Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 15.06.2017 й. ПҚ-3060-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 15 июндаги

ПҚ-3060-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларини

моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Бюро ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидагилардан иборат:

а) лавозим маошидан. Даражали унвонларга эга бўлган Бюро ходимларининг лавозим маошини ягона тариф сеткаси бўйича тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади;

б) қуйидаги миқдордаги ойлик устама ҳақларидан:

алоҳида меҳнат шароитлари учун даражали унвонларга эга бўлган ходимларга лавозим маоши (тариф ставкаси)нинг 50 фоизи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари Бюронинг бошқа ходимларига лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида. Мазкур устамалар қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда Бюро ходимларининг лавозим маоши таркибига киритилади;

лавозим маошига 40 фоиз миқдорда (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти);

даражали унвон учун лавозим маошига 20 фоиздан 50 фоизгача миқдорда;

даражали унвонларга эга бўлган ходимларга - кўп йиллик меҳнати учун лавозим маошига 5 фоиздан 40 фоизгача миқдорда.

Бюронинг бошқа бошқарув ходимларига кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устама ҳақ тўлаш прокуратура ходимлари учун белгиланган миқдорда амалга оширилади. Бунда устама миқдорини белгилашда ходимнинг умумий иш стажи инобатга олинади (олий ўқув юртидаги кундузги таълим даври бундан мустасно);

в) қуйидагиларни ўз ичига оладиган рағбатлантирувчи ва бошқа тўловлардан:

ходимлар фаолиятини индивидуал баҳолаш асосида хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги ҳамда ишдаги юксак ютуқлари учун уларни йилда икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофотлаш;

байрамлар, муҳим ва юбилей саналари, узоқ йиллик ҳамда бекаму кўст хизмати (меҳнати) учун, пенсияга чиққанда ва бошқа шу каби ҳолатлар муносабати билан мукофотлаш, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи ҳисобидан шакллантириладиган Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари ҳисобидан шахсий устамалар;

овқатланиш харажатларини қоплаш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваригача миқдордаги ойлик тўловлар;

Бюро туман ва шаҳар ҳамда туманлараро бўлимлари ходимларига - йўлкира харажатларини қоплаш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваригача миқдордаги ойлик тўловлар, хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлар бундан мустасно;

куз-қиш мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари миқдорида йиллик тўловлар;

йилда бир марта ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам кўрсатиш;

бахтсиз ҳодисага учраган, шунингдек хизмат вазифаларини бажаришда ҳалок бўлган Бюро ходимларининг оиласига моддий ёрдам кўрсатиш.

Овқатланиш ва йўлкира харажатлари учун ойлик тўловларнинг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан юқори миқдорини белгилаш, шунингдек моддий рағбатлантириш фонди миқдорини кўпайтириш Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгашининг қарори билан амалга оширилади.

3. Бюро ходимларини моддий рағбатлантириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

мукофотлаш;

лавозим маошига шахсий устамалар тўлаш;

моддий ёрдам кўрсатиш.

Бюро ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.



2-БОБ. БЮРО ХОДИМЛАРИНИ

МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


4. Хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги ҳамда ишдаги юксак ютуқлари учун шахсий бир марталик тўлов шаклида мукофотлаш Бюронинг раҳбарлар таркибини Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан, Бюронинг бошқа ходимларини - унинг директори томонидан амалга оширилади.


5. Бюро ва унинг ҳудудий тузилмалари ходимларига меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги учун Бюро директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган Бюро ходимлари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ белгиланадиган қуйидаги миқдорлардаги тўловлар берилади:

70 баллдан 80 баллгача тўплаган ходимларга - лавозим маошига 50 фоиз;

80 баллдан 90 баллгача тўплаган ходимларга - лавозим маошига 100 фоиз;

90 баллдан 100 баллгача тўплаган ходимларга - лавозим маошига 200 фоиз.



3-БОБ. ЛАВОЗИМ МАОШЛАРИГА ОЙЛИК

ШАХСИЙ УСТАМАЛАР ТЎЛАШ ТАРТИБИ


6. Лавозим маошларига ойлик шахсий устамалар:

Бюро директори ва унинг ўринбосарларига - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан;

Бюро марказий аппарат ходимлари ва ҳудудий бошқармалар бошлиқларига - Бюро директори томонидан;

Бюронинг туман (шаҳар) ва туманлараро бўлимлари бошлиқларига - Бюронинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан;

ҳудудий тузилмалар ходимларига нисбатан тегишли ҳудудий бошқарма (бўлим) бошлиқлари томонидан белгиланади.


7. Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ижро интизоми бузилганда лавозим маошига белгиланган устамалар бекор қилиниши ёки камайтирилиши мумкин.



4-БОБ. МОДДИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


8. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондини шакллантиришда йил ҳисобига ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам кўрсатиш учун маблағлар назарда тутилади.


9. Ходим вафот этган ҳолларда, моддий ёрдам (агар ходим вафот этган йилда бевосита унга моддий ёрдам кўрсатилмаган бўлса) унинг турмуш ўртоғига, турмуш ўртоғи йўқлигида - у билан бирга яшовчи вояга етган фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлар ва ҳомийларга) ёхуд вояга етмаган болаларни (болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни - ёшидан қатъи назар) фарзандликка олганларга, шунингдек, агар ходимлар никоҳда турмаган ва фарзандлари бўлмаган ҳолларда, ходимнинг қарамоғидаги шахсларга ёки ота-оналарига тенг улушда тўлаб берилади.

10. Истисно тариқасида, ходимнинг асослантирилган аризасига асосан юқори турувчи тузилма раҳбарининг розилиги билан меҳнатга ҳақ тўлаш фондига ажратилган маблағлар доирасида, қуйидаги ҳолларда қўшимча тарзда моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин:

яқин қариндошлари вафот этганда - ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасига асосан;

алоҳида эҳтиёж туғилганда (бахтсиз ҳодиса, авария, узоқ муддатли касаллик сабабли махсус даволаниш ва соғлиқни қайта тиклашга, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол ва бошқа ҳолатлар).


11. Ходимлар харажатларини қоплаш, моддий ёрдам миқдори ва унинг тўланиши ходимда интизомий жазо чораси мавжудлигига боғлиқ бўлмайди.



5-БОБ. БЮРО ХОДИМЛАРИНИНГ ИШ ҲАҚИ ВА УЛАРНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАДБИРЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИ ВА ҲАЖМЛАРИ


12. Бюро ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича тадбирлар:

харажатлар сметасида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг ўрнатилган тартибда шакллантириладиган маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


13. Бюро ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига кирадиган қуйидаги тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади:

лавозим маоши;

алоҳида меҳнат шароитлари учун ойлик устама;

меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти (Бюро туман (шаҳар) бўлимлари ходимларидан ташқари);

даражали унвон учун лавозим маошига ойлик устама (Бюро туман (шаҳар) бўлимлари ходимларидан ташқари);

йилда икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофот;

йилда ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам;

15 фоизлик Моддий рағбатлантириш фонди.

Бюро ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига кирадиган бошқа тўловлар, шунингдек бошқа моддий рағбатлантириш чоралари Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 19 июнь, 24-сон, 496-модда