Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.11.2022 й. 630-сон "Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.11.2022 й.

N 630




ИДОРАВИЙ ҲАРБИЙЛАШТИРИЛГАН

ҚЎРИҚЛАШ ҲАМДА ИДОРАВИЙ ҚОРОВУЛЛИК

БЎЛИНМАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Қўриқлаш фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Қўриқлаш фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига мувофиқ:

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг касбий тайёргарлигини амалга ошириш тартибини белгилаш;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари томонидан шахсий кўрикдан ўтказиш, ашёлар, қўл юки, багаж ва транспорт воситаларини кўздан кечириш қоидаларини белгилаш;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхатини тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ:

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари вазифалари;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларини ташкил этиш, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчилари лавозимларига номзодларга қўйиладиган талаблар;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг молиявий ва моддий-техник таъминоти;

б) Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг касбий тайёргарлигини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ:

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг касбий тайёргарлик машғулотлари бўйича вазифалари;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг касбий тайёргарлик машғулотларини режалаштириш ва ташкил этиш, шунингдек, ташкил этишга масъул шахсларга қўйиладиган талаблар;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг касбий тайёргарлик якунлари бўйича синовлар қабул қилиш тартиби;

в) Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари томонидан шахсий кўрикдан ўтказиш, ашёлар, қўл юки, багаж ва транспорт воситаларини кўздан кечириш қоидалари 3-иловага мувофиқ:

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари томонидан объект ходимлари ҳамда ташриф буюрувчиларни шахсий кўрикдан ўтказиш тартиби;

идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ва идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари томонидан ашёлар, қўл юки, багаж ва транспорт воситаларини кўздан кечириш тартиби;

ашёлар, қўл юки, багаж ва транспорт воситаларини кўздан кечириш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

махсус юклар, махсус почта ва соқчилар назорати остидаги шахсларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларни, ҳарбий хизматчилар, мерган спортчилар, овчилар, геологлар, қурол сақлаш ва ташиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахсларнинг ашёларини кўздан кечириш тартиби;

г) Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Р.М. Джураев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов

          

        




Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 ноябрдаги

630-сон қарорига

4-ИЛОВА



Идоравий ҳарбийлаштирилган

қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик

бўлинмалари ишчиларининг ва хизматчиларининг

ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган

касалликлар ва жисмоний нуқсонлар

РЎЙХАТИ

            

1.

Юқумли ва паразитар касалликлар.


2.

Нафас олиш аъзоларининг сил касаллиги.


3.

Бошқа аъзолар ва тизимларнинг сил касаллиги.


4.

Захм ва асосан жинсий йўл билан юқадиган, бошқа аниқланган касалликлар.


5.

Микозлар.


6.

Ўсмалар.


7.

Хавфли ўсмалар (лимфа, қон ҳосил қилувчи ва уларга турдош тўқималарнинг ўсмалари бундан истисно).


8.

Лимфа, қон ҳосил қилувчи ва уларга турдош тўқималарнинг хавфли ўсмалари.


9.

Хавфсиз ўсмалар (бош ва орқа мия ўсмалари бундан истисно), in situ ўсмалар.


10.

Қон, қон ҳосил қилувчи аъзоларнинг касалликлари ва иммун механизмини (тизимини) жалб қилувчи алоҳида бузилишлар.


11.

Эндокрин тизими касалликлари, озиқланиш ва моддалар алмашинувининг бузилишлари.


12.

Руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари.


13.

Органик руҳий бузилишлар.


14.

Эндоген психозлар: шизофрения, шизотипик бузилишлар, шизоаффектив, васвасали, ўткир ва ўткинчи психотик бузилишлар ва аффектив бузилишлар (кайфият бузилишлари).


15.

Симптоматик ва бошқа экзоген этиологияли руҳий бузилишлар.


16.

Стресс билан боғлиқ невротик ва соматик шаклдаги бузилишлар.


17.

Шахс бузилишлари.


18.

Руҳиятга фаол таъсир этувчи воситаларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари.


19.

Ақлий қолоқлик (заифлик).


20.

Асаб тизими касалликлари.


21.

Эпилепсия ва эпилептик тутқаноқлар.


22.

Марказий асаб тизимининг яллиғланишлари, миелинсизлантирувчи касалликлари ва уларнинг асоратлари.


23.

Кўпроқ марказий асаб тизимини зарарловчи тизимли атрофиялар, экстрапирамидал, бошқа асаб тизимининг дегенератив касалликлари, асаб-мушак синапс ва мушак касалликлари, болаларнинг церебрал фалажи, асаб тизимининг туғма аномалиялари (ривожланиш нуқсонлари), бош ва орқа мия ўсмалари.


24.

Бош ва орқа миянинг томир касалликлари.


25.

Бош ва орқа мия жароҳатланишлари ва уларнинг асоратлари. Ташқи таъсир омилларидан бўлган марказий асаб тизимининг зарарланиш асоратлари.


26.

Периферик нервлар касалликлари.


27.

Периферик нервлар жароҳати ва асоратлари.


28.

Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг хуружидан, жароҳат ва жарроҳлик йўли билан даволанишдан кейинги марказий ва периферик асаб тизимлари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


29.

Қовоқларнинг касалликлари ва шикастланиш оқибатлари.


30.

Конъюнктива, кўз ёши йўллари, кўз косасининг касалликлари, жароҳатлар ва куйиш оқибатлари.


31.

Кўз склераси, шоҳ пардаси, томирли пардаси, гавҳари, шишасимон танаси, тўр пардаси, кўриш нервининг касалликлари, жароҳатлари ва куйишлар асоратлари.


32.

Кўз тўр пардасининг кўчиши.


33.

Глаукома.


34.

Кўз мушаклари касалликлари, икки кўзнинг ҳамкорликда баробар кўриш фаолияти бузилиши.


35.

Рефракция ва аккомодациянинг бузилишлари.


36.

Кўрлик, кўриш ўткирлигининг пасайиши, ранг ажратиш аномалиялари.


37.

Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг хуружлари, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги кўриш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


38.

Қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқ касалликлари.


39.

Ташқи қулоқ (шу жумладан туғма) касалликлари.


40.

Ўрта қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқ касалликлари.


41.

Организм вестибуляр қобилиятининг бузилиши.


42.

Карлик, кар-соқовлик, эшитиш қобилиятининг пасайиши.


43.

Ўткир касаллик, сурункали касаллик хуружлари, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқ фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


44.

Қон айланиш тизими касалликлари.


45.

Ревматизм, юракнинг бошқа ревматик ва ревматик бўлмаган (шу жумладан туғма) касалликлари.


46.

Гипертония (хафақонлик) касаллиги.


47.

Юракнинг ишемик касаллиги.


48.

Аорта, периферик йирик артерия, вена ва лимфа томирлари касалликлари, ривожланишнинг туғма аномалиялари ва шикастланишлар асоратлари.


49.

Геморрой (бавосил).


50.

Нейроциркулятор астения.


51.

Ўткир касаллик, сурункали касаллик хуружи, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги қон айланиш тизими фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


52.

Нафас олиш аъзолари касалликлари.


53.

Бурун бўшлиғи, буруннинг ёндош бўшлиқлари ва ҳиқилдоқ касалликлари.


54.

Ҳиқилдоқ ва трахеянинг бўйин қисми касалликлари ва шикастланишлари.


55.

Нафас олиш аъзоларининг бошқа касалликлари (шу жумладан туғма).


56.

Бронхиал астма.


57.

Ўткир касаллик, сурункали касаллик хуружи, жароҳат, жарроҳлик амалиётидан кейинги нафас олиш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


58.

Тишларнинг ривожланиши ва чиқиш илдизидаги бузилишлар, тишнинг қаттиқ тўқималари ва юмшоқ қисми касалликлари.


59.

Периапикал тўқималар, милклар ва пародонт, сўлак безлари, оғиз бўшлиғи юмшоқ тўқималари, тилнинг (шу жумладан туғма) касалликлари.


60.

Юз-жағ аномалиялари, нуқсонлари, шакл ўзгаришлари, жароҳат асоратлари, бошқа касалликлар ва тишларнинг таянч воситаларидаги ўзгаришлар, жағларнинг касалликлари.


61.

Қизилўнгач, ичакларнинг (ўн икки бармоқли ичакдан ташқари) ва қорин парданинг (шу жумладан туғма) касалликлари.


62.

Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллиги.


63.

Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг бошқа касалликлари, жигарнинг, ўт қопининг, ўт ажратиш йўллари ва меъда ости безининг касалликлари.


64.

Чурралар.


65.

Ўткир касаллик, сурункали касалликларининг хуружлари ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


66.

Тери ва тери ости қавати сурункали, тизимли касалликлари.


67.

Тери ва тери ости қаватининг ўткир касалликлари асоратлари ва сурункали касалликларининг қайталанишидан кейин фаолиятнинг бузилиши.


68.

Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқималарнинг касалликлари.


69.

Юқумли, яллиғланиш, аутоиммун ва бошқа сабаблардан келиб чиққан артритлар ва артропатиялар, бириктирувчи тўқиманинг тизимли касалликлари.


70.

Суяклар, йирик бўғимлар, тоғайларнинг жарроҳлик касалликлари ва зарарланиши.


71.

Умуртқанинг касалликлари ва уларнинг асоратлари.


72.

Кафтнинг, бармоқларнинг шакл ўзгаришлари ва умуман йўқлиги.


73.

Яссиоёқлилик, оёқ панжасининг бошқа шакл ўзгаришлари ва бармоқлари нуқсонлари.


74.

Оёқ-қўлнинг фаолиятини ўзгартирувчи ва (ёки) хизмат кийимлар, оёқ кийимлар кийишни ва камарлар тақишни қийинлаштирувчи туғма ва орттирилган шакл ўзгаришлари.


75.

Оёқ ёки қўлнинг йўқлиги.


76.

Жинсий ва сийдик чиқариш аъзолари касалликлари.


77.

Буйракларнинг сурункали касалликлари.


78.

Буйрак ва сийдик тоши касаллиги.


79.

Сийдик чиқариш йўлларида сийдик чиқаришнинг бузилиши (гидронефроз), пиелонефрит (иккиламчи), буйрак ва сийдик чиқариш йўлларининг бошқа касалликлари, қовуқнинг яллиғланиши ва бошқа касалликлари, таносил касалликларига алоқаси бўлмаган уретрит, сийдик чиқариш йўлининг торайиши ва унинг бошқа касалликлари.


80.

Эркакларнинг жинсий аъзолари касалликлари (шу жумладан туғма).


81.

Аёлларнинг жинсий аъзолари сурункали яллиғланишлар билан кечадиган касалликлари.


82.

Эндометриоз.


83.

Генитал пролапс, сийдикни тута олмаслик, оқмалар, аёллар жинсий аъзоларининг бошқа яллиғланишсиз кечадиган касалликлари (шу жумладан туғма бўлган).


84.

Ҳайз кўриш фаолиятининг бузилишлари.


85.

Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг хуружи ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги сийдик чиқариш ва жинсий аъзоларнинг фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


86.

Ҳомиладорлик, туғишдан кейинги давр ва унинг асоратлари.


87.

Жароҳатлар, заҳарланишлар ва бошқа ташқи омиллар таъсири оқибатлари.


88.

Бош суяклари жароҳат ва жарроҳлик амалиётидан кейинги нуқсонлари.


89.

Умуртқа поғонаси, гавда, оёқ ва қўллар суяклари синиқларининг асоратлари (чаноқ суяклари, курак, ўмров, тўш, қовурғалар, елка, тирсак ва билак, сон суяги бўйинчаси ва сон, кичик ва катта болдир, тизза қопқоғи суяги ва бошқа суякларининг синиқлари).


90.

Кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи ва чаноқ ички аъзоларининг жароҳатлари (жароҳат туфайли юзага келган пневмо ва гемоторакс, юрак, ўпка, меъда ичак йўли, жигар, талоқ, буйраклар, чаноқ аъзолари, қорин бўшлиғининг бошқа аъзолари жароҳатлари, кўп тармоқли оғир жароҳатлар), юқорида қайд этилган аъзоларнинг касалликлари туфайли ўтказилган жарроҳлик амалиётлари асоратлари.


91.

Тери ва тери ости қавати тўқималарининг жароҳатлари асоратлари.


92.

Дори, тиббий ва биологик воситалар билан заҳарланиш, тиббиётга дахли бўлмаган моддаларнинг токсик таъсири, ташқи омилларнинг таъсири (радиация, паст ёки юқори ҳарорат ва ёруғлик, ҳавонинг ёки сувнинг ортиқча босими ва бошқалар).


93.

Суяк-мушак тизимининг, бириктирувчи тўқиманинг, тери ва тери ости қаватининг касалликларидан даволанишдан кейин, жароҳатлар, заҳарланишлар ва ташқи омилларнинг бошқа таъсирларидан кейинги фаолиятнинг вақтинча бузилишлари.


94.

Жисмоний ривожланиш етишмовчилиги.


95.

Сийдик тутолмаслик (энурез).


96.

Нутқнинг бузилиши.

      

           




Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 ноябрдаги

630-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Ҳукуматининг айрим қарорларига

киритилаётган ўзгартиришлар

           

1. Вазирлар Маҳкамасининг "Портловчи моддалар ва портлатиш воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, транспортда ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2004 йил 6 майдаги 213-сон қарорининг 2-банди саккизинчи хатбошисидаги "идоравий ҳарбийлаштирилган соқчилик" сўзлари "идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 1 ноябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифининг 31-банди учинчи хатбошисидаги "соқчилик" сўзи "қўриқлаш" сўзи билан алмаштирилсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ва қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2021 йил 16 декабрдаги 757-сон қарорида:


а) номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида";


б) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

тоифаланган объектларни, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини, уларнинг мол-мулкини қўриқлаш учун тузиладиган шартномаларга асосан қўриқлаш хизматларини кўрсатиш эвазига тушадиган маблағлар ҳисобидан идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари томонидан тоифаланган объектларни, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини, уларнинг мол-мулкини қўриқлаш бўйича кўрсатиладиган қўриқлаш хизматларининг турлари;

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларининг ишчи ва хизматчи лавозимлари, тоифалари ҳамда штатларини ташкил этиш, идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларига ишга кирадиган номзодларга қўйиладиган талаблар, уларни ишга қабул қилиш, бошланғич тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби;

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, хизматга тўғри тақсимлаш ва назорат қилиш тартиби;

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинма-ларининг молиявий ва моддий-техник таъминотини ташкил этиш тартиби";


в) илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 16 декабрдаги

757-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Қўриқлаш бош бошқармасининг идоравий жиҳатдан

тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш

бўлинмалари  ва  идоравий  жиҳатдан  тегишли

бўлмаган қоровуллик бўлинмалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда - Миллий гвардия) Қўриқлаш бош бошқармасининг таркибида идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда ушбу бўлинмалар ишчи ва хизматчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, бўлинмаларнинг молиявий ва моддий-техник таъминотини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг (кейинги ўринларда - Қўриқлаш бош бошқармаси) идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари шахсий таркиби меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган ишчи ва хизматчилардан иборат бўлади.

3. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг қўриқлаш фаолияти ушбу Низом, Миллий гвардиянинг ички идоравий ҳужжатлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.



2-БОБ. ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН

ҲАРБИЙЛАШТИРИЛГАН ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ

ВА ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН

ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари Қўриқлаш бош бошқармасининг ваколатлари доирасида ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш учун тузиладиган шартномаларга асосан қўриқлаш хизматларини кўрсатиш эвазига тушадиган маблағлар ҳисобидан Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғининг буйруғи асосида ташкил этилади.

5. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари томонидан қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

а) идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари томонидан:

объект ёки унинг бир қисмида хизмат ўташ учун белгиланган жой ёки ҳудуд (кейинги ўринларда - қўзғалмас пост (йўналиш)) орқали қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш;

пиёда ёки транспорт воситасида, шунингдек, бошқа воситаларда муайян ҳудуддаги объектларни ёки уларнинг ҳудудларини йўналиш бўйлаб қўриқлаш;

б) идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари томонидан - қўзғалмас пост (йўналиш) орқали объект ёки унинг бир қисмини қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш.

6. Қуйидагилар идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш;

юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларида назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларини таъминлаш;

қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген ҳусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишда иштирок этиш;

объектларнинг хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юкланган вазифаларни ҳал этишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиш.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг лавозимлари, тоифалари ҳамда штатлари мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ ташкил этилади.

8. Объектларни қўриқлаш бўйича ишчи ва хизматчиларнинг фаолиятини ташкил этиш, хизматга тўғри тақсимлаш ва назорат қилиш учун мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари гуруҳлари тузилади.

9. Объектларни қўриқлаш учун қўзғалмас постлар (йўналишлар)ни қўйиш қоидалари ва шартлари, шунингдек, уларнинг фаолиятини назорат қилиш тартиби Миллий гвардиянинг ички идоравий ҳужжатларига асосан белгиланади.

10. Объектнинг жойлашуви, унинг ва хизматни ўташнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари нарядларининг хизмати суткалик ва вахта усулида ташкил этилиши мумкин.

Вахтанинг давомийлиги етти суткагача белгиланади ва бунда нарядларнинг хизматни ўташи тартиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Гарнизон ва қоровуллик хизмати тўғрисидаги низомга асосан ишлаб чиқилган ва Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланган йўриқномага мувофиқ ташкил этилади.

Вахта усулида хизмат ташкил этилганда ишчи ва хизматчиларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва улар билан ўқув машғулотларини ўтказиш, уларнинг табель қуролларини сақлаш бўйича тегишли шарт-шароитлар яратилган бўлиши шарт.

11. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланган намунадаги формали кийим-бош ва хизмат гувоҳномалари билан таъминланади.

12. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари томонидан фойдаланиладиган хизмат қуроллари, уларнинг ўқ-дорилари ва махсус воситалар турлари, уларнинг сони, таъминлаш ва фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН

ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН ҲАРБИЙЛАШТИРИЛГАН

ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ ВА ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН

ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИГА

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ИШЧИ ВА ХИЗМАТЧИЛАРНИ

БОШЛАНҒИЧ ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ


13. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларига ихтиёрий тартибда танлов асосида, белгиланган талабларга жавоб берадиган ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, шу жумладан, йигирма беш ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иш (хизмат)га қабул қилинади.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларига ихтиёрий тартибда мазкур низомда белгиланган талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иш (хизмат)га қабул қилинади.

Қабул қилинадиган фуқаролар камида умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлиши, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлиши лозим.

Эркак номзодлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак.

14. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари бошлиқлар таркибига Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда самарали хизмат қилиб, нафақага бўшаган номзодлар суҳбат асосида, жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги ҳолатига кўра ишга қабул қилиниши мумкин.

15. Номзодлар билан танлов ўтказиш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва ишга қабул қилиш тартиби ҳамда номзодларга қўйиладиган махсус талаблар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади. Қабул қилинган шахсларга уч ойдан ортиқ бўлмаган дастлабки синов муддати белгиланади.

16. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларига қабул қилишда номзодларнинг бўй ўлчами қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилади:

а) эркак номзодлар учун 178 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

б) аёл номзодлар учун 170 сантиметрдан паст бўлмаслиги.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларига қабул қилинадиган номзодларга антропометрик параметрлар белгиланмайди.

17. Қуйидаги шахсларнинг иш (хизмат)га қабул қилинишига йўл қўйилмайди:

қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

жиноий жазони ўтаётган шахслар;

мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек, жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун бир йил ичида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар;

руҳий касалликлари бўлган, наркологик касалликларга чалинган, шунингдек соғлиғининг ҳолатига нисбатан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган шахслар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

давлатнинг бошқа хизматларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган;

ўзи ва яқин қариндошлари тўғрисида била туриб нотўғри маълумотлар тақдим қилганлиги аниқланган;

оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлар;

номзод ва яқин қариндошлари бўйича белгиланган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортганлар;

умумий ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга бўлмаган шахслар;

чет эл фуқаролари бўлган шахслар.

18. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларига ишга қабул қилинаётган фуқаролар ҳудудий тиббиёт бирлашмаларида тиббий кўрикдан ўтади. Тиббий кўрикдан ўтиш шартлари ва уни ташкил этиш тартиби, номзодларнинг соғлиғига бўлган талаблар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

19. Танлов якунига кўра энг юқори натижаларга эришган номзод билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузилади. Меҳнат шартномасида ходим бошланғич тайёрлашга жалб этилиши ва белгиланган тартибда ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб сертификат олган тақдирда, меҳнат муносабатлари давом эттирилиши, акс ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги қоида назарда тутилади.

20. Ишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда бошланғич тайёргарликдан ўтади.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Миллий гвардиянинг таълим муассасаларида амалга оширилади.

21. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари махсус ўқув дастурлари бўйича махсус тайёргарликдан (маънавий-психологик, хизмат тайёргарлигидан, жисмоний ва жанговар тайёргарликдан) ўтади. Машғулотлар ўтказиладиган вақт иш вақтига киритилади.

22. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларининг шахсий таркиби билан махсус дастурлар асосида қуйидаги тартибда хизмат ва жанговар тайёргарлик машғулотлари ўтказилади:

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларида - ойига 8 академик соат (ўқув йилида 80 академик соат);

идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмаларида - ойига 4 академик соат (ўқув йилида 40 академик соат).

23. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари йилда бир марта мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Махсус тайёргарликдан, шунингдек, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллаш билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш учун даврий текширувлардан (кейинги ўринларда - синов) ўтиши керак. Махсус тайёргарликдан ўтган ишчи ва хизматчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади. Синовларни ўтказиш тартиби Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Синов натижалари бўйича қониқарсиз баҳоланган идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг малакаси етарли эмас деб ҳисобланиб, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа лавозимга меҳнат шартномасига мувофиқ ўтказилади ёки улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

24. Қўриқлаш бош бошқармаси психологлари томонидан тузилган дастур (режа, жадвал)ларга асосан идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчилари билан маънавий-психологик тайёргарлик босқичма-босқич, мақсадли ва доимий равишда ўтказилади.



4-БОБ. ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН ТЕГИШЛИ

БЎЛМАГАН ҲАРБИЙЛАШТИРИЛГАН ҚЎРИҚЛАШ

БЎЛИНМАЛАРИ ВА ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН ТЕГИШЛИ

БЎЛМАГАН ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИ ИШЧИ

ВА ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ

        

25. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари хизматни ўташ вақтида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний ва юридик шахслардан белгиланган назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларига, шунингдек, жамоат тартибига риоя этишини талаб қилиш;

қўриқланадиган объект ҳудудидан мол-мулкни қонунга хилоф равишда олиб чиқишга ёки қўриқланадиган объектга тақиқланган предметларни олиб киришга уриниш чоғида шахсларни ушлаш;

қўриқланадиган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шароитларини, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари ҳолатини ҳамда созлигини текшириш, аниқланган қоидабузарликларнинг, камчиликларнинг бартараф этилишини талаб қилиш;

қўриқланадиган объектга қонунга хилоф равишда кирган ёки қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг шахсини аниқлаш, уларни ушлаш ҳамда қўриқлаш хизмати хонасига етказиш (бундай ваколатлари мавжуд бўлмаганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини чақириш);

муомалада бўлиши чекланган моддалар, шу жумладан, объектга олиб кириш (ундан олиб чиқиш) учун тақиқланган предметлар рўйхатига қўриқланадиган объект маъмурияти томонидан киритилган моддалар бор деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёлари, қўл юки, багажини кўздан кечириш ҳамда уларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, мазкур предметлар, воситалар ва моддаларни олиб қўйиш, шунингдек, транспорт воситаларини кўздан кечириш, уларда ташилаётган юкларнинг илова қилинадиган ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш;

қўриқланадиган объектдаги, патруллик йўналишидаги ҳодисани, содир этилган ҳуқуқбузарликни белгиланган тартибда расмийлаштириш, жиноят изларини сақлаш мақсадида фуқаролардан ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига, атроф муҳитга зарар етказмайдиган қўриқлаш техник воситаларидан фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларга қонунга хилоф равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни аниқлаш учун, шунингдек, бундай киришларнинг олдини олиш мақсадида хизмат (қўриқчи) итларидан фойдаланиш;

қонунчиликда назарда тутилган тартибда хизмат қуролини ҳамда махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, жисмоний куч ишлатиш.

Қўриқлаш бўлинмаларининг хизматни меҳнат шароитлари соғлиқ учун зарарли бўлган объектларда ўтайдиган ишчи ва хизматчилари ушбу қўриқланадиган объектларнинг ишчи ва хизматчилари учун назарда тутилган меҳнат соҳасидаги қўшимча имтиёзлардан ҳамда афзалликлардан фойдаланади. Мазкур имтиёзлар қўриқлаш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада акс эттирилади ва устувор шартлар сифатида белгиланиши мумкин.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

26. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари қўриқлаш тури, шакллари ва усулларидан қатъи назар, хизматни ўташ жараёнида қуйидагиларга мажбур:

объектларни қўриқлаш ва қонунга хилоф тажовузлардан ҳимоя қилиш, белгиланган тартибга ва қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, мол-мулкини қўриқлаш ва уни кузатиб бориш;

ўз ваколатлари доирасида давлат, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек фуқаролар ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган чораларни кўриш;

хизматни ўташ жойларида жамоат тартибини сақлаши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш;

қўриқланадиган объектда шубҳали буюм аниқланганда ваколатли органларга хабар бериш, ваколатли орган ходимлари етиб келгунига қадар шубҳали буюмнинг дахлсизлигини таъминлаш;

қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисаларнинг, шу жумладан, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг излари сақланишини таъминлаш;

ҳодиса жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек, ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилган шахсларга биринчи ёрдам кўрсатиш ёки шундай ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга уларга юкланган вазифаларни ҳал этишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиш;

қўриқланадиган объектлардаги табиий ва техноген ҳусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;

қўриқланадиган объектда назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларига риоя этилишини қўриқланадиган объект маъмурияти томонидан қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан келишувга кўра тасдиқланган қоидаларга мувофиқ таъминлаш;

ўзига ишониб топширилган хизмат қуролининг ва унинг ўқ-дориларининг, махсус ва техник воситаларнинг, шахсий ҳимоя воситалари ҳамда мол-мулкнинг хавфсиз ва лозим даражада сақланишини таъминлаш;

белгиланган тартибда махсус формали кийим-бош кийиш ва фарқловчи белгиларини тақиб юриш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш чоғида ўзларига маълум бўлган хизматга доир ахборот ва бошқа ахборотнинг махфийлигини таъминлаш.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

27. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш;

хизматни ўташ;

хизмат сафарида бўлиш;

кун тартибида белгиланган иш вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли қўриқлаш бўлинмалари (қўриқланаётган объект) ҳудудида бўлиш;

хизмат жойига бориш ёки улардан қайтиш;

ўқув йиғинларида иштирок этиш;

суд томонидан ишчи ва хизматчиларнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.

28. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари давлат органи вакили ҳисобланади.

29. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларидан фақат қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ вазифаларни бажариш мақсадида шартнома асосида фойдаланилади.



5-БОБ. ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН

ҲАРБИЙЛАШТИРИЛГАН ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ

ВА ИДОРАВИЙ ЖИҲАТДАН ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН

ҚОРОВУЛЛИК БЎЛИНМАЛАРИНИНГ МОЛИЯВИЙ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ, ИШЧИ ВА

ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ


30. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари иш ҳақи ва бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Уларнинг моддий-техник таъминоти нормалари ва формали кийим-бошни кийиш қоидалари Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчилари юқори касбий тайёргарлик даражасига ва фаолиятида самарали натижаларга эришганлиги учун ҳар йили Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда "учинчи малака тоифаси", "иккинчи малака тоифаси", "биринчи малака тоифаси" малака тоифалари берилади.

Малака тоифасига эга бўлган идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларига уларнинг лавозим маошига нисбатан қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устамалар тўланади:

"учинчи малака тоифаси" - 10%;

"иккинчи малака тоифаси" - 15%;

"биринчи малака тоифаси" - 20%.

31. Қўриқлаш бош бошқармасининг шаклланадиган пул таъминоти жамғармаси доирасида идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларига:

ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра лавозим маошларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда оширилган коэффициентлар қўлланилади;

бир йилда бир марта икки ойлик лавозим маоши миқдорида рағбатлантирилади;

бир йилда бир марта бир ойлик лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади.

32. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан фойдаланадилар.

33. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари меҳнат фаолияти давомидаги бахтсиз ҳодисалар ва касбий касалликларидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат мажбурий ижтимоий суғуртаси қилиниши лозим.

34. Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчилари хизмат вазифаларини бажариш чоғида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган тақдирда, етказилган зарар тегишли жамоа шартномалари ва жамоа келишувларига мувофиқ амалдаги қонунчиликда белгилаб қўйилган нормалардан кам бўлмаган тартибда қопланади.

35. Қўриқланаётган объектлар маъмурияти ўз хизмат вазифасини виждонан бажараётган идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини рағбатлантириши ва мукофотлаши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


36. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Қўриқлаш бош бошқармасининг идоравий жиҳатдан

тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш

бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган

қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги Низомга

1-ИЛОВА



Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган

ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари

ишчи ва хизматчиларининг лавозимлари,

тоифалари ҳамда штатлари

РЎЙХАТИ

      

Т/р


Лавозим номлари

     

Тоифаси

      

Штат сони

      

1.

Отряд бошлиғи


Катта бошлиқ

Тузилган шартномаларга асосан ажратилган штат бирликлари сони 76 бирликдан ошганда киритилади.


2.

Отряд бошлиғи ўринбосари


3.

Отряд бошлиғининг моддий таъминот бўйича ёрдамчиси


4.

Алоҳида команда ва отряд таркибидаги команда бошлиғи


Тузилган шартномаларга асосан ажратилган штат бирликлари сони 16 бирликдан 75 бирликкача бўлганда киритилади.


5.

Отряд (команда) қоровул итлари инструктори


Ўрта бошлиқ

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди (командаси) таркибидаги мавжуд 7 бирлик кинолог штат лавозимига 1 бирлик қоровул итлари инструктори киритилади.


6.

Отряд (команда) старшинаси


Кичик бошлиқ

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди (командаси) иш ҳажми ва хизмат заруратига мувофиқ 1 бирлик киритилади.


7.

Қоровул бошлиғи


Тузилган шартномаларга асосан ажратилган штат бирликлари 16 бирликдан ошганда кейинчалик ҳар 25 бирлик учун киритилади.


8.

Гуруҳ бошлиғи


Тузилган шартномаларга асосан ажратилган штат бирликлари сони 6 бирликдан 15 бирликкача бўлганда киритилади.


9.

Рухсатномалар бюроси бошлиғи


3 бирлик рухсатномалар бюроси навбатчиси бўлганда киритилади.


10.

Рухсатномалар бюроси навбатчиси


Рухсатномалар бюроси ташкил этилган назорат-ўтказиш пунктларида 3 бирлик рухсатномалар бюроси навбатчиси киритилади.


11.

Кинолог


Оддий таркиб

Тузилган шартномаларга асосан хизмат фаолиятида фойдаланилаётган ҳар бир қоровул ити учун идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш штати ҳисобидан 1 бирлик киритилади.


12.

Назоратчи


Қўриқлаш вақти ҳисоби ва тўлов сметасига мувофиқ киритилади.


13.

Ўқчи


Қўриқлаш вақти ҳисоби ва тўлов сметасига мувофиқ киритилади.


          

         

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси

Қўриқлаш бош бошқармасининг идоравий жиҳатдан

тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш

бўлинмалари ва идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган

қоровуллик бўлинмалари тўғрисидаги Низомга

2-ИЛОВА



Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган

ҳарбийлаштирилган қўриқлаш

бўлинмалари гуруҳлари

РЎЙХАТИ

           

Т/р

        

Гуруҳлар

           

Штат сони

          

1.

Гуруҳ


1 - 15 бирлик

2.

3-гуруҳ командаси


16 - 35 бирлик

3.

2-гуруҳ командаси


36 - 50 бирлик

4.

1-гуруҳ командаси


51 - 75 бирлик

5.

3-гуруҳ отряди


76 - 200 бирлик

6.

2-гуруҳ отряди


201 - 350 бирлик

7.

1-гуруҳ отряди


351 бирлик ва ундан ортиқ

            

Изоҳ.

Тузилган шартномаларга асосан ажратилган штат бирликлари сонига мувофиқ гуруҳлар белгиланади.

Идоравий жиҳатдан тегишли бўлмаган ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг гуруҳларини ўзгартириш ва унга асосан меҳнатга ҳақ тўлашни белгилаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади".

           

         




Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 ноябрдаги

630-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган деб эътироф

этилаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ

          

1. Вазирлар Маҳкамасининг "Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида" 2012 йил 1 мартдаги 60-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Қўриқлаш ва назорат-лицензия фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2019 йил 9 июлдаги 568-сон қарорига илованинг 7-банди.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 26 декабрдаги 810-сон қарорига 3-илованинг 10-банди.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)" 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 279-банди.

          

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 ноябрь