Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт воситаларига йўл варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 22.01.2024 й. 44-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 22 январдаги

44-сон қарорига

ИЛОВА



Юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт

воситаларига йўл варақаларини электрон шаклда

расмийлаштириш ва юритиш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом тижорат асосида юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт воситаларига йўл варақасини (кейинги ўринларда - электрон йўл варақаси) электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Электрон йўл варақаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг "Uztrans" ягона интерактив ахборот тизимининг "Электрон йўл варақа" автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - электрон йўл варақаси тизими) орқали расмийлаштирилади ва юритилади.

Бунда юк ва йўловчиларни халқаро ташиш учун расмийлаштириладиган йўл варақаси электрон ва анъанавий шаклда расмийлаштирилади ва юритилади.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги;


электрон йўл варақаси тизими - электрон йўл варақасини расмийлаштириш, қайта ишлаш ва сақлаш функцияларини амалга оширувчи автоматлаштирилган ахборот тизими;


фойдаланувчи - электрон йўл варақаси тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган, тижоратва нотижорат асосида автотранспорт воситасида юк ва йўловчиларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;


электрон йўл варақаси - ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлган, электрон йўл варақаси тизими орқали юритиладиган ва автотранспорт воситаларининг ишини белгилаб берувчи QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган асосий ҳужжат.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН ЙЎЛ ВАРАҚАСИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ТАЛАБЛАР ВА УЛАРНИНГ ТУРЛАРИ


4. Электрон йўл варақасида қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

йўл варақасининг тури, рақами, амал қилиш муддати, шунингдек, автотранспорт воситасининг русуми ва эгаси;

ташиш тури, юк тури, ҳайдовчининг кунлик тиббий кўрикдан ўтганлиги;

автотранспорт воситасининг созлиги ва техник кўрикдан ўтганлиги, ҳайдовчига берилган ёқилғи миқдори, автотранспорт воситасидаги ёқилғи қолдиғи;

шаҳар ва шаҳар атрофида мунтазам йўналишлардаги автобусга ўрнатилган валидаторлар орқали амалга оширилган тўловлар;

ҳайдовчининг иш соати, шу жумладан, кунлик ва ойлик, тунги вақтда, байрам ва дам олиш кунларида ишлаган соатлари, тежаган ва сарф қилган ёқилғиси миқдори, ҳайдовчига тўланган иш ҳақи;

ҳайдовчи томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши.

Электрон йўл варақасига киритиладиган маълумотлар фойдаланувчилар ҳамда уларнинг тегишли масъул ходимлари томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.


5. Электрон йўл варақаси автотранспорт воситасидан фойдаланиш мақсади ҳамда ташиш турларига қараб қуйидагиларга бўлинади:


а) автотранспорт воситасидан тижорат асосида йўловчи ва юк ташиш мақсадида фойдаланувчилар учун:

A-000000 - мунтазам йўналишларда йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари учун;

B-000000 - буюртма асосида йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари учун;

D-000000 - тижорат асосида фойдаланиладиган юк автотранспорт воситалари учун;


б) автотранспорт воситаларидан тижорат мақсадида фойдаланмасдан, ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган юридик шахслар учун:

Е-000000 - йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари учун йўл варақаси;

F-000000 - юк ташувчи автотранспорт воситалари учун йўл варақаси.

Серия рақамидан олдин фойдаланувчининг рўйхатдан ўтган қуйидаги ҳудудлар коди акс эттирилади:

Тошкент шаҳри - 01;

Тошкент вилояти - 10;

Сирдарё вилояти - 20;

Жиззах вилояти - 25;

Самарқанд вилояти - 30;

Фарғона вилояти - 40;

Наманган вилояти - 50;

Андижон вилояти - 60;

Қашқадарё вилояти - 70;

Сурхондарё вилояти - 75;

Бухоро вилояти - 80;

Навоий вилояти - 85;

Хоразм вилояти - 90;

Қорақалпоғистон Республикаси - 95.


6. Қуйидаги ҳолатларда электрон йўл варақаси электрон йўл варақаси тизими орқали очилмайди:

фойдаланувчи мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларга эга бўлмаган автотранспорт воситасидан фойдаланганда;

фойдаланувчи билан меҳнат шартномасига эга бўлмаган ҳайдовчилар учун йўл варақаси расмийлаштирилганда;

ҳайдовчи тегишли тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасига ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган етарли меҳнат стажига эга бўлмаганда;

ҳайдовчи белгиланган тартибда дастлабки ва кейинчалик даврий тиббий кўриклардан ўтмаганда;

ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси бекор қилинган даврда;

автотранспорт воситаси белгиланган тартибда даврий техник кўрикдан ўтказилмаганда;

автотранспорт воситасини мунтазам йўналишга ишга чиқаришда ташувчи ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини берувчи тендер битимига/брутто контрактга эга бўлмаганда;

автотранспорт воситасини буюртма асосида ишга чиқаришда ташувчи ушбу буюртмани амалга ошириш учун тегишли шартномага эга бўлмаганда.



3-БОБ. ЭЛЕКТРОН ЙЎЛ ВАРАҚАСИНИ ОЧИШ,

ҚАЙТА ИШЛАШ ВА САҚЛАШ


7. Электрон йўл варақаси жорий календарь ойда очилади ва ойнинг охирги санасига қадар амал қилади.

Фойдаланувчининг хоҳишига кўра ушбу муддат қисқартирилиши мумкин.

Электрон йўл варақасининг амал қилиш муддати тамом бўлгач, кейинги календарь ой учун янги йўл варақаси очилади.


8. Электрон йўл варақаси фойдаланувчи томонидан очилади ва унга ой якунига/йўл варақаси ёпилгунига қадар тегишли маълумотлар киритиб борилади.


9. Электрон йўл варақаси ҳақидаги маълумотлар ишга туширилган вақтдан бошлаб электрон йўл варақаси тизимида 5 йил сақланади.



4-БОБ. ЭЛЕКТРОН ЙЎЛ ВАРАҚАСИ

ЮРИТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


10. Ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда электрон йўл варақасининг амал қилиши тугатилади:

юридик шахс тугатилганда (тугатилган вақтдан бошлаб);

электрон йўл варақасини очиш учун нотўғри маълумотлар киритилганлиги аниқланганда.


11. Юридик шахс қайта ташкил этилганда, электрон йўл варақаси тизимидаги унга тегишли бўлган электрон йўл варақаси автоматик равишда фойдаланувчига ёки унинг ҳуқуқий ворисига қайта расмийлаштирилади.


12. Юк ва йўловчиларни автотранспорт воситасида ташишда электрон йўл варақаси мавжудлиги ҳамда ундаги маълумотларнинг тўғрилиги Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан назорат қилинади.


13. Электрон йўл варақаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан махсус мосламадан (планшет) фойдаланган ҳолда электрон йўл варақаси тизими орқали текширилади.

Бунда электрон йўл варақаси автотранспорт воситасининг давлат рақами, ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта) тўғрисидаги маълумотлар билан солиштириш орқали текширилади.



5-БОБ. ЭЛЕКТРОН ЙЎЛ ВАРАҚАСИ ҲАҚИДАГИ

МАЪЛУМОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


14. Электрон йўл варақаси ҳақидаги маълумотлар учинчи шахсларга тақдим этилиши тақиқланади.


15. Ваколатли орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, дастлабки тергов органлари ва суднинг ёзма сўровига асосан электрон йўл варақаси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Фойдаланувчилар электрон йўл варақасидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.


17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 24 январь