Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.11.2014 й. ПФ-4672-сон “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармони

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

21.11.2014 й.

N ПФ-4672



ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР

ВА НАФАҚАЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ

ТЎҒРИСИДА


Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида:


1. 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 баравар оширилсин.


2. 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи - ойига 118 400 сўм;

ёшга доир пенсиялар - ойига 231 575 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа - ойига 231 575 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 142 100 сўм миқдорида белгилансин.


3. Белгилаб қўйилсинки, иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бюджетдан молияланадиган ташкилот ҳамда муассасалар билан биргаликда пенсиялар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари миқдорини мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласин.


5. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар республика Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини оширсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 31 июлдаги  ПФ-4639-сонли Фармони (6-банди истисно қилинган ҳолда) 2014 йилнинг 15 декабридан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



"Халқ сўзи", 2014 йил 22 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 1 декабрь, 48-сон, 567-модда