Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.02.2024 й. ПҚ-89-сон "Хоразм вилоятида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.02.2024 й.

N ПҚ-89




ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА ТАДБИРКОРЛАРГА ҚУЛАЙ

ШАРОИТЛАР ЯРАТИШГА ОИД ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Хоразм вилоятида кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмларини кенгайтириш орқали устувор йўналишларда, шу жумладан саноат, хизматлар ва туризм, қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида:


1. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБга беш йил муддатга 14 фоиз ставкада 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит ресурсларини ажратсин.

Бунда, ушбу маблағлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги "Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-306-сон ва 2023 йил 15 ноябрдаги "Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-366-сон қарорларида белгиланган тартиб ва механизмлар асосида:

Хоразм вилоятида ҳар бир маҳалланинг саноат, хизматлар, савдо ва умумий овқатланиш, туризм, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, заргарлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш йўналишларидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, камида 10 та лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида;

Хива ва Урганч шаҳарлари, Ҳазорасп, Хива, Шовот, Боғот ва Урганч туманларида замонавий савдо марказлари ва бозорлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда ишлаб чиқариш бинолари (ангар ва цехлар)ни қуриш, туристик ва гастрономик кўчаларни ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга узоқ муддатли кредит, ижара ва лизингга бериш учун йўналтирилади.


2. Белгилансинки, "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБга мазкур қарор доирасида кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларини амалга оширишда тижорат банклари ҳамда "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖга ресурсларни жойлаштиришга рухсат берилади.


3. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Хоразм вилоятидаги 531 та маҳаллада амалга ошириладиган лойиҳалар дастурини ишлаб чиқсин.


4. Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича республика комиссияси (Ж.А. Қўчқоров) Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов билан биргаликда:

мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган дастурларни тасдиқласин ҳамда ҳар ой якуни билан уларнинг амалга оширилишини муҳокама қилиб борсин;

ҳар чорак якуни билан Ўзбекистон Республикаси Президентига амалга оширилаётган ишлар самараси ва натижадорлиги тўғрисида ахборот бериб борсин.


5. Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев

         

      

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 февраль