Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.1994 й. 555-сон "Мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шакллардаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат реестри тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
17.11.1994 й.
N 555
МУЛКЧИЛИК ВА ХЎЖАЛИК
ЮРИТИШНИНГ БАРЧА ШАКЛЛАРДАГИ
КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ
ЯГОНА ДАВЛАТ РЕЕСТРИ ТЎҒРИСИДА
Республиканинг эҳтиёжларига ва халқаро реестрларини шакллантириш принципларига мувофиқ мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлатт реестрини ишлаб чиқиш ва юритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистри (КТЯДР) тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. "Ўзистикболстат" давлат қўмитасининг Бош ҳисоблаш маркази корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрининг бош ишлаб чиқувчиси ва эгаси деб белгилансин.
3. Мазкур қарор қабул қилингунга қадар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатга олинган мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотлар икки ой муддатда улар фаолият кўрсатаётган жойлардаги тегишли давлат статистика органида уларнинг корхоналар ва ташкилотлар Ягона давлат регистрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олсинлар.
4. Белгилаб қўйилсинки, янгидан ташкил этилган хўжалик объектларига ҳисоб-китоб счетлари очиш банк муассасалари томонидан статистика органининг унинг корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида гувоҳномаси бўлган тақдирдагина амалга оширилади.
5. Хўжалик юритувчи субъект тегишли статистика органларида корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат реестрига ўз вақтида киритилиши учун шахсий жавобгарлик вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
6. Молия вазирлиги республика бюджетини шакллантиришда ҳаражатлар сметасига мувофиқ мулкчилик ва хўжалик юритишнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат реестрини юритиш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
7. Давлат матбуот қўмитаси "Ўзистиқболстат" давлат билан биргаликда бир ой муддатда рўйхатга олиш карточкалари чиқарилишини ҳамда мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, ташкилотларни улар билан таъминлашни ташкил этсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг "Республика ҳудудида жойлашган хўжалик субъектларини давлат рўйхатига киритиш ҳақида 1992 йил 10 июлдаги 318-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт бўлимига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1994 й., N 11, 51-модда.