Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун давлат хизматлари марказлари орқали аризалар қабул қилиш тартиби тўғрисида Вақтинчалик маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 28.09.2022 й. 540-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 28 сентябрдаги

540-сон қарорига

1-ИЛОВА



Никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни

қайд этиш учун давлат хизматлари марказлари

орқали аризалар қабул қилиш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

          

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

          

1. Ушбу Регламент фуқаролардан никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича аризаларни давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - Марказ) орқали қабул қилиш ва туман (шаҳар) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ва никоҳ уйларида (кейинги ўринларда - ФҲДЁ органи) далолатнома ёзувларини қайд қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламентнинг амал қилиши озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахслар билан никоҳни қайд этишда татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Регламент фақат Сирдарё вилояти ҳудудида 2023 йил 1 июлга қадар амал қилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


4. Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида Марказ орқали мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач уларнинг сўровномасида кўрсатилган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

Бунда, никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар Марказга ўзлари келиб мурожаат этади ва Марказ ходими никоҳланувчи шахслар номидан ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.

Белгиланган намунадаги сўровнома никоҳланувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (фуқаролик паспорти, хорижга чиқиш паспорти, идентификацияловчи ID-карта, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки ҳарбий билети) асосида тўлдирилади ва барча саволларга аниқ ва тўлиқ жавоблар берилиши керак.

Сўровномада никоҳланувчи шахслар томонидан никоҳни қайд этиш жойи ва тартиби (ФҲДЁ органи биносида, жумладан тантанали равишда ёки жойига борган ҳолда қайд қилиш) кўрсатилади. Никоҳланувчи шахслар сўровнома берилган вақтдан бошлаб бир ой давомида, бироқ никоҳни қайд этиш белгиланган кундан камида 2 кун олдин Марказга келган ҳолда никоҳни қайд этиш тартибига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.

Давлат хизматини кўрсатиш ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


5. Марказ орқали мурожаат қилинган пайтда тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ўқув машғулотларини ўтказиш учун йўлланмалар Марказ ходими томонидан берилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мустасно бўлиб, ушбу ҳолларда эллик ёшгача никоҳ тузувчи шахсларга фақат ОИВ-инфекцияси юзасидан мажбурий тиббий текширувдан ўтиш учун йўлланма берилади.


6. Агар бирон-бир сабаб билан никоҳ тузувчиларнинг иккаласи айни бир вақтда Марказга келиш имконияти бўлмаса, у ҳолда Марказга аризани улардан бири бериши мумкин, бу ҳолда кела олмаган шахснинг имзоси нотариал тартибда ёки ФҲДЁ органи мудири томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.


7. Никоҳга кириш ҳақидаги сўровнома сўровномалар ҳисобга олинадиган махсус электрон дафтарда қайд этилиши керак.


8. Никоҳланувчи шахслар томонидан сўровнома белгиланган тартибда имзолангандан сўнг қуйидаги тўловлар амалга оширилади:

никоҳни қайд этганлик учун - "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунда белгиланган миқдорлардаги давлат божи;

гербли гувоҳномалар берганлик учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида йиғим;

никоҳни тантанали вазиятда, шу жумладан жойига борган ҳолда қайд қилганлик учун (сўровномада кўрсатилган бўлса) белгиланган миқдорларда йиғим.

Тўловлар амалга оширилганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан ҳар қандай тўловларни қабул қилиш ёки талаб қилиш тақиқланади.


9. Агар никоҳни қайд этиш бўйича сўровнома берилган вақтдан бошлаб никоҳ қайд этилгунга қадар никоҳланувчи шахслар ёки улардан бири никоҳ тузиш фикридан қайтса, тўловларни амалга оширган тарафнинг ёзма мурожаатига асосан тўланган пул маблағлари Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб берилади.


10. ФҲДЁ органи мудири узрли сабаблар бўлганда ҳамда аризачиларнинг илтимосларига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин.

Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи - болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, тиббиёт муассасасининг келиннинг ҳомиладорлиги ёки бир тарафнинг касаллиги ҳақидаги маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги гувоҳнома ва шу каби ҳужжатлар кўрсатилади.


11. Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг ФҲДЁ органига биргаликдаги ёзма ёки оғзаки мурожаатига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.


12. ФҲДЁ органи никоҳни қайд қилишдан 15 кун олдин, яъни тиббий кўрик натижаларини қабул қилиш жараёнида қуйидагиларни амалга оширади:

никоҳланувчи шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида сўровномадаги маълумотларни ва илова қилинган ҳужжатлар тўғрилигини текширади;

никоҳланувчи шахсларга никоҳ тузиш тартиби ва шартларини, келгусида эр-хотин ва ота-она сифатида вужудга келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради ва бир-бирининг саломатликлари тўғрисида ва оилавий аҳволи тўғрисида хабардор эканликларига ишонч ҳосил қилади;

никоҳланувчи шахсларни никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни яшириш оқибатлари тўғрисида огоҳлантиради;

агар никоҳланувчи шахсларнинг оталик белгиланмаган биргаликдаги болалари бўлса, у ҳолда уларга оталикни белгилаш тартибини тушунтиради;

қонун никоҳланувчи шахслардан ҳатто биттаси илгари қайд этилган никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузилишини тақиқлаши сабабли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича никоҳланувчи шахсларнинг қонуний никоҳда туриш-турмаслигини "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали текшириб кўради.

Илгари никоҳда бўлган шахс ФҲДЁ органига аввалги никоҳи бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши керак. Бу - никоҳнинг бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома (никоҳдан ажралганлик ҳақидаги маълумотнома) ёки суд қарори, эрнинг (хотиннинг) ўлими ҳақидаги гувоҳнома (ўлим ҳақидаги маълумотнома) ва унинг вафот этган шахс билан тузилган никоҳи ҳақидаги маълумотнома ёхуд суднинг никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳақидаги қарори бўлиши мумкин.


13. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ:

лоақал биттаси қайд қилинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.


14. Никоҳланувчи шахсларнинг истакларига биноан никоҳ уларнинг қариндошлари ва танишлари иштирокида қайд этилади. Никоҳни қайд этишда никоҳланувчи шахслар томонидан белгиланган сонда гувоҳлар иштирок этиши мумкин.


15. Никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади. ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигига ҳамда ушбу текширувларнинг натижалари тўғрисида уларнинг хабардор эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 13-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Никоҳнинг ишончнома бўйича ёки вакил орқали, шунингдек тиббий текширувдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома бўлмаганда қайд этилишига йўл қўйилмайди.

ФҲДЁ органлари ходимлари никоҳни қайд этиш вақтида ўзларига маълум бўлган шифокорлик сирларидан иборат бўлган маълумотларни ошкор этганлиги учун белгиланган тартибда жавоб берадилар.


16. Никоҳланувчилардан бири бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмайдиган истисно ҳолларда никоҳ тузилганлиги шифохонада, уйда ёки бошқа тегишли жойда, никоҳланувчи иккала шахснинг иштирокида қайд қилинади. Далолатнома ёзувининг "Белгилар учун" устунида бу ҳақда тегишли белги киритилади.


17. Агар ФҲДЁ органига ушбу Регламентнинг 12-бандида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги ҳақида ариза тушган бўлса, никоҳни қайд этиш бошқа муддатга қолдирилади. Бунда аризачига белгиланган муддатда зарур далилларни тақдим этиш тавсия қилинади. ФҲДЁ органи манфаатдор шахснинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан зарур текширув ўтказиши мумкин. Никоҳни қайд этиш вақти кейинга сурилганлиги ҳақида аризачилар хабардор қилинади. Никоҳни қайд этишга тўсиқ бўлувчи қонуний ҳолатлар мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи уни қайд этишни рад қилади. Агар мазкур маълумотлар тасдиқланмаса, у ҳолда никоҳни қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади. Юқорида қайд этилган ҳолатларни текшириш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.


18. Никоҳ тузилганлигини қайд этишда никоҳланувчи шахслар ўз хоҳишларига кўра иккаласидан бирининг фамилиясини умумий фамилия сифатида танлашлари ёки ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларида қолишлари мумкин.

Никоҳланувчилар фамилияларининг қўшилиши орқали ҳосил бўлган фамилия умумий фамилия сифатида танланиши мумкин.


19. Никоҳланувчилардан бири эр ёки хотиннинг фамилиясини қабул қилса, у ҳолда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини бир ой ичида алмаштириши зарурлиги тўғрисида ФҲДЁ органи томонидан огоҳлантирилади.

Ҳарбий хизматга мажбур бўлган ёки ҳарбий хизматга чақирилувчининг никоҳи қайд этилганлиги сабабли фамилияси ўзгартирилганда, ФҲДЁ органи бу ҳақда ҳарбий хизматга мажбур бўлган ёки ҳарбий хизматга чақирилувчи рўйхатда турган туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига хабар қилади.


20. Никоҳ тузишнинг белгиланган қоидалари бузилганда, шунингдек ғаразли мақсадни кўзлаб тузилган никоҳ суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилади.

Суднинг никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида ФҲДЁ органи никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига бу ҳақда белги қўяди ва адлия бошқармасининг идоравий ФҲДЁ архивига хабарнома юборади, далолатнома ёзуви бир нусхада қайд қилинган ҳолатлар бундан мустасно.

Никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди.



3-БОБ. НИКОҲДАН АЖРАТИШ

        

         

§ 1. Вояга етмаган фарзандлари бўлмаган

эр-хотинларни уларнинг ўзаро розилигига кўра

никоҳдан ажратишни қайд этиш


21. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42 ва 218-моддаларига мувофиқ ФҲДЁ органи мулкий низолари ҳамда вояга етмаган фарзандлари (шу жумладан, фарзандликка олинганлари) бўлмаган эр-хотинлардан ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклдаги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги сўровномани Марказлар орқали қабул қилади.

Никоҳдан ажратиш юзасидан мурожаат қилган эр-хотин ўзлари келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими эр-хотинлар номидан сўровномани электрон равишда тўлдиради.

Бунда, мурожаат қилган эр ёки хотин никоҳдан ажратишни қайд этадиган ФҲДЁ органини танлайди.

Марказ эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Давлат хизматини кўрсатиш ушбу Регламентнинг 4-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


22. Агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажралиш тўғрисидаги сўровномани бериш учун Марказга кела олмаса, у ҳолда эр-хотин номидан биргаликда ёзилган аризани улардан бири топшириши мумкин. Кела олмаган эр ёки хотиннинг аризадаги имзоси нотариал тартибда ёки ФҲДЁ органи мудири томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Аризада эр-хотин ажралишга ўзаро рози эканликлари, вояга етмаган болалари йўқлиги, шунингдек улардан бири никоҳдан ажратиш қайд этилиши белгиланган кунда ФҲДЁ органига кела олмаса, никоҳдан ажратишнинг унинг иштирокисиз қайд этилишига розилиги тасдиқланади.

Эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўрилганлиги ҳақида фуқаролар йиғини томонидан ФҲДЁ органига далолатнома тақдим этилади.


23. Эр ва хотин томонидан сўровнома белгиланган тартибда имзолангандан сўнг қуйидаги тўловлар амалга оширилади:

никоҳдан ажратишни қайд этганлик учун - "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида белгиланган миқдорлардаги давлат божи;

гербли гувоҳномалар берганлик учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида йиғим.

Эр ва хотиннинг ўзаро келишувига кўра, уларнинг биридан ёки иккаласидан белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.

Тўловлар амалга оширилганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

ФҲДЁ органлари томонидан эр-хотинлардан ҳар қандай тўловларни қабул қилиш ёки талаб қилиш тақиқланади.


24. Агар никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича сўровнома берилган вақтдан бошлаб ажрим қайд этилгунга қадар эр-хотинлар никоҳдан ажралиш фикридан қайтса, тўловларни амалга оширган тарафнинг ёзма мурожаатига асосан тўланган пул маблағлари Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб берилади.


25. Агар никоҳдан ажралишга эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлгани ҳолда умумий мулк ҳақида ёки меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр ёки хотиннинг таъминоти ҳақида низолар бўлса, у ҳолда никоҳдан ажратиш суд тартибида ҳал этилади.


26. Никоҳдан ажратишни қайд этиш эр-хотиннинг ёки улардан бирининг иштирокида никоҳдан ажратиш ҳақида сўровнома берилган кундан кейин уч ой ўтгач амалга оширилади ва собиқ эр-хотинларнинг ҳар бирига никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома берилади.


27. Эр ёки хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиши тўғрисидаги истаги никоҳдан ажратиш ҳақидаги сўровномасида кўрсатилиши керак.

Никоҳдан ажратиш қайд этилгандан сўнг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага унинг тугатилганлиги ҳақида белги қўйилади ва у аризачиларга қайтарилади.



§ 2. Эр ёки хотиндан бирининг аризаси

асосида никоҳдан ажратиш


28. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 43 ва 219-моддаларига мувофиқ эр-хотиндан бири:

суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган умумий болалари бор-йўқлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилади.

Бундай ҳолларда сўровномага қўшимча равишда қуйидагилар илова қилинади:

эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлиги тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори;

эр (хотин)нинг уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида қонуний кучга кирган суд ҳукмидан кўчирма, шунингдек судланган эр (хотин)нинг никоҳдан ажратишга ўртада умумий болалари ва мол-мулки юзасидан низолари йўқлиги тўғрисидаги розилиги.

Болалари тўғрисида, биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр(хотин)га таъминоти учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.


29. Никоҳдан ажратиш юзасидан мурожаат қилган эр ёки хотин ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими эр ёки хотин номидан ушбу Регламентнинг 5 ва 6-иловасидаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.

Бунда, мурожаат қилган эр ёки хотин никоҳдан ажратишни қайд этадиган ФҲДЁ органини танлайди.


30. Никоҳдан ажралишни хоҳловчи эр (хотин) ўз сўровномасида судланган эри (хотини)нинг жазони ўтаётган жойини ёхуд муомалага лаёқатсиз эри (хотини) васийсининг ёки бедарак йўқолган эри (хотини)нинг мол-мулкини бошқарувчининг манзилини, шунингдек никоҳдан ажратишда ўзи танлайдиган фамилияни кўрсатиши лозим.

Сўровномани қабул қилган Марказ шу куниёқ бу тўғрида жазони ижро этиш муассасасига ёхуд муомалага лаёқатсиз эр(хотин) васийсига ёки бедарак йўқолган эри (хотини)нинг мол-мулкини бошқарувчига, улар бўлмаганда эса - васийлик ва ҳомийлик органига хабарнома жўнатади.

Хабарномада болалар тўғрисида, эр (хотин)нинг умумий мулкида бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низонинг ёхуд меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр (хотин) таъминоти учун маблағлар тўлаш ҳақидаги низонинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни тақдим этиш учун вақт кўрсатилган бўлиши керак.

Эр (хотин)дан бирининг сўровномаси бўйича никоҳдан ажратиш унинг иштирокида, Марказга ариза берилган кундан кейин бир ой ўтгач ФҲДЁ органида амалга оширилади.


31. Ўзаро болалари ва мулкий низолари бўлмаган ва 3 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахсларни никоҳдан ажратиш эр-хотиннинг ўзаро розилигига кўра умумий қоидалар асосида ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади.


32. Суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келганда ва суднинг тегишли ҳал қилув қарори бекор қилинганда никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризаси бўйича ФҲДЁ органи томонидан тикланиши мумкин.

Бу ҳолда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини ва унинг асосида берилган тегишли гувоҳномани бекор қилади.

Томонлардан бири янги никоҳга кирган тақдирда никоҳ тикланиши мумкин эмас.

Бу ҳолда бедарак йўқолган деб топилган шахс мурожаат қилган тақдирда никоҳдан ажралганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.



§ 3. Суд қарори билан никоҳдан ажратишни қайд этиш


33. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 47-моддасига биноан никоҳ ФҲДЁ органида никоҳдан ажратиш қайд этилган кундан бошлаб тугатилади.


34. ФҲДЁ органи суд қарори асосида эр-хотинлардан бирининг Марказ орқали берган сўровномасига (7-илова) биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва никоҳдан ажратиш тўғрисидаги гувоҳномани беради.

Бунда никоҳдан ажратишни қайд этишгача ФҲДЁ органи эр ёки хотиндан бирининг никоҳдан ажратилганлик факти расмийлаштирилганлигини "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали текширади.

Агар никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органида томонлардан бирининг аризасига кўра қайд этилган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзуви иккинчи томон тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ва никоҳдан ажратганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.

Никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этиш, никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатномадаги ёзувларга қўшимчалар киритиш ва никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш, шунингдек томонлардан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакилнинг сўровномаси бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

1998 йил 1 сентябрдан 2010 йил 15 сентябргача бўлган даврда қонуний кучга кирган суд қарорлари бўйича никоҳдан ажратишни қайд этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан йўқолган далолатнома ёзувларини тиклаш тартиби ва қоидаларига биноан амалга оширилади.


35. МДҲ мамлакати ва чет эл давлат суди томонидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарор асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳдан ажратиш (қарор қачон чиққанидан қатъи назар) агар давлатлараро битимда бошқа ҳол назарда тутилмаган бўлса, умумий тартибда ФҲДЁ органида қайд этилади.

Давлат хизматини кўрсатиш ушбу Регламентнинг 8-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

           

           




Вақтинчалик маъмурий регламентга

1-ИЛОВА






Никоҳни қайд этиш _____ йил _________ ойининг ___ кунига тайинланди.






(аризани қабул қилган ходимнинг фамилияси ва имзоси)





Никоҳ қайд этилди д/ё







_____________ йил ________________ ойи _____________________ куни






ҲДЁ органи номи)










(д/ё.ни қайд қилган ходимнинг фамилияси ва имзоси)





Берилган гувоҳнома







(серияси, рақами)







Олд томони

          

        

Никоҳ тузилганлигини қайд этиш ҳақида

СЎРОВНОМА

         

I.

Куёв

        

Келин

         

1. Фамилияси




2. Исми




3. Ота исми




4. Туғилган вақти ва ёши


____ йил "__" ________

"___" ёшга тўлган

   

______ йил "__" ________

"___" ёшга тўлган

          

5. Туғилган жойи (республика, вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ)




6. Миллати




7. Оилавий аҳволи (никоҳда бўлмаган, бева, ажрашган)




8. Умумий болалари ҳақида маълумот




9. Яшаш жойи (манзили тўлиқ кўрсатилсин)


20__йилдан

20__йилдан

10. Нечанчи никоҳи




11. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (серияси ва рақами)




         

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддаси билан таништирилдик.

Никоҳ тузишимизга монелик қиладиган ҳолатлар йўқ. Никоҳ тузиш тартиби ва шартлари билан танишмиз.

Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни яширганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилдик. Никоҳ қайд этилгандан сўнг қуйидаги фамилияларда бўлишни хоҳлаймиз:

         










(эр)


(хотин)



            

Никоҳга кирувчиларнинг никоҳгача бўлган фамилияси ва имзолари:

          

Куёв




           

Келин




             

______ йил "___" _________________________

                                               (ариза топширилган сана)

           





Кириш рақами






Сана







Орқа томони

         

         

II. Эллик ёшдан ошган никоҳланувчи шахсларнинг Оила кодексининг 17-моддасига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳақидаги муносабати

          

Куёв



Келин



(муносабати ва имзоси)



(муносабати ва имзоси)

         

Белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиб, унинг натижалари билан бир-биримизни таништирдик. Бир-биримизнинг соғлиғимиз ва оилавий аҳволимиз тўғрисида маълумотга эгамиз. Бизга келажакда эр-хотин ва ота-она сифатидаги ҳуқуқ ва бурчларимиз тушунтирилди. Никоҳ тузишга ўзаро розилигимизни билдириб, уни қонуний рўйхатдан ўтказишингизни сўраймиз.

          

Куёв








(никоҳгача фамилияси)



(имзоси)



           

Келин








(никоҳгача фамилияси)



(имзоси)



       

______ йил "___" __________

       

Агар никоҳланувчилар никоҳни жойига чиққан ҳолда тантанали қайд этилишини хоҳлашса, улардан бирининг бу ерга __________ имзоси қўйилсин.

          

           




Вақтинчалик маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



Никоҳ тузишни қайд этиш учун давлат

хизматлари марказлари орқали

аризалар қабул қилиш

СХЕМАСИ

        

      

Босқичлар

     


     

Субъектлар

     


      

Тадбирлар

     


      

Бажариш муддати

      








1-босқич


Никоҳланувчи

шахслар


           

Никоҳга кириш учун давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш.

         


никоҳга кириш ёшига етганидан сўнг











2-босқич


Давлат хизматлари маркази ходими


          

1. Никоҳланувчилар номидан сўровнома тўлдириш ва ФҲДЁ бўлимига юбориш.


2. Мажбурий тиббий кўрик учун йўлланма расмийлаштириш.

        


бир соат ичида











3-босқич


Никоҳланувчи

шахслар


          

Никоҳга кириш учун давлат божи, герб йиғими ва бошқа тўловларни амалга ошириш.

      


сўровнома берилган вақтда











4-босқич


ФҲДЁ органи


Никоҳланувчиларнинг никоҳини қайд қилиш ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома бериш.


        

Бир ойлик муддатдан сўнг (ушбу муддатни белгиланган тартибда қисқартириш бундан мустасно)

       




          

           




Вақтинчалик маъмурий регламентга

3-ИЛОВА






Никоҳдан ажралишни қайд этиш ______ йил ______ ойи ____ кунига тайинланди.







(аризани қабул қилган ходимнинг фамилияси ва имзоси)





Никоҳдан ажралганлик қайд этилди д/ё






        

_______________ йил ________________ ойи _________________________ куни





          

Берилган гувоҳнома







(серия, рақами)












(серия, рақами)










ҲДЁ органи номи)










(д/ё ни қайд этган ФҲДЁ органи ходимининг фамилияси ва имзоси)

           

          

Никоҳдан ажралишни қайд этиш ҳақида

СЎРОВНОМА

         

Бизнинг мулкий низоларимиз ҳамда вояга етмаган фарзандларимиз йўқ ва ўзаро розилигимизга кўра Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42 ва 218-моддаларига мувофиқ никоҳдан ажралишни қайд этишингизни сўраймиз. Никоҳдан ажралиш шартлари ва тартиби билан танишдик ҳамда ёлғон маълумотлар берганлигимиз учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилдик. Ўзимиз ҳақимизда қуйидагиларни баён қиламиз.

           

Маълумотлар

        

Эр

        

Хотин

        

1. Фамилияси




2. Исми




3. Ота исми




4. Туғилган вақти




5.Миллати




6. Доимий яшаш жойи (республика, вилоят, туман (шаҳар), кўча)




7. Нечанчи никоҳи




8. Ажратилаётган никоҳ ҳақида (д/ё рақами ва санаси, қайд этган ФҲДЁ органи)




9. Ажралгандан сўнг фамилияси




10. Ажралишнинг сабаби




11. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (серия ва рақами)




          

        

Эр



Хотин




(фамилия ва имзо)



(фамилия ва имзо)









_______ йил "___" ____________

          

          




Вақтинчалик маъмурий регламентга

4-ИЛОВА



Ўзаро розилик асосида никоҳдан ажратишни

қайд этиш учун давлат хизматлари марказлари

орқали аризалар қабул қилиш

СХЕМАСИ

          

       

Босқичлар

       


       

Субъектлар

       


       

Тадбирлар

      


       

Бажариш муддати

        








1-босқич


Эр-хотинлар


         

Никоҳдан ажратиш учун давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш.

       


исталган вақтда











2-босқич


Давлат хизматлари маркази ходими


        

1. Эр-хотин номидан сўровнома тўлдириш ва ФҲДЁ бўлимига юбориш.


2. Эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясига хабар бериш.



        

мурожаат

қилинган вақтда


сўровнома

берилган вақтда











3-босқич


Эр ёки хотин


        

Никоҳдан ажратиш учун давлат божи, герб йиғими ва бошқа тўловларни амалга ошириш.

        


сўровнома берилган вақтда











4-босқич


ФҲДЁ органи


         

Никоҳдан ажратишни қайд этиш ва никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома бериш.

        


уч ой муддатдан сўнг




          

           




Вақтинчалик маъмурий регламентга

5-ИЛОВА








га




ҲДЁ органи номи)










(ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми)










(яшаш манзили)










(паспорт серияси, рақами, қачон, ким томонидан берилган)


           

          

СЎРОВНОМА

          


судининг менинг эрим (хотиним)


ни



(фамилияси, исми, отасининг исми)


           

муомалага лаёқатсиз (бедарак йўқолган) деб топиш ҳақидаги ______ йил _________________ даги _______ қарорига асосан никоҳдан ажралишимизни қайд этишингизни сўрайман.

        

Муомалага лаёқатсиз (бедарак йўқолган) деб топилган хотинимга (эримга)


         


да яшовчи

(яшаш манзили тўлиқ кўрсатилсин)


           

фуқаро


васий (мол-мулк бошқарувчиси) этиб тайинланган.


(фамилия, исм ва ота исми)


         

Унга никоҳдан ажралиш истагимни хабар қилишингизни ва розилик билдирса, никоҳдан ажралишни қайд қилишингизни сўрайман.

Никоҳдан ажралгандан сўнг, қуйидаги фамилияда бўлишни хоҳлайман:

          

Эр (хотин):


          

Илова: ______________________ судининг қонуний кучга кирган қарори ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома.

          




__________ имзо


__________ йил "_____" ____________________





Никоҳдан ажралишни қайд этиш ______ йил _______ ойи ______ кунига тайинланди.




_________________________________________________________________________________

(аризани қабул қилган ФҲДЁ органи ходимининг фамилияси ва имзоси)

        

Никоҳдан ажралганлик _______ йил _________ ойи ____ кунида ______ -сон далолатнома ёзуви билан қайд этилди ва ____________________ гувоҳнома берилди.

          (серия, рақами)

           

           




Вақтинчалик маъмурий регламентга

6-ИЛОВА








га




ҲДЁ органи номи)










(ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми)










(яшаш манзили)










(паспорт серияси ва рақами)


         

         

СЎРОВНОМА

           

Менинг эрим (хотиним)



(фамилияси, исми, отасининг исми)

        

______________________________________ судининг _______ йил "___" __________________ даги ҳукмига асосан _______ йилга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирги кунда _________________________________ __________________________________________________ да жазони ўтамоқда.

                 (жазони ижро этиш муассасасининг аниқ манзилгоҳи)

            

Никоҳдан ажралгандан сўнг, қуйидаги фамилияда бўлишни хоҳлайман:

          

Эр (хотин):


          

Илова: ______________________ судининг қонуний кучга кирган ҳукми.

          




__________ имзо


__________ йил "_____" ____________________




Никоҳдан ажралишни қайд этиш ______ йил _______ ойи ______ кунига тайинланди.




_________________________________________________________________________________

(аризани қабул қилган ходимининг фамилияси ва имзоси)

        

Никоҳдан ажралганлик _______ йил _________ ойи ____ кунида ______ -сон далолатнома ёзуви билан қайд этилди ва ____________________ гувоҳнома берилди.

          (серия, рақами)

           

           




Вақтинчалик маъмурий регламентга

7-ИЛОВА








га




ҲДЁ органи номи)










(ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми)










(яшаш манзили)










(паспорт серияси ва рақами)


            

          

Никоҳдан ажралишни қайд этиш тўғрисида

СЎРОВНОМА

(суднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги қарорига асосан)

       

__________________________________ судининг __________ йил ____________ ойи _______ кунидаги _______-сонли қарорига асосан ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 119-120-бандларига мувофиқ никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этишингизни сўрайман.

Никоҳдан ажралгандан сўнг, қуйидаги фамилияда бўлишни хоҳлайман:

          

Эр (хотин):


          

Илова: ______________________ судининг қонуний кучга кирган қарори.

          



__________ имзо


__________ йил "_____" ____________________

            

          




Вақтинчалик маъмурий регламентга

8-ИЛОВА



Суд қарорига асосан никоҳдан ажратишни

қайд этиш учун давлат хизматлари марказлари

орқали аризалар қабул қилиш

СХЕМАСИ

         

       

Босқичлар

    


      

Субъектлар

     


       

Тадбирлар

     


      

Бажариш муддати

     








1-босқич


Эр ёки хотин


        

Никоҳдан ажратиш учун давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш.

           


суднинг қарори қонуний

кучга киргандан сўнг











2-босқич


Давлат хизматлари маркази ходими


        

Эр-хотин номидан сўровнома тўлдириб, сўровнома ва суд қарорини ФҲДЁ бўлимига юбориш.

         


мурожаат қилинган вақтда











3-босқич


Эр ёки хотин


         

Никоҳдан ажратиш учун давлат божи, герб йиғими ва бошқа тўловларни амалга ошириш.

       


сўровнома берилган вақтда











4-босқич


ФҲДЁ органи


         

Никоҳдан ажратишни қайд этиш ва никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома бериш.

       


бир соат давомида




           

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 29 сентябрь