Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 26.12.1997 й. 543-I-сон "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.1997 й.

N 543-I



ЎСИМЛИК ДУНЁСИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан

фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Ушбу Қонун табиий шароитда ўсадиган ўсимлик дунёсини, шунингдек такрор етиштириш ва генетик фондини сақлаш учун экиб ўстириладиган ёввойи ўсимликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар ўрмонлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


2-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан

фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг

асосий вазифалари

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

флоранинг тур бўйича таркибини ва генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолиш;

табиий ўсимлик жамоаларининг ва ёввойи ўсимликлар ўсадиган муҳитнинг бир бутунлигини сақлаб қолиш;

ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланишни ва уни такрор етиштиришни таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш.



3-модда. Ўсимлик дунёсига нисбатан мулкдорлик

Ўсимлик дунёси давлат мулки - умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат муҳофазасидадир.


4-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш

ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида махсус ваколат берилган давлат бошқарув органларидир.


5-модда. Ўсимлик дунёси объектлари

Ўсимлик дунёси объектлари қуйидагилардан иборат:

ёввойи организмлар дарахтлар, буталар ва ўтсимон уруғлайдиган ўсимликлар, қирққулоқсимонлар, йўсинсимонлар, сувўтлар, лишайниклар ва замбуруғлар ўзининг барча хилма-хил турлари билан;

ёввойи организмлардан ташкил топадиган табиий ўсимлик жамоалари ёки уларнинг ҳар қандай мажмуи;

камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турлари;

ёввойи ўсимликларнинг мевалари, уруғлари ва бошқа қисмлари ёки улар ҳаёти фаолиятининг маҳсуллари.


6-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш умумий ва махсус бўлиши мумкин.

Ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланиш жисмоний шахслар томонидан ҳаётий зарур эҳтиёжларни қондириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тартибда бепул амалга оширилади.

Ўсимлик дунёси объектлари махсус фойдаланишга ишлаб чиқариш фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш учун ҳақ эвазига юридик ва жисмоний шахсларга рухсатномалар асосида бериб қўйилади. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш учун объектни, турни, ҳажмни ва муайян ҳудуд доирасида фойдаланиш муддатини белгилайдиган рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органлари томонидан берилади. Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.


7-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари қуйидагилардан иборат:

чорвачилик эҳтиёжлари учун ёввойи озуқа маҳсулотини тайёрлаш;

чорва молларни ўтлатиш;

ўсимлик дунёси объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

ёввойи ўсимликлар техник хом ашёсини тайёрлаш;

ёввойи ўсимликлар доривор хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш);

ёввойи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун тайёрлаш (йиғиш);

дарахт ва буталарни кесиш;

ўсимлик дунёси объектларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш;

ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш;

ўсимлик дунёси объектларидан табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланиш.

Қонун ҳужжатларида ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.


8-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан

фойдаланиш муддатлари

Ўсимлик дунёси объектлари доимий ёки вақтинча (узоқ муддатли ва қисқа муддатли) фойдаланишга бериб қўйилиши мумкин.


9-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан

фойдаланиш нормативлари

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормативлари қуйидагилардан иборат:

доривор ва озиқбоп ўсимликларнинг ёввойи турларини ҳамда ўсимликлар техник хом ашёсини тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишиб тасдиқлаган квоталар;

табиий пичанзорлар ва яйловларда пичан ўриш ҳамда чорва молларни ўтлатишнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек ўрмон хўжалиги давлат органлари тақдимномаси бўйича тасдиқлаган нормалари ва муддатлари;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа нормативлар.


10-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан

фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўсимлик дунёси объектларидан уларни бериб қўйиш шартларига мувофиқ фойдаланиш;

ўсимлик дунёси объектларининг белгиланган тартибда олинган маҳсулотини тасарруф этиш;

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш борасидаги бузилган ҳуқуқларнинг тикланиши ва ўзларига етказилган зарарнинг қопланиши.

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар:

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этишлари;

фойдаланишга бериб қўйилган ўсимлик дунёси объектларидан оқилона фойдаланишлари;

ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва уларни такрор етиштириш чора-тадбирларини амалга оширишлари;

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш жойларида ёнғин хавфсизлигига риоя этишлари ва ёнғинга қарши тадбирларни амалга оширишлари, ёнғин чиққан ҳолларда эса уни ўчириш чораларини кўришлари;

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлашлари шарт.

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишлари мумкин.


11-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан

фойдаланишни чеклаш, тўхтатиб туриш ва ман этиш

Ўсимлик дунёси объектларини сақлаб қолиш ва уларни такрор етиштириш ҳамда улар ўсадиган муҳитни сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши, тўхтатиб турилиши ёки ман этилиши мумкин.

Давлат қўриқхоналарида, давлат табиат ёдгорликларида, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналарида ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, илмий мақсадларда фойдаланиш бундан мустасно. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик турларини тайёрлаш (йиғиш) ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимлик турларидан фойдаланиш, улар билан (уларнинг қисмлари ёки фаолият маҳсуллари билан) савдо қилиш, уларни чет элга олиб чиқишга алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тақдимномаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси бўйича берадиган рухсатномалар асосида йўл қўйилади.


12-модда. Чорвачилик эҳтиёжлари учун ёввойи

озуқа маҳсулотини тайёрлаш ва чорва

молларни ўтлатиш

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан чорвачилик эҳтиёжлари учун ёввойи озуқа маҳсулотини тайёрлаш ва чорва молларни ўтлатиш ана шу мақсадлар учун уларга махсус бериб қўйилган табиий ем-хашак етиштириладиган майдонларда қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ўрмон фонди ҳудудида ўрмон билетлари бўйича;

қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари эгалигидаги ерлар ҳудудида уларнинг рухсатномалари бўйича;

захирадаги ерларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида.



13-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан овчилик

хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиши уларга ўсимлик дунёси объектларини олиб қўймаган ҳолда берилган овчилик ерларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



14-модда. Ёввойи ўсимликлар доривор ва техник хом ашёсини,

озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни

тайёрлаш (йиғиш)

Табиий ўсимликлар жамоаларида ёввойи ўсимликлар доривор ва техник хом ашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни юридик ва жисмоний шахслар томонидан тайёрлашга (йиғишга) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.


15-модда. Дарахт ва буталарни кесиш

Ўрмон фонди ерларида дарахт ва буталарни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган рухсатномалар бўйича амалга оширилади.

Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида ҳамда бинолар, иншоотлар ва коммуникациялар қурилиши билан боғлиқ ҳолдагина маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган қарорига биноан йўл қўйилади.


16-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан

илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш

Ёввойи ўсимликларни, уларнинг қисмларини ва маҳсулларини ўсиш муҳитидан ажратиб олмасдан ва ажратиб олган ҳолда ўсимлик дунёси объектларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

Табиий ўсимликлар жамоаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун тегишли юридик шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус участкалар ажратилиши мумкин бўлиб, бу участкаларда ўсимлик дунёси объектларидан бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш мақсадларига номувофиқ бўлса, бундай фойдаланиш чекланади ёки ман этилади.



17-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан маъданий-маърифий,

тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик

мақсадларда фойдаланиш

Ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шифобахш хусусиятларга эга бўлган ва аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароит яратадиган ўсимлик дунёси объектларидан соғломлаштириш ва рекреацион мақсадларда фойдаланилади.



18-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан табиатни

муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланиш

Ўсимлик дунёси объектларидан табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



19-модда. Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш

ҳуқуқини бекор қилиш

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ўсимлик дунёси объектидан фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечилганда;

белгиланган фойдаланиш муддати тугаганда;

ўсимлик дунёси объектидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган юридик шахс тугатилганда;

ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни такрор етиштириш қоидалари, нормативлари ва бошқа талаблари бузилганда;

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ белгиланган муддатда тўланмаганда;

фойдаланиш таъсирида табиий ўсимликлар жамоаларида аслига қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар хавфи туғилганда;

ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда.

Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.



20-модда. Айрим турдаги ёввойи ўсимликларнинг

тарқалишини ва уларнинг миқдорини тартибга солиш

Айрим турдаги ёввойи ўсимликларнинг (шудгорлар, пичанзорлар ва яйловларни табиий суратда босиб кетадиган заҳарли, гиёҳванд моддали, карантиндаги ўсимликлар, бегона ўтлар ҳамда бошқа ўсимликларнинг) тарқалишини ва уларнинг миқдорини тартибга солиш бошқа ўсимликларга ва ўзга табиат объектларига зарар етказилишига йўл қўймайдиган ҳамда табиий ўсимликлар жамоаларининг ва улар ўсадиган муҳитнинг сақланишини таъминлайдиган усуллар билан амалга оширилади.

Тарқалиши ва миқдори тартибга солиниши лозим бўлган ёввойи ўсимликларнинг турлари, шунингдек ана шу тартибга солиш қоидаси махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосалари асосида белгиланади.


21-модда. Ёввойи ўсимликларни бошқа жойга

кўчириш ва дурагайлаш

Ўсимликларнинг янги турларини ёввойи флорага кўчириш, шунингдек ёввойи ўсимликларни дурагайлашга махсус ваколат берилган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларининг хулосалари асосида чиқарган қарорга биноан илмий-тадқиқот ва хўжалик мақсадларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.



22-модда. Ботаника коллекциялари тўплаш

Илмий, маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий ёки эстетик қимматга эга бўлган ботаника коллекциялари давлат ҳисобидан ўтказилиши лозим.

Ботаника коллекцияларини тўплаш ва уларни тўлдириб бориш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг ёввойи ўсимликларни олишига қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган тақдирда йўл қўйилади.

Ботаника коллекцияларининг эгалари бўлмиш юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳисобга олиш, тўлдириб бориш, асраш, сотиб олиш ва сотиш, жўнатиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқиш қоидаларига риоя этишлари шарт.



23-модда. Ўсимлик дунёси объектларини

муҳофаза қилиш ва такрор етиштириш

Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва такрор етиштириш қуйидаги йўллар билан таъминланади:

Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни такрор етиштириш қоидалари ва нормативларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимликлар турларини муҳофаза қилишнинг алоҳида режимини белгилаш;

ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишда чеклашлар ва тақиқлар белгилаш;

ўсимлик дунёси объектлари ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш;

ўсимлик дунёси объектлари ва улар ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни такрор етиштириш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ташкил этиш;

давлат экологик экспертизаси ўтказиш;

ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тадбирларни амалга ошириш.



24-модда. Ўсимлик дунёси объектлари

ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш

Ўсимлик дунёси объектлари ўсадиган муҳитга таъсир кўрсатадиган фаолият ўсимлик дунёси объектларининг сақланишини таъминлайдиган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Ўсимлик дунёси объектлари ўсадиган муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланишга, янги технологияларни жорий этиш, геология-қидирув ишларини олиб бориш, фойдали қазилмаларни қазиб олишга, чорва моллар ўтлатиладиган ҳамда қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ҳайдаб ўтиладиган жойларни белгилашга давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси билан келишилган ҳолда йўл қўйилади.

Ўсимлик дунёси объектлари ўсадиган муҳитни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари билан таъминланмаган ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш ҳамда технологияларни қўллаш ман этилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, уларнинг ўсишини тезлаштирувчилар, минерал ўғитлар ва бошқа дориларни қўллаш пайтида ўсимлик дунёси объектлари ва улар ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш талаблари ҳисобга олиниши зарур. Юридик ва жисмоний шахслар ёввойи ўсимликлар нобуд бўлишининг ва улар ўсадиган муҳит ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида мазкур дориларни ташиш, сақлаш ва қўллаш қоидаларига риоя этишлари шарт.

Табиий ўсимликлар жамоаларида ўсимликларни ўзбошимчалик билан ёқиб юбориш ман этилади.



25-модда. Ўсимлик дунёси объектларининг мониторинги

Ўсимлик дунёси объектларини кузатиб бориш, уларнинг ҳолати тўғрисида маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этиш атроф табиий муҳит давлат мониторинги ягона тизими бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


26-модда. Ўсимлик дунёси объектларини давлат томонидан

ҳисобга олиш ва давлат кадастри

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишни таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш учун ўсимлик дунёси объектлари ва улардан фойдаланишнинг давлат ҳисоби, ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри юритилади.

Ўсимлик дунёси объектларининг давлат кадастри ўсимлик дунёси объектларининг жўғрофий тарқалиши, уларнинг миқдори, хўжаликда фойдаланиши тўғрисидаги маълумотлар мажмуини, улар ўсадиган муҳитнинг тавсифини ўз ичига олади.

Ўсимлик дунёси объектларининг давлат ҳисоби ва давлат кадастри Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ягона тизим бўйича юритилади.


27-модда. Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш

ва улардан фойдаланиш устидан назорат

Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш устидан идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


28-модда. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан

фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик

Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда қоплашлари шарт. Зарарни қоплаш айбдорларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод қилмайди.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                        И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 1-сон, 12-модда