Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.05.2022 й. 234-сон "Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.05.2022 й.

N 234




ГЕМАТОЛОГИЯ, ОНКОЛОГИЯ, КЛИНИК

ИММУНОЛОГИЯ, БОШҚА СТАЦИОНАР ВА УЗОҚ

МУДДАТЛИ АМБУЛАТОР ДАВОЛАНИШДА БЎЛГАН

БОЛАЛАР УЧУН МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ

ҲАМДА УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ БЕРИШ ТИЗИМИНИ

ЖОРИЙ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга узлуксиз таълим-тарбия беришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида (кейинги ўринларда - Марказ) даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш мақсадида "Меҳрли мактаб" лойиҳасини амалга ошириш;

Марказда даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш жараёнларини самарали ташкил этиш учун "Меҳрли мактаб" давлат таълим муассасасини (кейинги ўринларда - Меҳрли мактаб) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Белгилансинки:

Меҳрли мактаб юридик шахс мақомига эга бўлиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилади;

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Меҳрли мактабнинг штатлар жадвалига амалдаги ходимлар штатлари доирасида ўзгартириш киритиш ваколати берилади;

Меҳрли мактаб ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда мактабнинг фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар (тиббиёт муассасалари томонидан қопланадиган харажатлардан ташқари) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;

Меҳрли мактаб томонидан даволанаётганлар учун таълим жараёнини ташкил этишда тиббиёт муассасаларида фойдаланиладиган хоналарни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар (коммунал, жорий таъмирлаш, қўриқлаш, тозалаш ва бошқалар) Соғлиқни сақлаш вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;

Меҳрли мактаб ходимлари меҳнатининг алоҳида шароитлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча ҳар ойлик 100 фоиз, Мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланaди.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга мактабгача ва умумий ўрта таълим беришни ташкил этиш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Меҳрли мактаб фаолиятининг мақсад ва вазифалари;

Меҳрли мактабнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Меҳрли мактабда мактабгача таълим ва тарбия жараёнини ташкил этиш;

Меҳрли мактабда умумий ўрта таълим жараёнини ташкил этиш;

Меҳрли мактабнинг таълим жараёни иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш;

Меҳрли мактабни молиялаштириш.


4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

жорий йил учун талаб этиладиган зарур маблағларнинг Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан қўшимча равишда ажратилишини таъминласин;

2023 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун республика бюджетидан ажратилган харажатларда ушбу қарор ижроси учун зарур маблағларни назарда тутсин.

5. Марказнинг моддий-техника таъминоти учун давлат харидлари тўғрисидаги шартномалар, шу жумладан ушбу қарор эълон қилинган санадан олдин тузилган шартномалар, капитал қўйилмалар бўйича шартномалар эканлиги эътиборга олинсин.


6. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Меҳрли мактабнинг устави тасдиқланиши, шунингдек, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

Меҳрли мактаб фаолиятини самарали ташкил қилинишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Меҳрли мактаб Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Арнасой кўчаси, 17-А-уй манзилида жойлашган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ш. Иноятов зиммаларига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 май