда, шунингдек маҳалла жойлашган шаҳарча, қишлоқ, овул ёки шаҳар тугатилганда амалга оширилади.


III. МАҲАЛЛАЛАРНИНГ ЧЕГАРАЛАРИНИ

БЕЛГИЛАШ ВА ЎЗГАРТИРИШ


20. Маҳаллалар чегаралари уларни тузишда, бирлаштиришда ва бўлишда белгиланади.


21. Маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва шаҳарлар маҳаллаларининг фуқаролар йиғинлари илтимосномалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан амалга оширилади.

22. Маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш тўғрисида илтимосномалар киритилгунга қадар шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва шаҳарлар маҳаллалари фуқаролар йиғинлари маҳаллаларнинг чегараларини (маҳалла ҳудудини) белгилаш ва ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни олдиндан туман, шаҳар ҳокими билан келишадилар.

23. Маҳалла ҳудудига тегишли шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул чегаралари доирасидаги ерлар киритилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

24. Шаҳар маҳаллалари чегаралари, қоидага кўра, шаҳарнинг турар жой зоналари чегаралари доирасида белгиланади, бунда шаҳарлар маҳаллалари фуқаролар йиғинлари маҳаллалар ҳудудига шаҳарнинг бошқа зоналарини, шунингдек ер фондининг бошқа тоифалари ерларини киритиш тўғрисида ҳам илтимос қилишлари мумкин.


25. Маҳалланинг чегаралари юридик ва жисмоний шахсларнинг эгалигида, фойдаланишида бўлган, улар ижарага олган ва уларнинг мулки бўлган ер участкалари чегаралари, йирик каналлар, коллекторлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, шунингдек жойнинг бошқа табиий ва сунъий объектлари бўйича белгиланади.


26. Маҳаллаларнинг чегаралари шаҳарлар, шаҳарчалар чизмаларида 1:2000 масштабда, қишлоқлар ва овуллар чизмаларида эса - 1:10000 масштабда акс эттирилади.

27. Маҳаллалар чегараларини белгилаш жараёнида ҳар бир маҳалла бўйича чегаралар тавсифланади. Чегаралар тавсифида улар бўйича чегара белгиланадиган кўчалар, табиий ва сунъий объектлар номлари, чегаралар йўналиши келтирилади.


28. Маҳаллалар чегараларининг чизмалари ва тавсифи туман, шаҳар ҳокимлигининг топшириғи бўйича, шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллалари фуқаролар йиғинларининг илтимосномалари асосида Давлат кадастрлари палатасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиаллари томонидан ўн беш кун мобайнида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тайёрланади.

29. Маҳаллаларнинг чегаралари чизмаси қўшни маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари билан келишилади.


30. Тузиладиган, бирлаштириладиган ёки бўлинадиган маҳаллаларнинг чегаралар чизилган ва чегаралар тавсифланган чизмалари ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган тартибда маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш ва бўлиш тўғрисидаги қарорлар билан биргаликда халқ депутатлари, туман, шаҳар Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.


31. Маҳаллалар чегараларини ўзгартириш ушбу бўлим талаблари ҳисобга олинган ҳолда туман, шаҳар ҳокимининг таклифи асосида, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг алоҳида қарори билан шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва шаҳарлар маҳаллалари фуқаролар йиғинлари илтимосномаси бўйича амалга оширилади.


IV. МАҲАЛЛАЛАРГА НОМ БЕРИШ ВА УЛАРНИНГ

НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ


32. Маҳаллаларга бериладиган ном:

маҳалланинг энг характерли белгиларини акс эттириши;

маҳалланинг номи ушбу маҳалла жойлашган жойнинг мавжуд тизимига мос бўлиши;

маҳаллий аҳолининг фикрини эътиборга олиши;

қоидага кўра, учтадан ортиқ бўлмаган сўздан иборат бўлиши;

маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тили билан боғлиқ хусусиятларини ва маҳаллий аҳоли ҳаётининг бошқа хусусиятларини ҳисобга олиши;

маҳаллалар номларининг ўхшашлиги янглишишга олиб келишини, ҳурматсизлик мазмунида эга бўлишини, ушбу номларнинг Ўзбекистон халқининг тарихи, анъаналари ва маданияти билан номувофиқлигини истисно этиши керак.

33. Маҳаллаларга айрим одамларнинг, ижтимоий-сиёсий арбобларнинг номларини беришга, қоидага кўра, йўл қўйилмайди, Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахслар бундан мустасно.

Маҳаллаларга Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг номи "Географик объектларнинг номлари тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-1-моддасида белгиланган тартибда берилади.

34. Бир туман, шаҳар доирасидаги, таркибида туманлар мавжуд бўлган шаҳар ёки аҳоли пункти доирасидаги бир нечта турдош географик объектга айнан бир хил ном берилишига йўл қўйилмайди.

35. Маҳаллалар номларини ўзгартиришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

айрим маҳаллаларнинг тарихий номларини тиклаш зарур бўлганда;

агар маҳалла географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган аббревиатура, рақам ёки сўз бирикмаси билан белгиланган бўлса;

маҳаллаларга Ўзбекистоннинг тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг номларини бериш зарур бўлганда;

бир туман, шаҳар доирасидаги, таркибида туманлар мавжуд бўлган шаҳар ёки аҳоли пункти доирасидаги маҳаллаларнинг номлари бир хил бўлганда.

Маҳалла икки ва ундан ортиқ маҳаллага бўлинганда улардан бирида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолда бўлинган маҳалланинг номи сақланиб қолиши мумкин.


36. Маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллалари фуқаролар йиғинларининг илтимосномаси ва туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг таклифи бўйича халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари томонидан, таркибида туманлар мавжуд бўлган шаҳарларда эса туманлар ҳокимлари киритган таклифларга кўра халқ депутатлари шаҳарлар Кенгашлари томонидан амалга оширилади, "Географик объектларнинг номлари тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-1-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

37. Туман, шаҳар ҳокими беш кун мобайнида шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳар маҳаллалари фуқаролар йиғинларининг маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномасини таклифлар тайёрлаш учун кўриб чиқади ва тегишли ҳужжатлар билан биргаликда уларни географик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш масалалари бўйича тегишли туман, шаҳар комиссиясига (кейинги ўринларда туман, шаҳар комиссияси деб аталади) киритади.

38. Туман, шаҳар комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар комиссиясига киритиш учун таклифлар тайёрлайди ҳамда уларни туман, шаҳар ҳокимига юборади.

39. Маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тўғрисида таклифлар тайёрлашда туман, шаҳар комиссияси:

маҳаллаларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ва мероси билан боғлиқ номлари муҳофаза қилинишини, улар асоссиз равишда қайта номланишининг олди олинишини;

маҳаллалар номининг ўзгартирилишига ва уларга Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар берилишига йўл қўйилмаслигини;

маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартиришда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш истисно этилишини таъминлаши керак.


40. Туман, шаҳар ҳокими туман, шаҳар комиссияси томонидан тайёрланган маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тўғрисидаги таклифни географик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиясига (кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияси деб аталади) киритади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияси тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳар томонлама ўрганилишини ташкил этади, шундан сўнг уларни географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги нуқтаи назаридан давлат экспертизасидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигига топширади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар комиссияси амалга оширилган ишларнинг якунларига кўра ҳамда давлат экспертизаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тегишли хулоса беради.

41. Туман, шаҳар ҳокими Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиясининг хулосасига мувофиқ маҳаллаларнинг номлари ва улар номининг ўзгартирилиши бўйича таклифларни тайёрлайди ва уларни кўриб чиқиш учун халқ депутатлари тегишли туман, шаҳар Кенгашига киритади.

Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши навбатдаги сессияда туман, шаҳар ҳокимининг таклифини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.


42. Туман, шаҳар ҳокими ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигига Географик объектларнинг номлари давлат реестрига киритиш учун маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни юборади.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


43. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.





Низомга

1-ИЛОВА


Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг

маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва

тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини

белгилаш ва ўзгартиришда амалга

ошириладиган тадбирлар

СХЕМАСИ

         

Босқичлар

     


Субъектлар

    


Тадбирлар

     


Муддатлар

      

1-босқич


Фуқаролар йиғини

кенгаши


      

Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш бўйича таклифларни тайёрлайди ва фуқаролар йиғини муҳокамасига киритади.

    


Заруратга кўра








2-босқич


Фуқаролар йиғини


      

1. Киритилган таклифларни кўриб чиқади, ўз қарори билан уларни маъқуллайди ёки асосли равишда рад этади, зарурат бўлганда уларга тегишли ўзгартиришлар киритишни таклиф этади.


2. Тегишли туман (шаҳар) ҳокимига маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш бўйича тўпланган материалларни илова қилган ҳолда илтимоснома юборади.

      


5 кун муддатда








3-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


      

1. Фуқаролар йиғинининг таклифи билан биргаликда маҳалланинг чегараларини акс эттирган ва тавсифланган ҳолда маҳалланинг ҳудуди чизмаларини тайёрлаш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиалларига топшириқ юборади.


2. Фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш бўйича илтимосномани кўриб чиқади ва ахборотнома тайёрлайди.


3. Ахборотномани тўпланган ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияга (кейинги ўринларда - Идоралараро комиссия) тақдим этади.

       


15 кун муддатда








4-босқич


Иқтисодиёт ва молия

вазирлиги ҳузуридаги

Кадастр агентлигининг

Давлат кадастрлари

палатасининг тегишли

туман (шаҳар)даги

филиали


      

1. Маҳалланинг чегараларини акс эттирган ва тавсифлаган ҳолда, маҳалла ҳудуди чизмасини тайёрлайди ҳамда қўшни маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари билан келишади.


2. Маҳалла ҳудудининг тайёрланган чизмасини маҳаллаларнинг чегараларини акс эттирган ва тавсифлаган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимига юборади.

       


15 кун муддатда








5-босқич


Идоралараро комиссия


       

1. Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш бўйича тақдим этилган таклифларни бевосита жойига чиқиб ўрганади.


2. Таклифларни қаноатлантириш ёки қаноатлантирмаслик тўғрисида хулоса тузади.



15 кун муддатда




3. Тайёрланган хулосани кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига киритади.

       


3 кун муддатда








6-босқич


Қорақалпоғистон

Республикаси Жўқорғи

Кенгеси, халқ

депутатлари вилоятлар

ва Тошкент шаҳар

Кенгаши


     

Навбатдаги сессияда Идоралараро комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш ёки ушбу таклифни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

       


Халқ депутатлари

Кенгашининг навбатдаги

сессияси чақирилишига қараб

       





Низомга

2-ИЛОВА


Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар

ва овулларнинг маҳаллаларига ном бериш

ва уларнинг номини ўзгартиришда амалга

ошириладиган тадбирлар

СХЕМАСИ

       

Босқичлар

      


Субъектлар

     


Тадбирлар

      


Муддатлар

        

1-босқич


Фуқаролар йиғини кенгаши


     

Маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича таклифларни тайёрлайди ва фуқаролар йиғини муҳокамасига киритади.

        


Заруратга кўра








2-босқич


Фуқаролар йиғини


   

1. Киритилган таклифларни кўриб чиқади, ўз қарори билан уларни маъқуллайди ёки асосли равишда рад этади, зарурат бўлганда уларга тегишли ўзгартиришлар киритишни таклиф этади.


2. Тегишли туман (шаҳар) ҳокимига маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича тўпланган материалларни илова қилган ҳолда илтимоснома юборади.

        


5 кун муддатда








3-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


     

1. Фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича илтимосномани кўриб чиқади.


2. Таклифлар тайёрлаш учун географик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш масалалари бўйича тегишли туман, шаҳар комиссиясига (кейинги ўринларда - туман (шаҳар) комиссияси) зарур ҳужжатлар билан фуқаролар йиғинининг илтимосномасини юборади.

        


5 кун муддатда








4-босқич


Туман (шаҳар) комиссияси


     

Тақдим этилган ҳужжатларни, уларнинг географик объектларга номлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқади ва ўз таклифини туман (шаҳар) ҳокимига юборади.

       


15 кун муддатда








5-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


    

Туман (шаҳар) комиссияси томонидан тақдим этилган таклифни ном бериш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳар комиссиясига киритади.

       


5 кун муддатда








6-босқич


      

Ном бериш

масалалари бўйича

Қорақалпо-ғистон

Республикаси, вилоят

ёки Тошкент шаҳар

комиссияси

       


Тайёрланган материалларнинг географик объектларга номлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ҳар томонлама ўрганиб чиқишни ташкил этади ва туман (шаҳар) ҳокимига тегишли хулосани юборади.


15 кун муддатда








7-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


      

Маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш бўйича тайёрланган ҳужжатларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритади.

      


5 кун муддатда








8-босқич


Халқ депутатлари

туман (шаҳар)

Кенгаши


Навбатдаги сессияда туман (шаҳар) ҳокими томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва маҳаллаларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ёки ушбу таклифни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


       

Халқ депутатлари

Кенгашининг

навбатдаги сессияси

чақирилишига

қараб

       

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 10 март, 10-сон, 107-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 3-сон, 18-модда