Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.2019 й. 391-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 майдаги

391-сон қарорига

2-ИЛОВА



Мактабгача таълим ташкилотларидаги

қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом мактабгача таълим ташкилотларидаги мактабгача ёшдаги болалар қисқа муддатли гуруҳлари мақсадлари, вазифалар ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти мактабгача таълим ташкилотлари устави билан тартибга солинади.


3. Қисқа муддатли гуруҳлар мактабгача таълим ташкилотига бормайдиган болаларнинг тўлақонли камол топишини таъминлаш, уларни тенгдошлари ва катталар даврасига мослаштириш учун мўлжалланган.


4. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган қисқа муддатли гуруҳларда болаларнинг бўлиши учун тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда амалга оширилади.

5. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган қисқа муддатли гуруҳларда болаларнинг бўлиши учун тўлов муассис томонидан белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича белгиланади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.



2-БОБ. ҚИСҚА МУДДАТЛИ ГУРУҲЛАР

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Қисқа муддатли гуруҳлар мақсадлари болаларнинг мактабгача таълимга тўлиқ жалб этилишини ва мактабгача таълим ташкилотларига бормайдиган болалар мактабгача таълим олишда тенг имкониятлардан фойдаланишини таъминлашдан иборат.


7. Қисқа муддатли гуруҳларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

боланинг жисмоний, ақлий ва маънавий камол топишини сақлаш ва мустаҳкамлаш;

боланинг шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, боланинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, унинг ижтимоий тажриба орттиришини таъминлаш;

боланинг ёш ва ўзига хос имкониятлари, қобилиятлари ва эҳтиёжларига қараб ҳар томонлама камол топишини таъминлаш;

болани шакллантиришда, тарбиялашда ва ўқитишда оилага ҳар томонлама ёрдам бериш;

болаларнинг билим орттиришини, ижтимоий-шахсий, бадиий-эстетик ва жисмоний камол топишини таъминлаш.



3-БОБ. ҚИСҚА МУДДАТЛИ ГУРУҲЛАР ТАШКИЛ

ЭТИШ, УЛАРГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИ

ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ


8. Қисқа муддатли гуруҳлар мактабгача таълим ташкилотларида фойдаланилмайдиган хоналар бўлганда ташкил этилади.


9. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳларга болалар уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда қонуний вакиллар деб аталади) аризаси ва бола соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулоса асосида қабул қилинади.


10. Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳларга болалар қуйидагилар асосида қабул қилинади:

боланинг қонуний вакили аризаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ваколатли орган берган йўлланма;

бола соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий маълумотнома.


11. Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳлар ўз фаолиятини давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи асосида амалга оширади.


12. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳлар ўз фаолиятини боланинг қонуний вакиллари билан шартнома асосида амалга оширади.


13. Битта хонада кўпи билан 3 та қисқа муддатли гуруҳ фаолиятини учта сменада ташкил этишга йўл қўйилади.


14. Қисқа муддатли гуруҳлар мактабгача таълим ташкилотларининг санитария-гигиена талабларига ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб берадиган хоналарида ташкил этилади.


15. Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.


16. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳларга 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.


17. Қисқа муддатли гуруҳлар ҳам бир хил ёшдаги, ҳам турли ёшдаги болалар билан тўлдирилиши мумкин.


18. Болаларни қисқа муддатли гуруҳлардан чиқариб юбориш мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва:

бола қонуний вакилининг аризаси бўйича;

тиббий кўрсатмалар бўйича;

бола мактабгача таълим ташкилотининг тўлиқ кунли гуруҳига жойлаштирилганда амалга оширилади. Бу ҳақда қисқа муддатли гуруҳга борадиган боланинг қонуний вакиллари мактабгача таълим ташкилотига йўлланма олган кундан бошлаб 14 кун ичида мактабгача таълим ташкилотининг раҳбарини хабардор қилиши шарт.


19. Қисқа муддатли гуруҳларнинг ишлаш тартиби мактабгача таълим ташкилотининг уставида ва боланинг қонуний вакили билан тузиладиган шартномада белгиланади.


20. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида қисқа муддатли гуруҳларнинг қуйидаги турлари фаолият кўрсатиши мумкин:

ривожлантириш гуруҳи;

инклюзив гуруҳ;

кечки, дам олиш ва байрам кунидаги гуруҳ.

Ривожлантириш гуруҳи 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар учун уларни ҳар томонлама камол топтириш, тенгдошлари ва катталар даврасига мослаштириш мақсадида ташкил этилади. Ривожлантириш гуруҳи камида 20 нафар ва кўпи билан 30 нафар бола билан тўлдирилади.

Инклюзив гуруҳ 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун ўзига хос эҳтиёжлари бор болани жамиятга мослаштиришни таъминлаш, боланинг қонуний вакилларига маслаҳат-методик кўмаклашиш, ўзига хос эҳтиёжи бор болаларнинг бундай заифликка эга бўлмаган болалар билан бирга ўқиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилади.

Кечки, дам олиш ва байрам кунидаги гуруҳ 3 ёшдан 7 ёшгача болалар учун болаларни тарбиялаш, таълим бериш, парваришлаш ва уларга қараб туриш масалаларида қонуний вакилларга ёрдам бериш мақсадда ташкил этилади. Кечки, дам олиш ва байрам кунидаги гуруҳ кўпи билан 15 нафар бола билан тўлдирилади.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қисқа муддатли гуруҳлар турига қараб 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилиниши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотларида қонун ҳужжатларига мувофиқ қисқа муддатли гуруҳларнинг бошқа турлари ташкил этилиши мумкин.

21. Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳлар учун қуйидаги штат бирликлари белгиланади:

битта гуруҳ учун - 0,5 бирлик тарбиячи ва 0,5 бирлик тарбиячи ёрдамчиси;

иккита гуруҳ учун - 0,25 бирлик тиббий ҳамшира ва 0,25 бирлик мусиқа раҳбари.


22. Қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти ташкил этилган мактабгача таълим ташкилоти қуйидагилар учун жавоб беради:

боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

болалар мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтида уларнинг ҳаёти ҳимоя қилинишини ва соғлиғи мустаҳкамланишини ташкил этиш;

таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган шакллар, усуллар ва воситаларнинг болаларнинг ёш, руҳий ва физиологик хусусиятлари, қизиқишлари, қобилиятлари, манфаатлари ва эҳтиёжларига мувофиқлиги;

болаларни умумтаълим муассасаларидаги бошланғич таълимга шахсга йўналтирилган ёндашувни қўллаган ҳолда тайёрлаш сифати;

болаларни умумтаълим муассасаларидаги бошланғич таълимга шахсга йўналтирилган ёндашувни қўллаган ҳолда тайёрлаш сифати;

умумтаълим дастурларини амалга оширишни тегишли сифатда ва белгиланган ҳажмда таъминламаслик.



4-БОБ. ҚИСҚА МУДДАТЛИ ГУРУҲЛАРДА

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


23. Қисқа муддатли гуруҳлардаги таълим-тарбия жараёнининг мазмуни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган Мактабгача таълимнинг давлат таълим дастурига ҳамда Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган мактабгача таълим ташкилоти дастурида белгилаб берилади.


24. Қисқа муддатли гуруҳлардаги таълим-тарбия жараёнининг мазмуни мослашувчан хусусиятга эга, шунингдек, боланинг ўзига хос, шахсга йўналтирилган камол топишини таъминлайдиган инновацион педагогик технологиялардан фойдаланишни ўз ичига олади.


25. Қисқа муддатли гуруҳлардаги таълим-тарбия жараёни якка тартибдаги ва биргаликдаги фаолиятнинг ҳар хил шаклларини - ҳам катта ёшдагиларнинг болалар билан, ҳам болаларнинг ўзлари иштирокидаги шаклларини ўз ичига олади.


26. Негизида қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотининг раҳбари болалар билан методик ишларни ташкил этади, қисқа муддатли гуруҳларда таълим-тарбия жараёни ташкил этилишини ва ҳужжатлар юритилишини назорат қилади.


27. Қисқа муддатли гуруҳларда болалар билан машғулотларни ташкил этишда таълим юкламаси бир ҳафталик таълим юкламасининг энг кўп рухсат этилган ҳажмидан ва машғулотларнинг энг кўп рухсат этилган сонидан ошмаслиги керак.


28. Узлуксиз таълим фаолияти муддати санитария талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилади.



5-БОБ. ҚИСҚА МУДДАТЛИ ГУРУҲЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


29. Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, мактабгача таълим ташкилотларида болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун олинадиган ота-оналар тўлови, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайр-эҳсонлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

30. Таълим фаолиятини олиб борувчи қисқа муддати гуруҳларнинг педагог ходимлари меҳнатига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 май