Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.09.2022 г. 509-сон "Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларга уларнинг уй шароитида даволаниши учун зарур бўлган реабилитация техник воситалари билан таъминлаш ҳамда уларга мазкур воситаларни текин ижарага бериш тизими асосида фойдаланиш учун бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.09.2022 й.

N 509




СПИНАЛ МУШАК АТРОФИЯСИ

ТАШХИСИ ҚЎЙИЛГАН БОЛАЛАРГА

УЛАРНИНГ УЙ ШАРОИТИДА ДАВОЛАНИШИ

УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН РЕАБИЛИТАЦИЯ ТЕХНИК

ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ҲАМДА УЛАРГА

МАЗКУР ВОСИТАЛАРНИ ТЕКИН ИЖАРАГА БЕРИШ

ТИЗИМИ АСОСИДА ФОЙДАЛАНИШ УЧУН БЕРИШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 25 апрелдаги ПҚ-217-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 25 апрелдаги ПҚ-217-сон қарорининг:

1-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болалар давлат томонидан тиббий-ижтимоий ёрдам доирасида патогенетик дорилар, тиббий ва ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситалари билан кафолатли таъминланиши;

2-бандининг "а" кичик банди иккинчи хатбошисига мувофиқ спинал мушак атрофияси клиник аломатларига эга бўлган болалар, уларнинг клиник ташхислари, клиник ташхиснинг молекуляр-генетик усуллар билан тасдиқланган хулосалари, оила аъзоларининг ген ташувчилиги тасдиқланганлар ҳамда ушбу касаллик билан туғилишнинг олдини олишга қаратилган чоралар бўйича электрон маълумотлар базаси юритилиши;

6-бандининг биринчи хатбошисига мувофиқ спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни даволаш учун маблағларни жамлаш, шу жумладан, хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида юридик шахс бўлмаган Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилганлиги;

9-бандининг учинчи хатбошисига мувофиқ спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган уй шароитида даволанаётган бемор болаларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш ва мазкур воситаларни текин ижарага бериш тизимини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларга уларнинг уй шароитида даволаниши учун зарур бўлган реабилитация техник воситалари билан таъминлаш ҳамда уларга мазкур воситаларни текин ижарага бериш тизими асосида фойдаланиш учун бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари томонидан Педиатрик тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари билан биргаликда реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтож бемор болалар рўйхатини мунтазам равишда шакллантириб бориш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари томонидан ҳар икки йилда бир марта 5 декабрга қадар болаларни реабилитация қилишнинг техник воситалари ўртача нархини шакллантириш ва тегишли ҳудудий молия органлари билан келишган ҳолда 15 декабрга қадар тасдиқлаш тартиби;

бемор болалар рўйхатини туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари томонидан ҳар йили 1 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаларига тақдим этиш тартиби;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари томонидан ҳар йили 30 декабрга қадар бемор болалар рўйхатини умумлаштирган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларига йиллик зарур маблағларни ажратиш бўйича буюртманома бериш;

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари томонидан ҳар йили келгуси йилнинг 1 апрелига қадар буюртманома асосида маблағ ажратиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари томонидан бемор болаларни реабилитация қилишнинг техник воситалари билан текин ижарага бериш тизими асосида таъминлаш тартиби;

бемор болаларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан реабилитация қилишнинг техник воситаларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаларига қайтариш тартиби.


3. Белгилансинки:

2022 йил 15 октябрга қадар жорий йилда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган болаларга уларнинг уй шароитида даволаниши учун зарур, шу жумладан, текин ижарага бериш тизими асосида фойдаланиш учун бериладиган реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш учун зарур маблағлар Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Жамғарма ҳисобидан ажратилади;

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш бўйича буюртмачи ҳисобланади;

2022 йилдан бошлаб реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш учун зарур бўлган маблағлар мазкур қарорга иловага мувофиқ тасдиқланган Низом талаблари асосида ажратилади;

реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиниши "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.


4. Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси реабилитация қилишнинг техник воситаларини харид қилиш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилсин.


5. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарорнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятини аҳоли ҳамда ижрочилар ўртасида тушунтиришга қаратилган ўқув-семинарларни ташкил қилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 сентябрь