Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 28.07.2021 й. ЎРҚ-703-сон "Судлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.06.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 26.06.2021 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.07.2021 й.

N ЎРҚ-703



СУДЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Суд ҳокимияти


Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.



2-модда. Суд тизими


Ўзбекистон Республикасида суд тизими:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

ҳарбий судлар;

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;

фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари;

жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари;

туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари;

туманлараро маъмурий судлардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига кўра судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.



3-модда. Судлар тўғрисидаги қонунчилик


Судлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.



4-модда. Суднинг асосий вазифалари


Суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.



5-модда. Судьялар корпусини шакллантириш


Судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашиниташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг қонунчилик ташаббуси


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.



7-модда. Судларда давлат рамзлари


Суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади, суд биносининг олд томонида ва суд мажлислари залида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири жойлаштирилади.



8-модда. Қонунийлик


Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилади.



9-модда. Судьяларнинг мустақиллиги


Судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.



10-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги


Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



11-модда. Қонун ва суд олдидаги тенглик

Барча фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.



12-модда. Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги


Барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.



13-модда. Суд ишлари юритиладиган тил


Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ишда иштирок этувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳуқуқи ва судда она тилида ёки улар биладиган бошқа тилда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.



14-модда. Суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.



15-модда. Одил судловни амалга оширишда

малакали юридик ёрдам


Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланади.

Қонунда белгиланган ҳолларда давлат бепул малакали юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.



16-модда. Айбсизлик презумпцияси


Айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади.

Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.



17-модда. Суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи


Тарафлар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бошқа шахслар ҳам суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ


18-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумида суд амалиётининг долзарб масалаларини кўриб чиқади ва қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар беради;

ҳарбий судларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг ташкилий фаолиятини ўрганади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;

судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



19-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари - маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси, ўринбосарлари - фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйидаги таркибда иш юритади:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати;

Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати;

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;

Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати.

Судлов ҳайъатларида ихтисослаштирилган судлов таркиблари тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг сон жиҳатдан таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.



20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раисларидан иборат таркибда иш юритади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси, Бош прокурори, адлия вазири, Адвокатлар палатаси раиси, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.


21-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий

суди Пленумини чақириш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми заруриятга қараб, лекин тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Қонунчиликни қўллаш масалаларига доир қарорлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.



22-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий

суди Пленумининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми:

суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;

қонунчилик ташаббуси тартибида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ бериш масалалари юзасидан мурожаат киритиш, шунингдек муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги судлар ташаббуси билан киритилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат киритиш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркибини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатлари фаолияти ҳақидаги маърузаларни эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раисларининг қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлари бажарилиши ҳақидаги маърузаларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбарини тасдиқлайди ва унинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий

суди Пленумининг қарори


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий нашрларида эълон қилинади.



24-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Пленуми мажлисининг баённомаси


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида баённома юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми

томонидан ўз ваколатларига киритилган

масалаларни кўриб чиқиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми кўриб чиқиши учун масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Бош прокурори қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан тушунтиришлар берилиши ҳақида таклифлар киритишга ҳақли.

Масалани кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ёки бунинг учун ваколат берилган бошқа шахснинг маърузасини эшитишдан бошланади. Масаланинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.

Қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтириш берилган қонунчиликни қўллаётган давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.



26-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий суди Пленумининг котиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси вазифаларини бажариш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисини тайёрлашга, мажлис баённомасини юритишга доир ишларни ташкилий жиҳатдан таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори ижросини ташкил этиш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади.



27-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий суди Раёсатининг таркиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан белгиланадиган миқдорда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати таркибига лавозими бўйича киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати мажлислари заруриятга қараб, лекин ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.



28-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий суди Раёсатининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати:

суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раисларининг суд фаолияти тўғрисидаги ва қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақидаги маърузаларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари ва аппарати ишини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқади;

ишларни тафтиш тартибида кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



29-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судлов ҳайъатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари:

ишларни биринчи инстанцияда, апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўради;

суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;

суд амалиёти обзорларини тайёрлайди;

қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

суд статистикасини таҳлил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;

ишни тафтиш тартибида кўриш зарурлиги ҳақидаги масалани ҳал этиш учун қонунда назарда тутилган тартибда суд ишларини талаб қилиб олади;

ишни тафтиш тартибида кўриш тўғрисида қонунда назарда тутилган тартибда протест киритади;

судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатини чақиради ҳамда уларнинг мажлисларида раислик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати қарорларининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга доир ишларни ташкил этади;

ишни бир суддан бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати кўриб чиқиши учун уларнинг ваколатларига тааллуқли бўлган масалаларни киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тушунтиришлари қонунчиликка мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ бериш тўғрисида, шунингдек судлар ташаббуси билан киритилган муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат киритиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимнома киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркиби тўғрисида, судлов ҳайъатлари таркиблари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси судлари судьялари олий малака ҳайъатининг (бундан буён матнда Судьялар олий малака ҳайъати деб юритилади) қарорлари, хулосалари устидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига тақдимномалар киритади;

раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади, ўзгартиради ва бекор қилади;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда судларнинг тузилмаларига бошқарув ходимларининг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг штат жадвалини тасдиқлайди;

буйруқлар ва фармойишлар қабул қилади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



31-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг

биринчи ўринбосари, ўринбосарлари - судлов

ҳайъатларининг раислари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари - судлов ҳайъатларининг раислари:

ишни тафтиш тартибида кўриш зарурлиги ҳақидаги масалани ҳал этиш учун қонунда назарда тутилган тартибда суд ишларини талаб қилиб олади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари ишига раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига судлов ҳайъатлари фаолияти тўғрисидаги маърузаларни тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида раислик қилади;

тегишли қуйи судлар фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади;

суд амалиётини умумлаштириш, суд амалиёти обзорларини тайёрлаш ва суд статистикасини таҳлил қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради;

судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этади;

жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини шахсан қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари - судлов ҳайъатларининг раислари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси йўқлигида унинг ваколатларини раиснинг биринчи ўринбосари, биринчи ўринбосар ҳам йўқлигида эса раис ўринбосарларидан бири амалга оширади.



3-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ


32-модда. Қорақалпоғистон Республикаси судининг,

вилоят, Тошкент шаҳар судининг таркиби


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раис, раис ўринбосарлари - фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари, судьялар, шунингдек халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди қуйидаги таркибда иш юритади:

раёсат;

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;

Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати.



33-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоят, Тошкент шаҳар судининг ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида кўради;

туманлараро, туман, шаҳар судларининг судлов фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

суд амалиёти ва суд статистикасини умумлаштиради, уларнинг тизимли таҳлилини амалга оширади;

суд амалиёти обзорларини тайёрлайди;

судьялар ва суд аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



34-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоят, Тошкент шаҳар судининг раёсати


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раёсати шу суднинг судьяларидан иборат таркибда иш юритади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раёсати мажлислари заруриятга қараб, лекин ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раёсатининг қарорлари овоз беришда иштирок этган раёсат аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва тегишли суднинг раиси томонидан имзоланади.



35-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят,

Тошкент шаҳар суди раёсатининг ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раёсати:

суд амалиётини умумлаштириш ва обзорлари, суд статистикаси таҳлили материалларини кўриб чиқади;

раис ўринбосарлари - судлов ҳайъатлари раисларининг судлов ҳайъатлари фаолияти ҳақидаги маърузаларини эшитади;

туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларининг шу судлар фаолияти тўғрисидаги ва қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақидаги маърузаларини эшитади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раёсати қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



36-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят,

Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция бўйича кўради;

ишларни апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўради;

суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;

суд амалиёти обзорларини тайёрлайди;

суд статистикасини таҳлил қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



37-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоят, Тошкент шаҳар суди раиси


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раиси:

суд фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;

суд раёсатини чақиради ва унинг мажлисларида раислик қилади;

суд раёсатининг қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этади;

суд мажлисларида раислик қилади;

қуйи турувчи судларнинг фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади;

судьяларнинг, суд аппарати ходимларининг ҳамда халқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш бўйича ишларини ташкил этади;

суд амалиётини умумлаштириш, суд амалиёти обзорларини тайёрлаш ва суд статистикасини юритиш ишини ташкил этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

судьялар малака ҳайъати қарорлари, хулосалари устидан Судьялар олий малака ҳайъатига тақдимномалар киритади;

судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради;

суд аппарати ишларига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раиси йўқлигида унинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан тегишли суд раисининг ўринбосарларидан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.



38-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят,

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари


Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари:

тегишли судлов ҳайъати ишини ташкил этади;

тегишли судлов ҳайъати мажлисларида раислик қилади;

суд раёсатига тегишли судлов ҳайъати фаолияти тўғрисида маърузалар тақдим этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари ушбу суд раиси томонидан тегишли суд раисининг бошқа ўринбосари зиммасига юклатилиши мумкин.



4-БОБ. ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАНЛАРАРО,

ТУМАН, ШАҲАР СУДИ. ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА

ТУМАН, ШАҲАР СУДИ. ТУМАНЛАРАРО, ТУМАН,

ШАҲАР ИҚТИСОДИЙ СУДИ


39-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар

судининг, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг,

туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг таркиби


Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди раис ва судьялардан иборат бўлади.

Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.

Туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раис ва судьялардан иборат бўлади.

Таркиби олти судьядан ортиқ туманлараро, туман, шаҳар судида суд раисининг ўринбосари лавозими жорий этилади.

Бир таркибли туманлараро, туман, шаҳар суди суд раисидан иборат бўлади.



40-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман,

шаҳар судининг, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг,

туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг ваколатлари


Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди қонун билан ўзининг ваколатларига киритилган фуқаролик ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди жиноят ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёхуд қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ёхуд айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги, мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақидаги, амнистия актига асосан маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномаларни ва қонун билан ўзининг ваколатлари доирасига киритилган бошқа ишларни кўриб чиқади.

Туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган низоларни ва корпоратив низоларни, шунингдек қонун билан ўзининг ваколатлари доирасига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.



41-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман,

шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди,

туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раиси


Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раиси:

суд мажлисларида раислик қилади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради;

суд аппарати ишига раҳбарлик қилади, суд аппарати ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судининг, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раиси йўқлигида унинг ваколатларини раис ўринбосари бажаради, у йўқлигида эса, суд раисининг ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раиси томонидан тегишли суд судьяларидан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.



42-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар

суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро,

туман, шаҳар иқтисодий суди раисининг ўринбосари


Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раисининг ўринбосари:

вазифалар тақсимотига мувофиқ суд аппарати ишига раҳбарликни амалга оширади;

суд мажлисларида раислик қилади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;

суд раиси йўқлигида унинг вазифасини бажариб туради.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди раисининг ўринбосари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ҲАРБИЙ СУДЛАР


43-модда. Ҳарбий судлар тизими


Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий судлари тизими Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ва ҳудудий ҳарбий судлардан иборатдир.



44-модда. Ҳарбий судларнинг таркиби


Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вилоят суди ҳуқуқи асосидаиш юритади ҳамда раис, раис ўринбосари, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.

Ҳудудий ҳарбий судлар туман суди ҳуқуқи асосида иш юритади ва раис, халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.



45-модда. Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар


Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари қуйидаги ишларни кўради:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонунчиликка мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;

ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмаларнинг, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ҳамда ҳарбий бошқарув органлари қарорлари, ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни;

алоҳида ҳолатлар туфайли судлар фаолият кўрсатмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;

қонун билан ўз ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни;

давлат сирларига тааллуқли ишларни.

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари қонунга мувофиқ бошқа ишларни ҳам кўриши мумкин.



46-модда. Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш


Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш ушбу Қонун билан тасдиқланадиган низомда белгиланади.



6-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАЪМУРИЙ СУДИ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ

ШАҲАР МАЪМУРИЙ СУДЛАРИ


47-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг,

вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг таркиби


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раис, раис ўринбосари, судьялардан иборат бўлади ҳамда раёсат ва судлов ҳайъатлари таркибида иш юритади.



48-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг,

вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида кўради;

туманлараро маъмурий судларнинг судлов фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

суд амалиёти ва суд статистикасини умумлаштиради, уларнинг тизимли таҳлилини амалга оширади;

суд амалиёти обзорларини тайёрлайди;

судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



49-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди,

вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг раёсати


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг раёсати шу суд судьяларидан иборат таркибда иш юритади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раёсатининг мажлислари заруриятга қараб, лекин бир ойда камида бир марта ўтказилади ва раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раёсатининг қарорлари овоз беришда иштирок этган раёсат аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва тегишли суд раиси томонидан имзоланади.



50-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий

суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди

раёсатининг ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг раёсати:

суд амалиётини умумлаштириш ва обзорлари, суд статистикаси таҳлили материалларини кўриб чиқади;

судлов ҳайъати фаолияти тўғрисидаги маърузаларни эшитади;

туманлараро маъмурий судлар раисларининг қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини эшитади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг раёсати қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



51-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий

судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий

судининг судлов ҳайъати


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судлов ҳайъати:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция бўйича кўради;

ишларни апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўради;

суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;

суд амалиёти обзорларини тайёрлайди;

суд статистикасини таҳлил қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судлов ҳайъати қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



52-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий

суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси:

суд фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;

суд раёсатини чақиради ва унинг мажлисларида раислик қилади;

суд раёсати қарорларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этади;

суд мажлисларида раислик қилади;

қуйи турувчи судларнинг фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади;

судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этади;

суд амалиётини умумлаштириш, суд амалиёти обзорларини тайёрлаш ва суд статистикасини юритиш бўйича ишларни ташкил этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

судьялар малака ҳайъати қарорлари, хулосалари устидан Судьялар олий малака ҳайъатига тақдимномалар киритади;

судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради;

суд аппарати ишларига раҳбарлик қилади, суд аппарати ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси йўқлигида унинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан тегишли суднинг раис ўринбосари зиммасига юклатилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



53-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий

суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий

суди раисининг ўринбосари


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раисининг ўринбосари:

судлов ҳайъати ишини ташкил этади;

судлов ҳайъати мажлисларида раислик қилади;

суд раёсатига судлов ҳайъатининг фаолияти тўғрисида маърузалар тақдим этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;

суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раисининг ўринбосари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раисининг ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан тегишли суд судьяларидан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.



7-БОБ. ТУМАНЛАРАРО МАЪМУРИЙ СУД


54-модда. Туманлараро маъмурий суднинг таркиби


Туманлараро маъмурий суд раис ва судьялардан иборат бўлади.

Таркиби олти нафар судьядан ортиқ бўлган туманлараро маъмурий судда раис ўринбосари лавозими жорий этилади.



55-модда. Туманлараро маъмурий суднинг ваколатлари


Туманлараро маъмурий суд давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоятлар ва аризалар бўйича маъмурий низоларни, шунингдек қонун билан ўз ваколатига киритилган бошқа ишларни кўриб чиқади.



56-модда. Туманлараро маъмурий суд раиси


Туманлараро маъмурий суд раиси:

суд мажлисларида раислик қилади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради;

суд аппарати ишига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади.

Туманлараро маъмурий суд раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Туманлараро маъмурий суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини раис ўринбосари бажаради, у йўқлигида эсасуд раисининг ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси томонидан тегишли суд судьяларидан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.



57-модда. Туманлараро маъмурий суд раисининг ўринбосари


Туманлараро маъмурий суд раисининг ўринбосари:

вазифалар тақсимотига мувофиқ суд аппарати ишига раҳбарликни амалга оширади;

суд мажлисларида раислик қилади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;

суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини амалга оширади.

Туманлараро маъмурий суд раисининг ўринбосари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ МАҚОМИ,

УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


58-модда. Судьялар


Ўзбекистон Республикасида судьялар қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслардир.

Ўзбекистон Республикасида барча судьялар бир хил мақомга эга.

Судлар раислари, раис ўринбосарлари айни вақтда судьялардир.

Судьяларга малака даражалари берилади. Судьяларга малака даражаларини белгилаш ва бериш тартиби ушбу Қонун билан тасдиқланадиган низомда аниқланади.



59-модда. Халқ маслаҳатчилари


Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суднинг халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.

Халқ маслаҳатчилари одил судловни амалга оширишда судьянинг ҳуқуқларидан фойдаланади.

Халқ маслаҳатчилари судлардаги ўз вазифаларини бажаришга бир йилда кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, бундан уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.



60-модда. Судьянинг қасамёди


Илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан".

Судья Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи олдида, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи олдида ҳам тантанали вазиятда қасамёд қилади.

Судьялар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисида қасамёд қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раёсати мажлисида қасамёд қилади.

Илк бор лавозимга сайланган ёки тайинланган судья ўз ваколатларини амалга оширишга қасамёд қилганидан кейин киришади.



61-модда. Судьянинг ҳуқуқлари


Судья қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мансабдор шахслар ва фуқаролардан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз фармойишларининг бажарилишини талаб қилиш;

мансабдор ва бошқа шахслардан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни олиш;

одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимларидан бепул асосда олиш ҳамда шахсга доир маълумотлар мавжуд ахборот тизимларидан фойдаланиш, шу жумладан масофадан туриб фойдаланиш;

давлат органларининг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимларидан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган шахсга доир маълумотларни фуқароларнинг ёзма розилигисиз бепул асосда олиш;

судьялар ҳамжамияти органларини шакллантиришда ва улар фаолиятида иштирок этиш;

уюшмаларга бирлашиш.

Судья қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар судьянинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган талаблари ҳамда фармойишларини сўзсиз бажариши шарт. Судьянинг талаблари ва фармойишларини бажармаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



62-модда. Судьянинг мажбуриятлари


Судья:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига оғишмай риоя этиши;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ҳамда мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши;

ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда Судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушириши ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши;

коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар қилиши;

суд процесси иштирокчиларини ҳурмат қилиши;

ўз малакасини судьялик ваколатларини бажариш учун зарур бўлган даражада сақлаб туриши;

манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.

Судья:

судьялар маслаҳатлашуви сирини ва ёпиқ суд мажлисларини ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга;

сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутати бўлишга;

сиёсий партия аъзоси бўлишга, уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, сиёсий партияларнинг тадбирларида иштирок этишга, бошқа сиёсий фаолият билан шуғулланишга;

ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, бундан судьянинг вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилмайдиган педагогик, илмий ва бошқа ижодий фаолият мустасно;

шахсан ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, иштирок этишга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет эл банкларида ҳисобварақлар (омонатлар) очишга ва уларга эга бўлишга, нақд пул маблағларини ҳамда қимматликларни сақлашга. Бундай чеклов судьянинг эрига (хотинига) ва вояга етмаган фарзандларига нисбатан ҳам амал қилади;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг ишлари бўйича судда вакил бўлишга (қонуний вакиллик ҳоллари бундан мустасно);

судда кўриб чиқилаётган масала юзасидан суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар ошкора мулоҳазалар билдиришга;

қонунга мувофиқ махфий ахборот жумласига киритилган, судьялик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни судьялик ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ошкор қилишга ёки фойдаланишга ҳақли эмас.

Судьянинг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



9-БОБ. СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ

АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ


63-модда. Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш


Судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:

уларни қонунда белгиланган тартибда лавозимга сайлаш, тайинлаш, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш;

судьянинг дахлсизлиги;

одил судловни амалга оширишдаги қатъий тартиб-таомил;

қарорларни чиқариш чоғида судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;

судьяга ҳурматсизлик қилганлик, одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятга аралашганлик ва судьянинг дахлсизлигини бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик;

судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.

Судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлади.



64-модда. Судьянинг дахлсизлиги


Судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, у фойдаланадиган транспорт воситаси ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича сақлаш, олиб юриш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи билан хизмат қуроли ҳамда шахсий ҳимоя воситалари берилади. Зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратади.

Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Судья тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар беради.

Судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилади.

Судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан оғир ёки ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга нисбатан ҳам қўлланилади.

Судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шарт.

Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олиш фақат суднинг қарорига биноан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.

Судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир.

Судда ўз вазифаларини бажараётган даврда халқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этилади.



65-модда. Судьяга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик


Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт.

Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.



66-модда. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш

борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги


Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни талаб қилиш, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга ҳақли эмас.



10-БОБ. СУДЬЯЛАРНИ САЙЛАШ ВА ТАЙИНЛАШ


67-модда. Судьялик лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар


Ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.

Қуйидагилар судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:

жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;

илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;

чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;

судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.



68-модда. Судьялик лавозимига сайланадиган,

тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар


Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида ўн беш йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин.

Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида ўн йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин.

Ушбу Қонуннинг 67-моддаси талабларига жавоб берадиган, ўттиз беш ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.

Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.



69-модда. Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тавсияси асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.

Вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди, туманлараро, туман, шаҳар суди, ҳудудий ҳарбий суд судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар суди судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ёки келишиб олинадиган лавозимларда фаолият юритаётган ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган шахслар, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқитилмаган ҳолда илк бор судьялик лавозимларига тайинланиши мумкин.

Судьяни лавозимга тайинлаш тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.



70-модда. Суд раисини, раис ўринбосарини

лавозимга сайлаш ва тайинлаш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, раис ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.

Вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси, раис ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан лавозимга тайинланади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси, раис ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишиб олинган хулосаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.

Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар суди раиси, раис ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади.

Туманлараро, туман, шаҳар суди, ҳудудий ҳарбий суд раиси, раис ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади.



71-модда. Судьянинг ваколатлари муддати

ва уни ҳисоблаш тартиби


Судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади.

Судьянинг ваколатлари муддати унинг судьялик лавозимида бўлган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни, бошқа судлар судьялари учун - олтмиш беш ёшни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан беш йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан худди шундай беш йилгача узайтирилиши мумкин.

Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.



72-модда. Суд раиси, раис ўринбосарининг ваколатлари муддати


Суд раиси, раис ўринбосарининг ваколатлари муддати беш йил.

Шахс айни бир судда кетма-кет икки муддатдан ортиқ раис, раис ўринбосари лавозимини эгаллаб туриши мумкин эмас.

Суд раиси, раис ўринбосари ваколатлари у сайланган ёки тайинланган муддат ўтгач тугайди.

Суд раиси, раис ўринбосарининг ваколатлари муддати ўтганлиги ёки у томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида ариза берганлиги муносабати билан тугаган тақдирда, унинг судьялик ваколатлари сақланиб қолади ва у шу кундан бошлаб судьялик лавозимида ишни давом эттиради, мазкур судда бўш турган судьялик лавозими бўлмаган тақдирда, ўзининг розилиги билан судьялик ваколатларининг қолган муддатига бошқа судга судьялик лавозимига ўтказилади.



73-модда. Судьяни бошқа судьялик лавозимига ўтказиш тартиби


Судья ваколатлари муддати даврида ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси, раис ўринбосари, судьяси ваколат муддати даврида ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши мумкин.

Бир суднинг ўзида судьялик лавозимида бўлиш муддати, қоида тариқасида, икки йилдан кам бўлмаслиги керак.

Судьяни бошқа судьялик лавозимига ўтказиш тўғрисидаги масала Судьялар олий малака ҳайъати хулосасига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.



11-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ


74-модда. Судьялар интизомий жавобгарлигининг асослари


Судья фақат тегишли судьялар малака ҳайъати қарорига биноан қуйидаги ҳолларда интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин:

одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;

суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;

судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;

Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлиги учун.

Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.

Агар интизомий жазо чоралари берилганидан кейин бир йил мобайнида судья ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этмаса, у интизомий жавобгарликка тортилмаган деб ҳисобланади.

Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби қонун билан тасдиқланадиган низомда белгиланади.



75-модда. Судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш


Судьяга нисбатан интизомий иш тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан судья ушбу Қонун 74-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этилгани тўғрисидаги ариза ёки хабар бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра қўзғатилиши мумкин.



76-модда. Судьяга нисбатан қўлланиладиган

интизомий жазо чоралари


Судьяларнинг малака ҳайъати интизомий жавобгарликка тортилган судьяга қуйидаги интизомий жазо чораларидан бирини қўллаши мумкин:

огоҳлантириш;

ҳайфсан;

ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;

малака даражасини бир поғонага пасайтириш;

ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.

Интизомий жазо чоралари қўлланилаётганида қоидабузарликнинг хусусияти ва оқибатлари, ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллиги, судьянинг шахси, айбдорлик даражаси инобатга олинади.



77-модда. Интизомий жазо чораларини қўллаш

тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш


Судьялар малака ҳайъатининг интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарори устидан Судьялар олий малака ҳайъатига шикоят қилиш мумкин.

Судьялар олий малака ҳайъатининг қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига шикоят бериш мумкин.



12-БОБ. СУДЬЯНИНГ ВАКОЛАТЛАРИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА ТУГАТИШ


78-модда. Судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш


Судьянинг ваколатлари тегишли судьялар малака ҳайъати қарори билан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади, агар:

судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;

судьяга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса;

судья суднинг ҳал қилув қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса;

судья давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида депутатликка номзод сифатида иштирок этаётган бўлса.

Судьянинг ваколатлари уларни тўхтатиб туришга сабаб бўлган асослар бекор бўлгунга қадар тўхтатиб турилади.

Судья қонунда белгиланган тартибда тегишли судьялар малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Судьянинг ваколатлари тўхтатиб турилиши унга иш ҳақи тўлашни тўхтатишга ёки иш ҳақи миқдорини камайтиришга, унинг таъминоти даражасини пасайтиришга ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум қилишга сабаб бўлмайди, бундан эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан қамоққа олиш чораси танланган ҳоллар мустасно.

Судьянинг ваколатларини қайта тиклаш тўғрисидаги қарор судьянинг ваколатларини тўхтатиб турган тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан қабул қилинади.



79-модда. Судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш


Судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

1) у судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;

2) у ёзма ариза берган тақдирда;

3) тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ваколатлари тўхтатилганидан кейин у судьялик лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;

4) у суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;

5) у Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиққан ёки уни йўқотган тақдирда;

6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

7) у вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

8) соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида судьялик вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда;

9) суд раисининг ваколат муддати тугаши муносабати билан, агар у бошқа судьялик лавозимига ўтишга розилик бермаса;

10) судья томонидан тегишли судьялар малака ҳайъатининг қарори билан судьяга ваколатларини тугатиш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилишига сабаб бўлган, ушбу Қонун 74-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар содир этилганда.

Ушбу моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ва раис ўринбосарининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьясининг, туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳарбий судлар раисининг ва судьясининг ваколатлари - тегишли судьялар малака ҳайъати хулосасига кўра Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, туманлараро, туман, шаҳар судлари судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси киритган тақдимномага биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан муддатидан илгари тугатилади.

Судьянинг ваколатларини ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3, 8 ва 10-бандларида назарда тутилган ҳолларда тегишли судьялар малака ҳайъати қарори асосида муддатидан илгари тугатишга йўл қўйилади.

Судья тегишли судьялар малака ҳайъати қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

Халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича муддатидан илгари тугатилади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3, 9 ва 10-бандларида кўрсатиб ўтилган асослар мустасно.



80-модда. Судьялар малака ҳайъатлари


Судьялар малака ҳайъатлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади:

судьянинг интизомий жавобгарлиги;

судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш;

судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;

судьяга малака даражасини бериш;

халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш бўйича ишларни ташкил қилиш;

судьянинг қасамёди ва Судьялар одобикодексига риоя этилиши устидан назорат қилиш.

Судьялар малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади.

Судьялар олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси судьялари қурултойи томонидан беш йил муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг конференцияларида беш йил муддатга сайланади.

Судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан тасдиқланадиган низомда белгиланади.



13-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ ВА УЛАР ОИЛА

АЪЗОЛАРИНИНГ МОДДИЙ ҲАМДА

ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ


81-модда. Судьяларнинг моддий таъминоти


Судьянинг иш ҳақи қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган ойлик лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати, фахрий унвони учун ҳар ойлик устама ҳақлардан иборат бўлади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ судьяларга бошқа тўловлар ҳам амалга оширилиши мумкин.

Судьяларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган фонди доирасида мукофотлар тўланиши ва моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин.

Судьялар хизмат сафарига юборилганда ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспорти бундан мустасно) жой банд қилиб қўйиш ва йўл ҳужжатларини навбатсиз олиш ҳуқуқидан фойдаланади.



82-модда. Судьяларнинг ҳар йилги меҳнат таътили


Судьяларга ҳар йили ўттиз календарь кунидан иборат меҳнат таътили берилади.

Ўн йилдан ортиқ судьялик иш стажига эга бўлган судьяларга ўз хоҳишига кўра олти календарь кунигача қўшимча меҳнат таътили берилиши мумкин.



83-модда. Судьяларни уй-жой билан таъминлаш


Уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади.

Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.



84-модда. Судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини

ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари


Судьянинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинади.

Қуйидаги ҳолларда суғурта компаниялари (суғурталовчилар) суғурта суммаларини тўлайди:

судья ишлаётган даврида ёки ваколатлари муддати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан дучор бўлган майиблиги ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса, унинг меросхўрларига - судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида;

судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида - судьянинг йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида;

судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этмайдиган ва меҳнат қобилиятининг доимий йўқолишига олиб келмайдиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида - судьянинг беш ойлик иш ҳақи миқдорида.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда унга иш ҳақи ва тайин этилган пенсия ўртасидаги фарқ тарзидаги компенсация ҳар ойда тўланади.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан дучор бўлган майиблик ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилиши оқибатида ҳалок бўлса (вафот этса), унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига судья иш ҳақининг уларнинг ҳиссасига тўғри келадиган қисми ва боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан уларга тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ тарзидаги компенсация ҳар ойда, мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.

Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган моддий зарарнинг ўрни судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади.

Ушбу модданинг иккинчи - бешинчи қисмларида назарда тутилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик улар айбдор шахслардан қонунда белгиланган тартибда ундириб олинади.



85-модда. Судьяларнинг ваколатлари муддати

тугаганидан кейин уларга бериладиган кафолатлар


Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эсааввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.



86-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг

судьяларга нисбатан амал қилиши


Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик судьяларга нисбатан ушбу Қонунда тартибга солинмаган муносабатларга оид қисмида татбиқ этилади.



87-модда. Судьяларнинг пенсия таъминоти


Судьяларнинг пенсия таъминоти қонунчиликда белгиланади.



14-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


88-модда. Суд аппарати


Суд аппарати суднинг одил судловни амалга ошириш, суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш, шунингдек суднинг бошқа вазифаларини бажаришга доир ишларини таъминлайди.

Суд аппарати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтади.

Суд аппарати ходимларига мансаб даражаларини белгилаш ва бериш тартиби ушбу Қонун билан тасдиқланадиган низомда белгиланади.



89-модда. Судларнинг тузилиши ва штатлари


Ўзбекистон Республикаси судларининг тузилмаси ва штат бирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Судларнинг штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (бундан буён матнда Департамент деб юритилади) томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси зарур бўлган ҳолларда судларнинг штатлар жадвалига штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади.



90-модда. Судларни молиялаштириш


Судларни молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ажратиладиган маблағлар миқдори Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун билан тасдиқланади.

Ажратилган маблағларни тақсимлаш:

Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туманлараро, туман, шаҳар судлари ва ҳарбий судлар учун - Департамент томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун - Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан амалга оширилади.

Ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланади.



91-модда. Судлар фаолиятини моддий-техника

ва молиявий жиҳатдан таъминлаш


Судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш Департамент томонидан амалга оширилади.

Департаментнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлашга доир ишларни ташкил этиш, шунингдек бу ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

судлар биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағлар самарали сарфланишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлашнинг жорий ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлашни ривожлантиришга доир узоқ муддатли комплекс дастурлар тайёрлаш;

судьяларнинг ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ваколатлари ва унинг фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.



92-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг матбуот органлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз матбуот органларига эга.



93-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши


Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Унинг вазифасига қонунчиликни қўллаш юзасидан суд амалиётида келиб чиқадиган масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.



94-модда. Судлар муҳри


Суд Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



95-модда. Судьяларнинг махсус кийими


Судья одил судловни махсус кийимда амалга оширади, кийим тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.



96-модда. Судьянинг гувоҳномаси


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисига, раис ўринбосарларига ва судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Бошқа судларнинг судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан берилади.



97-модда. Судлар фаолияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш


Қуйидагилар тасдиқлансин:

Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом - ушбу Қонунга 1-иловага мувофиқ;

Судьяларнинг малака даражалари тўғрисидаги низом - ушбу Қонунга 2-иловага мувофиқ;

Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низом - ушбу Қонунга 3-иловага мувофиқ.



98-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим

қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги 924-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 10, 367-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги 925-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 10, 368-модда);


3) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги, Судьяларнинг малака даражалари тўғрисидаги, Суд ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги 927-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 10, 370-модда);


4) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 118-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда) XIV бўлими;


5) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 357-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 2, 56-модда) VIII, XX ва XXI бўлимлари;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 162-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 10-модда);


7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган "Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги, Судьяларнинг малака даражалари тўғрисидаги, Суд ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 164-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 12-модда);


8) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 7 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 320-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, N 1, 20-модда) V бўлими;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 568-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 1-2, 18-модда) IV ва XXVII бўлимлари;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги 714-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 1, 18-модда) I бўлимининг 20 ва 47-бандлари;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 июлда қабул қилинган "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-100-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 6, 249-модда) 2-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 20 июлда қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомга, Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-103-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 7, 324-модда) 1 ва 2-моддалари;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 7 апрелда қабул қилинган "Суд ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-207-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 4, 134-модда);


14) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-238-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 12, 470-модда) 3 ва 13-моддалари;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-288-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 4, 104-модда) 1-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-335-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 9/2, 244-модда) 2-моддаси;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 1, 2-модда) 3 ва 4-моддалари;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартда қабул қилинган "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-421-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 3, 47-модда) 2-моддаси;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелда қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-428-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 136-модда);


20) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 июнда қабул қилинган "Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-435-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 6, 299-модда);


21) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 9, 510-модда) 48 ва 49-моддалари;


22) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлда қабул қилинган "Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-486-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 7, 431-модда) 11-моддаси;


23) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек "Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида"ги ЎРҚ-496-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 10, 672-модда) 1-моддаси;


24) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралда қабул қилинган "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-522-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 2, 47-модда) 9-моддаси;


25) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майда қабул қилинган "Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-536-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 5, 261-модда) 3 ва 4-моддалари;


26) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрда қабул қилинган "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-564-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 9, 589-модда) 4-моддаси;


27) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрда қабул қилинган "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-566-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 9, 591-модда) 3-моддаси;


28) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 мартда қабул қилинган "Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-607-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 3, 198-модда) 1-моддаси;


29) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-646-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 11, 652-модда) 1-моддаси;


30) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 33-моддаси.



99-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



100-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



101-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 29 июль


"Халқ сўзи", 2021 йил 29 июль