Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 25.03.2022 й. 133-сон карорига 3-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 25 мартдаги

133-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қимматбаҳо металларни олтин

изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ер қаъри участкаларида юридик ва жисмоний шахслар томонидан қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бузилган ерларни рекультивация қилиш (қайта тиклаш) - ерларнинг табиий ландшафтини сақлаш мақсадида ер қаъридан фойдаланиш натижасида бузилган (ағдарилган, ковланган) ер участкаларини кейинчалик ундан фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ комплекс ишларни бажариш;


"E-auksion" электрон савдо платформаси (кейинги ўринларда - савдо платформаси) - электрон онлайн-аукционларни (кейинги ўринларда - аукцион) ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, манфаатдор шахсларнинг аукционлар жараёнларидан оператор веб-портали орқали бевосита фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ахборот тизими;


олтин изловчилар усулида қазиб олиш - ер қаъри участкалари, шу жумладан, сочма олтин конларидан тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш;


оператор - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонаси;


сочма олтин кони - туб олтин кон ёки олтин маъданли тоғ жинси парчаланиши натижасида ҳосил бўлувчи ер юзасидаги ёки кўмилган тоғ жинси ва минераллари майда бўлакларининг тўпламлари;


электрон онлайн-аукцион - салоҳиятли харидорларга тенг имконият яратган ҳолда мол-мулк ва ҳуқуқ Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги "E-auksion" электрон савдо платформасида сотиладиган аукцион шаклидаги электрон савдо усули;


қимматбаҳо металларни сотиб олувчи ихтисослаштирилган қабул кассалари (кейинги ўринларда - қабул кассалари) - қимматбаҳо металларни қайта ишлаш ташкилоти ҳамда шартнома асосида юридик ва жисмоний шахслардан таркибида олтин бўлган хомашёни қабул қилувчи пункт.


3. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун берилаётган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат геология қўмитаси) томонидан электрон онлайн-аукцион натижаларига асосан ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича берилади.



2-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИН ИЗЛОВЧИЛАР

УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШГА РУХСАТ БЕРИЛАДИГАН

ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҲУҚУҚИ УЧУН РУХСАТНОМАЛАР


4. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома (кейинги ўринларда - рухсатнома) унинг эгасига белгиланган ҳудудда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ҳуқуқини беради.


5. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома Давлат геология қўмитаси томонидан ҳар йили тасдиқланган қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкалари (кейинги ўринларда - ер қаъри участкалари) бўйича уларни қазиб олиш учун берилади.

Тасдиқланган рўйхатга кирмаган ер қаъри участкалари бўйича талабгорлар томонидан ариза келиб тушган ҳолларда Давлат геология қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралари билан биргаликда бир ойлик муддатда ўрганиб чиқиб, аукционда реализация қилинадиган ер қаъри участкалари рўйхатига киритиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ишончли, аниқ контурлари ва чегаралари кўрсатилган ер қаъри участкалари ва майдонлари, шу жумладан, ўлчамлари 5 гектаргача бўлган сочма олтин конлари берилади.


6. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномаларга фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга жисмоний шахслар ҳамда устав капитали (жамғармаси)да Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахснинг улуши 70 ва ундан ортиқ фоизга эга бўлган юридик шахслар талабгор бўлиши мумкин.

Бунда битта талабгорга рухсатнома асосида берилган ер қаъри участкаларининг умумий майдони йил давомида 20 гектардан ошмаслиги лозим.


7. Рухсатномани ёки ер қаъри участкасидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсга бериш (топшириш), шунингдек, битта ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига рухсатномани бир неча шахсга беришга йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИН

ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШГА РУХСАТ

БЕРИЛАДИГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ШАРТЛАРИ


8. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш рухсатномада назарда тутилган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларга мувофиқ амалга оширилади.


9. Ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг асосий шартларига Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида" Қонуни билан белгиланган шартлар киради.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг намунавий шартлари Давлат геология қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва зарурат бўлганда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.


10. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларида:

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишнинг рухсат этилган усуллари ва воситалари, шунингдек, фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, механизмлар ва техникага қўйиладиган талаблар;

қазиб олинган қимматбаҳо металларга эгалик қилиш ҳуқуқи;

ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин бўлган шартлар;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг ер қаъридан фойдаланувчилар зиммасига ер қаъри участкаларини рекультивация қилиш ва уларни кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти назарда тутилади.

Шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш шартларида ер участкасининг ижара шартномаси, хусусан, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ундан фойдаланиш муддатлари ва шартлари ҳамда ер қаъридан фойдаланиш мақсадлари учун олиб қўйилаётган (сотиб олинаётган) ер участкаси бўйича - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу ер участкасининг эгаси, фойдаланувчиси, ижарачиси ёки мулкдори билан келишилган компенсация миқдори ва уни тўлаш муддати назарда тутилади.

Ер қаъридан фойдаланиш шартлари, шу жумладан ер участкасининг ижара шартномаси ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.



4-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИН

ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШГА РУХСАТ

БЕРИЛАДИГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ МУДДАТЛАРИ


11. Рухсатномалар Давлат геология қўмитаси томонидан "E-auksion" электрон савдо платформасидаги аукцион якунлари бўйича 3 йил муддатга берилади.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи рухсатнома берилган кундан бошлаб ҳисобланади.


12. Рухсатнома муддати тугагандан сўнг уч ойдан ошмаган муддатда ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ер қаъри участкалари белгиланган тартибда рекультивация қилиниб, улар кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига топширилади.



5-БОБ. ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ "E-AUKSION" ЭЛЕКТРОН

САВДО ПЛАТФОРМАСИ ОРҚАЛИ РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


13. "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион орқали реализация қилинадиган ер қаъри участкалари рўйхати Давлат геология қўмитаси томонидан нархи аниқланган ҳолда шакллантирилади ва ҳар йили бир мартадан кам бўлмаган ҳолда тасдиқланади.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи ҳар бир гектарига базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари миқдорида белгиланади. Бунда тўлиқ бўлмаган гектарлар учун бошланғич нарх 1 гектар ер учун белгиланган нархни ер майдонининг ўлчамига кўпайтириш орқали аниқланади.

Давлат геология қўмитасига аукционга қўйилмаган ёки рўйхатга киритилмаган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун талабгордан мурожаат келиб тушган тақдирда, ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали ўрнатилган тартибда аукционга қўйилади.

Давлат геология қўмитаси ер участкаси унга ажратиб берилгандан сўнг уч иш куни давомида мурожаат этилган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи аукцион савдоларига чиқариш муддатлари ёки ушбу ер участкаларини фойдаланишга беришни рад этиш тўғрисида жавоб хатини талабгорга тақдим этади.


14. Ер участкаларининг чегараларини жойида белгилаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан бир вақтнинг ўзида ер қаъридан фойдаланувчи иштирокида амалга оширилади.


15. Ер қаъридан фойдаланиш мақсадлари учун белгиланган тартибда олиб қўйилган (сотиб олинган) ер участкаси билан боғлиқ харажатлар ер қаъридан фойдаланувчи томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармасига рухсатнома расмийлаштирилгунга қадар қоплаб берилиши лозим.


6-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИН

ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШ ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН РУХСАТНОМАЛАР БЕРИШ,

ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТИШ, ДАВЛАТ ҲИСОБИГА

ОЛИШ ВА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


16. Рухсатнома мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйиб расмийлаштирилади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома паспорти 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган рухсатномаларни бошқа шахсларга берилишига йўл қўйилмайди.


17. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш у давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин амалга оширилади. Ер қаъри участкаларидан фойдаланишни Давлат рўйхатига олиш Давлат геология қўмитаси томонидан рухсатнома бериш жараёнида амалга оширилади.


18. Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини Давлат рўйхатига олиш реестрга тегишли қайдларни киритиш йўли билан амалга оширилади.


19. Ҳар бир реестрда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ер қаъридан фойдаланувчи тўғрисидаги асосий маълумотлар (номи, юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, солиқ тўловчининг идентификация рақами, почта манзили, телефон ва факс рақамлари);

фойдаланишга берилган ер қаъри участкасининг номи (рақами);

ер қаъри участкасидан фойдаланиш мақсади;

рухсатнома берилган сана ва унинг рақами;

рухсатноманинг амал қилиш муддати;

рухсатномани қайта расмийлаштиришнинг асоси ва унинг санаси.


20. Реестрга киритилган маълумотлар давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли сўровнома асосида берилиши мумкин, уларни бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериш тақиқланади.



7-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИН

ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШ ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН  ЕР ҚАЪРИ  УЧАСТКАСИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ РУХСАТНОМАНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


21. Рухсатномани қайта расмийлаштириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

юридик шахс қайта ташкил қилинганда ва номи ўзгарганда;

жисмоний шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда.

Рухсатномани қайта расмийлаштириш Давлат геология қўмитаси томонидан рухсатнома эгасининг "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ берган аризаси асосида тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда 2 кун муддатда амалга оширилади.

Давлат геология қўмитаси томонидан рухсатнома қайта расмийлаштирилганда икки кун муддатда тегишли реестрга ўзгартиришлар киритилади ва QR-код (матрик штрихли код) қўйилган рухсатномани расмийлаштиради.

Рухсатномани қайта расмийлаштиришда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун ундирилган йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) "Лицензия" ахборот тизими орқали мурожаат этилганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади;

0,5 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар тўлиқ рухсатнома берувчи органнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига ўтказилади;

қолган маблағлар тўлиқ рухсатнома берувчи органнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади.


22. Ер қаъридан фойдаланиш муддати тугагунга қадар камида 6 ой олдин фойдаланувчи томонидан Давлат геология қўмитасига "Лицензия" ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали йўлланган ариза бўйича ер қаъридан фойдаланувчи томонидан рухсатномада белгиланган шартлар бажарилган тақдирда ва қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш бўйича қўшимча ишларни амалга ошириш зарур бўлган ҳолларда ер қаъридан фойдаланиш муддатлари бир марта 3 йилга узайтирилиши мумкин.

Ушбу ҳолатда, Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан 1 ой муддатда рухсатномада белгиланган шартларнинг бажарилиши ўрганилади ва Давлат геология қўмитасига тегишли хулосани киритади.

Хулоса ижобий бўлганда, Давлат геология қўмитаси томонидан 10 кун муддатда ер қаъридан фойдаланувчига "Лицензия" ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддатини узайтириш учун тўлов суммасини жўнатади.

Ер қаъридан фойдаланувчи рухсатномада кўрсатилган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддати тугашга 10 кун қолган муддатгача Давлат геология қўмитаси томонидан кўрсатилган даромад ғазна ҳисобварағига рухсатномани узайтириш учун тўлов суммасини тўлайди.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддатини узайтириш учун тўлов охирги 1 йил ичида аукцион орқали реализация қилинган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи қийматларининг ўртача арифметик миқдорига тенг бўлиб, Давлат геология қўмитаси томонидан баённомалар таҳлили асосида ҳисоблаб чиқилади.

Давлат геология қўмитаси томонидан тўлов суммаси даромад ғазна ҳисобварағига келиб тушганда қуйидагича тақсимланади:

даромад ғазна ҳисобварағига келиб тушган маблағлар Давлат геология қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига ҳамда ер қаъри участкаси жойлашган тегишли туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари ўртасида автоматик тарзда тенг улушларда тақсимланади.

Ер қаъридан фойдаланувчига рухсатнома "Лицензия" ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали янги 3 йиллик муддатга қайта расмийлаштириб берилади.


23. Қуйидаги ҳолларда ер қаъридан фойдаланиш муддатларини узайтириш рад этилиши мумкин:

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш бўйича қўшимча ишларни амалга ошириш зарурияти бўлмаса;

ер қаъридан фойдаланувчи томонидан рухсатномада белгиланган шартлар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган бўлса;

Давлат геология қўмитаси томонидан тақдим этилган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддатини узайтириш учун тўлов суммаси ўз вақтида тўланмаса.

Бошқа сабаблар билан ер қаъридан фойдаланиш муддатларини узайтиришни рад этилишига йўл қўйилмайди.



8-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ ОЛТИН

ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШ ҚОИДАЛАРИ

ВА НОРМАЛАРИ, РУХСАТ ЭТИЛГАН УСУЛЛАРИ

ВА ВОСИТАЛАРИ, ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН

АСБОБ-УСКУНАЛАР ВА ТЕХНИКАГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


24. Ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан рухсатнома берилган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни қазиш ишлари бошланишидан олдин маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясини ёзма равишда хабардор қилиниши шарт.


25. Рухсатнома билан берилган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишда:

ер қаърини муҳофаза қилиш, табиатни муҳофаза қилиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги бўйича қоидалар ва чора-тадбирларга амал қилиш зарур;

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномага эга бўлган юридик шахслар ишчи-ходимларининг 70 фоизи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим;

сочма олтинга истиқболли ер қаъри участкалари ва конларида ер ости тоғ-кон қазилмалари йўлакларисиз ва портловчи моддалардан фойдаланмаган ҳолда зинасимон шаклда хавфсиз (йўл қўйиладиган) чуқурликкача (туб жинсларгача) фаолиятни амалга ошириш мумкин;

туб жинслар участкаларида тоғ-кон лаҳмлари тик томонларини 2 (икки) метрдан кўп бўлмаган чуқурликда ўтишга йўл қўйилади. Агар тоғ-кон лаҳмларини зинасимон шаклида ўтаётган бўлса, бу ҳолатда умумий чуқурлиги 6 (олти) метргача рухсат этилади. Бунда ҳар бир зинанинг баландлиги 2 (икки) метрдан ошмаслиги ва зинанинг эни 0,5 (ярим) метрдан кам бўлмаслиги зарур;

сувли ҳудудларда, шу жумладан, дарё қирғоқларида ва сойлар ўзанларида олтин қазиб олиш ҳудудида ковиш сиғими (ҳажми) 2 кубгача бўлган экскаваторлар ёки унинг функциясини бажарадиган техникадан фойдаланиш мумкин.

Ҳисобот давридан кейинги йилнинг 15 февралига қадар қимматбаҳо металлар бўйича қуйидагиларни тақдим қилишлари зарур:

Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳудудий инспекцияларга қимматбаҳо металлар захираларининг ҳаракатланиш ишлари тўғрисида йиллик ҳисобот (сочма олтин конлари бўйича);

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати)га қимматбаҳо металларни топширилган миқдори тўғрисида ҳисобот.


26. Ер қаъридан фойдаланувчилар қазиб олинган тоғ жинсларидан қимматбаҳо металларни ажратиб олишда фақат майдалаш ва гравитация усулини қўллаш, шунингдек, кичик ювиш ускуналари ва насослардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


27. Рухсатнома билан берилган ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишда ва ажратиб олишда қуйидагилар тақиқланади:

ушбу Низомнинг 24 ва 25-бандларида назарда тутилмаган усуллар, шу жумладан, ер ости тоғ-кон йўлакларини қазиш, портлатиш ишларини олиб бориш;

қазиб олинган тоғ жинсларини ажратилган ер участкаси ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ёки сотиш;

кимёвий реагентлар қўлланилган ҳолда қимматбаҳо металларни ажратиб олиш технологиясидан фойдаланиш;

ажратилган ер участкаси ҳудудида капитал қурилиш ишларини амалга ошириш;

ер қаъри участкасидан фойдаланишда амалдаги қоидалар ва норматив ҳужжатлар талабларини бузиш.



9-БОБ. ОЛТИН ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ

ОЛИНГАН ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАР НАРХИНИ

БЕЛГИЛАШ, УЛАРНИ ХАРИД ҚИЛИШ, ҲИСОБИНИ

ЮРИТИШ, САҚЛАШ ВА РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


1-§. Қимматбаҳо металларни сотиб

олувчи қабул кассалари


28. Ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан белгиланган тартибда ажратиб олинган қимматбаҳо металлар қабул кассаларига, шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ҳақида хабарномага эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда реализация қилинади.


29. Қабул кассаси олтинни қайта ишлаш корхоналари билан шартнома асосида ер қаъридан фойдаланувчилардан таркибида олтин бўлган хомашёни (шлих, концентрат) қабул қилувчи пункт ҳисобланади.


30. Қабул кассалари ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан республика ҳудудида қазиб олинган таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашёни қабул қилиш, сақланишини таъминлаш ва қайта ишлашга жўнатиш мақсадида тузилади.


31. Қабул кассалари қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ҳақида хабарномага эга ташкилотлар томонидан тузилиши мумкин.


32. Қабул кассалари таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашёларни қайта ишлаш ва аффинажга юборишга мажбур.


33. Ер қаъридан фойдаланувчилар қазиб қўлга киритган қимматбаҳо металлар аралашмасининг барчасини, жумладан, соф ҳолда топилганларини ҳам қабул кассаларига топширишга мажбур.


34. Қабул кассалари ер қаъридан фойдаланувчидан таркибида қимматбаҳо металл бўлган хомашёларни қабул далолатномасини расмийлаштирган ҳолда воситачилик асосида қабул қилади.



2-§. Қабул кассаларида қимматбаҳо

металларни сақлашни таъминлаш


35. Қимматбаҳо металлар ва уларнинг концентратларини сақлаш жойларида ўрнатилган сейфларда, яъни махсус жиҳозланган қабул кассаларида, мустаҳкам деворли, бетон полли, деразасиз, металлдан ясалган ёки темир билан қопланган махсус ички қулфли эшикли хоналарда амалга оширилиши керак.


36. Қабул кассаларига кириш эшиги махсус қулф билан жиҳозланган ҳамда сақлаш жойларининг эшикларидаги илгакларни ва муҳрларнинг ҳолатини кўздан кечириш имкони бўлган кўриш дарчасига эга бўлиши керак. Қабул кассаларининг эшигига киришгача ва ундан кейин пўлат симдан тайёрланган панжарали эшиклар ўрнатилади.


37. Қабул кассаларида иш столи, тушган ва жўнатиладиган металлни ўлчаш учун тарози, металл идиши ва асбобларни, бошқа ускуналарни сақлаш шкафлари ўрнатилади.


38. Қабул кассалари телефон алоқаси, камида икки поғонали қўриқлов ва ёнғин-қўриқлаш сигнализациялари ҳамда туну-кун қуролланган қўриқлов пости билан таъминланади.


39. Қабул кассаларининг деразалари металл панжаралардан иборат бўлиши керак. Қабул кассаларининг хонаси ҳамда унинг пости симсиз, ишончли ишлайдиган, бинодан ташқарига, масъул шахсларнинг доимий туну кун навбатчилик жойларига чиқарилган сигнализация билан таъминланади, масалан: милиция бўлими, идоравий ҳарбий қўриқловнинг соқчи жойи, муассаса коммутатори.


40. Алоҳида ҳолларда қимматбаҳо металларни (концентратларни) сақлаш учун сейф ўрнига ички махсус қулфлар билан жиҳозланган металл шкафларнинг ишлатилишига вақтинча йўл қўйилади.


41. Иш куни тамом бўлгандан сўнг сейфлар, қимматбаҳо металларни сақлаш жойи ҳамда қабул кассалари ёпилади, муҳрланади ва қўриқлаш учун топширилади. Хоналарни қабул қилиш ва топшириш, режимли хоналарни қўриқлаш учун қабул қилиш ва топшириш журналида расмийлаштирилади.


42. Қабул кассасига кириш учун рухсат фақат чегараланган доирадаги, рўйхати муассаса раҳбари ёки унинг режим ва қўриқлаш бўйича ўринбосари томонидан аниқланувчи шахсларга берилади. Қабул кассаси хоналарига кириш учун рухсат берилган шахсларнинг рўйхати ушбу объектнинг туну кун ишлайдиган қуролланган қўриқлаш постида бўлиши керак.


43. Таркибида қимматбаҳо металл бўлган хомашёни қабул кассаларига етказиш ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан амалга оширилади.



3-§. Қимматбаҳо металларни нархлаш,

ҳисоблаш ва сотиб олиш тартиби


44. Қимматбаҳо металларнинг хомашёдаги нархи шартнома асосида ер қаъридан фойдаланувчилар ва қабул кассалари томонидан хомашёни қабул кассасига топшириш пайтида белгиланади.

Бунда, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган қайта ишланган масса, таҳлил натижаларига кўра қимматбаҳо металлни тайёр кўринишгача ажратиб олишни ҳисобга олган ҳолда оғирлик ҳисоб-китоби тузилади.


45. Таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашё нархини ҳисоблашда қуйидаги формула қўлланади:

Хомашё нархи қимматбаҳо металларнинг миқдори, ажратиб олиш коэффициенти ва қимматбаҳо металларнинг халқаро бозорлардаги нархи - қайта ишлаш харажатларини кўпайтириш орқали аниқланади:

Бунда, қимматбаҳо металлар миқдори - оғирлик ҳисоб-китобига кўра;

ажратиб олиш коэффициенти - хомашёга кўра қайта ишлаш корхоналарида тасдиқланган металларни ажратиб олиш меъёрларига мувофиқ аниқланади;

қимматбаҳо металларнинг халқаро бозорлардаги нархи - қимматбаҳо металларнинг Лондон биржасидаги нархлардан келиб чиқиб (АҚШ долларида, эрталабки ўрнатилган фиксингда), металлни реализация қилиш (топшириш) санаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий маълумотларига кўра чет эл валютаси курси билан сўмга қайта ҳисобланган нархда аниқланади;

қайта ишлаш харажатлари (1 граммга) - зарур бўлган фойдани ҳисобга олган ҳолда қайта ишлашга кетадиган харажатлардан келиб чиқиб қабул қилинади.

Ҳар бир қабул кассасида ушбу формула ва ҳисоб-китобларнинг намуналари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилиши шарт.


46. Таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашё топширилгандан сўнг қабул кассасининг ер қаъридан фойдаланувчи билан ҳисоб-китоби шартнома асосида 10 кундан ошмаган муддатда қабул кассасининг белгиланган ички тартибига мувофиқ амалга оширилади.



4-§. Қимматбаҳо металларни қабул

қилиш тартиби ва мажбуриятлар


47. Қабул кассаларига тушадиган таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашё уни топширувчи ер қаъридан фойдаланувчининг иштирокида ўлчаб олинади. Топшириш ва қабул қилиш махсус журналда топширувчи ҳамда қабул қилувчининг имзолари асосида расмийлаштирилади.

Бунда, топшириш ва қабул қилиш махсус журналининг варақлари рақамланган, тикилган ва муҳрланган бўлиши шарт.


48. Ер қаъридан фойдаланувчилардан қабул кассаларига тушувчи таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашёлар ҳисоби раҳбарнинг буйруғи асосида муайян ижрочига юклатилади (жавобгарликни юклаш ҳамда мулкка жавобгар шахснинг тегишли мажбуриятини расмийлаштириш билан).


49. Намуналарни синаш ва кимёвий таҳлилга тайёрлаш қайта ишловчи корхоналарнинг амалдаги стандартлари, йўриқномалари ҳамда синаш усулларига мувофиқ техник назорат хизмати орқали амалга оширилади.


50. Намунани кимёвий лабораторияга етказиш техник назорат хизмати назоратчиси томонидан ҳарбий қўриқчи ҳамроҳлигида амалга оширилади.


51. Марказий таҳлил лабораторияси тасдиқланган усулга асосан барча турдаги хомашё таркибидаги қимматбаҳо металларни аниқлаш бўйича таҳлил ўтказади.


52. Таркибида олтин бўлган хомашёни синашда уч хил намуна шаклланади: бири - қайта ишлаш корхоналар таҳлили учун; иккинчиси - ер қаъридан фойдаланувчилар учун; учинчиси эса - арбитраж учун.


53. Қабул кассасининг моддий жавобгар шахси таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашёларни келгуси қайта ишлаш ва қимматбаҳо металларни ажратиб олишга юборгунга қадар барча чора-тадбирларни кўради.


54. Қабул кассалари таркибида қимматбаҳо металлар бўлган хомашёларни қабул қилиш, сарф қилиш ҳамда уларнинг қолдиқлари бўйича қатъий ҳисоб олиб бориш ва белгиланган муддатда инвентаризация ўтказишга мажбур.


55. Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ҳақида хабарномага эга бўлган юридик шахслар томонидан тузилган қабул кассаларида қимматбаҳо металларни сақлаш ва қабул қилиш тартиби ва мажбуриятлари ушбу юридик шахс томонидан ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ҳақида хабарномага эга бўлган юридик шахслар томонидан сайёр қабул кассалари ташкил этишга рухсат берилади.


56. Ушбу Низомнинг 35 - 42, 45, 50 - 54-бандларидаги қимматбаҳо металларни сақлаш, қабул қилиш тартиби ва мажбуриятлар қабул кассаларини ташкил этган ташкилотларда давлат улуши бўлган субъектларга нисбатан мажбурий ҳисобланади ва қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ҳақида хабарномага эга бўлган давлат улушига эга бўлмаган юридик шахсларга ихтиёрий равишда амал қилиш тавсия этилади.



10-БОБ. ҚИММАТБАҲО МЕТАЛЛАРНИ

ОЛТИН ИЗЛОВЧИЛАР УСУЛИДА ҚАЗИБ ОЛИШ

ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ЕР ҚАЪРИ

УЧАСТКАСИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ ЧЕКЛАШ,

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ШУНИНГДЕК,

ЕР ҚАЪРИДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ҚОНУНЧИЛИК

ҲУЖЖАТЛАРИ ТАЛАБЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИГИ


57. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида" Қонунида назарда тутилган ҳолларда чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.


58. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб қўйиш ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш юзасидан давлат назорат органлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


59. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатидан олдин бекор қилиш суд тартибида Давлат геология қўмитасининг ва бошқа давлат назорати органларининг аризалари асосида амалга оширилади.


60. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг чекланиши юзага келган хавф-хатар ёки ер қаъридан фойдаланишда йўл қўйилган талаблар ва шартлар, ишларни олиб бориш меъёрлари ва қоидалари бартараф этилишигача ишларнинг чекланишига олиб келади. Бунда чекланиш муддати 3 ойдан ошмаслиги шарт.


61. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг тўхтатилиши ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган барча турдаги ишлар тўхтатиб қўйилиши сабаблари бартараф этилгунига қадар амалга оширилиши тақиқланишига, бироқ 3 ойдан ошмайдиган муддатга тақиқланишига олиб келади, ускуналарни одамлар ва атроф муҳит учун хавфсиз сақлаб туришга оид ишлар бундан мустасно.


62. Қимматбаҳо металларни яшириш, шу жумладан, уни 6 ой ичида реализация қилмаслик, шунингдек, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш чоғида ишларни бехатар олиб бориш талабларининг бузилиши оқибатида инсонларнинг оғир тан жароҳати олиши ёки ўлимига олиб келиши ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатидан олдин бекор қилиш ва мазкур фаолият билан шуғулланишни 1 йил давомида чеклаш учун асос бўлади.


63. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи:

ер қаъридан фойдаланувчи 1 йил ичида ер қаъри участкасидан фойдаланишни бошламаган;

ер қаъридан фойдаланувчи томонидан ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг асосий шартлари бузилган;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг таъсир зонасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга хавф-хатарнинг мавжуд бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида" Қонунида назарда тутилган қоидаларга риоя қилинмаслиги;

агар йўл қўйилган қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга бўлса ёки ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига илгари чеклов ва (ёки) тўхтатиб туриш қўлланган ҳолатларда муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.


64. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тўхтатилганидан кейин фойдаланувчи ер қаъридан фойдаланиш чоғида бузилган ер участкаларини кейинчалик уларни фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш ишларини (қайта тиклаш) бажаришга киришиши шарт.



11-БОБ. ЕР ҚАЪРИДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР

ТОМОНИДАН ЕР УЧАСТКАСИНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШ (ҚАЙТА ТИКЛАШ) ВА УЛАРНИ МАҲАЛЛИЙ

ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИНИНГ

ЗАХИРА ФОНДИГА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


65. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг ер қаъридан фойдаланувчилар ўз ҳисобларидан тегишли ер участкаларини рекультивация қилиш (қайта тиклаш) йўли билан кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтиришга мажбур.


66. Ер участкаларини рекультивация қилиш (қайта тиклаш) лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимидаги "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 15 кун ичида амалга оширилади.


67. Бузилган ерларни рекультивация қилиш (қайта тиклаш) лойиҳаларида қуйидагилар назарда тутилади:

тупроқнинг ҳосилдор қатламининг кесиб олиниши ва махсус жойга жойлаштирилиши (сақланиши);

тошлоқ ва заҳарли жинсларни потенциал ҳосилдор тупроқлардан ажратиш мақсадида ер қаъри юзини очишдаги қатлам жинсларининг селектив ишланиши;

заҳарли жинслар кўмилишини таъминлайдиган ағдарилган тупроқ қатламларини шакллантириш;

ўпирилган жойларни тўлдириш;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш тугаган майдонларнинг нишабликда текисланиши;

тупроқ қатламининг текисланган юзаси қирқиш чуқурлигига тенг ёки потенциал ҳосилдорлик даражасидан кам бўлмаган миқдорда ётқизилиши;

қияликлар (ён бағирлар)ни мустаҳкамлаш бўйича махсус тадбирларни амалга ошириши;

рекультивация қилиш (қайта тиклаш)ни амалга ошириш жараёнида ва у якунлангандан сўнг ишчилар ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чоралари.


68. Бузилган ерларни рекультивация қилиш (қайта тиклаш) лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан лойиҳачи томонидан муаллифлик назорати олиб борилади.

Ер участкаларини рекультивация қилиш (қайта тиклаш) ишлари тегишли лойиҳалар билан кўзда тутилган муддатларда бажарилади. Бунда ер участкаларини рекультивация қилиш (қайта тиклаш) ишларининг муддати 3 ойдан ошмаслиги шарт.

Ердан фойдаланган юридик ёки жисмоний шахслар ҳисобидан бузилган ерларда рекультивация қилиш (қайта тиклаш) лойиҳалари асосида ишлар амалга оширилгандан сўнг ваколатли органларнинг тегишли тартибдаги қарорларига асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг захира ер фондига қайтарилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


69. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

     

    




Низомга

1-ИЛОВА



Қимматбаҳо металларни олтин

изловчилар усулида қазиб олиш учун берилаётган

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи

электрон онлайн-аукцион орқали бериш

СХЕМАСИ

     

   

Босқичлар

    


    

Субъектлар

    


   

Тадбирлар

   


   

Муддатлар

    








1-босқич

(тайёргарлик

босқичи)


Давлат геология

қўмитаси


    

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун бериладиган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлайди.

     


Ҳар йили








Давлат геология

қўмитаси


       

Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини аукционда реализация қилиш учун буюртмаларни "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонасига (операторга) тақдим этади.

      


Тайёр бўлиши

билан








Оператор


     

Аукцион ўтказилиш тўғрисидаги хабарномани ўз веб-порталида жойлаштиради.

    


Буюртма олинган кундан бошлаб








2-босқич

(аукцион ўтказиш босқичи)


Юридик ва жисмоний

шахслар


    

Аукционда иштирок этиш учун электрон шаклда ариза топширади, унда лот рақами ва ер қаъри участкаси номини кўрсатади.

     


30 кун

мобайнида








Оператор


      

Лот бўйича электрон аукцион савдолари ўтказилади.

     


1 иш куни

мобайнида








Аукцион ғолиби


Аукционда ғолиб бўлиш учун таклиф этилган суммани 100 фоиз тўлайди.


  

Сотилган объектнинг қиймати БХМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда 15 иш куни мобайнида тўлайди

    








3-босқич

(рухсатнома

бериш босқичи)


Оператор


   

Аукцион ғолиби (салоҳиятли ғолиб) томонидан сотиб олиш тўловлари тўлиқ тўлангандан сўнг аукцион ғолибига баённома расмийлаштиради ҳамда мазкур баённомани ва у томонидан имзоланган ер қаъридан фойдаланиш шартларини аукцион ғолибининг ва Давлат геология қўмитасининг шахсий кабинетига электрон шаклда юборади.

    


1 иш куни

мобайнида








Давлат геология

қўмитаси


     

Баённома асосида Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тегишли рухсатномани, ЭРИ билан имзоланган ва QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштирилган ҳолда, "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали Операторга юборади.

      


1 иш куни

мобайнида








Оператор


      

Аукцион ғолибига расмийлаштирилган рухсатномани шахсий кабинетига юборади.

    


1 иш куни

мобайнида

     

       




Низомга

2-ИЛОВА



      

   

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT

GEOLOGIYA VA MINERAL RESURSLAR QO`MITASI

    

Qimmatbaho metallarni oltin izlovchilar usulida qazib

olishda yer qa`ri uchastkasidan foydalanish huquqi uchun

RUXSATNOMA

      

SERIYASI                                                            TARTIB RAQAMI

       

Ruxsatnoma


        


ga berildi.

(ushbu ruxsatnomani olgan yuridik yoki jismoniy shaxs)


        

Ruxsatnoma qimmatbaho metallarni oltin izlovchilar usulida qazib olish faoliyatini amalga oshirish uchun yer qa`ri uchastkasidan foydalanish huquqini tasdiqlaydi.

     

Yer qa`ri uchastkasining nomi (yoki raqami)


     

Yer qa`ri uchastkasi


     


da joylashgan.

(Qoraqalpog`iston Respublikasi yoki viloyat tumani, aholi punkti nomi)


        

Ruxsatnoma berish uchun asos


     


(tegishli hujjatning turi, nomi, tartib raqami va qabul qilingan sanasi)

       

Yer qa`ri uchastkasining maydoni



(gektarda, son va so`z bilan)

        

        

Ruxsatnomaning amal qilish muddati



(kun, oy, yil)

       

Quyidagilar ruxsatnomaning ajralmas qismi hisoblanadi:

    

Yer qa`ridan foydalanish shartlari



(ilovaning tartib raqamlari, varaqalar soni)

     

Yer qa`ri uchastkasining geografik koordinatali nuqtalari


     


        

Ruxsatnoma berilgan sana ________ y. "____" ______________

       

       






   

     

QR kod

     

     


       

          

(Ruxsatnoma uning ajralmas tarkibiy qismi hisoblangan zarur ilovalar mavjud bo`lgan taqdirda haqiqiy hisoblanadi)

      

      




Низомга

3-ИЛОВА



Қимматбаҳо металларни олтин

изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини

амалга ошириш учун рухсатнома

ПАСПОРТИ

     

1.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг номи:


Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома


2.

Амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар):


Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш


3.

Ариза берувчилар тоифаси:

Ўзбекистон Республикаси резидентлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга жисмоний шахслар ҳамда устав капитали (жамғармаси)да Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахснинг улуши 70 ва ундан ортиқ фоизга эга бўлган юридик шахслар.


4.

Рухсат этиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган:


Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси

5.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:


Аукцион савдолари натижалари бўйича баённома асосида рухсатнома берилади

6.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:


Йиғим ундирилмайди

7.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим миқдори:


Йиғим ундирилмайди

8.

Аризани кўриб чиқиш муддати:


3 кун

9.

Рухсат этишга оид талаб ва шартлар :

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишнинг рухсат этилган усуллари ва воситалари, шунингдек, фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, механизмлар ва техникага қўйиладиган талаблар;

қазиб олинган қимматбаҳо металларга эгалик қилиш ҳуқуқи;

ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин бўлган шартлар;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг ер қаъридан фойдаланувчилар зиммасига ер қаъри участкаларини рекультивация қилиш ва уларни кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш.


10.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришда келишиладиган органлар:


Мавжуд эмас

11.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати:


3 йил

12.

Изоҳ:

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ишончли, аниқ контурлари ва чегаралари кўрсатилган ер қаъри участкалари ва майдонлари, шу жумладан, ўлчамлари 5 гектаргача бўлган сочма олтин конлари берилади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномаларга фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга жисмоний шахслар ҳамда устав капитали (жамғармаси)да Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган жисмоний шахснинг улуши 70 ва ундан ортиқ фоизга эга бўлган юридик шахслар талабгор бўлиши мумкин.

Бунда битта талабгорга рухсатнома асосида берилган ер қаъри участкаларининг умумий майдони йил давомида 20 гектардан ошмаслиги лозим.

Рухсатномани ёки ер қаъри участкасидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсга бериш (топшириш), шунингдек, битта ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига рухсатномани бир неча шахсга беришга йўл қўйилмайди.






Низомга

4-ИЛОВА



"Лицензия" ахборот тизими орқали

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар

усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш

учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига

оид рухсатномани қайта расмийлаштириш учун

АРИЗА

      

1.1. Давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ тўлиқ номи:

(юридик шахслар учун)


1.2. Ф.И.О.

(жисмоний шахслар учун)



2. Манзили, телефон рақами, электрон почтаси:



3. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномани қайта расмийлаштириш сабаблари:



4. Аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробар миқдоридаги тўлов.



     

      

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 март