Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.12.2021 й. 753-сон "Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.12.2021 й.

N 753




КИМЁ САНОАТИ УЧУН ИННОВАЦИОН

КИМЁВИЙ ИЛМИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА

ТАЪЛИМ КЛАСТЕРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Республика кимё саноатида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион ҳамкорликни илғор хорижий тажриба асосида самарали ташкил этиш, кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ҳамда илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу билан бирга, кимё саноатини юқори малакали кадрлар, жумладан, илмий кадрлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 13 февралдаги ПҚ-4992-сон қарорига асосан "Ўзкимёсаноат" АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини (кейинги ўринларда - илмий кластер) ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, илмий кластерни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳ) шакллантирилганлиги;

илмий кластер "Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг, "ММФИ" миллий тадқиқот ядро университети" Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) ва Венгриянинг Дебрецен университетининг Тошкент шаҳридаги филиаллари, Тошкент кимё-технология институти, "Ўзбекистон - Корея кимё технологиялари инновация маркази" илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти иштирокида ташкил этилиши;

илмий кластер фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш унинг иштирокчилари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар илмий кластер фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

кимё соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, илмий-тадқиқот натижаларини республика кимё саноати корхоналарига татбиқ этиш, ушбу тармоқни технологик трансформациялаш ва ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига кимё соҳасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификация қилиш ҳамда янги турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича илмий тажрибалар ўтказиш;

кимё соҳасида илмий йўналишлар ва тегишли ихтисосликлар бўйича илмий даражали кадрларни тайёрлаш ҳамда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

мақсадли фан-техника ва инновацион дастурларни амалга ошириш орқали кимё фани ва технологияларини мувофиқлаштиришда фаол иштирок этиш;

кимё соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида тегишли илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари ҳамда тармоқ корхоналари билан алоқаларни мустаҳкамлаш;

хорижда илмий кадрларнинг касбий малакасини ошириш, шунингдек, илмий кластер фаолиятига чет эллик олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан, хориждаги соҳага оид ватандошларни жалб қилиш;

илмий кластер илмий ва ўқув фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш.


3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Фанлар академияси Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчаси, Хуросон кўчаси, 1-уй манзилидаги Фанлар академияси Ядро физикаси институтига қарашли бўш турган 60 гектар ер участкаси кейинчалик илмий кластер объектларини жойлаштириш учун "Ўзкимёсаноат" АЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бепул ажратилишини таъминласин.


4. "Ўзкимёсаноат" АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотлар муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери дирекцияси" (кейинги ўринларда - Дирекция) ташкил этиш тўғрисида "Ўзкимёсаноат" АЖнинг таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Дирекция:

илмий кластер объектларини қуриш бўйича буюртмачи вазифасини амалга оширади;

илмий кластер объектлари қурилиши якунлангандан сўнг уларни балансда сақловчи сифатида бошқариш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш, ижарага бериш ва сотиш бўйича белгиланган тартибда хизматлар кўрсатади.


5. Белгилансинки:

а) "Ўзкимёсаноат" АЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Дирекция билан биргаликда:

илмий кластернинг моддий-техник базасини (академик ўқув бинолар, лаборатория иншоотлари, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун турар жойлар, зарур материаллар, асбоб-ускуналар ва инвентарлар) барпо этиш бўйича лойиҳавий ечимлар ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни;

илмий кластер объектларини жойлаштириш учун ажратилган ер участкасида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари асосида илмий кластернинг моддий-техник базасини барпо этиш ва фойдаланишга топширишни таъминлайди;

б) илмий кластернинг моддий-техник базаси негизида ушбу қарорнинг 1-банди учинчи хатбошисида санаб ўтилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ижара ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилади;

в) илмий кластер биноларининг биринчи ва иккинчи қаватларида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қуйидагилар:

маъмурий-ўқув биноларида - кимё, газ-кимё ва бошқа саноат корхоналарининг ваколатхоналари, инновацион маҳсулотларни тижоратлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар, стартаплар, коворкинг марказлари, босмахона ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектларни;

ётоқхона, бошқа ёрдамчи бинолар ва уларнинг атрофида - илмий кластер ишчи-ходимлари ва талабалар учун зарур маиший, маданий, спорт, озиқ-овқат таъминоти (алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган кўнгилочар масканлар фаолиятини ташкил этиш бундан мустасно) каби хизматларни кўрсатадиган объектларни жойлаштиришга рухсат этилади.


6. "Ўзкимёсаноат" АЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Дирекция билан биргаликда:

2021 йил якунига қадар илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари рўйхатини, шунингдек, 2022 йил 25 декабрга қадар таълим йўналишлари ва ўқув дастурларини кимё саноатини узоқ муддатли ривожлантиришнинг илғор халқаро тенденциялари билан узвий боғлиқликда ишлаб чиқиб, ишчи гуруҳга тасдиқлаш учун киритсин;

2022 йил 1 ноябрга қадар инжиниринг компаниясини жалб қилган ҳолда илмий кластернинг моддий-техник базасини, илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.


7. "Ўзкимёсаноат" АЖ Дирекция билан биргаликда илмий кластернинг моддий-техник базасини, илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш доирасида:

икки ой муддатда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилотини;

уч ой муддатда танланган техник ечимлар ва лойиҳа ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини кўриб чиқиш, объектларда қурилиш жараёнларини назорат қилиш бўйича архитектура ва қурилиш соҳасидаги илғор тажрибага эга инжиниринг компаниясини;

2022 йил якунига қадар қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишларини бажариш бўйича пудратчи ташкилотларни белгиланган қонунчиликка мувофиқ танлов асосида жалб қилсин.


8. Илмий кластер объектларини қуришни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Тошкент кимё-технология институти ва Дебрецен университетининг Тошкент шаҳридаги филиали объекти бўйича - хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган ссуда ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали объекти бўйича - "Ўзкимёсаноат" АЖ, унинг таркибига кирувчи ташкилотлар маблағлари, Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Ўзбекистон - Корея кимё-технология инновация маркази илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти объектлари бўйича - хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари, "Ўзкимёсаноат" АЖ, унинг таркибига кирувчи ташкилотлар маблағлари ва Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


9. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент кимё-технология институти билан биргаликда "Ўзкимёсаноат" АЖга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ссуда тўлиқ ажратилгандан сўнг олти ой муддатда Тошкент кимё-технология институтига тегишли Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 41 ва 41-А уйлар, Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарбоза кўчаси, 60-уй, Навоий кўчаси, 32 ва 36-уйлар, Сергели тумани, Сергели-2 мавзеси, 64-А уй манзилда жойлашган бино ва иншоотларнинг (кейинги ўринларда - бино ва иншоотлар) баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда қиймати аниқланишини ҳамда мазкур бино ва иншоотлар Молия вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлансин.

Белгилансинки:

Тошкент кимё-технология институтини илмий кластер доирасида қурилган янги объектларга кўчириш ишлари якунлангандан сўнг уларнинг Тошкент шаҳридаги бино ва иншоотлари белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдолар орқали сотилади;

бино ва иншоотларни баҳолаш ва электрон онлайн-аукцион савдолар орқали сотишни ташкил этиш Давлат активларини бошқариш агентлигига юклатилади;

ушбу бино ва иншоотларни электрон онлайн-аукцион савдолар орқали сотишдан тушадиган маблағлар, сотиш харажатларини чегирган ҳолда, илмий кластер объектларини қуриш учун "Ўзкимёсаноат" АЖга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган ссудани ёки жалб қилинадиган кредитларни қоплашга мақсадли йўналтирилади;

мазкур маблағлар етмаган қисми бўйича илмий кластер биноларининг тижорат майдонларини сотиш ва ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳамда "Ўзкимёсаноат" АЖ маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган ссудани ёки жалб қилинадиган кредитларни қоплаш учун қўшимча манба ҳисобланади.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар илмий кластер доирасида қурилган янги объектларга кўчириш ишлари якунлангандан сўнг "Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети" Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали жойлашган Тошкент шаҳар, Мирзо-Улуғбек тумани, ТТЗ-1 мавзеси, 47-уй манзилидаги бино ва иншоотлар негизида кимё саноати учун ихтисослаштирилган замонавий ўрта махсус таълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. "Ўзкимёсаноат" АЖ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дирекция билан биргаликда 2022 йил якунига қадар илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш ишларини бошлаш учун мазкур қарорнинг 8-бандида назарда тутилган молиялаштириш манбалари бўйича ажратиладиган маблағлар миқдорлари ва молиялаштириш механизмларини белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритсин.


11. Тошкент вилояти ҳокимлиги "Ўзкимёсаноат" АЖ билан биргаликда Ўзбекистон - Корея кимё-технология инновация маркази илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти объектларини илмий кластер ҳудудида қуриш ишлари бошлангандан сўнг "Ўзкимёсаноат" АЖнинг мурожаати асосида Вазирлар Маҳкамасининг "Илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти - Кимё технологиялари марказини ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 28 январдаги 39-сон қарорига мувофиқ "Ўзкимёсаноат" АЖ ва Корея Республикасининг Эксимбанки ўртасида "Илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти - Кимё технологиялари марказини ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида "Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институти" МЧЖга Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Чоштепа қишлоғи манзили бўйича ажратилган 25,36 га ер майдонини давлат захирасига қайтарсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаментига, "Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси Ж.Т. Мирзамахмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 16 декабрь