Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.08.2022 й. 460-сон "Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллашни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.08.2022 й.

N 460




ЭКСПОРТБОП ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЕТИШТИРИШДА

БИОЛОГИК ҲИМОЯ УСУЛИНИ ҚЎЛЛАШНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида" 2021 йил 15 июлдаги ПҚ-5185-сон қарорини ижро этиш, шунингдек, Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллашни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида" 2021 йил 15 июлдаги ПҚ-5185-сон қарорида экин майдони тупроғи таркибидаги заҳарли кимёвий моддалар (пестицид) таҳлили натижасига кўра экспортбоп маҳсулотларни етиштиришда биологик ёки алмашлаб экиш усулини қўллашни рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманларда (Қувасой шаҳарда) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллашнинг манзилли рўйхатини шакллантириш тартиби;

талабгорларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллаш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби;

қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда биологик ҳимоя усули қўлланилган майдонлар учун биологик хусусиятга эга бўлган маҳсулотлар мақомининг устунлигини белгилаш мақсадида ҳар бир экин турини ҳисобга олган ҳолда ҳосил йили якуни бўйича бир маротаба субсидия ажратиш тартиби;

қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши бир гектарга сарфланадиган биологик ҳимоя воситалари (маҳсулот) миқдорини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаш ва маҳсулот етиштириш бўйича намунавий технологик карта асосида белгилаш тартиби.


3. Белгилансинки:

а) туманлар (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи:

талабгорга тегишли ер участкасида келгуси йилда экилиши режалаштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларини жойига чиқиб ўрганади ва биологик ҳимоя усули қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари турлари ва уларнинг майдонини таҳлил қилади;

талабгорларни экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллаш бўйича туман манзилли рўйхатига киритиш бўйича хулосалар тайёрлайди;

ҳар йили 5 июнга қадар туманда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллаш бўйича туман манзилли рўйхатини шакллантиради;

шакллантирилган туман манзилли рўйхатини ҳар йили 15 июнга қадар тасдиқланиши ва 20 июнга қадар ҳудудий ишчи гуруҳига тақдим қилинишини таъминлайди;

б) Ҳудудий ишчи гуруҳи (Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси):

туман манзилли рўйхатига киритилган талабгорларнинг ер участкалари, экилиши режалаштирилган қишлоқ хўжалиги экин турлари ва майдонларини таҳлил қилади;

ҳар йили 1 июлга қадар келгуси йилда ҳудудда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллаш бўйича ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради;

шакллантирилган ҳудудий манзилли рўйхатни тасдиқланиши ва ҳар йили 5 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим қилинишини ташкил этади;

в) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

биологик ҳимоя усулини қўллашнинг ҳудудий манзилли рўйхатларни ҳар йили 20 июлга қадар умумлаштиради, умумий манзилли рўйхатни Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан 25 июлга қадар тасдиқланади;

қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш учун республика ҳудудида қўллашга рухсат этилган биологик воситалар рўйхатини ҳар йили 1 февралга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтига жойлаштиради;

қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашишда биологик ҳимоя усулини қўллаш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича маблағлар ажратилишини таъминлаш;

г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашиш учун биологик ҳимоя воситаларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплашга ажратилган маблағларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиб бериш учун масъул ҳисобланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллаш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплашга ажратиладиган субсидияни белгиланган муддатларда талабгорларнинг банкдаги асосий ҳисобварағига ўтказиб берсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда биологик ҳимоя усулини қўллаш манзилли дастурига мувофиқ биологик ҳимоя усулини қўллаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга зарур маблағларни назарда тутсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 август