Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.06.2020 й. 3256-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг 01.06.2020 й. 2020-22-сон қарори билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2020 йил 30 июнда 3256-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитасининг
2020 йил 1 июндаги
ИЛОВА
Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ
қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади), Фуқаролик кодекси ва "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низом талаблари бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Солиқ қарзи солиқ органи томонидан қабул қилинган қарорга асосан ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади ва ҳисобдан чиқарилади.
Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзининг ҳисоби уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган солиқ органи томонидан юритилади.
3. Субсидиар тартибда кўрилган чоралар натижасида солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилгандан кейин ундирилган солиқ қарзи айнан ҳисобдан чиқарилган солиқ қарзи учун ҳисобга олинади.
ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИГАН СОЛИҚ ҚАРЗИ
4. Солиқ қарзи қуйидаги ҳолларда ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади:
юридик шахс тугатилганда - юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги ва (ёки) шу юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда унинг солиқ қарзини узиш имкони бўлмаганлиги сабабли унинг Солиқ кодексининг 91-моддасида назарда тутилган тартибда узилмай қолганда;
якка тартибдаги тадбиркор ёки жисмоний шахс банкрот деб эътироф этилганда - қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи (унинг қисми) узилмай қолганда;
жисмоний шахс вафот этганда ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганда - унинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли, шу жумладан мерос давлат мулкига ўтган тақдирда, унинг солиқ қарзи Солиқ кодексининг 94-моддасида назарда тутилган тартибда узилмай қолганда;
вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда;
солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганлиги тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинганда, шу жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;
чет эл юридик шахс солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда, доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли солиқ қарзи тўланмаганда.
Мазкур банднинг еттинчи хатбошисига асосан солиқ қарзи ундирилиши умидсиз деб эътироф этилганидан сўнг чет эллик юридик шахслар солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда ёки фаолияти тикланганда солиқ қарзи ҳам қайта тикланади.
5. Қуйидагилар солиқ қарзини ундирилиши умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга:
мазкур Низомнинг 4-банди иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларда, юридик шахс жойлашган ҳудуддаги ёки жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича солиқ органи;
мазкур Низомнинг 4-банди олтинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларда солиқ тўловчи ёки солиқ агенти ҳисобда турган жойдаги солиқ органи.
6. Солиқ тўловчи жойлашган жойдаги солиқ органининг солиқ қарзини ундирилиши умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарори солиқ тўловчининг бошқа ҳудудларда солиқ мажбурияти юзага келган солиқ органлари ёки йирик солиқ тўловчилари бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси (агар қарздор йирик солиқ тўловчи бўлса) томонидан ижро этилиши шарт.
7. Солиқ қарзини ундирилиши умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор юқори турувчи солиқ органи томонидан нотўғри ҳисобланган солиқ қарзи аниқланган тақдирда бекор қилиниши мумкин.
3-БОБ. СОЛИҚ ҚАРЗИНИ УНДИРИЛИШИ УМИДСИЗ ДЕБ
ЭЪТИРОФ ЭТИШ ВА УНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ
ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРОРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ
8. Солиқ қарзини ундирилиши умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор ушбу Низомнинг 9-бандида келтирилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда солиқ органи раҳбари (ўринбосари) томонидан қабул қилинади.
9. Қуйидаги ҳужжатлар солиқ қарзини ундирилиши умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш учун асос бўлади:
қарздор юридик шахс, чет эл юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлик таомилларига кўра тугатишга доир иш юритуви тамомланганлиги тўғрисидаги суд ажрими асосида солиқ тўловчини ягона давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисида Давлат хизматлари марказининг маълумотномаси;
чет эл юридик шахсни солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганлигини тасдиқловчи маълумотнома ва тўланмаган солиқ қарзи бўйича мол-мулк етарли эмаслиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунига асосан давлат ижросининг кўрилган чоралар натижасиз бўлганлиги ва солиқ қарзини ундириш имконсизлиги ҳақидаги қарори;
қарздор жисмоний шахснинг вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги суд ажрими, меросхўрларнинг меросдан воз кечганлиги ёки меросхўрларнинг йўқлиги сабабли, меросни эгасиз деб топиш тўғрисида суд қарори;
солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганлиги ёки солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этганлиги тўғрисида суд қарори;
жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини тамомлаш тўғрисидаги суд ажрими, бундан суд ажримида мажбуриятлардан озод этиш қоидаси қўлланилмаслиги кўрсатилган ҳолатлар ҳамда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш тамомланганидан кейин суд томонидан қарздор жисмоний шахсни мажбуриятлардан озод этиш ҳақидаги қоида қўлланилмаслиги тўғрисида ажрим чиқарилган ҳолатлар мустасно.
10. Жисмоний шахснинг вафот этганлиги ҳақида маълумотлар солиқ органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирилиги билан келишилган ҳолда махсус электрон ҳужжат алмашиш тизими орқали ёки солиқ органининг сўрови асосида Давлат хизматлари марказидан олинади.
Вафот этган жисмоний шахс яшаш жойидаги солиқ органи ушбу шахснинг меросхўри (меросхўрлари) тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан бир ой ичида уни (уларни) солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисида хабардор қилади.
4-БОБ. УНДИРИЛИШИ УМИДСИЗ ДЕБ ЭЪТИРОФ
ЭТИЛГАН СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ
ВА ҲИСОБДАН ЧИҚАРИЛГАН СОЛИҚ ҚАРЗЛАРИНИНГ
ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ
11. Солиқ қарзини ундирилиши умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан кейинги иш кунидан кечиктирмай солиқ органи солиқ тўловчининг шахсий карточкасига тегишли ёзув киритади.
Бунда, ушбу ёзувни шахсий карточкага киритиш алоҳида модул орқали амалга оширилади ҳамда солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида солиқ органи қарорисиз солиқ тўловчининг шахсий карточкасига ёзув киритилиши тақиқланади.
12. Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқаришда ортиқча тўлов юзага келишига йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахснинг умидсиз деб топилган ёки ундируви меросхўр(лар)га қаратилган солиқ қарзига ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади ва ҳисобдан чиқарилади.
13. Ҳисобдан чиқарилган ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзи ҳисоби солиқ органи томонидан махсус электрон дастури орқали олиб борилади ва асос бўлган ҳужжатлар ушбу дастурга электрон кўринишида сақлаб (бириктириб) қўйилади.
14. Ҳисобдан чиқарилган ундирилиши умидсиз солиқ қарзи бўйича ҳужжатлар солиқ органининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб беш йил давомида солиқ қарзини ҳисобдан чиқарган солиқ органида алоҳида иш жилдида сақланади.
15. Солиқ органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳамда Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобдан чиқарилган ундирилиши умидсиз солиқ қарзлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 5 санасига қадар киритиб борилади.
16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
ИЛОВА
Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган
солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида
ҚАРОР
20__ йил "____" _________ |
________-сон |
_________ шаҳар (туман) |
20__ йил ________ ойининг ______ куни __________ шаҳар (туман) солиқ инспекцияси бошлиғи (ўринбосари) ______________________________ солиқ тўловчи ________________________________ (СТИР __________)нинг ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида ҳужжатларни кўриб чиқиб қуйидагиларни
АНИҚЛАДИ:
_______________________ (ҳужжат тақдим этган ваколатли орган номи) томонидан тақдим этилган ______________ (20___ йил "___" _______даги ХХ-сон ________________ ҳужжат номи) ҳужжатлар ўрганиб чиқилганда, солиқ тўловчи ______________________________ (СТИР __________)нинг ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган ___ сўм _____ тийин солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш учун асослар мавжудлиги ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ жавоб бериши маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 96-моддасига асосан
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. ______________________________ (юридик шахснинг номи, СТИР, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР)нинг (СТИР ___________) ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган ______ сўм ____ тийин солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилсин.
2. _________________ бўлими (Ф.И.О.) 3 иш куни ичида ҳисобдан чиқарилган ундирилиши умидсиз солиқ қарзи солиқ тўловчининг шахсий карточкасида белгиланган тартибда акс эттирилсин.
3. Солиқ қарзини ҳисобдан чиқаришда ортиқча тўлов юзага келишига йўл қўйилмасин.
4. Мазкур қарор ва унга илова қилинган ҳужжатлар алоҳида очилган иш жилдида беш йил давомида сақланиши таъминлансин.
__________ солиқ инспекцияси бошлиғи (ўринбосари) |
|
(Ф.И.О.) |
М.Ў.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 30 июнь
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2020 йил 13 июль, 27-сон, 315-модда