Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2023 й. 161-сон "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратишни такомиллаштириш ҳамда аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.04.2023 й.

N 161




ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ДАСТУРЛАРИ ДОИРАСИДА КРЕДИТЛАР АЖРАТИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА АҲОЛИНИНГ ДОИМИЙ

ДАРОМАД МАНБАЛАРИНИ КЎПАЙТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 31 январдаги ПҚ-39-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат билан шуғулланишига кўмаклашиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 31 январдаги ПҚ-39-сон қарорига мувофиқ 2023 йилда:

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари (кейинги ўринларда - Дастурлар) доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 13 трлн сўм, шундан 2,8 трлн сўм "Микрокредитбанк" АТБ, AT Халқ банки ва "Агробанк" АТБ (кейинги ўринларда - ваколатли банклар) ресурслари ҳисобидан йўналтирилиши;

кредитларни йиллик 14 фоиз ставкада ажратиш тартиби сақлаб қолинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари туманлар ҳокимликлари билан биргаликда туманларда узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага олган деҳқон хўжаликларига ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб "бир маҳалла-бир маҳсулот" тамойили асосида маҳсулотлар етиштириш ва етиштирилган маҳсулотлар бозорини топишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ҳоким ёрдамчилари ва банк филиаллари ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиб борилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси "маркетплейс" тизими таъминотчилар таклиф этаётган маҳсулотлар (хизматлар) бўйича устун мавқеини суиистеъмол қилишнинг, таъминотчиларнинг ўзаро келишиб қилинган ҳаракатлари ва тил бириктиришлари орқали нархларнинг асоссиз ўсишининг олдини олиш, етказиб берилаётган маҳсулотлар (кўрсатилаётган хизматлар) нархларининг ҳудуддаги ички бозор нархларига мутаносиб бўлишини таъминлайди;

ҳоким ёрдамчиларининг кредит ажратиш бўйича тавсия беришига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг аралашувига йўл қўйилмайди.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ваколатли банклар билан биргаликда "маркетплейс" тизимини "Е-актив" ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари билан биргаликда:

маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига дастурларнинг мақсади ва кредит олиш тартиблари бўйича доимий равишда тушунтиришлар бериб борилишини;

кредит олиш учун тавсиялар устувор равишда узоқ муддатга қишлоқ ҳўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликларига берилишини;

тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган оилаларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар фаолиятини қайта тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши, мавжуд муаммолар ҳал этилишига амалий ёрдам берилишини;

маҳаллаларда ажратилган кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолати бўйича амалга оширилаётган ишлар мунтазам муҳокама қилиб борилишини таъминласин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

ваколатли банклар билан биргаликда ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ қайтарилишини ва муаммоли кредитларни ундириш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳар ой якуни бўйича муҳокама қилиб, туманларда (шаҳарларда) кредитлаш прогнозлари сўндирилмасдан қолиб кетган маблағларга мос равишда камайтириб борилишини таъминласин;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари - Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари раҳбарларининг дастурлар ижросини, шу жумладан, ажратилган кредитлар самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича халқ депутатлари туманлар (шаҳарлар) Кенгашларида ҳисобот бериб боришини ташкил қилсин.

Бунда туманларда (шаҳарларда) дастурларни амалга оширишдан кўзланган мақсадларга эришилиши, дастурларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини оширишга таъсири, ажратилган имтиёзли кредитлар самарадорлиги, юзага келган муаммоли кредитлар ва унинг сабаблари, муаммоли кредитларни қайтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисида батафсил ҳисобот берилишини назоратга олсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, дастурлар доирасида 50 млн сўмгача гаровсиз кредитлар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-452-сон қарорига асосан заргарлик иши йўналиши бўйича махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун;

аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилади.


8. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Марказий банк ва ваколатли банклар билан биргаликда бир ой муддатда ҳоким ёрдамчиларини дастурлар ва улар доирасида кредитлар ажратиш тартиби бўйича ўқитиш ишларини йўлга қўйсин.


10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда "электрон савдо майдончаси" тизимида қарз олувчиларнинг таъминотчилар билан электрон шартнома тузиш, ҳисоб-фактураларни тасдиқлаш, электрон рақамли имзодан фойдаланиш ва бошқа шартномавий муносабатларни амалга ошириш жараёнларининг содда, халқчил тилда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение орқали кенг ёритилишини таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 19 апрелдаги

161-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон

қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни

ривожлантириш  дастурларининг  ягона  электрон

платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби

тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларда:

қтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, бандлик, молия, инвестиция" сўзлари "камбағалликни қисқартириш ва бандлик, иқтисодиёт ва молия, инвестициялар, саноат ва савдо" сўзлари билан алмаштирилсин;

"ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши" сўзлари чиқариб ташлансин.


2. 7-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Чорвачиликни ривожлантириш йўналишидаги кредитлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига камида 10 бошдан 50 бошгача четдан келтирилган ёки маҳаллийлаштирилган (наслчилик хўжаликларида етиштирилган) ва чорва ҳайвонларини идентификациялаш тизимида акс этган чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш мақсадида ферма ташкил этиш учун ажратилади".


3. 9-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ички туризмни ривожлантириш йўналишида айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар 18 ой муддатгача ажратилади".


4. 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жисмоний шахслар ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига 33 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ажратилишида ҳоким ёрдамчисининг тавсияномаси асос ҳисобланади. Бунда тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан кредитнинг қайтмаслик хатарини суғурталайди.

Ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонунчилик ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари инобатга олинган ҳолда, 300 миллион сўмгача бўлган миқдорда имтиёзли кредит ажратилади".


5. 15-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Мазкур гаровсиз кредитларнинг қайтарилмаслик хавфи ташаббускор ҳисобидан кредит олишдан олдин суғурталанади, ташаббускор томонидан кредит эвазига олинган асосий воситаларга тижорат банки томонидан тақиқ қўйилади".


6. Қуйидаги мазмундаги 15-1-банд билан тўлдирилсин:

"15-1. "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларнинг кредит олиш юзасидан аризалари алоҳида навбат асосида кўриб чиқилади.

Бунда Дастурлар доирасида "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқароларга ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва ўз вақтида сўндирилиши юзасидан маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади".


7. 17-бандда:

биринчи хатбошидаги "тизим" сўзи "Ягона электрон платформа" сўзлари билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбоши "тўлиқ қайтарилмаган кредити мавжуд бўлганда" сўзларидан кейин "(Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар бундан мустасно)" сўзлари билан тўлдирилсин.


8. 19-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ҳоким ёрдамчилари томонидан кредит ажратиш учун тавсияномалар устувор равишда, кредитлардан аввал фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига берилади".


9. 20-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. Ҳоким ёрдамчиси тавсиянома беришдан аввал амалга оширилаётган лойиҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва мавсумийлигини инобатга олган ҳолда "Ҳунарманд" уюшмаси, Бандликка кўмаклашиш ва маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги жамғармалар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда соҳага масъул уюшма ва ташкилотларнинг хулосаларини олиш, улар орқали тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга";

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошлар билан тўлдирилсин:

"Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари тавсияномасига кўра ҳамда ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан бериладиган тавсияномалар асосида ажратилади.

Тадбиркорлик субъектларининг маҳаллаларда, шу жумладан, ташкил этилган микромарказларда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси, ҳунармандчилик ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида кредит ажратиладиган лойиҳаларда ташаббускор камида ўттиз фоиз улуш билан иштирок этишига эътибор қаратилиши лозим".


10. 21-бандда:

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи-олтинчи хатбошилар тегишлича учинчи-бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Дастурлар доирасида аввал берилган кредитларнинг ўз вақтида сўндирилмаслиги натижасида ресурслар етарли бўлмаганда".


11. 23-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошлар билан тўлдирилсин:

"Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар ташаббускорларга лойиҳабай шакллантирилган буюртманомалар асосида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш манбаларида назарда тутилган маблағлардан ташқари ва навбатсиз расмийлаштириб берилади.

Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига Жамғарма ресурсларини ташаббускорларга тижорат банклари томонидан Ягона электрон платформа орқали расмийлаштириш жараёнларини тўлиқ мувофиқлаштириш ваколати берилади".


12. 28-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Қарз олувчи банк томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилган кредит шартномасини 10 кун мобайнида имзоламаса, фуқаронинг кредит олиш тўғрисидаги аризаси рад этилади";

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


13. Қуйидаги мазмундаги 30-1 - 30-7-бандлар билан тўлдирилсин:

"30-1. Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун 50 млн сўмгача гаровсиз имтиёзли кредитлар ажратилади.

Бунда махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мос равишда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотлар базасидан автоматик тарзда олинади.

30-2. Аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Бунда узоқ муддатга ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш бўйича аризаларига автоматик тарзда "Е-аукцион" платформаси орқали бириктирилади.

30-3. Дастурлар доирасида илгари олинган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида тўлаган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириш учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.

30-4. Ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.

Бунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит олиш юзасидан платформага ариза қолдириш вақтида кредитни қисман (10 миллион сўмгача, "ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача") банк картасига ўтказиб бериш тўғрисида қайд этилади.

Ваколатли тижорат банклари томонидан алоҳида нақдлаштириш имкониятисиз тегишли банк картаси очилиб, аризада кўрсатилган маблағлар қарз олувчиларга ўтказиб берилади.

Ҳоким ёрдамчиси мижозларнинг банк картасига ўтказиб берилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилишини таъминлаш мақсадида лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудга бориб, ҳақиқатда маҳсулот олинганлигини доимий равишда ўрганиб боради.

30-5. Ажратилган кредитларни ўз муддатида қайтармаган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига дастурлар доирасида янги кредитлар берилишига йўл қўйилмайди.

30-6. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида томорқа ер эгаларига 3 миллион сўмгача микрокредитлар берилади ҳамда ушбу микрокредитлар ягона электрон платформа орқали ажратилади.

30-7. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жалб қилинган ҳар бир касаначи учун 2 миллион сўмгача, бироқ жами 300 миллион сўмгача йиллик 14 фоиз ставкада, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга револьвер кредитлар ажратилади.

Мазкур кредитлар тадбиркорлик субъектларининг талабига биноан касаначиларнинг банк карталарига ўтказиб берилади".


14. 33-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Оммавий офертага асосан тадбиркорлик субъектларига қўшимча хизматлар тақдим этилиши мумкин";

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


15. 37-бандда:

биринчи хатбошидаги "тизимнинг" сўзи "Ягона электрон платформанинг" сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда жисмоний шахсларга товарлар (хизматлар) фискал белгили касса чеки асосида етказиб берилганлигига (хизматлар кўрсатилганлигига) эътибор қаратилади".


16. 39-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Қарз олувчи тадбиркорлик субъектларининг талабига кўра сотиб олинадиган маҳсулот ёки кўрсатиладиган хизматлар бўйича тўловлар (аванс) маҳсулот етказиб бериш шартномасида тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланади".


17. 40-банднинг биринчи жумласидаги "бир" сўзи "уч" сўзи билан алмаштирилсин.


18. 42-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Такрорий ўрганишларда маҳсулот етказиб берувчи томонидан маҳсулотлар етказиб берилмаганлиги ёки хизматлар кўрсатилмаганлиги аниқланган тақдирда, ҳоким ёрдамчиси томонидан тавсияномани бекор қилиш бўйича электрон далолатнома расмийлаштирилади ва Ягона электрон платформа орқали кредит шартномаси автоматик тарзда бекор қилинади".


19. 47-банднинг саккизинчи хатбошисидаги "наслли" сўзи чиқариб ташлансин.


20. 50-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги "Давлат солиқ қўмитаси" сўзлари "Солиқ қўмитаси" сўзлари билан алмаштирилсин.


21. Қуйидаги мазмундаги 51-1 - 51-3-бандлар билан тўлдирилсин:

"51-1. Ҳоким ёрдамчиси томонидан ваколатли банкларнинг ходимлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда, тавсиянома асосида ажратилган кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши мониторинг қилинади ҳамда мониторинг натижаси бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, платформага юклаб борилади.

51-2. Ҳоким ёрдамчиси тижорат банклари билан биргаликда самарадорлиги паст бўлган, пул айланмаси амалга оширилмаётган (бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган) лойиҳаларни мониторинг қилган ҳолда, мавжуд муаммоларни ҳал этишда лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиб боради.

51-3. Ҳунармандларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва уларнинг тижорат банкларига ўз вақтида қайтарилиши юзасидан "Ҳунарманд" уюшмаси тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 20 апрель