Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.05.2022 й. 232-сон "Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.05.2022 й.

N 232




ТОШКЕНТ ШАҲАР БОЛАЛАР КЎП

ТАРМОҚЛИ ТИББИЁТ МАРКАЗИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда илк маротаба 2022 йил 18 март куни ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан янги форматдаги "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" мавзусидаги "очиқ мулоқоти" доирасида кўтарилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда Тошкент шаҳарда болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳар 4-сон болалар клиник шифохонаси ва 3-сон юқумли касалликлар клиник шифохоналарини қўшиб юбориш орқали, 300 ўринга мўлжалланган бюджетдан молиялаштириладиган давлат муассасаси шаклидаги Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини (кейинги ўринларда - Марказ) қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 42-а уй манзилида жойлашган Республика ихтисослаштирилган гемотология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт марказининг собиқ бино-иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга Марказга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиб берилсин.


2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

болаларни текшириш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив ёрдам кўрсатиш;

болаларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга мувофиқ юқори малакали ихтисослаштирилган стационар ёрдам кўрсатиш;

туман тиббиёт бирлашмалари мутахассисларига консультатив ва ташкилий-методик ёрдам кўрсатиш;

Тошкент шаҳар даволаш-профилактика муассасалари амалиётига замонавий тиббий технологияларни ва бошқаришнинг иқтисодий методларини жорий этиш;

тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда қатнашиш;

тиббиёт муассасаларида даволаш-профилактика жараёни сифатини экспертизадан ўтказиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда Марказнинг Низоми ва бошқа таъсис ҳужжатлари тасдиқланишини таъминласин.

Бунда, Марказ фаолиятига Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги 48-сон қарорига 2 ва 2а иловалари қоидалари татбиқ этилади.


4. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда Марказнинг буюртманомаси бўйича уни белгиланган тартибда тегишли алоқа турлари билан таъминласин.


5. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан (тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига киритилмаган) олинадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Белгилансинки:

а) Марказ Тошкент шаҳар 4-сон болалар клиник ва 3-сон юқумли касалликлар шифохоналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

б) Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси, Қушбеги мавзеси 26-уйда жойлашган Тошкент шаҳар 3-сон юқумли касалликлар клиник шифохонасининг бино-иншоатлари тегишли ҳудуди билан бирга Тошкент давлат стоматология институтига;

Тошкент шаҳар, Шайхонтохур тумани Марказ-27, Боғ кўчаси 20-уйда жойлашган Тошкент шаҳар 4-сон болалар клиник шифохонасининг бино-иншоатлари тегишли ҳудуди билан бирга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2022 йил якунигача:

марказ бино ва иншоатларида белгиланган тартибда қурилиш ва таъмирлаш ишларини ўтказиш орқали мослаштириш;

марказни унинг фаолиятини ташкил этиш учун зарур тиббий техника ва жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

Бунда:

бино-иншоатларда (кейинги ўринларда - объект) амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари тенг улушларда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

тиббий техника ва жиҳозлар билан таъминлаш Тошкент шаҳар ҳокимлигининг асосланган талабномасига ҳамда белгиланган ставка бўйича қайтариш шарти билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратиладиган бюджет ссудаси ҳисобидан молиялаштирилади.


8. Молия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 11 ноябрдаги ПҚ-6-сон қарорига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабномаларига мувофиқ Марказга замонавий тиббий ускуналар харид қилиш ҳамда улардаги мутахассисларнинг етакчи хорижий тиббий муассасаларда малакасини ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан миллий валютада йиллик 2 фоиз ставкада кредит маблағлари ажратиш чораларини кўрсин.


9. Объект бўйича, истисно тариқасида:

а) қуйидагилар:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилот қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

Бунда, бош пудрат ташкилотини қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида камида "В" рейтинг баҳосига эга бўлган пудрат ташкилотлари орасидан аниқланади;

б) буюртмачи, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотларига:

асосланган ҳисоб-китобларга кўра қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун 30 фоиз аванс тўловлари ҳамда зарур қурилиш материалларини харид қилиш учун 50 фоиз олдиндан маблағ ажратишга;

в) салоҳиятли ишлаб чиқарувчиларни (етказиб берувчилар) энг яхши таклифлар танлови асосида аниқлаш йўли билан тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозларни харид қилиш бўйича шартномаларни "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда комплекс экспертизадан ўтказган ҳамда контракт тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот порталига жойлаштирган ҳолда харид қилишга рухсат берилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 май