Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.09.2004 й. ПФ-3491-сон "Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
27.09.2004 й.
N ПФ-3491
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ
ВАЗИРЛИГИНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Маданият ва спортни ривожлантириш муаммоларини комплекс тарзда ҳал этиш, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан бой ва баркамол шахсларни тарбиялаш учун шарт-шароитлар яратиш, соғлом турмуш тарзи ва спортга муҳаббат туйғусини сингдириш, аҳолининг маданий ва эстетик талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш, шунингдек маданият ва спорт соҳасини бошқаришни такомиллаштириш, бу соҳада давлат сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш даражасини кўтариш мақсадида:
1. Ўзбекистон Респбликаси Маданият ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси тугатилиб, уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташкил қилинсин.
2. Қуйидагилар, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги фаолиятининг асосий вазифалари ҳамда йўналишлари этиб белгилансин:
маданият ва оммавий спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, халқнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, асрлар мобайнида шаклланган юксак маънавиятни, халқ анъаналари ва урф-одатларини ҳар томонлама ривожлантириш, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан бой ва уйғун камол топган шахсларни вояга етказиш борасидаги коплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
миллий истиқлол ғоясидан, Ўзбекистон халқининг маданий ва маънавий-ахлоқий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда аҳоли ўртасида маданий-маърифий, физкультура-соғломлаштириш ва оммавий спорт ишларини амалга ошириш, одамларнинг маданий ва эстетик эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш;
театр, мусиқа, хореография, тасвирий санъат, цирк, халқ амалий ва эстрада санъатини янада ривожлантириш, уларнинг ғоявий-бадиий ва маънавий савиясини ошириш, халқ тарихининг энг ёрқин саҳифаларини ва унинг ҳозирги ҳаётини, мамлакатнинг эркин демократик тараққиётини ёритиб берадиган асарлар яратишда ижодий жамоаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;
маданий-оммавий ва байрам тадбирларининг чуқур ғоявий мазмун билан бойитилишини таъминлаш, республиканинг ижодий уюшмалари ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, ижодкор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз талант ва истеъдодларини тўла намоён этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда ёшлар ва болаларни спорт билан шуғулланиш зарурлигини англаш руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзи ва спортга муҳаббат иштиёқини сингдириш, ёшларни меҳнатга ва республика қуролли кучларида хизмат қилишга тайёрлаш;
Олимпия ўйинларида, жаҳон ва осиё чемпионатларида, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган ва юқори спорт натижаларига эриша оладиган юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлаш мақсадида олимпия захираси муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитларни яратиш, жумладан, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
халқ ўйинлари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилиш ва ўтказиш;
турар-жойлар ва маҳаллаларда маданий-маърифий фаолиятни, аҳолини маданий ва жисмоний жиҳатдан тарбиялашни ташкил қилишда, физкультура соғломлаштириш ва оммавий спорт ишларини ўтказишда давлат ва жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари, маҳаллий ҳокимият органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш;
давлатлараро ва халқаро маданий ҳамда спорт алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, конференция, кўргазма ва спорт мусобақалари ўтказиш, маданият, санъат ва спорт соҳасига хорижий инвестиция ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш;
маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, объект ва иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, улардан имконият даражасида тўла ва самарали фойдаланишни таъминлаш;
маданият ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш, республика маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, ўқув юртларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;
профессионал, халқ ва хаваскорлик ижодиётини, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни, оммабоп маданий-маърифий ва спорт дастурларини кенг кўламда тарғиб қилиш, шунингдек маданият ва спорт соҳасида оммабоп адабиётларни чоп этиш ҳамда видео ва кино материаллар чиқариш.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
4. "Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш ва унинг фаолиятини яхшилаш тадбирлари тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 9 мартдаги ПФ-360-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 38-сон, 422-модда.