Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 19.07.1996 й. 16-сон "Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.07.1996 й.

N 16



ЖИНОЯТ УЧУН ЖАЗО ТАЙИНЛАШ

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Жиноят учун жазо чоралари қўллаш тўғрисидаги қонунларга оғишмай амал қилиш судларнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Фақат асосли ва одилона жазо тайинлаш орқалигина жамиятни жиноий хуружлардан самарали ҳимоя этиш, судланганларни тузатиш ва кайта тарбиялашга эришиш, судланганлар хамда бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишиниш олдини олишни таъминлаш мумкин.

Суд амалиёти тахлили жазо тайинлаш тўғрисидаги масала 1994 йил Олий суднинг Пленумида муҳокама қилиниши ва кўрилган бошқа чоралар натижасида Республикада жиноят учун жазо чоралари қўллашда, асосан тўғри ёндашув таъминланганлигини кўрсатади.

Бироқ, бу масалада республикадаги қонунийликнинг ахволига салбий таъсир кўрсатадиган жиддий камчилик ва хатоларга батамом барҳам берилмаган.

Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, уюшган гурухларнинг ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига, муқаддам судланганларга енгил жазо тайинлаш ҳоллари жиноят учун жазо қўллаш масаласида тўғри ва барқарор суд амалиётини яратишга тўсиқ бўлаяпти. Товламачиларга (рэкетчиларга), фукароларнинг хаёти ва соғлигига тажовуз қилган шахсларга, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар, қурол тарқатувчиларга ён босиш ҳоллари учраб турибди. Шу тарзда қонун бузилишлар республиканинг айрим минтақаларида мавжудлиги текшириш вақтида аниқланди.

Судлар жазо тайинлашда алоҳида ёндашув қоидасининг моҳияти ва мазмунини аниқ ҳис этмаяптилар. Чунончи, улар унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этган шахсларга, гарчи уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатишнинг иложи бўлса хам, жиноят қонуни санкциясида кўзда тутилган жазодан хам енгилроқ, ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўллаш масаласини долзарб бўлса ҳам, муҳокама қилмаяптилар ва бундай жазоларни асоссиз равишда қўлламаяптилар. Охирги пайтларда бундай фактлар вояга етмаганлар ва аёлларга нисбатан ҳам тез-тез учрамоқда.

Суд амалиётида судланувчига жазо тури ва миқдорини жиноятнинг қандай ҳолатларда содир этилганлигини инобатга олмасдан, фақат у ёки бу жиноятнинг табиатидан келиб чикиб, тайинлаш ҳоллари учраб турибди.

Судланганларга қонун санкциясида кўрсатилган жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш сабаблари кўпинча асослантирилмайди. Қатор ишлар бўйича жиноятлар маст ҳолда, уюшган гуруҳлар, муқаддам жиноят содир этган шахслар томонидан ва ҳоказо ҳолатларда содир этилсада, судлар асоссиз равишда буларни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топмайди. Айбдорга нисбатан ҳарбий ёки махсус унвондан, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш каби қўшимча жазолар қўллаш муҳимлигига етарлича ахамият берилмайди.

Ишларни кассация ва назорат тартибида кўришда доим ҳам жазо тайинлаш пайтида судлар йўл қўйган жиддий хатолар тузатилмайди, баъзан биринчи босқич судларини тўғри йўлдан чалғитувчи қарорлар қабул қилинади.

Жиноий жазо чоралари тайинлашдаги хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда бу ҳақдаги қонунларни тўғри қўллашни таъминлаш юзасидан судьяларнинг масъулиятини ошириш мақсадида, шунингдек янги Жиноят кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Респуликаси Олий суди Пленуми судларга қуйидаги кўрсатмаларни беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:



ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИНГ УМУМИЙ АСОСЛАРИНИ 

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА


1.1. Одил жазо тайинлаш республикада қонунийликни, фуқароларнинг хавфсизлигини ва Конституциявий ҳуқуқларини суд йўли билан ҳимоялашни таъминлашнинг жуда муҳим негизи бўлиб, у жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар мажмуи ҳамда айбдорнинг шахсиятини эътиборга олган ва фақат алоҳида ёндашув, инсонпарварлик ва адолат қоидаларига қатъи риоя қилинган ҳолда белгиланиши зарур. Бунда Жиноят кодекси 42-моддасининг 2-қисмига мувофиқ, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилишини инобатга олмоқ керак.


1.2. Судлар оғир жиноят содир этган шахсларга, уюшган гуруҳ ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига, муқаддам судланганларга нисбатан қаттиқ жазо чораларини қўллашлари лозим. Бунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига тажовуз қилиш, порахўрлик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ва қуроллар тарқатиш каби, шунингдек республика иқтисодиётига зарар етказувчи жиноятлар алоҳида хавф туғдиришини назарда тутиш керак. Бундай шахсларга нисбатан ён босишнинг ҳар қандай кўринишлари қонунийликни жиддий бузган деб баҳоланиши лозим. Шу билан бирга оғир жазо чоралари, Жиноят кодекси 7-моддасининг 3-қисмига асосан, бошқа чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган ҳолдагина тайинланиши мумкинлиги ҳам эътиборга олиниши керак.

Шунингдек, судлар унча оғир бўлмаган ва жиддий зарарли оқибатларни юзага келтирмаган жиноятларни содир этишда айбдор бўлган ҳамда жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин бўлган шахсларга, аёлларга, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни тайинлаш учун қонунда белгиланган барча имкониятлардан фойдаланмоқлари лозим.

Қолаверса, қонунда турли жазолар назарда тутилган бўлса, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаш масаласи муҳокама қилиш судлар учун мажбурий ҳисобланади.


1.3. Судлар жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 56-моддасида кўрсатилган ва доираси тугал бўлмиш жазони оғирлаштиручи ҳолатларни эътибордан четда қолдиришга ҳақли эмаслар. Суд бу ҳолатлардан бирортасини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаган тақдирда, бунга ҳукмда батафсил асослар келтириши лозим.

Жиноятни квалификация қилиш учун асос бўладиган белгилар жазони оғирлаштирадиган ҳолат деб топилиши мумкин эмас.


1.4. Жиноят кодексининг 36-моддасига мувофиқ гарчи расмий жиҳатдан Жиноят қонунида кўрсатилган бирор бир ҳаракатнинг аломатлари мавжуд бўлса ҳам, лекин ўзининг кам аҳамиятлилиги сабабли ижтимоий хавфли бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жиноят деб ҳисобланмайди. Шу сабабли судлар ҳар бир муайян ишни кўриш пайтида, хатти-ҳаракатнииг жамоат учун хавфлилик даражаси масаласини батафсил муҳокама қилиб, аниқланган ҳолатларга қараб асослантирилган қарор қабул қилишлари зарур.


1.5. Содир этилган жиноятнинг жамият учун хавфлилигини баҳолашда муайян жиноий хатти-ҳаракатни содир этишдаги барча ҳолатлар (айб шакли, жиноятни содир этиш усули, сабаби, вазияти ва босқичи, келиб чиққан оқибатнинг оғирлиги, жиноят иштирокчиларидан ҳар бирининг иштироки даражаси ва хусусияти ва ҳоказо) мажмуига асосланмоқ керак. Судланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар, улар жазонинг тури ва миқдорини белгилашда муҳим аҳамиятга эгалиги туфайли, ҳар томонлама ва тўла текширилмоғи лозим.


1.6. Такроран жиноят содир этиш ёки илгари ҳам қасддан жиноят содир этганлик учун судлангандан сўнг янгидан қасддан жиноят содир қилиш қуйидаги ҳолларда жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди:

агар биринчи марта содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса;

судланганлиги белгиланган тартибда олиб ташланган ёки ўчган бўлса;

ёинки илгари содир этган жиноий хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик қонун билан бекор қилинган бўлса;

Жиноят кодексининг 65, 66, 66-1, 68, 69, 70, 71, 76-моддаларига биноан шахс илгари содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилган бўлса.

1.7. Вояга етмаганларга жазо тайинлашда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ каби жазоларнинг самарадорлигига эътибор бериш лозим. Шу билан бирга оғир жиноят содир этишда айбланган, муқаддам судланган, ҳуқуқни бузганлиги учун ички ишлар органларида ҳисобда турган вояга етмаганларга жазо тайинлашда қатьиятсизликка йўл қўйиб бўлмайди.


1.8. Жиноят кодексининг 51-моддасига биноан ўлим жазоси фақат айбни оғирлаштирувчи алоҳида ҳолатлар ва шу билан бирга ўта оғир жиноят содир этган шахснинг мутлоқ хавфлилиги уни қўллаш заруриятини тақозо этган тақдирдагина қўлланилади. Бундай жазо қўллаш чоғида судланувчининг руҳий жихатдан текширилганлигига судлар алоҳида эътибор беришлари лозим.

Ўлим жазосиии қўллаш барча ҳолларда ҳам ҳукмда жиноятни содир этишнинг барча ҳолатларини, сабаби ва мотивини, шунингдек фақат судланувчини эмас, балки жабрланувчини ҳам тавсифловчи тўла маълумотларни эътиборга олган ҳолда асослантирилиши шарт.


1.9. Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судлари ҳукм чиқариш пайтида жазо тайинлашнинг умумий қоидаларига риоя қилинганлигини, тайинланган жазо жиноятнинг оғирлиги ва маҳкумнинг шахсиятига мутаносиблигини, танланган жазо чораси тўғрисидаги хулоса ва жазо тайинлашда инобатга олинган муайян иш ҳолатларини ҳукмда баён этиш тартибини белгиловчи Жиноят-процессуал қонуни меъёрларига амал қилинганлигини синчиклаб текширишлари зарур. Юқори судлар биринчи босқич судлари томонидан жазо тайинлаш масаласида йўл қўйилган хато ва қонун бузилишларни ўз вақтида аниқлаб бартараф этишлари, шунингдек уларнинг такрорланмаслигини таъминловчи чораларни кўришлари шарт.

Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди айблов ҳажми, жиноятни содир этишда маҳкумнинг айби ёки ижрочилик шакли, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжудлиги тўғрисидаги биринчи босқич судининг хулосаларини нотўғри деб топиб, шу муносабат билан ҳукмга ўзгартириш киритса (масалан, айблов эпизоди ёхуд бир ёки бир нечта жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар чиқарилса, шахс ижрочиликка шерик эмас, балки кўмакчи деб танилса, шахснинг ҳаракатида суиқасд эмас, балки жиноятга тайёргарлик бор деб топилса), маҳкумга нисбатан тайинланган жазони камайтириш масаласини муҳокама қилиши шарт ва фақат тегишли асослар келтирибгина уни ўзгаришсиз қолдиришга хақли.

1.10. Апелляция, кассация ва назорат босқичи судларининг эътиборлари шунга алоҳида қаратилсинки, ҳукмларни қайта кўриб чиқиш чоғида хавфли жиноятчилар, рецидивистлар ҳамда уюшган гуруҳларнинг ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига нисбатан жазони асоссиз равишда камайтириш ёки бошқа енгилроқ жазо билан алмаштириш ҳолларига чек қўйилиши лозим.


БИР НЕЧА ЖИНОЯТ ВА БИР НЕЧА ҲУКМ ЮЗАСИДАН

ЖАЗО ТАЙИНЛАШ БЎЙИЧА


2.1. Қонунда кўзда тутилган, жиноятлар жами бўйича жазо тайинлаш қоидалари қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

жиноий ҳаракат жиноят қонунининг турли моддалари билан квалификация қилинганда;

шахс бир хилдаги бир неча ҳаракатларни содир этган бўлиб, улардан бири тугалланган жиноят тариқасида, бошқалари эса жиноятга тайёргарлик, суиқасд ёки иштирокчилик тариқасида квалификация қилинганда;

иш бўйича ҳукм чиқарилгандан кейин маҳкумнинг биринчи иш бўйича чиқарилган ҳукмгача яна бошқа жиноятда айбдорлиги аниқланганда.

Қолаверса шахс томонидан айни бир модданинг турли қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар содир этилганлик учун жиноятлар мажмуини белгилашда жавобгарлик шу модданинг оғирроқ жазо назарда тутилган қисми бўйича юзага келади.

Суд ҳукмда даставвал ҳар бир жиноятга алоҳида жазо тайинлаб, сўнгра жиноятлар жами бўйича қатъи жазо белгилаши зарурлиги тўғрисида Жиноят кодексининг 59-моддаси, шунингдек Жиноят-процессуал кодексининг 468-моддасида белгиланган тартиб ҳам асосий жазо, ҳам қўшимча жазо чоралари тайинлашга тааллуқлидир.

Икки ёки ундан ортиқ жиноятлар жами бўйича жазо белгилашда суд майян жиноят учун тайинланган жазоларни тўла ёки қисман қўшишга мажбур (масалан, озодликдан маҳрум этиш туридаги жазоларни тўла ёки қисман қўшишга). Бироқ, Жиноят кодекси 50-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ жиноятлар жами бўйича тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш жазоси энг кўп муддатининг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлмаслиги керак.

2.2. Жиноятлар жами бўйича жазони тўла ёки қисман қўшиш қоидаси алоҳида жиноятлар учун бир турдаги ёки ҳар хил турдаги жазо тайинлашда ҳам қўлланилиши мумкин. Бунда судлар Жиноят кодексининг 61-моддасида назарда тутилган жазоларни ҳисоблаш қоидаларига амал қилишлари лозим. Қатъий жазо унинг энг оғир тури бўйича белгиланиши шарт.


2.3. Бир неча жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсларга шартли жазо белгилаш тўғрисидаги қарор фақат уларга нисбатан қатъи жазо белгилангандан сўнг жазонинг тури ва миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳукмда кўрсатилиши лозимлигини судлар инобатга олишлари керак.


2.4. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисмини қўллашда жиноятлар жами учун белгиланган қатъи жазо, биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазодан кам бўлиши мумкин эмас, чунки бундай ҳолда жазоларни қўшиш пайтида суд биринчи ҳукм бўйича тайинланган жазонинг ўталмаган қисмидан эмас, балки унинг тўлиқ миқдоридан келиб чиқиши зарур.


2.5. Ҳукмни чиқариш уни очиқ эълон қилиш билан якунланиши сабабли Жиноят кодексининг 60-моддасида кўзда тутилган ҳукмлар жами бўйича жазо тайинлаш қоидаси маҳкум томонидан биринчи ҳукм эълон қилингандан сўнг, лекин ҳукм бўйича тайинланган асосий ва қўшимча жазолар тўла ўталгунга қадар янги жиноят содир этилган ҳолларда кўлланилади.


2.6. Агар иш бўйича ҳукм чиқарилгандан кейин маҳкумнинг яна бошқа жиноятларда айбдорлиги аниқланиб, улардан айримлари биринчи ҳукм чиқарилгунга қадар, бошқалари эса ўша ҳукм чиқарилгандан сўнг содир этилган бўлса, иккинчи ҳукм бўйича жазо Жиноят кодексининг ҳам 59, ҳам 60-моддаларида белгиланган тартибга риоя этилган ҳолда тайинланади. Бунда аввало биринчи ҳукм чиқарилгунга қадар содир этилган жиноятлар жами бўйича, ундан кейин Жиноят кодексининг 59-моддасини 4-қисми қоидасига асосан, сўнгра биринчи ҳукм чиқарилгандан кейин содир этилган жиноятлар жами бўйича ва ниҳоят, ҳукмлар жами бўйича жазолар белгиланади.


2.7. Бир неча ҳукмлар юзасидан жазо чораси белгилашда судлар ҳукмнинг кириш қисмида илгариги ҳукм юзасидан белгиланган жазонинг тури ва ўталмаган қисмини аниқ кўрсатмоғи ва уни Жиноят кодексининг 60-моддасига кўра, янги ҳукм бўйича тайинланган жазога тўла ёки қисман қўшмоғи лозим.

Қуйидагилар олдинги ҳукм юзасидан белгиланган жазонинг ўталмаган қисми деб ҳисобланади:

Жиноят кодексининг 72-моддасида кўрсатилган тартибда шартли ҳукм қилинганда, шунингдек, ЖПКнинг 533-моддасида назарда тутилган тартибда ҳукмнинг ижроси кечиктирилганда жазонинг тўлиқ муддати (эҳтиёт чораси ёки ушлаб туриш тарзида қамоқда сақланган вақт бундан мустасно);

жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинганда - маҳкумни ўтамай қолган жазо қисми.

Афв тўғрисидаги ҳужжатга кўра ёки Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ўталмаган жазо қисми бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахсга янги жиноят содир этганлиги учун жазо тайинлаш пайтида, янги жиноят учун тайинланган жазога ўша енгил жазонинг ўталмаган қисми тўла ёки қисман қўшилади.


2.8. Судлар шуни ҳисобга олишлари зарурки, ҳукмлар жами бўйича белгиланган жазо янги жиноят учун белгиланган жазо муддатидан ҳам илгариги ҳукм бўйича белгиланган жазонинг ўталмаган қисмидан ҳам кўпроқ бўлиши керак.

Бунда озодликдан маҳрум этиш туридаги қатъи жазо йигирма беш йилдан, аёлларга, олтмиш ёшдан ошган эркакларга ҳамда ўн саккиз ёшга қадар, янги жиноят содир этган шахсга нисбатан эса - ўн беш йилдан ошмаслиги лозим.

2.9. Жиноят кодекси 60-моддаси маъносига кўра, илгариги ҳукм бўйича тайинланган ва ўталмаган қўшимча жазо, қатъи асосий жазога тўла ёки қисман қўшимча жазо сифатида бириктириб берилиши ёки янги ҳукм бўйича тайинланган турдаги қўшимча жазога, шу турдаги қўшимча жазо учун белгиланган муддат доирасида тўла ёки қисман қўшиб қўйилиши мумкин. Ҳар хил турдаги қўшимча жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилади.


2.10. Бир жинояти учун судланиб ҳукм чиққан, лекин ҳукм бўйича жазони ўтамаган шахс, биринчи ҳукм чиқгунга қадар бошланиб, ҳукм чиққандан сўнг ҳам давом этган сурункали ва давомли жиноят содир этишда айбдор деб топилса, иккинчи ҳукм бўйича унга жазо тайинлашда суд Жиноят кодексининг 60-моддаси қоидаларига риоя этиши лозим.


2.11. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми, 60-моддаси талабларига мувофиқ белгиланган қатъи жазони ўташ муддати охирги ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади ҳамда тайинланган жазодан сўнгги иш бўйича судгача эҳтиёт чораси ёки ушлаб туриш тартибида қамоқда ўтирган вақт инобатга олинган ҳолда чегириб ташланади. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми қоидаси тартибида тайинланган жазо муддатидан, бундан ташқари, биринчи ҳукм бўйича ўталган жазо ҳам чегирилиб ташланиши лозим.


2.12. Судларга тушунтирилсинки, Жиноят қонунини қуйидагича нотўғри қўллаш ҳоллари ҳукмнинг бекор бўлишига олиб келади:

ҳар бир жиноят учун алоҳида жазо тайинланмасдан, жиноятлар жами бўйича жазо белгилаш;

алоҳида жиноятлар учун жазо тайинлаб, жиноятлар жами бўйича қатъий жазо белгиламаслик.

2.13. Жиноий ҳаракат жиноят қонунининг бир моддасидан енгилроқ жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи бир нечта моддасига қайта квалификация қилинганда, башарти бу билан маҳкумнинг аҳволи оғирлашмаса ва унинг ҳимоя ҳуқуқи бузилмаса, апелляция, кассация инстанцияси суди жазо масаласини ҳал қилишда Жиноят кодексининг 59-моддасида назарда тутилган тартибни қўллайди. Бунда жиноятлар жами учун белгиланган қатъий жазо биринчи босқич суди тайинлаган жазодан оғир бўлмаслиги лозим.


ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШ ЖАЗОСИНИ

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА


3.1. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, айрим ҳолларда эса, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатиш мумкин бўлмаса, ўртача оғирликдаги жиноят содир этганларга нисбатан жиноят учун жазо тури сифатида қўлланилиши зарур. Ушбу жазо турини қўллаш сабаблари ҳукмда асослантирилиши лозим.


3.2. Қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллашда ишнинг барча ҳолатларидан, айбдорнинг шахсидан келиб чиқмоқ ва нима учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилмаётганлиги сабабларини ҳукмда асослантирмоқ лозим.


3.3. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайиланганида ҳар бир модда бўйича унинг муддати кўрсатилмоғи зарур. Озодлиқдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойининг тури фақат жиноятлар жами бўйича жазо тайинлашда кўрсатилади.



АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА


4.1. Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етган, 16 ёшга тўлмаган шахсларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан тайинланмайди. Судлар хизмат ёки касб вазифаси билан боғлиқ бўлган жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан ахлоқ тузатиш иши жазосини ўз иш жойида илгариги хизмат мансабида ёки касбида ўташни, одатда, қўлламасликлари лозим, чунки айбдорни ўз иш жойида қолдириш жазонинг тарбиявий аҳамияти ва таъсир этиш кучини сусайтириши мумкин (жумладан, харидорларни алдагани учун судланган сотувчиларга, ўзига ишониб топширилган моддий қимматликлар ёки пулларни ўзлаштирган шахсларга ва бошқаларга).

Айбдорларга ахлоқ тузатиш иши тайинлаш чоғида, судлар унинг муддати ва иш ҳақидан чегириш миқдори масаласини жазо тайинлашда алоҳида ёндашиш зарурлиги тўғрисидаги қонун талабига риоя этган ҳолда белгилашлари керак. Жумладан, судланувчиларнинг, айниқса корхоналар, муассасалар, давлат ва жамоа хўжаликларида ишловчи вояга етмаган шахсларнинг моддий шароитларини чуқур текширишлари лозим.

Ахлоқ тузатиш иши жазосини тайинлашда унинг муддати, ушлаб қолинадиган миқдор фоизи олдин ҳар бир модда бўйича алоҳида- алоҳида, сўнгра уларнинг мажмуи бўйича кўрсатилади.


4.2. Ахлоқ тузатиш ишига судланган шахсга ушбу жазони ўташ даврида берилган маъмурий жазо ҳукмда белгиланган ахлоқ тузатиш ишини ўташ муддатига кирмайди. Бинобарин, маъмурий тартибдаги қамоқни ўтаётган шахсга жинояти учун ахлоқ тузатиш иши тайинлашда, бу ҳукм алоҳида, маъмурий жазо ўтаб бўлингандан сўнг ижро этилишини ҳам судлар назарда тутишлари лозим.


4.3. Жиноят кодекси 46-моддаси 4-қисмининг мазмунига кўра, ахлоқ тузатиш ишига маҳкум этилган шахс жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, суд ахлоқ тузатиш ишининг ўталмаган муддатини шу муддатга озодликдан маҳрум этиш билан алмаштириши мумкин. Бунда Жиноят кодексининг айбдор судланган моддаси санкцияси алмаштирилиши лозим бўлган ахлоқ тузатиш иши муддатидан кам озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутишининг ёки умуман озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутмаслигининг аҳамияти йўқ.

Вояга етмаган шахс тайинланган ахлоқ тузатиш ишларининг ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд бу жазонинг ўталмаган қисмини ахлоқ тузатиш ишларининг ҳар уч кунини қамоқнинг бир кунига тенглаштирилган ҳолда ҳисоблаб қамоқ жазоси билан алмаштиради, аммо бу муддат уч ойдан ошмаслиги керак.


4.4. Маҳкумнинг қуйидаги ҳаракатлари иш жойида ўталадиган ахлоқ тузатиш иши жазосини ўташдан бўйин товлаш деб ҳисобланиб, суд томонидан уни ахлоқ тузатиш иши қўлланилишини таъминловчи органлар белгилайдиган бошқа жойларга жазони ўташ учун юборишга асос бўлади:

рўйхатга олинган ёки аввалги иш жойини қолдирган кундан бошлаб 15 кун ичида узрсиз сабабларга кўра ишга кирмаслик;

янги яшаш жойига кўчиб келгандан сўнг 15 кун ичида узрсиз сабабларга кўра ахлоқ тузатиш иши қўлланилишини таъминловчи органларга учрамаслик;

тайинланган жазо муддати давомида муттасил тарзда узрсиз сабаб билан ишга чиқмаслик (прогул) ёки иш жойида маст ҳолда бўлиш.


4.5. Маҳкумни жазонинг қолган қисмини қамоқ жойларида ўташ учун юбориш масаласини ҳал қилишда суд, ахлоқ тузатиш иши ижросини амалга оширувчи орган, ушбу жазонинг ижросини таъминлаш чораларини кўрганлиги, маҳкумни қонун талабига кўра жазони ўташдан бош тортганлиги учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирганлиги ҳақидаги маълумотларга ҳам эга бўлиши лозим.

Агар зарур бўлган маълумотларни суд мажлисида тўплашнинг имконияти бўлмаса, судья ишни кўришга тайёрлашда, ўзининг асослантирилган қарори билан уни жазони ижро этаётган органга тўлдириш учун юборади. Бундай камчиликлар суд мажлисида аниқланса, суд қайтариш сабабларини кўрсатиб ажрим чиқаради.


4.6. Жиноят-процессуал кодексининг 541, 542-моддасига биноан ахлоқ тузатиш ишининг ўталмаган қисмини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш ҳақидаги ишлар суд мажлисида, одатда, маҳкумнинг иштирокида кўрилади, унинг яшириниб юрганлиги ёки судга келишдан бўйин товлаётганлиги тўғрисида ишда етарли асослар мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.



ШАРТЛИ ҲУКМ ҚИЛИШ БЎЙИЧА


5.1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, шартли ҳукм қилиш чоғида суд, Жиноят кодекси 72-моддаси талабига мувофиқ бир йилдан уч йилгача синов муддати белгилаши шарт.

Суднинг шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарори асослантирилган бўлиши ҳамда бу хулоса Жиноят-процессуал кодексининг 457-моддаси талабига кўра ҳукмнинг баёнот - асослантириш қисмида ёритиб берилиши лозим. Ҳукмнинг қарор қисмида эса битта жиноят, жиноятлар жами ёки ҳукмлар жами учун қатъи жазо белгилангандан сўнг, ушбу жазо Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли деб ҳисобланиши ва синов муддати белгиланиши керак.

Амалдаги қонунлар мазмунига кўра, тайинланган жазонинг фақат тўла муддатига нисбатангина шартли ҳукм қўлланилиши мумкин. Шунинг учун ҳам жазонинг ўталмаган қисмини шартлига алмаштириш ҳақидаги суд қарорлари қонунга хилоф ҳисобланади.

Суд ҳукми бўйича тайинланган жазо апелляция, кассация ёки назорат босқичи суди томонидан шартлига алмаштирилиб, синов муддати белгиланса, бу ҳолда қонунга мувофиқ бу муддатнинг ўтиши ажрим (қарор) чиққан кундан эмас, балки ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб ҳисобланади.

5.2. Шартли ҳукм қилишда раислик этувчи - судья ҳукмни эълон қилгандан, сўнг маҳкумга синов муддатининг аҳамиятини тушунтириши ва бу муддат тугагунга қадар янги жиноят содир этганида, жамоат тартибини ёки меҳнат интизомини бузганида келиб чиқадиган оқибатлар тўғрисида уни огоҳлантириши керак.

Шартли ҳукм қилишда ҳукм бўйича белгиланган синов муддатини қисқартириш масаласи Жиноят-процессуал кодексининг 541-моддасига мувофиқ ҳал этилиши керак.



ЖАРИМАНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА


6.1. Судларга ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жарима жазосини кўпроқ татбиқ этиш тавсия қилинсин.

Жарима жазосини татбиқ этишда унинг миқдори шахс томонидан жиноят содир этилган пайтдаги энг кам иш ҳаки миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши лозим.

Шахснинг жаримани тўлашдан бўйин товлаши Жиноят кодекси 44-моддасида кайд этилган ҳуқуқий оқибатларни юзага келтиради.



ҚАМОҚНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА


7.1. Қамоқ жазосини тайинлашда судлар ушбу жазони белгилашни судланганнинг дастлабки тергов босқичида қамоқда сақланганлиги билан асосламасликлари ёки боғламасликлари лозим. Ушбу жазо тури озодликдан маҳрум қилиш жазоси каби судланганни қайта тарбиялашга, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда эришиш мумкин бўлмаган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.



ҚОНУНДА КЎРСАТИЛГАНИДАН ХАМ ЕНГИЛРОҚ

ЖАЗО ҚЎЛЛАШ БЎЙЙЧА


8.1. Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ қонунда назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан хам камроқ жазо тайинлаш ёки бошқа енгилроқ жазо турига ўтиш фақат содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар мавжуд бўлгандагина мумкин бўлади, масалан: маънавий зиённи йўқлиги ёки етказилган мулкий зарарни тўлиқ копланганлиги, судланувчини ёхуд унинг ота-онасини жиддий касаллиги, уларнинг мехнатга яроқсизлиги, айбдорни оилада ягона боқувчи эканлиги, судланувчининг кексалиги, жабрланувчининг жиноятни содир этилишига сабабчи бўлган ғайриқонуний харакатлари ва ш.ў.

Бундай жазо белгилаш масаласи ҳар сафар муайян иш мазмунидан, айбдорнинг содир этилган ҳаракатидан кейинги ўзини тутишидан, унинг содир қилинган жиноятга муносабатидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилиши лозим ва бу ҳақдаги суд хулосаси ҳукмда асослантирилиши шарт.

Судларга тушунтирилсинки:

қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш пайтида ҳукмнинг қарор қисмида тегишли модда (қисм, банд) бўйича Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, тайинланган қатъи жазо чорасини кўрсатиш кифоя бўлиб, уни қўллаш сабаблари ҳукмнинг баёнот - асослантириш қисмда кўрсатилиши керак;

айбдор жиноят қонунининг турли моддаларида кўзда тутилган бир неча жиноят учун судланаётган бўлса, Жиноят кодексининг 57-моддаси жиноятлар жами бўйича тайинланадиган жазодан кейин эмас, балки алоҳида жиноятлар учун жазо тайинлаш пайтида кўлланилади;

айбдорнинг жиноий ҳаракати квалификация қилинаётган модда бўйича қўшимча жазо қўллаш шарт бўлса, суд бундай жазони фақат Жиноят кодексининг 57-моддасида белгиланган ҳолатлар мавжуд бўлгандагина ва ҳукмда тегишли асослар келтириб, қўлламаслиги мумкин;

суд Жиноят кодексининг 57-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига бошқа, енгилроқ жазо тайинласа, бу ҳолат айбдорнинг ҳаракати квалификация қилинаётган модда кўзда тутган кўшимча жазоларни қуллаш имкониятини чекламайди.



ҚЎШИМЧА ЖАЗОЛАРНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА


9.1. Судлар қўшимча жазо тайинлаш масаласига алоҳида эътибор беришлари зарур, бинобарин, асосий ва қўшимча жазоларни тўғри уйғунлаштириш орқалигина жазо тайинлашда одиллик қоидасига изчил амал қилиш мумкин.

Жиноят қонуни қуйидаги ҳолларда нотўғри қўлланилган ҳисобланиб, Жиноят-процессуал кодексининг 484-моддасининг 4-банди ва 488-моддасига кўра ҳукмнинг бекор бўлишига сабаб бўлади:

Жиноят кодексининг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўлмаган тақдирда, тайинланиши қонун бўйича мажбурий бўлган қўшимча жазони қўлламаслик;

ҳукмда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш туридаги қўшимча жазо муддатини кўрсатмаслик;

қўшимча жазони фақат жиноятлар жами бўйича тайинлаш.

9.3. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, муайян жиноят учун қонунда кўрсатилганидан ҳам камроқ асосий жазо белгилаш ёки бошқа енгилроқ асосий жазо турига ўтиш айбдорга нисбатан қўшимча жазо тайинлаш имкониятини истисно этмайди.


9.4. Қўшимча жазолар судланувчи айбдор деб топилган жиноят қонуни моддасида белгиланган доирада тайинланади. Агар қонун моддасида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилмаган бўлса, бу жазо Жиноят кодекси умумий қисми қоидаларига асосан қўлланилади ва у Жиноят кодекси 45-моддасида белгиланган доирада тайинланади.


9.5. Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ, содир этилган жиноят шахснинг ўз мансаби бўйича хизмат бурчини бажариш ёки иш фаолияти билан боғлик бўлса, суд жиноятнинг хусусиятини ҳисобга олиб, судланувчини у ёки бу мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ҳар сафар муҳокама қилиши шарт. Бундай жазони тайинлаш пайтида ҳукмнинг қарор қисмида мансабнинг номи ёки фаолият тури аниқ кўрсатилиши керак.

Ҳукм чиқарилаётган пайтда келиб судланувчининг жиноят содир этиш билан боғлиқ бўлган мансабни эгалламаётганлиги ёки фаолият билан шуғулланмаётганлиги ушбу қўшимча жазони тайинлаш учун тўсиқ бўлмайди.


9.6. Жиноят кодекси махсус қисмининг турли моддаларида кўзда тутилган бир нечта жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахсга қўшимча жазо асосийси сингари, даставвал ҳар бир ҳаракат учун алоҳида-алоҳида, сўнгра жиноятлар жами учун тайинланиши керак.

Агар жиноятлар жамига кирувчи икки ва ундан кўп жиноятлар учун айнан бир турдаги қўшимча жазо тайинланган бўлса, унинг қатъий миқдори кўпроқ қўшимча жазо муддатини кўзда тутувчи модда санкцияси доирасида уларни тўла ёки қисман қўшиш орқали, жиноят қонуни моддасида муддат белгиланмаган ёки қўшимча жазо Жиноят кодекси умумий қисмининг қоидалари асосида қўлланилган ҳолларда эса ушбу жазо тури учун белгиланган энг кўп муддат доирасида белгиланади.

9.7. Агар суд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш туридаги қўшимча жазо тайинлаш чоғида мансаб номи ёки фаолият турини ҳукмда аниқ кўрсатмаган бўлса, апелляция, кассация (назорат) босқичи суди, унга маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда аниқликлар киритишга ҳақли. Бундай аниқликлар ҳукм чиқарган суд томонидан ҳам Жиноят-процессуал кодексининг 541 - моддасида кўзда тутилган тартибда киритилиши мумкин.

Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ қўшимча жазолар суд томонидан тўлиқ ёки қисман қўшилган тақдирда, уларнинг умумий муддати уч йилдан ошмаслиги шарт.

9.11. Мулк дастлабки тергов даврида Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатланади.

9.12. Судлар хатланган мулк хақиқатдан ҳам судланувчига тегишли эканлигини текширишлари, агар унга тегишли бўлмаган мулкнинг хатланганлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлиб, мулкка эгалик тўғрисида низо бўлмаса, уни рўйхатдан чиқариши, хатланганликни бекор қилиш ва қонуний эгасига қайтариш тўғрисида ажрим чиқаришлари шарт.


9.13. Автомобиллар, мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари, агар улар маҳкумга тегишли бўлиб, ашёвий далил деб топилса ва улардан қасддан содир этилган жиноятда маҳкум ёки унинг шериклари қурол сифатида фойдаланган бўлса, Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ албатта мусодара этилиши лозим.

10. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жинрят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди жазо тайинлаш амалиётини муттасил равишда ўрганишлари ва умумлаштиришлари, бу борадаги қонунларни қўллашда йўл қўйилаёгган хатолар ва суд фаолиятининг ижобий томонларини доимо таҳлил қилиб боришлари, бу ҳақда судьяларни хабардор қилишлари ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

11. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1994 йил 7 январдаги 3-сонли “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.