Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.12.2021 й. 782-сон "Сариосиё туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.12.2021 й.

N 782




САРИОСИЁ ТУМАНИДА ҚУРИЛИШ

МАТЕРИАЛЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этишда инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги рақобатбардош қурилиш материаллари ишлаб чиқаришларини ва тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, аҳолининг бандлиги ва даромадларини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 9 июндаги ПФ-6244-сон Фармонига асосан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туманларда зарур ер участкаларини ажратган ҳолда, шу жумладан, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ҳузуридаги "PSB Capital" МЧЖ инвестиция компанияси иштирокида, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида "кичик саноат зоналари"ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани "Анорзор" МФЙ ҳудудидаги Сариосиё тумани ҳокимлиги захирасида бўлган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 10,0 гектар ер майдонида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Анорзор" кичик саноат зонасини (кейинги ўринларда - "Анорзор" кичик саноат зонаси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки, "Анорзор" кичик саноат зонаси ҳудудидаги ер участкалари импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган гипс буюмлар, темир-бетон буюмлари, табиий бўёқлар, сэндвич-панеллар ҳамда бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун тадбиркорлик субъектларига "E-auksion" савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.


4. "Анорзор" кичик саноат зонасида инвесторлар билан ҳамкорликда "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ўзининг инвестиция компанияси "SQB Capital" масъулияти чекланган жамияти ва унинг иштирокида таъсис этилган "SQB Construction" масъулияти чекланган жамиятларга инвестиция киритиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


5. Кичик саноат зоналарида муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 18 декабрдаги ПҚ-4929-сон қарори билан белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ билан биргаликда бир ой муддатда "Анорзор" кичик саноат зонаси ҳудудида жойлаштириш учун таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

Қурилиш вазирлиги билан биргаликда кичик саноат зонасида қуриладиган объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат назорати ўрнатилишини таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 29 декабрь