Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 23.06.2017 й. 2894-сон билан рўйхатга олинган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 31.05.2017 й. 239/4-сон қарори билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2017 йил 23 июнда 2894-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамаси
ҳузуридаги Олий аттестация
комиссияси Раёсатининг
2017 йил 31 майдаги
ИЛОВА
Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ-4958-сон "Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон "Олий таълимдан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2017 йил 22 майдаги 304-сон "Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, PhD) ва фан доктори (Doctor of Sciences, DSc) илмий даражаларини бериш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш (бундан буён матнда Илмий кенгаш деб юритилади) - муайян фан тармоғининг (тармоқларининг) тегишли ихтисосликлари йўналишида талабгорлар учун кўзда тутилган аттестация тадбирларини амалга оширишни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) қарори билан етакчи илмий ёки таълим ташкилоти ҳузурида муайян муддат давомида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиш учун тузилган илмий-ташкилий тузилма;
изланувчи - фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс;
талабгор - диссертацияси ҳимоя учун Илмий кенгашга қабул қилинган ва аттестация иши кўрилиш жараёнида бўлган шахс;
аттестация иши - талабгорнинг илмий даражасини тасдиқлаш (нострификация қилиш) юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами;
диссертация - муаллиф томонидан шахсан олиб борилган, тадқиқот моҳияти тегишли талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда асослаб берилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;
диссертация автореферати - диссертация тадқиқоти юзасидан умумий маълумотлар келтирилиб, ишнинг илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда умумлаштирилган ҳолда қисқача баён қилинган ҳамда нашр этилган ишлар юзасидан маълумотлар берилган ва белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;
диссертация бажарилган муассаса - илмий ёки таълим ташкилоти кенгаши қарори билан диссертация мавзуси бўйича тадқиқот олиб бориш учун масъул муассаса сифатида тасдиқланган муассаса;
экспертиза - ҳужжатларнинг моҳияти ва амалга оширилган аттестация тадбирларининг тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини илмий ва меъёрий-техник жиҳатдан баҳолаш;
илмий раҳбар - илмий изланишлар олиб бораётган изланувчига илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида белгиланган тартибда тайинланган, фаол тарзда илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб борувчи фан доктори, шунингдек илмий унвонга эга бўлган фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD);
илмий консультант - фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий изланишлар олиб бораётган изланувчига илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида белгиланган тартибда тайинланган, фаол тарзда илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб борувчи фан доктори;
апелляция - илмий даражалар бериш ёки уларни беришни рад қилиш ёхуд илмий даражадан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарорлар юзасидан берилган мурожаат.
2. Илмий даражалар белгиланган тартибда диссертация ҳимоя қилган ёки мазкур Низомнинг 5-банди талабларига жавоб берган, муайян фан тармоғида чуқур касбий билимга, илмий ютуқларга эга бўлган юксак маънавиятли шахсларга берилади.
Тиббиёт фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - тиббиёт соҳаси бўйича олий маълумотга, фармацевтика фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - фармацевтика соҳаси бўйича олий маълумотга, ветеринария фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - ветеринария соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилади.
3. Диссертация изланувчи ўтказган тадқиқотлар ва эълон қилган илмий ишлар асосида тайёрланади.
Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш изланувчининг хоҳишига кўра ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.
Талабгор, илмий раҳбар ёки илмий консультант, диссертация бажарилган муассаса ва Илмий кенгаш тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда диссертация ва диссертация авторефератининг мазмуни учун масъул ҳисобланади.
4. Тегишли малакавий имтиҳонларини топширган изланувчилар диссертацияни ҳимоя қилишга қўйилади.
5. Тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида ОАK Раёсати қарори билан, истисно тариқасида, қуйидагиларга диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкин:
фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган камида учта ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифига фан доктори (DSc) илмий даражаси;
фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган учтагача ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифига фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси;
салмоқли илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 12 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга, эксперимент тариқасида, фан доктори (DSc) илмий даражаси (илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилган ҳолда);
муҳим илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 6 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 4 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга, эксперимент тариқасида, фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси.
Фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган ихтиро ёки селекция ютуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хулосаси олинади.
Хорижий мамлакатлар илмий журналлари импакт-факторининг тегишли даражаси ҳар бир фан тармоғининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ОАК Раёсати қарори билан белгиланади.
Ёпиқ мавзулар бўйича диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражалар бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Талабгор ўз диссертациясини илмий жамоатчилик олдида ҳимоя қилганидан кейин Илмий кенгашнинг илмий даража бериш тўғрисидаги қарори ОАКнинг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгашининг (бундан буён матнда эксперт кенгаши деб юритилади) тавсияси инобатга олинган ҳолда ОАК Раёсати томонидан тасдиқланади.
7. Фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлган шахсларга давлат намунасидаги дипломлар берилади.
2-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
8. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация билимларнинг тегишли соҳасида муҳим аҳамиятга эга масаланинг янги ечимидан иборат ёки долзарб илмий масаланинг ечимига қаратилган илмий асосланган илмий-техник ёки ижтимоий-иқтисодий тавсиялар ишлаб чиқилган тугалланган илмий иш бўлиши лозим.
9. Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация тугалланган илмий иш бўлиши ва унда:
муҳим ижтимоий-иқтисодий, илмий ёки амалий муаммолар ечими келтирилган;
ёки тегишли фан соҳасининг истиқболли йўналишини ривожлантириш учун йирик ютуқ сифатида баҳоланадиган янги назарий қоидалар комплекси ишлаб чиқилган;
ёки жорий этилиши фан ва техника, ижтимоий-сиёсий соҳа ёки иқтисодиёт тармоғининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшадиган назарий-методологик ва услубий асослар, илмий асосланган техник, иқтисодий ёки технологик ечимлар ишлаб чиқилган (такомиллаштирилган) бўлиши лозим.
10. Диссертация талабгор томонидан шахсан тайёрланган, ошкора ҳимоя учун илмий жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилаётган янги илмий ҳолатлар ва амалий натижаларнинг мажмуини ўз ичига олган, моҳияти жиҳатидан ички бирликка эга, мазмунан яхлит ва тугалланган бўлиши ҳамда талабгорнинг шахсан фанга қўшган ҳиссасини акс эттириши лозим.
11. Назарий аҳамиятга молик диссертацияда олинган илмий хулосалардан фанда фойдаланилганлиги, амалий аҳамиятга молик диссертацияда эса, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий-сиёсий соҳанинг долзарб муаммолари ечимлари ҳамда илмий натижаларидан амалиётда фойдаланилганлиги, фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар акс эттирилиши лозим.
Диссертация натижаларининг фанга, амалиётга татбиқ этилганлиги, ташкилотлар томонидан жорий этиш учун қабул қилинганлиги юзасидан асосли ҳужжатлар Илмий кенгашда муҳокама этилиб, аттестация ишига илова қилинади. Ушбу ҳужжатлар ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари томонидан кўриб чиқилган, маъқулланган ва уларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланган бўлиши керак.
12. Илмий маъруза шаклида фақат фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертацияни ёқлашга рухсат берилади.
Илмий маъруза шаклидаги диссертация изланувчи бажарган илмий ишлар ва асарларда эълон қилинган, ушбу фан тармоғининг мутахассисларига маълум бўлган фан ва амалиёт учун катта аҳамиятга молик натижалари умумлаштирилган баёнидан иборат бўлиб, докторлик диссертацияси авторефератининг икки баробар ҳажмида расмийлаштирилади.
Илмий ишнинг аҳамияти, илмий маъруза шаклида диссертацияни ҳимоя қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалар изланувчининг асосий тадқиқотлари ўтказилган муассаса томонидан берилади. Илмий маъруза шаклидаги диссертацияни ҳимоя қилиш учун ОАK Раёсатининг рухсати бўлиши зарур.
13. Диссертация мавзуси республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишлари билан боғлиқ ҳамда жаҳон илмий-технологик тараққиёти тенденцияларига мувофиқ долзарб бўлиши лозим.
Диссертация мавзуси илмий ёки таълим ташкилоти кенгаши томонидан тасдиқланади.
Диссертация ҳимояга қабул қилингунга қадар унинг мавзусига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
14. Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация кириш қисми, камида тўртта боб, асосий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлган шаклда расмийлаштирилади. Диссертациянинг матни 100 варақдан (варақнинг олди ва орқа томонига матн туширилади) ошмаслиги керак (фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалар кўрсатилган ҳажмга кирмайди).
Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация кириш қисми, камида учта боб, асосий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлган шаклда расмийлаштирилади. Диссертациянинг матни 60 варақдан (варақнинг олди ва орқа томонига матн туширилади) ошмаслиги керак (фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалар кўрсатилган ҳажмга кирмайди).
Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги диссертация ҳажми кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин.
Диссертациянинг титул варағи ва диссертация автореферати муқовасининг орқа томонида битта илмий раҳбар (консультант) кўрсатилади.
Зарур ҳолларда ОАK рухсати билан иккинчи илмий раҳбар ёки илмий консультант ҳам кўрсатилиши мумкин, ихтисосликлар туташлигида бажарилган диссертациялар учун ОАК рухсати талаб этилмайди.
Илмий кенгаш томонидан диссертация ҳимояга қабул қилинганидан сўнг диссертацияга ўзгартиришлар киритилиши мумкин эмас.
15. Диссертация тадқиқотида замонавий талабларга жавоб берадиган адабиётлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Диссертацияда фойдаланилган адабиётлар рўйхати, изланувчининг хоҳишига кўра, алифбо, систематик ёки матнда ҳавола қилиниши кетма-кетлиги тарзида келтирилади. Фойдаланилмаган ва ҳавола қилинмаган адабиётларни рўйхатга киритиш тақиқланади.
16. Диссертацияда фойдаланилган материалларнинг манбаси, уларнинг муаллифи ва номи тўлиқ кўрсатилиши, шунингдек ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан фойдаланилган тақдирда, диссертация ва диссертация авторефератида бу ҳақда қайд этилиши шарт.
Изланувчи ҳаммуаллифликда яратилган (ёзилган) илмий ишидаги фақат ўзининг ҳиссасини диссертациясига киритиши мумкин.
Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбасини кўрсатмасдан фойдаланилган ҳолларда диссертация у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъи назар, муҳокамадан олиб ташланади ва талабгор ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
3-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯ МАВЗУСИ БЎЙИЧА ЭЪЛОН
ҚИЛИНГАН ИЛМИЙ ИШЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
17. Эълон қилинган илмий ишлар диссертациянинг илмий янгилигини акс эттириши керак. Диссертация натижалари халқаро ва республика доирасида ўтказилган илмий конференцияларда ва семинарларда апробациядан (муҳокамадан) ўтказилиши шарт.
Диссертациянинг асосий илмий натижалари даврий илмий нашрларда эълон қилиниши лозим. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида эълон қилинган асосий илмий ишлар якка муаллифликда бажарилган бўлиши керак (археология ихтисослиги бундан мустасно).
18. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация бўйича эълон қилинган илмий ишларнинг умумий сони 7 тадан кам бўлмаслиги керак. Улардан камида 3 та илмий мақола (жумладан нуфузли хорижий илмий журналларда 1 та мақола) илмий нашрларда чоп этилиши лозим.
Диссертация натижаларининг халқаро ва республика илмий ва илмий-амалий конференцияларида кенг муҳокамаси асосида камида 2 та материал (мақола, маъруза ёки маъруза тезиси) халқаро конференция материаллари тўпламида эълон қилинган бўлиши шарт.
19. Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация бўйича эълон қилинган илмий ишларнинг умумий сони 15 тадан кам бўлмаслиги ҳамда улардан илмий нашрларда камида 10 та мақола, улардан 1 таси тегишли фан тармоғи ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли ихтисослашган илмий журналларида эълон қилинган бўлиши керак.
Диссертация натижаларининг халқаро ва республика илмий ва илмий-амалий конференцияларида кенг муҳокамаси асосида камида 2 та материал (мақола, маъруза ёки маъруза тезиси) халқаро конференция материаллари тўпламида эълон қилинган бўлиши шарт.
Ижтимоий-гуманитар фанлари соҳалари бўйича диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилиниши керак.
20. Изланувчи томонидан эълон қилинган мақолалар сони мазкур Низомнинг 18 ва 19-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаган, лекин юксак илмий ёки амалий аҳамиятга эга бўлган ва хизматда фойдаланиш учун грифи билан бажарилган диссертациянинг ҳимояси масаласи, истисно тариқасида, ОАK Раёсати томонидан ҳал қилинади.
21. Интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари (патентлар), препринтлар, илмий хариталар, илмий анжуман, конференция, симпозиум ва семинарларда қилинган маърузаларнинг эълон қилинган тезислари, корхоналар қуриш, уларни кенгайтириш, модернизация қилиш ҳамда техник ва технологик қайта жиҳозлаш лойиҳаларининг технологик қисмлари ҳам диссертациянинг илмий натижаларини акс эттирувчи эълон қилинган илмий ишлар жумласига киради.
Диссертация мавзуси бўйича интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари - ихтирога ёки селекция ютуғига берилган патентлар шу фан тармоғи ривожланган хорижий мамлакатларнинг ихтисослашган илмий нашрларида эълон қилинган мақолаларга тенглаштирилади.
Илмий ёки таълим ташкилоти кенгаши қарори билан чоп этилган ва камида 6 босма табоқ ҳажмдан иборат бўлган якка муаллифликдаги монография миллий илмий нашрларда эълон қилинган 3 та (ҳаммуаллифликда бўлган тақдирда 2 та) мақолага тенглаштирилади, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари бўйича диссертация натижалари юзасидан талаб бўйича эълон қилинган монография бундан мустасно.
Ўқув адабиётлари, шу жумладан дарсликлар диссертация натижаларини акс эттирадиган эълон қилинган илмий ишлар жумласига кирмайди.
22. Талабгор томонидан диссертация бўйича автореферат тайёрланади.
Диссертация авторефератида илмий ишлар рўйхати хронологик тарзда қуйидаги тартибда келтирилади:
биринчи бўлимда - илмий нашрларда чоп этилган илмий ишлар ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари (патентлар);
иккинчи бўлимда - диссертация мавзуси бўйича нашр этилган бошқа илмий ишлар.
23. Диссертация авторефератида келтирилган барча илмий ишлар диссертация мавзусига мувофиқ бўлиши керак.
Диссертация ва диссертация авторефератида келтирилган илмий ишларнинг нашр қилинганлигига оид маълумотлар акс эттирилиши, шу жумладан барча муаллифлар тўлиқ ёзилиши ва мақолалар эълон қилинган журнал ёки тўпламларнинг саҳифалари аниқ кўрсатилиши лозим.
Нашрга топширилган, лекин эълон қилинмаган ишлар диссертация ва диссертация авторефератида келтирилиши мумкин эмас.
24. Агар изланувчининг мақолалари ҳаммуаллифликда ёзилган бўлса, у ҳар бир ҳаммуаллифнинг ҳиссасини холис акс эттириши лозим ва мақолалардан ўз диссертациясида қисман ёки тўла фойдаланиш учун ҳаммуаллифларнинг ёзма равишда билдирган розилигини олиши зарур.
25. ОАКга талабгорнинг асосий илмий ишлари нусхалари юборилади.
МУАССАСАДА ДИССЕРТАЦИЯНИ
ДАСТЛАБКИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ
26. Изланувчи тайёрлаган диссертациясини дастлабки экспертизадан ўтказиш учун диссертация бажарилган муассаса раҳбари номига ариза билан мурожаат қилади. Муассаса раҳбари диссертацияни ушбу муассасанинг ёки диссертация ихтисослиги бўйича илмий ишлар бажарилаётган бошқа муассасанинг (муассасаларнинг) тегишли кафедра, бўлим, лаборатория ёки кафедралараро, лабораториялараро бирлашган илмий (илмий-техник) семинарига дастлабки экспертизага юборади.
27. Диссертация бажарилган муассаса томонидан диссертациянинг дастлабки экспертизаси юзасидан хулоса берилади. Хулоса илмий семинар баённомасидан кенгайтирилган батафсил кўчирма шаклида расмийлаштирилади, илмий семинар раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади ҳамда муассаса раҳбари томонидан имзоланади, муассасанинг гербли муҳри билан тасдиқланади. Хулосада диссертация натижаларини олишда изланувчининг шахсий иштироки, ўтказилган тадқиқот натижаларининг қай даражада тўғрилиги, янгилиги ва амалий аҳамияти, диссертация мавзусининг ихтисосликка мослиги, диссертация материалларининг изланувчи эълон қилган илмий ишларда нечоғлик тўлиқ баён этилганлиги ўз ифодасини топиши лозим.
28. Хулоса диссертация дастлабки экспертиза учун топширилган кундан эътиборан фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация бўйича 2 ой ичида ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация бўйича 3 ой ичида изланувчига берилади. Диссертация бажарилган муассаса раҳбари хулосанинг сифати, холислиги ва ўз вақтида тайёрланиши учун масъулдир.
29. Изланувчи диссертациясини ўз хоҳиши билан илмий семинарларга мустақил равишда мурожаат қилган ҳолда дастлабки экспертизадан ўтказиши мумкин.
30. Диссертация бажарилган муассаса раҳбари дастлабки экспертиза натижаларидан қониқмаган тақдирда, диссертацияни қўшимча равишда экспертизага юбориши мумкин.
31. Изланувчи Ўзбекистон Республикасида бажарилган илмий-тадқиқот ишлари асосида тайёрланган диссертацияни хорижий давлатда ҳимоя қилмоқчи бўлган тақдирда, ОАКдан белгиланган тартибда рухсат олиши лозим.
ТАҚДИМ ЭТИШ ВА КЕНГАШДА ҲИМОЯ ҚИЛИШ
32. Диссертация бажарилган муассасада диссертация дастлабки экспертизадан муваффақиятли ўтганидан сўнг уни кўриб чиқиш учун муассаса раҳбарининг кузатув хати билан тегишли Илмий кенгашга юборилади.
Диссертация ихтисослиги ёки тегишли фан тармоғи бўйича Илмий кенгаш бўлмаган тақдирда, диссертация бажарилган муассаса диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказиб, диссертация ихтисослигига яқин келувчи Илмий кенгашга, бундай Илмий кенгаш бўлмаганда эса, тўғридан-тўғри ОАКга Бир марталик илмий кенгаш тузишни сўраб мурожаат қилади.
33. Илмий ва таълим ташкилотларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига ўзлари ишлаётган жойда тузилган Илмий кенгашларда, вазирлик, идораларнинг раҳбарларига ўз ташкилотларига қарашли муассасаларда тузилган Илмий кенгашларда диссертация ҳимоя қилишига рухсат берилмайди. Бунда уларнинг диссертация ҳимоя қилиши билан боғлиқ масалалар ОАК томонидан ҳал этилади.
ОАK аппарати ходимлари ОАК раҳбарияти рухсати билан диссертацияларини ҳимоя қилишлари мумкин.
33-1. Диссертацияни Илмий кенгашда дастлабки кўриб чиқиш, ҳимояга қабул қилиш ва диссертациянинг ошкора ҳимоясини ўтказиш ҳамда диссертация ва аттестация ишини ОАКга тақдим этиш Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2893, 2017 йил 23 июнь) мувофиқ амалга оширилади.
6-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҚАЙТА ҲИМОЯ ҚИЛИШ
34. Талабгор диссертацияни кўриб чиқиш жараёнининг ҳар қандай босқичида Илмий кенгашда яширин овоз беришдан олдин, ОАКда эса, Илмий кенгашнинг илмий даража бериш тўғрисидаги қарори тасдиқланишидан олдин диссертациясини муҳокамадан олишга ҳақлидир, ўзга материаллардан уларнинг муаллифи ва манбаини кўрсатмасдан фойдаланганлигини Илмий кенгаш ёки OAK аниқлаган ҳоллар бундан мустасно.
Илмий кенгаш ёки ОАКнинг диссертацияни муҳокамадан олиш тўғрисидаги қарори талабгорнинг ёзма аризаси асосида қабул қилинади.
35. Диссертация талабгорнинг ёзма аризасига асосан муҳокамадан олинганда, у қайта ишланган ҳолда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.
36. Талабгор ўз диссертациясини муҳокама қилмасликни сўраб, Илмий кенгашга ёзма ариза берган тақдирда, Илмий кенгаш раиси илмий котибга талабгор томонидан топширилган ҳужжатларни қайтаришга кўрсатма беради. Бунда талабгорнинг аризаси ҳамда диссертация билан диссертация авторефератининг бир нусхаси Илмий кенгашда қолади. Диссертацияни ҳимоя қилиш пайтида тайёрланган ҳужжатлар ҳам Илмий кенгашда қолади ва улар сўровнома асосида ҳимоя қайта ўтадиган жойга юборилиши мумкин.
37. Диссертация ҳимояси натижалари бўйича Илмий кенгаш салбий қарор қабул қилган тақдирда, малакавий имтиҳонларни топширганлиги ҳақидаги гувоҳномалар, илмий ишларнинг нусхалари ва диссертация талабгорга қайтариб берилади. Бунда диссертация муассасанинг Ахборот-ресурс маркази фондидан олиб қўйилади ва диссертация бажарилган муассаса архивида сақланади.
Диссертация бўйича берилган тақризлар, диссертация автореферати, мажлис стенограммаси, объектив-маълумотнома, диссертация бажарилган муассасанинг хулосаси ҳамда овоз бериш натижалари Илмий кенгашда қолади ва сўровнома асосида ҳимоя қайта ўтадиган жойга юборилиши мумкин.
Илмий кенгаш қабул қилган салбий қарори ҳақида диссертация ҳимоя қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида ОАКни ёзма равишда хабардор қилади. Бунда ОАКга диссертация автореферати ва Илмий кенгаш мажлисининг стенограммаси юборилади.
38. Диссертация ҳимояси натижалари юзасидан Илмий кенгашнинг қарори салбий бўлганда ёки ОАK Раёсати томонидан салбий қарор қабул қилинганда, қарор қабул қилингандан кейин камида 6 ой ўтгач, диссертация қайта ишланган ҳолда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.
Диссертация қайта ҳимоя қилиш учун тақдим этилганида, аввалги етакчи ташкилот ва расмий оппонентлар алмаштирилиши лозим.
7-БОБ. ОАКДА АТТЕСТАЦИЯ ИШИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
39. Аттестация иши, шу жумладан диссертация ОАКнинг тегишли бўлимлари томонидан қабул қилиб олинади ва илмий экспертизадан ўтказиш учун эксперт кенгашига тақдим этилади.
40. Илмий кенгаш диссертация ҳимоясини ўтказишда мазкур Низом талабларини бузган бўлса, ОАK раҳбарияти Тартиб-қоида комиссиясининг қарорига асосан аттестация ишини кўриб чиқишни тўхтатади ва мазкур диссертация ҳимояси Илмий кенгаш томонидан қайта ўтказилади.
41. Эксперт кенгаши аттестация иши, шу жумладан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиб, тегишли қарор қабул қилади ва ушбу қарор ОАК Раёсатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.
42. ОАK Раёсати аттестация иши бўйича эксперт кенгаши қарорини асосли деб топмаса, масалани қайта кўриб чиқиш учун эксперт кенгашига қайтаради.
43. Аттестация ишини ОАКда кўриб чиқиш муддати, қоида тариқасида, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича 2 ойдан ва фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эса 3 ойдан ошмаслиги керак. Илмий экспертизадан ўтказиш қўшимча ўрганиб чиқишни талаб қиладиган ҳолларда, ОАК Раёсатининг қарори билан аттестация ишини кўриб чиқиш муддати 2 ойгача узайтирилиши мумкин.
44. Аттестация ишини ОАКда кўриб чиқиш жараёнида унда аниқланган хато ва камчиликларни тузатишга йўл қўйилмайди.
45. ОАК Раёсати эксперт кенгашининг хулосасига асосан Илмий кенгашнинг илмий даража бериш тўғрисидаги қарорини тасдиқлайди ёки рад қилади.
46. Илмий даража берилган шахснинг диссертацияси, диссертация автореферати ва уларнинг электрон шакли ОАК томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига топширилади.
8-БОБ. ДИПЛОМЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ
47. ОАK Раёсатининг илмий даража бериш тўғрисидаги Илмий кенгаш қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ва талабгорга бир иш кунида илмий даража дипломи расмийлаштириб берилади.
48. Илмий даражани тасдиқловчи диплом йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, ОАК томонидан манфаатдор шахснинг аризасига мувофиқ унинг дубликати берилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ҳужжат йўқолганлиги тўғрисида республика марказий газетасида берилган эълон нусхаси (агар йўқолган бўлса);
давлат хизматлари марказининг маълумотномаси (агар йўқолган бўлса).
49. Илмий даража берилган шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, ОАК томонидан манфаатдор шахснинг кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган аризасига мувофиқ диплом қайта расмийлаштирилиб берилади.
ЭТИШ ЁКИ УНИ ТИКЛАШ
50. Кўчирмачилик, сохта ҳужжатлар тақдим этилганлик, диссертациянинг экспертизаси нохолис ўтказилганлиги каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, Илмий кенгаш хулосаси ва эксперт кенгаши қарорига асосан илмий даражага эга бўлган шахслар ОАК Раёсати томонидан илмий даражадан маҳрум этилиши мумкин.
ОАK Раёсатининг илмий даража бериш тўғрисидаги Илмий кенгаш қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин 10 йил ўтган бўлса, илмий даражадан маҳрум этиш масаласи кўриб чиқилмайди.
51. Илмий даражадан маҳрум этилган шахснинг илмий даражаси ОАК Раёсатининг қарорига асосан тикланиши мумкин.
52. Илмий кенгашнинг илмий даражадан маҳрум этиш, маҳрум этмаслик ёки уни тиклаш бўйича хулосаси эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
53. Эксперт кенгашининг тегишли қарори ОАК Раёсати томонидан кўриб чиқилади ва шахсни илмий даражадан маҳрум этиш ёки маҳрум этмаслик ёхуд уни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинади.
10-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ
54. Манфаатдор шахслар Илмий кенгашнинг илмий даражани бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарори юзасидан Илмий кенгашга ёки ОАКга апелляция беришлари мумкин.
Манфаатдор шахслар илмий даражани бериш ёки беришни рад қилиш, хорижий давлатлар олий аттестация органлари ёки илмий ва таълим ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган хорижий фуқароларга берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) масалаларининг ОАКда кўриб чиқилиши бўйича ОАК Раёсати қарори юзасидан ОАКга апелляция бериши мумкин.
Апелляция тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 2 ой ичида берилиши мумкин.
55. Апелляция бир ойлик муддатда кўриб чиқилади.
56. ОАК Раёсати ва Илмий кенгаш қарорлари юзасидан берилган апелляция бўйича Илмий кенгаш хулосаси ОАК Тартиб-қоида комиссияси томонидан кўриб чиқилади. ОАК Тартиб-қоида комиссияси апелляцияни кўриб чиқишни эксперт кенгашига топшириши мумкин. Зарур ҳолларда, ОАКда мазкур масалани кўриб чиқишнинг аввалги босқичларида иштирок этмаган мутахассис-олимлардан иборат Апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссияси ОАК Раёсати қарори билан камида 5 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.
57. ОАК Раёсати томонидан Тартиб-қоида комиссияси, эксперт кенгаши ёки Апелляция комиссияси хулосалари кўриб чиқилади ва апелляция бўйича якуний қарор қабул қилинади.
58. ОАК Раёсатининг апелляция бўйича қабул қилган якуний қарори дарҳол апелляция берган шахсларга, шунингдек Илмий кенгашга юборилади.
59. Хорижий давлатлар аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январдан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига фан доктори ва фан номзоди илмий даражалари берилгани ҳақидаги ҳужжатлар, шунингдек хорижий давлатларда фалсафа доктори (PhD) ва унга тенглаштирилган илмий даражалар олинганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ОАК томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ нострификацияланади (қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштирилади).
60. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги билан келишилган.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 27 июнь, 25-сон, 569-модда