Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.07.2022 й. 367-сон "Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.07.2022 й.

N 367




ЧОРВАЧИЛИК, ПАРРАНДАЧИЛИК

ВА БАЛИҚЧИЛИК ХЎЖАЛИКЛАРИГА

УЛАР ТОМОНИДАН ЕТИШТИРИЛГАН ВА

СОТИЛГАН МАҲСУЛОТЛАР УЧУН СУБСИДИЯ

АЖРАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА

ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


(Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа

базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"

2022 йил 8 февралдаги ПҚ-121-сон қарори)



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 8 февралдаги ПҚ-121-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 июлдаги 434-сон қарори билан тасдиқланган Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4. Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган субсидия олувчиларга республика бюджетидан қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

паррандачилик хўжаликларига - ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 2022 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар 2 500 сўм (бунда субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади), 2024 йил 1 январдан 1 000 сўм;

чорвачилик хўжаликларига - ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар 4 000 сўм ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 400 сўм. Бунда субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади;

балиқчилик хўжаликларига - интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида".


2. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 июль