Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.03.2020 й. 132-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 9 мартдаги

132-сон қарорига

2-ИЛОВА



Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул

бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари (кейинги ўринларда - тайёрлов гуруҳлари) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олинмаган болаларга мактабгача таълим ва тарбия олишда ёрдам бериш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилади.


3. Тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади ва қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

болаларни умумий ўрта таълим муассасаларида ўқишга тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасидаги илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, болалар ҳар томонлама ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш;

болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш;

болаларни миллий маданият ва умуминсоний қадриятлар билан таништириш;

ўқув-тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш;

бола шахсининг асосларини шакллантириш, унда билимга қизиқишни ривожлантириш.



2-БОБ. ТАЙЁРЛОВ ГУРУҲЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УЛАРГА БОЛАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


4. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) томонидан ҳар йили май, июнь ойларида ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмаган болаларнинг мавжуд контингенти ўрганилади.

Бундай болалар контингенти аниқланган тақдирда, ҳудудий бошқармалар тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш тўғрисида асосланган таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига мурожаат қилади.

Мактабгача таълим вазирлиги таклифни ўрганиб чиқиб, бир ой муддатда тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга қўйилган талабларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудий бошқармаларга тегишли топшириқ беради.


5. Тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқ туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими томонидан Мактабгача таълим вазирлигининг тегишли топшириғи келиб тушган кундан бошлаб икки ҳафта муддатда қабул қилинади.


6. Тайёрлов гуруҳларига келгуси йилда етти ёшга тўладиган, мактабгача таълим ташкилотларига бормаётган болалар уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда - ота-оналар) аризаси ва бола соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулоса асосида қабул қилинади.

7. Тайёрлов гуруҳларига қабул қилинган болалар мактабгача таълим ташкилоти раҳбарларининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


8. Тайёрлов гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилади.

Мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ёки уларда тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш учун етарли шароит бўлмаган тақдирда тайёрлов гуруҳлари умумий ўрта таълим муассасалари, коллежлар, "Баркамол авлод" марказлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида, шунингдек, бошқа мос бино ҳамда иншоотларда ташкил этилади.


9. Мактабгача таълим ташкилотларида тайёрлов гуруҳлари учун алоҳида хоналар ажратилади ва улардан фақат мақсадли фойдаланилади, зарур бўлса, уларга алоҳида эшикдан кириш ташкил этилади.


10. Тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш учун ажратилган хоналар белгиланган санитария-гигиена талабларига мувофиқ бўлиши керак.



3-БОБ. ТАЙЁРЛОВ ГУРУҲЛАРИДА ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Таълим-тарбия жараёни болаларнинг овқатланишини ташкил этиш шартисиз бир ҳафтада камида 15 соат (бир кунда 3-4 соат) ўқитишни назарда тутувчи мактабгача таълимнинг давлат таълим дастурига ҳамда илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган мактабгача таълим ташкилоти дастури асосида ташкил этилади.


12. Тайёрлов гуруҳларида болаларнинг бўлиш вақти 3-4 соатни ташкил этади ва таълим-тарбия жараёни бир ёки икки сменада ташкил этилади.


13. Битта тайёрлов гуруҳидаги болалар сони 30 нафардан ошмаслиги керак.


14. Мактабгача таълим ташкилотига бормайдиган ва ўзига хос эҳтиёжларга эга болалар тиббий монеликлар мавжуд бўлмаганда, тайёрлов гуруҳларида ўқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тиббий монеликлар мавжуд бўлганда, ота-оналарнинг ҳозир бўлиши кўрсатилган ҳолда боланинг яшаш жойи бўйича даволаш-профилактика муассасаси томонидан тайёрлов гуруҳларига бориш учун рухсат бериш тўғрисида хулоса берилади.


15. Тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия жараёни болаларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади.


16. Мактабгача таълим ташкилотларидан ташқарида ташкил этилган тайёрлов гуруҳлари энг яқин жойдаги мактабгача таълим ташкилотларининг таркибий қисми ҳисобланади ҳамда барча ҳужжатларни расмийлаштириш мазкур мактабгача таълим ташкилоти раҳбари томонидан олиб борилади ва назорат қилинади.


17. Тайёрлов гуруҳларида педагог кадрлар меъёри ҳар бир гуруҳ учун тарбиячи - 0,5 штат бирлиги, тарбиячи ёрдамчиси - 0,5 штат бирлиги ҳамда мусиқа раҳбари - 0,25 штат бирлиги миқдорида белгиланади.



4-БОБ. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ

ИШТИРОКЧИЛАРИ


18. Тарбияланувчи, педагог ходим, ота-оналар тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия жараёни иштирокчилари ҳисобланади.


19. Тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат мактабгача таълим ташкилотларида бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан бепул ўтиш;

давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул тиббий ёрдам олиш;

соғлиқ учун хавфсиз бўлган шароитларда таълим олиш ва тарбияланиш;

соғлом турмуш тарзини олиб бориш, болаларни меҳнат қилишга мажбурлашнинг ҳар қандай шаклларидан, жисмоний ва руҳий зўравонликдан, ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилишидан ҳимояланиш;

ўз соғлиғига зарар етказадиган ахборотдан ҳимояланиш.

Тайёрлов гуруҳлари тарбияларувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Тарбияланувчиларнинг ота-оналари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз боласининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

ўз боласи учун мактабгача таълим шаклини ва таълим олиш тилини танлаш;

мактабгача таълим ташкилотлари маъмуриятидан мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур шарт-шароитлар таъминланишини талаб қилиш;

мактабгача бўлган ёшдаги болани ривожлантириш, унга мактабгача таълим ва тарбия бериш масалалари юзасидан давлат органларига мурожаат қилиш;

болага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

таълим-тарбия жараёни ташкил этилишида иштирок этиш;

тайёрлов гуруҳларидаги таълим-тарбия жараёни билан танишиш.

Тарбияланувчиларнинг ота-оналари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


21. Тарбияланувчиларнинг ота-оналари:

боланинг жисмоний соғлиғи, руҳий ҳолати ҳақида қайғуриши, унинг қобилиятлари, иштиёқлари ва истеъдодларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиши;

боланинг бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишини таъминлаши;

таълим-тарбия жараёни бошқа иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;

оилада боланинг ҳар томонлама ривожланиши, таълим ва тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт.

Тарбияланувчилар ота-оналари зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Болаларнинг умумий ўрта таълим муассасасига киргунига қадар бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёргарлик кўриши учун жавобгарлик уларнинг ота-оналари зиммасига юклатилади.


22. Тегишли касбий маълумотга, тайёргарликка, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган ҳамда тиббий кўрикдан ўтган шахслар тайёрлов гуруҳларида педагогик ва тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадир.



5-БОБ. ТАЙЁРЛОВ ГУРУҲЛАРИ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


23. Тайёрлов гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ харажатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.


24. Тайёрлов гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда ҳудудий бошқармалар томонидан белгиланган тартибда уларнинг банк ҳисобрақамларига ўтказиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жиҳозланади.


25. Тайёрлов гуруҳларининг мол-мулки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур гуруҳлар ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотининг балансига киритилади.


26. Тайёрлов гуруҳларининг педагог ходимлари меҳнатига давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган тартибда ҳақ тўланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 март