Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.1993 й. 4-сон "1993-1994 йилларда янги ерларни ўзлаштириш ва қадимдан суғориб келинаётган ерларни қайта тиклаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
1993-1994 ЙИЛЛАРДА ЯНГИ ЕРЛАРНИ
ЎЗЛАШТИРИШ ВА ҚАДИМДАН СУҒОРИБ
КЕЛИНАЁТГАН ЕРЛАРНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ
ЮЗАСИДАН КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасида суғориладиган ерларни сақлаб қолишга ва аҳоли жон бошига суғориладиган экин майдонларнинг камайиб кетмаслигига ниҳоятда муҳим аҳамият бериб, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикасида мелорация ва сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 1993-1994 йилларда янги ерларни ўзлаштириш ва қадимдан суғорилиб келинаётган ерларни қайта тиклаш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан келишилган таклифлари 1-2-иловаларга* мувофиқ қабул қилинсин. Янги суғориладиган ерларни ўзлаштириш сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳисобига мавжуд сув ресурслари доирасида амалга оширилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари янги суғориладиган ерларни ўзлаштириш юзасидан берилган топшириққа мувофиқ қисқа муддат ичида катта харажатларни талаб қилмайдиган хўжалик ички резервларини қишлоқ хўжалиги оборотига киритиш имкониятини ва майдонни белгилаб чиқсинлар.
Сув хўжалиги ташкилотларига белгиланган ишларни амалга ошириш учун мелиоратив жиҳатдан ноқулай бўлган зарур майдонларни ўз вақтида ажратиш таъминлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Истиқболини белгилаш ва статистика давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Мелорация ва сув хўжалиги вазирлигига 1-бандда кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш учун маблағ ажратишни назарда тутсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклатилсин. Бу ишларнинг қандай амалга оширилаётганлиги 1993 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича кўриб чиқилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов
*) Иловалар рус тилидаги мантда берилган.