Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2019 й. 660-сон "Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
10.08.2019 й.
N 660
МАҲСУЛОТНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШДА
ТАШИШ ХАРАЖАТЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОН
РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒЛАРИ
ҲИСОБИГА КОМПЕНСАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 24 майдаги ПҚ-4337-сон қарори ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигининг буюртмаларига мувофиқ маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларининг 50 фоизгача қисмини компенсация қилиш учун субсидия маблағлари 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча маблағлари ва кейинги йилларда эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг экспорт юкларини ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича асосий темир йўл маршрутлари кесимида маҳсулотларни темир йўлда ташиш харажатларини ҳар йил якунига кўра ўрганиб чиқиб, зарур ҳолларда Низомда назарда тутилган бир вагоннинг бир километр темир йўл масофаси учун белгиланган компенсация миқдорига ўзгартириш киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб борсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 12 август