Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.03.2003 й. 140-сон қарорига 5-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 17 мартдаги

140-сон қарорига

5-ИЛОВА



Республика ихтисослаштирилган

кардиология маркази тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг фаолиятини ташкил этиш ва уни маблағ билан таъминлаш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази (кейинги ўринларда матнда Марказ деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида кардиология соҳаси бўйича даволаш-профилактика ва илмий-методик фаолиятни амалга оширувчи ҳамда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи мустақил, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаси сифатида Кардиология илмий-тадқиқот институти ва Тошкент шаҳридаги 15-шаҳар клиник шифохонаси негизида ташкил этилмоқда.


2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмаларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Республика ихтисослаштирилган урология маркази юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга эга бўлади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва унинг ташқарисидаги банкларда белгиланган тартибда ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамлари очади, ўзининг тўлиқ номи давлат тилида ёзилган думалоқ муҳрга, ўз номи ёзилган штамплар ва бланкаларга, ўз рамзига (белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган визуал идентификациялаш воситаларига) эга бўлади.

Марказ Тошкент шаҳри - 700052, М.Улуғбек тумани, Муртозоев кўчаси, 4-уйда жойлашган.



II. МАРКАЗНИНГ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Марказни ташкил этиш ва унинг фаолияти мақсадлари ҳисобланади:

юқори сифатли ва халқаро талаблар даражасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга даъват этилган юқори технологияли моддий ва илмий базани ҳамда ўз кардиология мактабини шакллантириш;

кардиология касалликлари ташҳиси, даволаш ва профилактикаси бўйича аҳолининг ихтисослаштирилган, юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатишга бўлган талабини қондириш.


5. Марказнинг асосий вазифалари:

а) юрак-қон томири системаси касалликлари бўлган қуйидаги беморларга:

давлатнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлган шахсларга (имтиёзли тоифа) поликлиниканинг мавжуд ўрин фонди ва қабул қилиш қувватининг 20 фоизигача ҳажмда давлат бюджети маблағлари ҳисобига;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга устун даражада пулли асосда ташҳис қўйишнинг замонавий усулларини жорий этиш ва юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

б) мавжуд тиббиёт техникаси парки ва аппаратларини доимий равишда янгилаш ва замонавийлаштиришни таъминлаш, Марказни жаҳон ютуқлари даражасида ихтисослаштирилган юқори малакали кардиология ёрдами кўрсатиш имконини берувчи замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш;

в) Марказ фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўзини ўзи қоплаш шартларида таъминлаш учун молиявий ва моддий-техник ресурсларни жалб этиш юзасидан менежментни ва маркетинг ишларини ташкил этиш;

г) Марказ тиббиёт ходимларининг касб даражасини доимий равишда ошириш ва такомиллаштириш, шу жумладан мутахассисларнинг юрак-қон томири патологияси (коронар ангиопластика, ритмни юритиш имплантацияси, юракнинг ўтказиш системаси деструкцияси ва аблацияси) ташҳиси ва даволашнинг замонавий усуллари бўйича етакчи хорижий тиббиёт ўқув юртлари ва клиникаларида стажировкада бўлишларини ташкил этиш ҳисобига ошириш ва такомиллаштириш;

д) асосий юрак-қон томири касалликлари (юракнинг ишемик касаллиги, миокард инфаркти, юрак аритмияси, артерия гипертонияси) бўлган беморлар профилактикаси, ташҳиси ва уларни даволашнинг илғор ўз усуллари ва технологияларини ишлаб чиқиш ва тиббиёт амалиётига жорий этишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш;

е) кардиология касалликларини даволаш ва ташҳис қўйишнинг патентланган ўз усуллари ва технологияларини доимий равишда такомиллаштириш ва уларнинг халқаро эътироф этилишига эришиш;

ж) артерия гипертонияси, юрак ишемик касаллиги ва уларни ривожлантириш хавфини туғдирувчи омиллар (чекиш, гиподинамия, ортиқча алкогол истеъмол қилиш, ортиқча вазн ва бошқалар) профилактикаси бўйича республика мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш;

з) етакчи хорижий кардиология тиббий муассасалари ва марказлари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ташҳис қўйиш ва даволашнинг юқори технологияли усулларидан фойдаланиш, шунингдек уларни такомиллаштириш бўйича тўпланган тажрибани, мутахассислар ва ахборотларни кенг айирбошлашни таъминлаш.


6. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:

республика аҳолисининг юрак-қон томири касалликларига ташҳис қўйиш, уларни даволаш ва улар профилактикасининг илғор жаҳон ютуқлари даражасидаги энг самарали, мураккаб ва юқори технологияли усулларига бўлган эҳтиёжини таъминлайди;

юрак-қон томири касалликлари ташҳиси, уларни даволаш ва улар профилактикасининг илғор самарали усуллари ва технологияларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

ўзининг кардиолог врачлар мактабини шакллантиради ва ривожлантиради, республиканинг бошқа муассасаларини кардиология соҳаси бўйича юқори малакали мутахассислар билан таъминлайди;

дори-дармонларни, тиббий воситаларни, ҳамда юрак-қон томири касалликлари ташҳиси ва уларни даволаш усулларини ишлаб чиқади, клиник синовдан ўтказади ва амалга оширади;

кардиология касалликлари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширади ҳамда Марказ томонидан ишлаб чиқилган юрак касалликлари ташҳиси ва уларни даволаш усулларининг республикадаги бошқа тиббиёт муассасаларида кенг жорий этилиши юзасидан методологик ишлар олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига кардиология соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритади;

чет элда тиббиёт оламида кардиология соҳаси бўйича ўз илмий ва технология ютуқларини ифодалайди;

юрак-қон томири касалликлари бўйича ўзининг илмий, ўқув-методик ва ахборот-маълумотнома материалларини тайёрлайди ва нашр этади;

тиббиёт кадрларини тайёрлайди, қайта тайёрлайди, уларнинг малакасини оширади.



III. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Марказ фаолиятнинг барча соҳаларида ўз муносабатларини шартномалар, битимлар, контрактлар асосида қуради ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, шунингдек Марказ фаолиятининг мақсадлари ва соҳаси доирасида уларни юридик ва жисмоний шахслар билан тузади.


8. Марказ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги билан келишув бўйича кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг, бажарилаётган ишларнинг, чиқарилаётган ва сотилаётган маҳсулотнинг барча турларига тарифлар ва нархларни мустақил равишда белгилашга ҳақлидир.

9. Марказ белгиланган мақсадларга эришиш ва ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун белгиланган тартибда:

Марказнинг устав фондига берилаётган давлат мулкини Марказ ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида тузиладиган мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ишончли бошқариш ва ундан белгиланган тартибда фойдаланиш;

ривожланишнинг бизнес-режаларини, ўз бюджетини мустақил равишда шакллантириш, уларнинг ҳажмларини, харажатларни шакллантириш ва йўналтириш манбаларини аниқлаш;

аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

асосий воситаларни ижарага олиш, кредитлар, қарзлар, грантлар ва бошқа молиявий ёрдамни белгиланган тартибда жалб этиш;

бюджет маблағлари ва пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар доирасида Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорларини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда белгилаш;

кардиология соҳаси бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш учун давлат бюджетидан грантлар олиш учун танловларда қатнашиш;

ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий юридик шахслар билан илмий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

юридик шахс бўлмаган алоҳида бўлинмалар (филиаллар ва ваколатхоналар) ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва Марказ фаолияти мақсади ва соҳасига зид бўлмаган бошқа иш турларини амалга ошириш.


10. Марказ қуйидагиларга мажбур:

юқори малакали ихтисослаштирилган кардиология ёрдамига муҳтож беморларга ташҳис қўйиш ва уларни даволаш сифати ва стандартларини замонавий жаҳон талаблари даражасида сақлаш ва ривожлантиришни таъминлаш;

аҳолига тасдиқланган тарифлар бўйича юқори малакали ихтисослаштирилган кардиология ёрдами кўрсатиш;

имтиёзли беморлар контингентига поликлиниканинг мавжуд ўринлар фонди ва қабул қилиш қувватининг 20 фоизигача ҳажмда бепул асосда юқори малакали ихтисослаштирилган кардиология ёрдами кўрсатиш;

Марказ ходимларининг етакчи хорижий кардиология клиникаларида тор ихтисосли қайта тайёрлаш ва малака оширишдан мунтазам равишда ўтишини амалга ошириш;

Марказ ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатни ташкил этиш ва иш ҳақи тўлаш шарт-шароитларини кафолатлаш, техника хавфсизлигини, ижтимоий муҳофаза қилишни ва аниқ мўлжалли ижтимоий муҳофазани таъминлаш;

Марказнинг моддий-техника базасини ўз маблағлари ҳисобига замонавий тиббиёт техникаси ҳамда технологиялари билан мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

мол-мулкдан белгиланган мақсадда фойдаланиш, уларнинг сақланишини таъминлаш;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ва статистика ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритиш.


11. Марказ директори, шунингдек алоқадор ходимлари одамлар саломатлигига зарар етказилиши ёки Марказ ходимлари айби билан содир бўлган ўлим ҳоллари учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ моддий, маъмурий ва жиноий жавоб беришади.



IV. МАРКАЗНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА УСТАВ ЖАМҒАРМАСИ


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва Молия вазирлиги орқали давлат ҳамда манфаатини Марказ Кенгаши ифодалайдиган Марказ меҳнат жамоаси Марказнинг муассислари ҳисобланадилар.

13. Марказнинг устав жамғармаси:

асосий воситалар (тиббиёт муассасаси бинолари ва иншоотлари, тиббий асбоб-анжомлар, жиҳозлар, инвентарлар ва шу кабилар) ва айланмадан ташқари активлар тарзидаги давлат мол-мулки;

инвестиция мақсадларига ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;

тиббий хизматлар, ишларни амалга оширишдан, маҳсулотлар сотишдан олинадиган, моддий-техникавий базани ривожлантиришга, шунингдек тиббий асбоб-анжомлар ва технологиялар сотиб олишга йўналтириладиган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.


14. Марказнинг устав жамғармасига бериладиган давлат мулки қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан Марказ таъсис этилаётган вақтда белгиланади.

Давлат мулки Марказга ишончли бошқарув ҳуқуқлари билан, Марказнинг мақсади ва вазифаларига қатъий мувофиқ равишда фойдаланиш учун берилади.


15. Марказнинг моддий-техникавий базани ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ва замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари сотиб олишга йўналтириладиган даромадлари меҳнат жамоаси улуши сифатида устав жамғармасига киритилади.

Меҳнат жамоасининг Марказ устав жамғармасидаги улуши жамоа мулки ҳисобланади ва бўлинмайди.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра Марказнинг устав жамғармасига берилган давлат мулки унинг жамоасига мулк сифатида имтиёзли шартларда сотилиши мумкин.


17. Марказ, юридик шахс сифатида, эгаллаб турган ер участкаларига Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.


18. Марказнинг давлат мулки ҳисобланадиган мол-мулки фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси билан келишилган ҳолда гаров, алмаштириш предмети бўлиши ёки сотилиши мумкин.

19. Марказга ишончли бошқарув ҳуқуқи билан бириктирилган мол-мулкдан белгиланган мақсадда фойдаланилиши ва уларнинг сақланиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


V. МАРКАЗ ТУЗИЛМАСИ

ВА УНИ БОШҚАРИШ


20. Марказ таркибига кунига 250 беморга хизмат кўрсата оладиган маслаҳат поликлиникаси ва 160 ўринли стационар киради.


21. Марказ Кенгаши Марказни бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Марказ Кенгаши таркибида Марказ директори, Марказнинг етакчи тиббий ва илмий ходимлари бўлган 7 кишидан иборат бўлади. Марказ Кенгаши ишида Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва Молия вазирлигидан ваколатли вакиллар иштирок этишади.

Марказ Кенгаши тўғрисидаги Низом ва унинг шахсий таркиби Марказ меҳнат жамоаси умумий мажлиси қарори билан тасдиқланади. Кенгаш аъзолари объектив зарурат ва/ёки меҳнат жамоаси умумий мажлиси кўпчилик қатнашчилари талабига кўра қайта сайланиши мумкин.

Марказ Директори айни бир вақтда Марказ Кенгашининг раиси ҳисобланади.

Кенгаш мажлислари ҳар ойда ўтказилади, унинг қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва протокол билан расмийлаштирилади.


22. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Марказни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, унинг инвестиция ва илмий-техникавий сиёсати асосий йўналишларини белгилаш;

йиллик бизнес-режаларни ва молиявий ҳисоботларни тасдиқлаш;

аҳолига пулли асосда кўрсатиладиган тиббий ёрдам турларига тарифларни белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Марказ тузилмасини ва Марказ ичидаги, шунингдек унинг филиаллари ва ваколатхоналаридаги муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатларни тасдиқлаш;

Марказнинг молия-хўжалик ва тиббий фаолиятини бошқариш, шунингдек Марказ фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган тавсияномаларни ишлаб чиқиш.


23. Марказнинг жорий фаолиятига Директор раҳбарлик қилади, у Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


24. Марказ Директори:

ўз фаолиятини Марказ номидан амалга оширади, Марказнинг жорий молия-хўжалик фаолиятига раҳбарлик қилади, Марказ номидан шартнома ва контрактлар тузади, Марказнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилади;

директор ўринбосарлари лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тасдиқлаш учун Марказ Кенгашига киритади, зарурат бўлганда илмий-услубий ва тиббий Кенгашларни шакллантиради;

Марказ ходимлари ишларини ташкил қилади ва бошқаради, ўз ваколатлари доирасида Марказ ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, Марказ ходимларини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

Марказ фаолияти учун жавоб беради.

Марказ директори ўринбосарлари, филиаллари ва ваколатхоналари раҳбарлари Марказ директорининг тақдимномасига кўра Марказ Кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


25. Қуйидагилар Марказнинг ушбу Низомда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминловчи асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади: қабул қилиш бўлими, консультация поликлиникаси, стационар, лаборатория-ташҳис ва патологоанатомия бўлимлари, шунингдек маъмурий-хўжалик ва техник хизматлар, илмий-тадқиқот бўлими ва бошқалар.


26. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ташкил этиладиган филиаллар ва ваколатхоналар белгиланган тартибда Марказнинг ташкилий тузилмасига кириши мумкин.

Филиаллар ва ваколатхоналар юридик шахс ҳисобланмайди ва улар тўғрисидаги низомларга мувофиқ фаолият кўрсатади. Филиаллар ва ваколатхоналар тўғрисидаги низомлар ҳамда уларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар амалдаги қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда Марказ томонидан тасдиқланади.


27. Марказнинг норматив базани, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича фаолияти устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалга оширади.



VI. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


28. Марказ фаолиятини маблағ билан таъминлаш аралаш шаклда, шу жумладан:

Марказнинг ўз даромадлари;

давлат бюджети маблағлари;

грантлар ва ҳомийлик ёрдами;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган тартибда жалб этилган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


29. Марказнинг ўз даромадлари:

аҳолига пулли асосда тиббий хизматлар кўрсатиш;

унинг илмий ва ўқув базасида бошқа тиббиёт муассасаларининг соҳа мутахассисларини тайёрлаш;

илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.


30. Давлат бюджети маблағлари қуйидаги мақсадларга:

беморларнинг имтиёзли контингентига поликлиниканинг мавжуд ўринлар фонди ва қабул қилиш қувватининг 20 фоизигача ҳажмда бепул асосда юқори малакали ихтисослаштирилган кардиология ёрдами кўрсатиш учун Марказ харажатларини қоплашга;

Марказни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури ҳамда ҳар йилги инвестиция дастурлари доирасида замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари ва техника билан жиҳозлашга;

илмий-тадқиқот фаолиятига грантлар тарзида;

рўйхати Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тиббий ёрдамнинг айрим мураккаб, юқори технологияли (қиммат турадиган) турлари бўйича аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш харажатларини қоплашга ажратилади.

Марказ харажатларини давлат бюджети маблағларидан маблағ билан таъминлаш тартиби тиббий хизматларнинг ушбу турига бўлган талабга қараб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Марказ билан биргаликда белгиланади.

Бунда:

бюджет маблағлари Марказга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар ойда, алоҳида қаторда, моддаларга бўлмасдан ажратилади;

давлат бюджети маблағларидан маблағ билан таъминлаш ҳажмини Марказнинг молиявий таъминоти мустаҳкамланишига қараб босқичма-босқич камайтириб бориш назарда тутилади.


31. Марказ ходимлари сони, уларнинг иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш миқдорлари Марказ Кенгаши томонидан, бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига қараб мустақил равишда белгиланади.


32. Марказ мустақил равишда, ажратилган бюджет маблағлари ва ўз даромадлари доирасида:

Марказнинг бизнес-режасини ҳамда даромадлар ва харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Марказ ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

штатлар жадвалини тасдиқлайди ва Ягона тариф сеткаси бўйича базавий маошлардан келиб чиққан ҳолда лавозим маошларини ҳамда чекланган миқдорлари чегараланмайдиган устамаларни белгилайди.


33. Марказ солиқларнинг барча турларидан ҳамда ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган тиббий асбоб-ускуналар ва анжомлар учун божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш учун тўловлардан ташқари) 10 йил муддатга - 2003 йил 1 мартдан 2012 йил 31 декабргача озод қилинади, бўшаб қолган маблағлар Марказни ривожлантириш ва жиҳозлашга мақсадли равишда йўналтирилади.

Марказлар ҳам сотиладиган тиббий хизматлар ҳажмидан Пенсия жамғармасига ва Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлар тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинади.


34. Марказ хўжалик фаолиятидан олинган даромадларни мустақил равишда тасарруф этади. Марказнинг ўз молия-хўжалик фаолияти натижасида олган фойдаси, тегишли мажбурий тўловлар тўлангандан кейин, Марказ тасарруфида қолади ва ундан белгиланган тартибда:

Марказнинг моддий-техника базасини янгилаш, замонавийлаштириш ва кенгайтиришда, замонавий тиббий техника, анжомлар ва асбоб-ускуналар сотиб олишда;

устав жамғармасининг меҳнат жамоаси улуши қисмини кўпайтиришда;

Марказ ходимларини моддий рағбатлантиришда;

айланма фондларни тўлдиришда;

Марказ мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлашда ва уларнинг малакасини оширишда;

маҳсулот ва хизматларни реклама қилишда;

Марказ фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ бошқа мақсадларда фойдаланилади.

Бунда Марказ ушбу бандда кўрсатилган харажатларнинг устуворлиги, йўналтириш тартибини ва нисбатларини мустақил равишда белгилайди.


35. Марказ белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига зарур смета-молия ҳужжатларини тақдим этади, ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг келишилган рўйхатга мувофиқ давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.


36. Марказнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш ва текшириш солиқ ва молия органлари, давлатнинг бошқа органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида, зарур ҳолларда - аудиторлик хизматлари томонидан, улар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.


37. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.