Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.02.2004 й. 77-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 18 февралдаги

77-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги

ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар

ишлари қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб юритилади) корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги соҳасидаги вазифаларни ҳал этишга ваколатли бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмита Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради. Қўмита Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) ишчи органи ҳисобланади.


2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Қўмита тизимига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ночор корхоналар ишлари ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) киради.


4. Қўмита ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Қўмитанинг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг моддий-техника таъминоти, шунингдек Қўмита тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Қўмитага ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари, Корхоналар санацияси жамғармаси маблағларининг бир қисми ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бош қа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6. Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланади. Ўзбекис тон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ҚЎМИТАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий аҳволи мониторингини олиб бориш, тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш;

банкротлик соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш;

иқтисодий ночор корхоналар тўғрисидаги масалаларни ҳал этишда давлат манфаатларини ифодалаш;

ижро этувчи ҳокимият республика ва маҳаллий органлари билан биргаликда корхоналар банкротлигининг олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирлар кўрилиши ташкил этилишини таъминлаш;

устав фондида давлат улуши бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор корхоналарни ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига кўмаклашиш;

суд бошқарувчиларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ягона реестрини юритиш;

суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш.


8. Қўмита ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

банкротлик соҳасида давлат томонидан тартибга солиш бўйича:

а) тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида маълумотлар базаси барпо этиш асосида устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий аҳволи мониторингини олиб боради;

б) ижро этувчи ҳокимият республика ва маҳаллий органлари билан биргаликда корхоналар банкротлигининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши ташкил этилишини таъминлайди;

в) банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилишидан келиб чиқувчи жараёнларни амалга ошириш мақсадида норматив ва методик базани барпо этиш ишларини ташкил этади;

г) банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиши соҳасидаги Ҳукумат қарорлари ва фармойишлари, Комиссия қарорлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Комиссияга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

д) Корхоналар санацияси жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва ўз вақтида қайтарилиши устидан назоратни таъминлайди;

корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва таркибий ўзгартириш соҳасида:

а) устав фондида давлат улуши бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва иқтисодий ночор корхоналарни ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштириш комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилишига ва амалга оширилишига кўмаклашади;

б) устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда судгача санациялаш ва банкротлик тартиб-қоидалари бажарилиши устидан назоратни ташкил этади;

в) устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарни судгача санациялаш, суд санацияси ва ташқи бошқарув режаларини келишади;

г) Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда устав фондида давлат улуши бўлган, банкротлик белгиларига эга бўлган, тўловга қодир бўлмаган корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда иштирок этади;

д) устав фондида давлат улуши бўлган, банкротлик белгиларига эга бўлган корхоналарнинг иқтисодий ва молиявий аҳволини манфаатдор вазирликлар ва идоралар, тижорат банклари билан биргаликда ўрганиб чиқади;

е) давлат мулкини бошқаришга вакил қилинган органларнинг ёки давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифлари асосида Комиссияга банкротлик тартиб-қоидалари ташаббуси кўрсатиш тўғрисида таклиф киритади;

ж) Корхоналар санацияси жамғармасини белгиланган тартибда шакллантиришда қатнашади ва Комиссиянинг қарорига кўра судгача санациялаш ва банкротлик тартиб-қоидаларини амалга ошириш учун жамғарма маблағларини тасарруф этади;

з) устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-қоидаларини қўллаш ва судгача санациялаш билан боғлиқ масалалар юзасидан манфаатдор шахсларнинг мурожаатлари ва таклифларини кўриб чиқади;

и) тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва жамоа хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқишда қатнашади;

к) устав фондида давлат улуши бўлган, тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни судгача санациялаш, уларга нисбатан банкротлик тартиб-қоидаларини қўллаш юзасидан Комиссияга таклиф киритади;

л) қишлоқ хўжалиги корхоналари банкротлигининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш тўғрисида Комиссияга таклиф киритади;

м) ижтимоий инфратузилма объектларини белгиланган тартибда маҳаллий бошқарув органлари балансига бериш ва умумий фойдаланиладиган ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини хўжалик бирлашмаларининг функционал вазифасига кўра тегишли хўжалик бирлашмалари корхоналари балансига бериш тўғрисида Комиссияга таклиф киритади;

н) таркибий ўзгартирилиши керак бўлган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарнинг, шунингдек уларга нисбатан банкротлик тартиб-қоидалари қўлланилган корхоналарнинг қурилиши тугалланмаган объектларини ва асосий фондларини консервация қилиш тўғрисида Комиссияга таклиф киритади;

суд бошқарувчилари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

а) суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимини ташкил этади;

б) суд бошқарувчиларини аттестациядан ўтказади ва суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади;

в) хўжалик суди сўровига биноан суд бошқарувчиси номзодини тақдим этади.


9. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўз ҳудудий бошқармалари орқали ҳал қилади.



III. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштириш дастурларини шакллантиришда қатнашиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат солиқ хизмати органларидан ва давлат статистика органларидан корхоналарнинг иқтисодий қодирлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда молиявий аҳволи мониторинги олиб борилаётган корхоналар раҳбарларидан корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш;

хўжалик юритувчи субъектлар (кичик ва хусусий корхоналардан ташқари) раҳбарларига ёки бошқа мансабдор шахсга белгиланган тартибда корхонанинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги материалларни тақдим этмаганлиги ёхуд ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун белгиланган тартибда жарималар солиш;

корхоналар томонидан судгача санация бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ва ушбу мақсадларга йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш;

банкротлик соҳасида ўз фаолиятини амалга оширувчи хорижий мамлакатлар органлари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимлар тузишда қатнашиш;

устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бўлган корхоналарни банкрот қилиш тўғрисида иш қўзғатиш юзасидан хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиш;

банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш давомида ташқи бошқарувни жорий қилиш, ташқи бошқарув муддатини узайтириш ёки қисқартириш, шунингдек ташқи бошқарувчини ўз ваколатларини ижро этишдан озод қилиш тўғрисида хўжалик судига тақдимнома киритиш;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг ишламаётган объектларини консервация қилиш масаласи бўйича хўжалик судига белгиланган тартибда мурожаат қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суд бошқарувчилари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш, суд бошқарувчиси фаолиятида қонун ҳужжатларининг мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилиши аниқланган тақдирда суд бошқарувчисини вазифаларини бажаришдан озод қилиш тўғрисида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиш;

суд бошқарувчиларига берилган аттестатлар амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ва тўхтатиш.

Қўмита Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Қўмита ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, жойлардаги давлат ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажариш мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Қўмита зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


12. Қўмита ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Қўмитага қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис раҳбарлик қилади.

Раиснинг икки нафар ўринбосари бўлади.

Қўмита раиси лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари ҳисобланади ва мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари эса  вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


14. Қўмита раиси:

Қўмита фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Қўмитанинг таркибий ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди.

Қўмита марказий аппарати ходимларини, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Қўмита ходимларига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда моддий-маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари татбиқ этилади.


16. Қўмита Қўмитанинг моддий-техника базасини ривожлантиришга ва Қўмита тизими ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга Корхоналар санацияси жамғармасига тушадиган маблағларнинг кўпи билан 15 фоизидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


17. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини Қўмита томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширадилар.

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан тайинланадилар.


18. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 7-сон, 82-модда.