Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежлари ўқувчиларининг билимини баҳолаш тўғрисида Низом (АВ томонидан 09.01.2019 й. 3117-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 09.01.2019 й. 9-мҳ-сон буйруғига илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 9 январда 3117-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2019 йил 9 январдаги

9-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

юридик коллежлари ўқувчиларининг билимини

баҳолаш тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларида (кейинги ўринларда юридик коллеж деб юритилади) ўқувчилар билимини баҳолашнинг рейтинг назорат тизимини белгилайди.




1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Юридик коллеж ўқувчилари (кейинги ўринларда ўқувчилар деб юритилади) билимини баҳолашнинг рейтинг назорат тизими мақсади - ўқувчиларнинг назарий ва амалий билимларни ўзлаштиришининг ҳақиқий даражасини аниқлаш имконини берувчи тизимни жорий этишдан иборат.


2. Ўқувчиларнинг билими, кўникмаси ва малакаларини баҳолашнинг асосий вазифалари:

давлатнинг тузилиши, унинг ижтимоий ва сиёсий ривожланиши, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида эгаллаган билимини тўғри баҳолаш;

назарий ва амалий билими, кўникма ва малакаларини тўғри баҳолаш ва рағбатлантириш орқали янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни қўллаш, ахборот-ресурс манбаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш;

ўқув материалининг ўқувчилар томонидан тизимли равишда ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини ташкил этиш ва таҳлил қилиш;

мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, процессуал ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш, фикрларини ёзма ва оғзаки, жумладан хорижий тилда равон баён этиш;

ўқувчилар билимини холис ва адолатли баҳолаш ҳамда унинг натижаларини ўз вақтида маълум қилиш.


3. Ўқув-методик бўлим юридик коллежнинг ўқув жараёнини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, ҳар бир фан бўйича ўқув материалини шакллантириш, барча турдаги назорат саволларини умумлаштириш ҳамда ўқувчиларни рейтинг кўрсаткичларини шакллантиришга масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ЎҚУВЧИЛАР БИЛИМИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТУРЛАРИ


4. Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасини давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун юридик коллежда жорий, оралиқ ва якуний назорат турлари ўтказилади.

Юридик коллежнинг ўқувчиси ҳар бир назорат турини топшириши шарт.


5. Фан бўйича назорат турлари ва шакллари ҳамда баҳолаш мезонлари тўғрисидаги маълумотлар педагог ходим томонидан ўқувчиларга эълон қилинади.

Оралиқ ва якуний назорат ўтказиш муддатлари ҳақидаги маълумотлар Ўқув-методик бўлим ҳамда мутахассислик ва касблар бўйича деканатлар томонидан ўқувчилар эътиборига етказилиши таъминланади.



3-БОБ. ЖОРИЙ НАЗОРАТНИ ЎТКАЗИШ


6. Жорий назорат ўқувчининг фан мавзулари бўйича ўзлаштириш даражасини мунтазам равишда аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади. Жорий назорат фан мавзуси доирасида ўзлаштирган билимларини оғзаки ва ёзма баён этиш, педагог ходимнинг топшириқлари асосида баҳс-мунозарага киришиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), жамоада ишлаш, мустақил ишлар тайёрлаш (тақдимотлар) ва бошқаларни баҳолашга қаратилади.


7. Фаннинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларнинг ҳар бир фан мавзулар блоки бўйича ўзлаштириши баҳолаб борилади.

Жорий назорат семинар ва амалий машғулот шаклларида ўтказилади.


8. Фан мазмунидан келиб чиқиб, бир семестрда ўқитиладиган бир-бирига боғлиқ мавзулар блокларга ажратилади. Фаннинг ҳар бир мавзулар блоки ўқитиладиган охирги куни педагог ходим блокли жорий назоратни якунлайди ва ушбу рейтинг назорати тури бўйича ўқувчиларнинг балларини қўяди. Бунда ҳар бир фан мавзулари блоки учун ажратиладиган максимал балл, жорий назорат учун ажратилган максимал рейтинг баллини фан мавзулари блоки сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

Жорий назорат бўйича ўқувчининг тўплаган бали фан бўйича масъул бўлган педагог ходим томонидан рейтинг қайдномасига киритилади.

Жорий назорат натижаларини ўз вақтида расмийлаштирмаган фан бўйича масъул бўлган педагог ходимларга нисбатан директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари билдиргисига асосан юридик коллеж директори томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Жорий назорат бўйича ўзининг умумий рейтинг балини кўтаришни хоҳлаган ўқувчига кейинги блокли жорий назорат ўтказилгунга қадар топшириш учун муддат берилади, охирги блокли жорий назорат учун эса якуний назорат бошланишига қадар топшириш ҳуқуқи берилади. Қайта топширишнинг аниқ муддатлари тегишли кафедра томонидан белгиланади.

Ўқувчи қайта топшириш жорий назорат рейтинг натижасидан норози бўлганда унинг аризасига мувофиқ жорий назорат натижаси юридик коллеж директори томонидан тузиладиган комиссияда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунда ўқувчининг илгари қўйилган рейтинг балини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


9. Педагог ходим ўқув машғулотларида фаол иштирок этган ўқувчига тегишли блокли жорий назорат доирасида олган балларини кўтариш ёки унга максимал бални қўйган ҳолда ушбу блок бўйича жорий назоратни топширишдан озод қилиши мумкин.


10. Ҳар бир блок бўйича жорий назорат ўтказиш муддатлари кафедра томонидан белгиланади.



4-БОБ. ОРАЛИҚ НАЗОРАТНИ ЎТКАЗИШ


11. Оралиқ назорат ўқувчи томонидан фан дастурининг ўзлаштириш даражаси, ўқувчининг адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, процессуал ҳужжатларни тузиш бўйича амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини баҳолашга қаратилган.

Оралиқ назорат семестр давомида ўқувчининг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш ва баҳолаш мақсадида бир маротаба ўтказилади.

Оралиқ назоратнинг шакли ва ўтказиш вақти давомийлиги Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда ТДЮУ деб юритилади) Кенгаши қарори билан белгиланади.


12. Оралиқ назорат саволлари кафедранинг тегишли фан бўйича масъул педагоги томонидан тузилади. Саволлар ўқувчиларнинг фан дастури доирасида ўзлаштирган билимларини ифода этиш, муаммоли вазиятлар бўйича мунозарага киришиш, ҳуқуқий манбалар асосида ўз позициясини асослаш ва процессуал ҳужжатларни тузиш кўникмалари шаклланганлигини аниқлашга қаратилган бўлиши лозим.


13. Кафедра мудири семестр бошланишидан олдин оралиқ назорат саволларини сифатли тайёрланиши ва Ўқув-методик бўлимга тақдим қилинишини таъминлайди.

Ўқув-методик бўлим фанлар бўйича тайёрланган оралиқ назорат саволларини экспертизадан ўтказиши мумкин. Бунда, оралиқ назорат учун тайёрланган саволлар бошқа кафедра педагог ходимлари ёки амалиётчи ходимлар томонидан экспертизадан ўтказилади.


14. Оралиқ назорат натижалари рейтинг қайдномасига педагог ходим томонидан киритиш орқали расмийлаштирилади ҳамда Ўқув-методик бўлим томонидан ўқувчилар эътиборига етказилади. Қўйилган баллар бўйича ҳар қандай тузатишлар директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари имзоси билан тасдиқланиши шарт.


15. Ёзма иш шаклида ўтказилган оралиқ назорат аудиторияда мустақил равишда ўқувчи томонидан ёзилади ва тегишли фан бўйича педагог ходимга топширилади. Топширилган ёзма ишни алмаштириш ёки қўшимча ёзма иш топшириш тақиқланади. Топширилган ёзма иш ўқувчига қайтарилмайди.

Ёзма иш варақлари тегишли фан бўйича педагог ходим имзоси билан тасдиқланиши лозим.

Ўқувчи учун оралиқ назоратни бошқа шахс ёзиб бериш ҳолати аниқланганда, шунингдек текшириш вақтида икки ёки ундан ортиқ ёзма ишлар мазмунининг учдан икки қисми ўхшашлиги ўқувчиларнинг кўчирганлиги ҳолатига асос бўлади ва уларга ноль балл қўйилади.

Ёзма иш шаклида ўтказилган оралиқ назоратларни текширилиши ушбу Низомнинг 6-бобига мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ НАЗОРАТНИ ЎТКАЗИШ


16. Якуний назорат фан дастури доирасида ўқувчининг назарий билим ва амалий кўникмаларни тўлиқ ўзлаштирганлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи ҳисобланади.

Якуний назорат ўқувчининг фан дастурида назарда тутилган мавзулар доирасида қисқа вақт мобайнида назарий саволларга ўз фикрини билдириш, муаммоли вазиятларга ечим топиш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш ва процессуал ҳужжатларни тузиш қобилиятини аниқлашга қаратилган.


17. Агар ТДЮУ Кенгаши қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўқув режада белгиланган фанлар бўйича якуний назорат семестр якунида аудиторияда ёзма шаклда аудитория кузатувчиси назорати остида ўтказилади.

Якуний назорат саволлари назарий саволлар, муаммоли вазият (казус)лар ва процессуал ҳужжатларни тузиш каби топшириқлардан ташкил топади. Якуний назорат саволлари кафедранинг фан бўйича масъул педагоги томонидан ишлаб чиқилади.


18. Кафедра мудири фанлар бўйича якуний назорат саволларини сифатли тайёрланиши ва Ўқув-методик бўлимга тақдим қилинишини таъминлайди.

Ўқув-методик бўлим фанлар бўйича тайёрланган якуний назорат саволларини экспертизадан ўтказиши мумкин. Бунда, фанлар бўйича якуний назорат учун тайёрланган саволлар бошқа кафедра педагог ходимлари ёки амалиётчи ходимлар томонидан экспертизадан ўтказилади.

Ўқув-методик бўлим саволлар базасидан якуний назорат вариантларини шакллантиради.


19. Якуний назоратни ўтказишда аудитория кузатувчиси сифатида иштирок этадиган педагог ходимлар рўйхати юридик коллеж директори томонидан тасдиқланади.

Аудитория кузатувчиларининг тасдиқланган рўйхати юридик коллеж таркибий тузилмалари эътиборига етказилади.


20. Якуний назоратга аудитория кузатувчисининг узрли сабабларсиз келмаслиги (ёки кечикиб келиши) уларга нисбатан интизомий жазо чораларни қўллашга асос бўлади.


21. Аудитория кузатувчиси якуний назоратни ўтказишда қуйидагиларга мажбур:

ўқувчиларга якуний назорат давомида фойдаланиш тақиқланган барча предметларни кузатувчига ўз ихтиёрлари билан топширишларини таклиф этиш;

якуний назорат ўтказилаётган тўлиқ вақт давомида уни ўтказиш тартибига лозим даражада риоя қилинишини таъминлаш;

зарур бўлганда ўқувчиларга қайд этилган ноаниқликлар, техник хатолар ёки топшириқни бажаришга қўйиладиган талаблар ҳақида маълумот бериш;

якуний назорат ўтказиш қоидаларини бузган ўқувчиларни тегишли далолатнома тузган ҳолда якуний назоратдан четлаштириш.


22. Якуний назорат, қоида тариқасида, 2 соат (120 дақиқа) мобайнида ўтказилади. Якуний назоратнинг бошланиш ва тугаш вақти аудитория кузатувчиси томонидан аудитория доскасида акс эттирилиши зарур.

Якуний назорат иши ўқувчи томонидан мустақил равишда ёзилиши шарт.

Ўқувчи учун якуний назоратни бошқа шахс ёзиб бериш ҳолати аниқланганда, шунингдек текшириш вақтида икки ёки ундан ортиқ ёзма ишлар мазмунининг учдан икки қисми ўхшашлиги ўқувчиларнинг кўчирганлиги ҳолатига асос бўлади ва уларга ноль балл қўйилади.


23. Якуний назорат ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, бошқа ўқувчиларга ўз ёзма иш варақаларини бериши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан уяли алоқа воситаси), аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари ва бошқаларни олиб кириши ва улардан фойдаланиши тақиқланади. Шахсий буюмлар аудиториядаги алоҳида столга қўйилиши керак.

Фаннинг хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли фан бўйича масъул педагог томонидан якуний назорат ўтказишда калькулятордан фойдаланишга нисбатан истиснолар белгиланиши мумкин.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган талабларни бузган ўқувчилар аудиториядан четлаштирилади ва ўқувчиларнинг якуний назорат иши бекор қилиниб, унга ноль рейтинг бали қўйилади.


24. Якуний назорат учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг, ўқувчи ўз ёзма ишини аудитория кузатувчисига топширади. Якуний назорат мобайнида ёзилган ёзма ишлар сони аудитория кузатувчиси томонидан қайта саналади, ёзма иш варақлари унинг имзоси билан тасдиқланади ва якуний назоратда қатнашган ўқувчилар сонига мутаносиб равишда Ўқув-методик бўлимга топширилади.



6-БОБ. НАЗОРАТ ИШЛАРИНИ ТЕКШИРИШ


25. Ёзма ишларни текшириш муддатлари Ўқув-методик бўлим томонидан белгиланади ва унинг натижалари рейтинг қайдномасига киритилади ҳамда ўқувчиларга эълон қилинади.


26. Ёзма ишлар кафедранинг тегишли фан педагог ходимлари томонидан текширилади.

Ёзма ишларни текшириш муддатларини бузган педагог ходимларга нисбатан директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари билдиргисига асосан юридик коллеж директори томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.


27. Оралиқ ва якуний назорат ёзма ишларини текшириш педагог ходимлар томонидан юридик коллеж биносининг ички қисмида махсус ажратилган хонада амалга оширилади. Ёзма ишни махсус ажратилган хона ташқарисига олиб чиқиш тақиқланади. Махсус ажратилган хона ичкарисига юридик коллеж директори, директорнинг ўринбосарлари, Ўқув-методик бўлим бошлиғи ва текширувчи педагог ходимлардан ташқари учинчи шахсларнинг кириши ман қилинади.

Педагог ходим томонидан оралиқ ва якуний назорат ёзма ишининг биринчи варағи устига балл қўйилади. Балл аниқ ифодаланган шаклда педагог ходимнинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда қўйилиши керак.

Педагог ходим томонидан ҳар бир текширилган ёзма ишга тақриз берилади ҳамда унда ёзма иш мазмунининг ижобий жиҳатлари ва йўл қўйилган хатоликлар акс эттирилиши лозим.


28. Оралиқ ва якуний назорат ёзма ишларнинг айримлари ТДЮУ томонидан танлаб қайта текширилиши мумкин. Бунда ёзма ишлар ТДЮУ ходимлари томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда қайта текширилади ёки ёзма ишлар тегишли сўровга кўра ТДЮУга юборилади.

Танланган ишни қайта текшириш натижасида унга қўйилган балл ўзгартирилиши мумкин.

Қайта текшириш натижасида тегишли назорат ишига қўйилган балл асоссиз юқори ёки паст қўйилган бўлса, бу ҳолда ушбу педагог ходимга нисбатан интизомий жазо чораси кўриш бўйича ТДЮУ томонидан юридик коллеж директорига тақдимнома киритилади.


29. Жорий назорат рейтинг қайдномалари кафедра мудири имзоси билан Ўқув-методик бўлимга тақдим қилинади.

Оралиқ ва якуний назорат баллари тегишли ёзма ишларни текширган педагог ходим томонидан рейтинг қайдномаларига киритилади ва Ўқув-методик бўлимга топширилади.

Ўқув-методик бўлим томонидан оралиқ ва якуний назорат натижалари текширув якунланганидан сўнг шу куннинг ўзида ўқувчилар эътиборига етказилади.


30. Ўқув-методик бўлим томонидан жорий, оралиқ ва якуний назорат рейтинг қайдномалари асосида жамловчи рейтинг қайдномаси тузилади.

Жамловчи рейтинг қайдномасини Ўқув-методик бўлим бошлиғи ва масъул ходим имзолайди ҳамда директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари тасдиқлайди.

Жорий, оралиқ ва якуний назорат рейтинг қайдномалари ҳамда жамловчи рейтинг қайдномаларининг шакллари ТДЮУ томонидан тасдиқланган намуна бўйича тузилади.


31. Натижалар эълон қилингандан сўнг ўқувчиларга бир ҳафталик муддатда текширилган ёзма ишлар билан танишиш имконияти берилади.

Ўқувчи оралиқ ва якуний назоратга қўйилган балдан норози бўлса, ўз иши билан танишгандан сўнг бир иш куни давомида Ўқув-методик бўлим бошлиғи номига апелляция шикояти бериши мумкин. Мазкур ҳолатда Ўқув-методик бўлим бошлиғи билдиргисига асосан директор буйруғи билан камида 5 кишидан иборат апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Ўқувчининг аризаси апелляция комиссиясида зарурат бўлганда ушбу назорат тури бўйича балл қўйган педагог ходим иштирокида кўриб чиқилади.

Аризани кўриб чиқишда апелляция комиссияси назорат ишларини ҳар томонлама ўрганади.

Ўқувчининг аризасини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириш;

қўйилган балларни ўзгартириш.

Ўқувчининг апелляция шикоятини кўришда унинг илгари олган рейтинг балини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


32. Текширилган ёзма ишлар олти ой мобайнида сақланади. Муддати ўтган ишлар йўқ қилинади.



7-БОБ. БАҲОЛАШ ТАРТИБИ ВА

МЕЗОНЛАРИ


33. Ўқувчининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш даражаси уларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолашнинг рейтинг тизими асосида балларда акс эттирилади.


34. Ўқувчининг семестр мобайнидаги ҳар бир фан бўйича ўзлаштириши 100 баллик тизим асосида бутун сонлар билан баҳоланади.

100 балл назорат турлари бўйича қуйидагича тақсимланади:

жорий назорат - 30 балл;

оралиқ назорат - 30 балл;

якуний назорат - 40 балл.


35. Ўқувчилар рейтингини ҳисобга олишда амалиёт ва якуний давлат аттестацияси бўйича ўзлаштириш 100 баллик тизимда баҳоланади.


36. Ҳар бир назорат тури умумий максимал балнинг 100 фоизидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади.

Ўқувчининг фанни ўзлаштириши бўйича барча назорат турлари юзасидан баҳолаш қуйидаги намунавий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) 86-100 фоиз олиш учун ўқувчи:

мустақил ва ижодий фикрлаши, қарор қабул қилиши ҳамда мушоҳада юритиши, фикрларини равон баён этиши, назарий билимини амалда қўллай олиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши, семинар ва амалий машғулотларда ижодий ва фаол қатнашиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

б) 71-85 фоиз олиш учун ўқувчи:

мустақил фикрлаши, ўз фикрларини баён этиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши, назарий билимини амалда қўллай олиши, семинар ва амалий машғулотларда ижодий ва фаол қатнашиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

в) 55-70 фоиз олиш учун ўқувчи:

олган билимини амалда қўллай олиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

г) ўқувчининг билим даражаси 0-54 гача баҳоланади, агар:

фан дастурини ўзлаштирмаган бўлса, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмаса ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлмаса.


37. Фанлар бўйича семестр учун ўқувчи рейтинги қуйидагича аниқланади:

R семестр = ЖН+ОН+ЯН

Агар фан икки семестрда давом этса умумий балларининг арифметик ўртачаси олинади.

R йиллик = R 1-семестр + R 2-семестр

2

Ҳар бир фан бўйича умумий рейтинг бали йиллар бўйича тўпланган балларнинг ўртача арифметик қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

R = R 1 йил + R 2 йил

2

8-БОБ. НАЗОРАТ ВА ҚАЙТА ТОПШИРИШЛАРНИ

ЎТКАЗИШ МУДДАТЛАРИ


38. Фанлар бўйича оралиқ ва якуний назорат турларидан ўқувчилар билимларини баҳолаш директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланадиган оралиқ ва якуний назоратларни ўтказиш жадваллари асосида амалга оширилади.


39. Ўқувчи семестр мобайнида тегишли фаннинг жорий, оралиқ ва якуний назорат учун ажратилган умумий балининг 55 фоизидан кам баллни тўплаган ёки амалиётни ўтамаган (амалиёт имтиҳонидан ўтмаган) ҳолатларда академик қарздор ҳисобланади.


40. Ўқувчининг фанлар бўйича академик қарздорлиги мавжуд эмаслиги кейинги семестр (курс)га ўтиши учун асос бўлади.


41. Ўқув машғулотларида ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабаблар (турли касалликлар билан бетоблиги, йўл-транспорт ҳодисаси ва яқин қариндошининг вафоти) туфайли иштирок этмаган ва шу сабабли назорат турларини белгиланган муддатда топширмаган ўқувчига директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари қайта ўзлаштириш учун академик қарздорларга икки ҳафта муддатда назорат турларини топширишга рухсат беради.

Академик қарздор ўқувчиларга семестр тугаганидан кейин қайта ўзлаштириш, яъни тегишли назорат турини қайта топшириш орқали академик қарздорликни бартараф қилиш учун 1 ой муддат берилади (иккинчи семестр натижалари бўйича ўқувчиларнинг ёзги таътили ҳамда педагог ходимларнинг меҳнат таътилидан сўнг). Шу муддат давомида фанни ўзлаштира олмаган ўқувчи Ўқув-методик бўлим бошлиғининг тавсиясига кўра, белгиланган тартибда юридик коллеж кенгаши қарорига асосан юридик коллеж директорининг буйруғи билан курсда қолдирилади.

Академик қарздор ўқувчилар учун қайта топширишнинг аниқ муддатлари Ўқув-методик бўлим бошлиғи томонидан тасдиқланадиган жадвал асосида белгиланади.

Академик қарздор ўқувчи тўплаган балларидан келиб чиқиб назоратнинг тегишли турларини қайта топшириши талаб қилинади. Топширилиши керак бўлган назорат турлари ўқувчининг рейтинг ўзлаштириш кўрсаткичи натижаларидан келиб чиққан ҳолда Ўқув-методик бўлим томонидан аниқланади ва эълон қилинади.

Ўқувчининг жорий назорат бўйича қайта топшириши тегишли кафедра мудири раислигидаги комиссия томонидан қабул қилинади. Комиссия кафедра педагог ходимларидан иборат таркибда кафедра мудири томонидан шакллантирилади.

Қайта топшириш натижалари алоҳида қайднома тарзида қайта ўзлаштириш учун бериладиган бир ойлик муддатда Ўқув-методик бўлимга топширилиши шарт.


42. Академик қарздор ўқувчига қайта топширишда жорий, оралиқ ва якуний назорат учун ажратилган максимал балнинг 56 фоизидан ортиқ балл қўйилиши мумкин эмас.


43. Белгиланган муддатларда академик қарздорликни бартараф этмаган ўқувчи юридик коллеж кенгаши қарорига асосан юридик коллеж директорининг буйруғи билан курсда қолдирилади.

Академик қарздорлиги туфайли курсда қолдирилган ўқувчи ўқишини қуйи курсдаги ўқув семестри бошидан бошлайди ва фақат ўзлаштира олмаган фанларини такроран ўқийди.



9-БОБ. РЕЙТИНГ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ


44. Ўқувчининг фан бўйича тўплаган баллари семестр якунида жамловчи рейтинг қайдномасига бутун сон кўринишида киритилади.


45. Ўқувчининг рейтинги унинг билимлари, малакаси ва кўникмалари даражасини белгилаб беради.


46. Ўқувчиларнинг умумий рейтинги ҳар бир семестр ва ўқув йили якунидан сўнг эълон қилинади.


47. Агар фан бир неча семестр давомида ўтилган бўлса, ўқувчи дипломининг иловаси ёки академик маълумотнома тузилаётган вақтда рейтинглар йиғиндиси ҳисобга олинади.


48. Ўқувчининг назорат турлари бўйича эришган натижалари Ўқув-методик бўлим томонидан тизимли равишда таҳлил қилинади ва юридик коллеж кенгашида муҳокама қилиш учун киритилади.


49. Ўқув йилининг якуни бўйича рейтинг назорати натижаларига кўра ўқувчиларни белгиланган тартибда кейинги курсга ўтказиш тўғрисида директорнинг буйруғи расмийлаштирилади.



10-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


50. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 январь, 1-2-сон, 25-модда