Санация қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ташқи бошқарувчиси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.01.1998 й. 21-сон қарорига 3-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
1998 йил 14 январдаги
3-ИЛОВА
Санация қилинаётган қишлок
хўжалиги корхоналарининг ташқи
бошқарувчиси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ташқи бошқариш бу санация қилинадиган қишлоқ хўжалиги корхонаси фаолиятини бошқаришни ташкил этиш усули, корхонани бошқариш ва унинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг тайинланган шахсга ташқи бошқарувчига ўтишини билдиради.
2. Ташқи бошқаришни жорий этиш масаласи давлат маблағлари жалб этилган ҳолда санация қилинганда минтақавий комиссия хулосаси асосида Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда Ҳукумат комиссияси деб аталади) томонидан, давлат маблағлари жалб этилмасдан санация қилинганда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш масалалари бўйича минтақавий комиссия (кейинги ўринларда минтақавий комиссия деб аталади) томонидан кўриб чиқилади.
Ташқи бошқарувчи лавозимга, ташқи бошқарувни жорий этиш билан бир пайтда, корхона мол-мулки эгаси, кредитор (кредиторлар) ва Ҳукумат комиссияси билан келишган ҳолда туман ҳокими томонидан тайинланади.
3. Ташқи бошқарувчи корхонани бошқариш функциясини 24 ойгача бўлган муддатда амалга оширади.
4. Ташқи бошқариш жорий этилган пайтдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари ва бошқарув ижро этувчи органларининг ваколатлари тўхтатилади ҳамда улар ташқи бошқарувчига ўтади. Корхона бошқарувининг ижро этувчи органлари ташқи бошқарувчи тайинланган пайтдан бошлаб етти кун ичида корхонанинг бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари, муҳрлар ва штамплар, моддий ва бошқа бойликларнинг ташқи бошқарувчига топширилиши қабул қилиб олинишини таъминлашлари шарт.
5. Ташқи бошқарувчи ҳудудий қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси билан келишган ҳолда:
санация қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг штат жадвалини тасдиқлайди;
бош бухгалтерни, бош иқтисодчини, бош агрономни ва бошқа мутахассисларни тайинлайди.
6. Ташқи бошқарувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонун ҳужжатларига мувофиқ корхонанинг мол-мулкини тасарруф этиш;
корхона номидан кредиторлар билан қарзларни тўлаш муддатини узайтириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида битимлар тузиш;
корхонага қўйилган талаблар бўйича белгиланган тартибда эътирозлар билдириш;
мулк эгаси, кредитор (кредиторлар) ва Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаси розилиги билан йирик битишувларни амалга ошириш.
Йирик битишувларга қиймати битишув тузилаётган пайтдаги корхона активларининг баланс қийматидан ўн фоиз ортиқ бўлган кўчмас мулкка ёки бошқа мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ битишувлар киради.
Корхонанинг ташқи бошқарув жорий этилгандан сўнг пайдо бўлган пул мажбуриятлари миқдори кредиторлар талаблари реестрига мувофиқ сумманинг 20 фоизидан ортиқ бўлса, корхонанинг янги пул мажбуриятлари билан боғлиқ битишувлар, ташқи бошқариш режасида назарда тутилгандан ташқари, ташқи бошқарувчи томонидан фақат мулк эгаси, кредиторлар ва Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
7. Ташқи бошқарувчи қуйидагиларга мажбурдир:
санация режасини ишлаб чиқиш ва минтақавий комиссияга тақдим этиш;
корхона раҳбари ваколатларини амалга ошириш;
корхона бўйича бухгалтерия, молия, статистика ҳисобини ва ҳисоботини юритишни ташкил этиш;
корхоналар мол-мулкини хатлашни амалга ошириш;
ташқи бошқаришни амалга ошириш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун махсус счёт очиш;
кредиторлар талабларини кўриб чиқиш;
ҳудудий бошқармага ҳар чоракда санация қилиш режасининг бажарилиши ҳақида, шунингдек, якуний ҳисоботлар тақдим этиш. Ташқи бошқарувчи кредиторлар олдида қабул қилинган мажбуриятларни тўлиқ бажариши шарт ва уларнинг бажарилиши учун жавоб беради.
8. Ташқи бошқарувчи ўзи тайинланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан санация қилиш режасини ишлаб чиқиши лозим. Санация қилиш режаси ташқи бошқариш муддатида корхонанинг тўлов қобилиятини тиклаш ва уни соғломлаштириш чора-тадбирларини назарда тутиши керак.
Режага молиявий-иқтисодий аҳволни соғломлаштириш бўйича батафсил чора-тадбирлар киритилган бўлиши керак, шу жумладан:
ташқи бошқариш муддати;
барча кредиторлар талабларининг улар билан келишилган муддатларда қондирилишини таъминлаш мажбурияти;
кредиторлар олдидаги жавобгарлик;
ташқи бошқарувчининг ташқи бошқаришда у бошланганидан кейин қатнашишдан бош тортган тақдирдаги жавобгарлиги;
ташқи бошқарувчи назарда тутишни зарур деб ҳисоблайдиган бошқа қоидалар.
9. Санация қилиш режаси корхона эгаси ҳамда кредиторлар билан келишилади ва ҳудудий бошқармага тақдим этилади.
10. Ташқи бошқарувчи ташқи бошқаришнинг белгиланган муддати тугагунча ўн беш кундан кечиктирмай, шунингдек, унинг муддатидан олдин тугалланиши учун асослар мавжуд бўлганда, якуний ҳисобот тақдим этади,
Ҳисоботда қуйидагилар бўлиши керак:
бажарилган ишлар ҳақидаги маълумотлар;
мустақил аудитор томонидан тасдиқланган тўлиқ ҳажмдаги молиявий ҳисобот;
корхонанинг пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар талабларини қондириш учун йўналтирилиши мумкин бўлган бўш пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги банк маълумотлари;
корхонанинг қолган дебиторлик қарзлари ёйилмаси;
қолган кредиторлик қарзларини узиш имкониятлари тўғрисидаги бошқа маълумотлар.
11. Ташқи бошқарувчи ўз ваколатларини амалга ошириш муддати тугагунга қадар минтақавий комиссия орқали Ҳукумат комиссиясига қуйидаги таклифлардан бирини киритиш ҳуқуқига эгадир:
тўлов қобилияти тикланиши муносабати билан ташқи бошқаришни тўхтатиш;
ташқи бошқариш муддатини узайтириш;
ташқи бошқаришни тўхтатиш ва корхонани банкрот деб эътироф этиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилиш.
12. Ташқи бошқарувчи Ҳукумат комиссияси билан келишган ҳолда туман ҳокими томонидан ваколатларидан қуйидаги ҳолларда озод этилади:
ташқи бошқарувчининг уни ваколатлардан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасига кўра;
ташқи бошқарувчи ўз вазифаларини мунтазам равишда бузган тақдирда кредиторлар ёки корхона мулкининг эгаси илтимосномасига кўра;
шахсни ташқи бошқарувчи этиб тайинлашга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
13. Ташқи бошқаришни тўхтатиш ташқи бошқарувчи ваколатларини тўхтатишга сабаб бўлади.
Агар ташқи бошқариш келишилув битими қабул қилиниши ёки кредиторлар талаблари тўланиши билан тугалланса, ташқи бошқарувчи янги раҳбар ва бошқарувнинг бошқа ижро этувчи органлари тайинланган (сайлан)гунга қадар корхона раҳбари вазифаларини бажариб туради.
Агар Ҳукумат комиссияси томонидан корхонани банкрот деб эълон қилиш ҳақида иш қўзғаш учун материалларни хўжалик судига бериш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ташқи бошқарувчи ишлар тугатиш комиссиясига берилгунга қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттираверади.