Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2022 й. 645-сон "Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.11.2022 й.

N 645




ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 1 мартдаги ПФ-81-сон Фармони ва 2022 йил 21 сентябрдаги "Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ПҚ-376-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 1 мартдаги ПФ-81-сон Фармони билан Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) сифатида қайта ташкил этилганлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Кўмита) тузилмасига ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Жамғарманинг мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

Жамғармани бошқариш, унинг маблағларини шакллантириш ҳамда фаолият юритиш тартиби;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари, маблағларни бошқариш ва тақсимлаш тартиби;

Жамғарма ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартлари;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисобининг юритилиши, Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш тартиби.


3. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки:

Жамғарма Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) Жамғарманинг олий бошқарув органи, Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда - Дирекция) эса унинг ижро органи ҳисобланади;

Дирекция ижрочи директори Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг тавсиясига асосан Васийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Дирекция Жамғарма фаолияти натижалари бўйича ҳар йил якунида Васийлик кенгашига, ҳар чорак якунида - Қўмита раисига ҳисобот тақдим этади;

Дирекция ижрочи директори Қўмитанинг бошқарма бошлиғига, унинг ўринбосари - бошқарма бошлиғининг ўринбосарига, бошқа ходимлар эса мос равишда Қўмитанинг бошқа ходимларига тенглаштирилади;

Жамғарма ходимларига Қўмита ходимлари учун Давлат бюджети ҳисобидан тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари татбиқ этилади ҳамда Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Жамғарма Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалар бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Қўмитанинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 млрд сўмгача бўлган миқдорда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;


6. Васийлик кенгаши:

Жамғарманинг ҳар йиллик даромадлари ва харажатлари бўйича прогноз кўрсаткичларни тасдиқлаб бориш;

Жамғармага юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб этиш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича тизимли назорат ўрнатиш чораларини кўрсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Б. Махкамова бир ой муддатда Дирекция штат жадвалини унинг бошқарув ходимлари сонини 6 нафардан оширмаган ҳолда тасдиқлаш ҳамда Дирекцияни сақлаш билан боғлиқ харажатларнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин.


8. Қўмита бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2021 йил 14 апрелдаги 210-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Б. Маҳкамова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 4 ноябрдаги

645-сон қарорига

2-ИЛОВА



Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат

мақсадли жамғармасининг васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

1. З.Б. Махкамова


Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси, Васийлик кенгаши раиси


2. Э.М. Мухитдинов

-

бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари


3. Э.И. Баситханова

-

соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари


4. Д.Ш. Султанов

-

молия вазирининг ўринбосари


5. Г.А. Рашидова

-

AT "Халқ банки" бошқаруви раисининг ўринбосари


6. А.А. Абдумухторов


Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари (келишув асосида)


7. М.А. Нурматова


Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи, Васийлик кенгаши котиби


           

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзоси бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 ноябрь