Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

(IFRIC) 17 "Пулсиз активларнинг мулкдорларга тақсимланиши" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини шарҳлаш қўмитаси шарҳи (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 57-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

57-ИЛОВА



(IFRIC) 17-СОН МҲХСШҚ ШАРҲИ

"Пулсиз активларнинг мулкдорларга тақсимланиши"



Ҳаволалар


3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари" (2008 йил таҳрири).

5-сон МҲХС "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият".

7-сон МҲХС "Молиявий инструментлар: Маълумотларни ёритиб бериш.

10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот".

13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш".

1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" (2007 йил таҳрири).

10-сон БҲХС "Ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар".



Дастлабки маълумотлар


1. Баъзида ташкилот мулкдор сифатида иштирок этадиган ўз мулкдорларига* дивиденд сифатида пулдан фарқли бошқа активларни (пулсиз активларни) тақсимлайди. Бундай вазиятларда ташкилот ўз мулкдорларига пулсиз активларни ёки пул муқобилини олишни танлаш имкониятини ҳам бериши мумкин. МҲХСШҚга ташкилот бундай тақсимлашни қандай ҳисобга олиши лозимлиги тўғрисида кўрсатма учун сўровлар келиб тушган.


2. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) ташкилот ўзининг мулкдорларига активлар тақсимланишини (одатда дивидендлар деб юритилади) қандай баҳолаши лозимлиги тўғрисида кўрсатма бермайди. 1-сон БҲХС ташкилотдан мулкдорларга активлар тақсимланиши сифатида тан олинган дивидендлар тафсилотларини хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботда ёки молиявий ҳисоботга изоҳларда тақдим этишни талаб қилади.



Қўллаш доираси


3. Мазкур шарҳ ташкилот томонидан мулкдор сифатида иштирок этадиган мулкдорларга активларнинг қайтарилмайдиган тарзда тақсимланишининг қуйидаги турларига нисбатан қўлланади:

(a) пулсиз активларни тақсимлаш (масалан, асосий воситалар, 3-сон МҲХСда белгиланган бизнеслар, бошқа ташкилотдаги эгалик улушлари ёки 5-сон МҲХСда таърифланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳлар); ва

(б) мулкдорларга пулсиз активларни ёки пул муқобилини олишни танлаш имкониятини берадиган тақсимлаш.


4. Мазкур шарҳ фақат бир хил синфдаги улушли инструментларнинг барча мулкдорлари тенг кўриладиган тақсимлашларга нисбатан қўлланади.


5. Мазкур шарҳ тақсимлашдан олдин ҳам кейин ҳам охир-оқибат бир хил томон ёки томонлар орқали назорат қилинадиган пулсиз активларни тақсимланишига нисбатан қўлланмайди. Ушбу истисно тақсимлашни амалга оширадиган ташкилотнинг алоҳида, индивидуал ва консолидациялашган молиявий ҳисоботига тааллуқлидир.


6. 5-бандга мувофиқ, мазкур шарҳ пулсиз активлар тақсимланишидан олдин ҳам, кейин ҳам бир хил томонлар орқали назорат қилинадиган ҳолларда қўлланмайди. 3-сон МҲХСнинг Б2-бандига кўра, "Шартномавий келишувлар натижасида жисмоний шахслар гуруҳи жамоавий ҳолда ташкилот фаолиятидан наф олиш мақсадида унинг молиявий ва операцион сиёсатини белгилаш ваколатига эга бўлсалар, улар ташкилотни назорат қилади деб, ҳисоблаш лозим". Шунинг учун, бир хил томонлар активни тақсимлашдан олдин ҳам, кейин ҳам назорат қилишини ҳисобга олган ҳолда, тақсимлаш мазкур шарҳни қўллаш доирасидан ташқарида бўлиши учун, тақсимланган активни оладиган индивидуал акциядорлар гуруҳи шартномавий келишувлар натижасида тақсимлашни амалга оширадиган ташкилот устидан худди шундай жамоавий ваколатга эга бўлишлари лозим.


7. 5-бандга мувофиқ ташкилот шўъба ташкилотидаги ўз эгалик улушининг бир қисмини тақсимлаганда, лекин шўъба ташкилоти устидан назоратни сақлаб қолганда, мазкур шарҳ қўлланмайди. Ўз шўъба ташкилотида назорат кучига эга бўлмаган улушни тан олишига олиб келадиган тақсимлашни амалга оширадиган ташкилот ушбу тақсимлашни 10-сон МҲХСга мувофиқ ҳисобга олади.


8. Мазкур шарҳда фақат пулсиз активларни тақсимлашни амалга оширадиган ташкилот томонидан ҳисоб юритиш тартиби кўриб чиқилади. Мазкур шарҳда бундай тақсимлашни қабул қилувчи акциядорлар томонидан ҳисоб юритиш тартиби кўриб чиқилмайди.



Масалалар


9. Ташкилот тақсимлаш тўғрисида эълон қилганда ва тегишли активларни мулкдорларга тақсимлаш жавобгарлиги мавжуд бўлганда, тўланадиган дивиденд бўйича мажбуриятни тан олиши лозим. Шундай қилиб, мазкур шарҳда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

(a) Ташкилот тўланадиган дивидендни қачон тан олиши лозим?

(б) Ташкилот тўланадиган дивидендни қандай баҳолаши лозим?

(в) Ташкилот тўланадиган дивидендни ҳисоб-китоб қилишда тақсимланган активларнинг баланс қиймати ва тўланадиган дивиденднинг баланс қиймати ўртасидаги ҳар қандай фарқни қандай ҳисобга олиши лозим?



Консенсус


Тўланадиган дивидендни

тан олиш пайти


10. Дивиденд тегишли тарзда тасдиқланганда ва ортиқ ташкилот ихтиёрида бўлмаганда, дивиденд тўлаш мажбурияти қуйидаги санада тан олиниши лозим:

(a) агар юрисдикция тасдиқлашни талаб этса, дивиденд тўлаш тўғрисида раҳбарият ёки директорлар кенгаши томонидан эълон қилиниши тегишли ваколатли орган масалан, акциядорлар томонидан тасдиқланганда, ёки

(б) агар юрисдикция қўшимча тасдиқлашни талаб этмаса, дивиденд тўлаш тўғрисида масалан, раҳбарият ёки директорлар кенгаши томонидан эълон қилинганда.



Тўланадиган дивиденднинг баҳоланиши


11. Ташкилот ўз мулкдорларига дивиденд сифатида пулсиз активларни тақсимлаш мажбуриятини тақсимланадиган активларнинг ҳаққоний қиймати бўйича баҳолаши лозим.


12. Aгар ташкилот ўз мулкдорларига пулсиз активни ёки пул муқобилини олишни танлаш имкониятини берса, ташкилот ҳар бир муқобилнинг ҳаққоний қийматини ва мулкдорларнинг ҳар бир муқобилни танлаши билан боғлиқ эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда тўланадиган дивидендни баҳолаши лозим.


13. Ташкилот ҳар бир ҳисобот даври охирида ва ҳисоб-китоб кунида тўланадиган дивиденднинг баланс қийматини хусусий капитал таркибида тақсимлаш суммасига тузатиш сифатида тан олинган тўланадиган дивиденднинг баланс қийматидаги ҳар қандай ўзгаришлар билан бирга кўриб чиқиши ва тузатиш киритиши лозим.



Ташкилот тўланадиган дивидендни

ҳисоб-китоб қилиш пайтида тақсимланган

активларнинг баланс қиймати ва тўланадиган

дивиденднинг баланс қиймати ўртасидаги ҳар

қандай фарқни ҳисобга олиши тартиби


14. Ташкилот тўланадиган дивидендни ҳисоб-китоб қилиш пайтида, тақсимланган активларнинг баланс қиймати ва тўланадиган дивиденднинг баланс қиймати ўртасида фарқни, агар мавжуд бўлса, фойда ёки зарар таркибида тан олиши лозим.



Тақдим этиш ва маълумотларни

ёритиб бериш


15. Ташкилот 14-бандда тавсифланган фарқни фойда ёки зарар таркибида алоҳида сатрда тақдим этиши лозим.


16. Aгар мавжуд бўлса, ташкилот қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) давр бошида ва охирида тўланадиган дивиденднинг баланс қиймати; ва

(б) тақсимланадиган активларнинг ҳаққоний қийматининг ўзгариши натижасида 13-бандга мувофиқ давр мобайнида тан олинган баланс қийматидаги ўсиш ёки камайиш.


17. Aгар ҳисобот даври тугаганидан кейин, лекин молиявий ҳисобот эълон қилиш учун маъқулланишидан олдин ташкилот пулсиз активни дивиденд сифатида тақсимлашни эълон қилса, у қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) тақсимланадиган активнинг характери;

(б) ҳисобот даври охирига тақсимланадиган активнинг баланс қиймати; ва

(в) агар баланс қийматидан фарқ қилса, ҳисобот даври охирига тақсимланадиган активнинг ҳаққоний қиймати ва 13-сон МҲХСнинг 93(б), (г), (ж) ва (з) ва 99 бандларида талаб этилган ҳаққоний қийматни баҳолаш учун фойдаланилган усул(лар) тўғрисидаги маълумот.



Кучга кириш санаси


18. Мазкур шарҳ ташкилотлар томонидан 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун перспектив тарзда қўлланиши лозим. Ретроспектив тарзда қўллашга йўл қўйилмайди. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Aгар ташкилот мазкур шарҳни 2009 йил 1 июндан олдин бошланадиган давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши ва шунингдек, 3-сон МҲХС (2008 йилда қайта кўриб чиқилган), 27-сон БҲХС (2008 йил май ойида ўзгартирилган) ва 5-сон МҲХС (мазкур шарҳ билан ўзгартирилган)ни қўллаши лозим.


19. 2011 йил май ойида эълон қилинган 10-сон МҲХС бўйича 7-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 10-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


20. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС бўйича 17-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.



-----------------------------------------------------------

*) 1-сон БҲХС нинг 7-банди мулкдорларни хусусий капитал сифатида таснифланган инструментларнинг эгалари деб таърифлайди.

            

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь