Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2024 й. 177-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 30 мартдаги

177-сон қарорига

4-ИЛОВА



Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш,

метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария,

карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг

малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда - ташкилотлар) техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аттестация комиссияси - баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлар, соҳа мутахассисларидан иборат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти (кейинги ўринларда - Стандартлар институти) ҳузурида ташкил этиладиган комиссия;


мутахассис - ташкилотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларида фаолият юритадиган ишчи-ходим;


техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларида аттестация - техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларида фаолият юритувчи мутахассисларнинг назарий ва амалий билимларини баҳолаш, касбий тайёргарлигининг бажарадиган вазифалар ва функцияларига мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида ўтказиладиган имтиҳон.


3. Аттестация мутахассислар малакасини ошириш - соҳадаги назорат ва амалий билимларини чуқурлаштириш ва янгилаш, уларнинг касбий тайёрлиги бажариладиган вазифалар ва функцияларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида ўтказилади.

Мутахассислар аттестациядан уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш, уларнинг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилади.



2-БОБ. МУТАХАССИСЛАР МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ТАРТИБИ


4. Мутахассислар малакаси ҳар уч йилда камида бир марта оширилади.

Мутахассислар малакаси онлайн (масофавий), офлайн (институт биносида) ва жойларга чиққан ҳолда оширилади.


5. Мутахассисларнинг малакасини ошириш дастурлари Стандартлар институти томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Ташкилотлар малака ошириш дастурлари таркибига ўз таклифларини беришлари мумкин.


6. Мутахассислар малакаси Стандартлар институти билан талабгорлар ўртасидаги тузиладиган шартномалар асосида тўлов эвазига амалга оширилади.


7. Малакаси оширилган мутахассисларга мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ намунадаги Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг Малака оширганлиги тўғрисида сертификат берилади.


8. Малака ошириш курсларида сабабсиз қатнашмаган ёки ички тартиб-қоидаларга амал қилмаган мутахассисларга сертификат берилмайди. Малака ошириш курсларида қатнашмаганлик ёки ички тартиб-қоидаларга амал қилмаганлик тўғрисида билдиришнома гуруҳ раҳбарлари томонидан Стандартлар институти директорига киритилади. Бунда шартнома бўйича тўланган маблағлар қайтарилмайди.

Айрим сабабларга кўра (меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври ва бошқа ҳолатларда) малака ошириш курсларида қатнаша олмаган мутахассислар ташкилот раҳбарининг мурожаатномасига асосан кейинги малака ошириш курсларига аввалги тўланган тўловлар эвазига киритилади.


9. Малака ошириш ўқув курслари учун тўловлар қуйидаги миқдорларда белгиланади:

уч кунлик ўқув курси учун - БҲМнинг 1 баравари;

бир ҳафталик ўқув курси учун - БҲМнинг 3 баравари;

икки ҳафталик ўқув курси учун - БҲМнинг 5 баравари;

уч ҳафталик ўқув курси учун - БҲМнинг 10 баравари;

тўрт ҳафталик ўқув курси учун - БҲМнинг 14 баравари.


10. Малака ошириш даврида рўйхатдан ўтказувчиларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади.



3-БОБ. МУТАХАССИСЛАРНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


11. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассислари малакаси тегишли равишда Стандартлар институтида ҳар уч йилда бир марта баҳоланиши шарт.

Мутахассислар малакаси улар ишлаётган ташкилотлар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш масалаларида аттестация қилиниши тақиқланади.


12. Ишга қабул қилинган мутахассис бир йилдан сўнг Стандартлар институтида соҳа бўйича малакасини оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилиши шарт.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалар билан боғлиқ соҳаларда аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган шахслар мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашига икки ойдан кам бўлмаган муддатда Стандартлар институтида қайтадан малакаси оширилиб, қайта аттестациядан ўтказилади.

Мазкур Низомда назарда тутилган муддатларда мутахассислар малакасини ошириш ва аттестациядан ўтишини таъминлашга иш берувчи ташкилот раҳбари масъул ҳисобланади.


13. Ташкилот ушбу Низомда назарда тутилган тегишли муддатлар ёки мутахассиснинг аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан икки ой олдин ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган тартибда Стандартлар институтига мурожаат қилади.

Агар ташкилот мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган муддатда тегишли ҳужжатларни узрли сабабларсиз Стандартлар институтига тақдим этмаса, Стандартлар институти ташкилотнинг раҳбарига ёзма огоҳлантириш бериши шарт.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси назорат давомида ҳамда "Ўзбекистон аккредитация маркази" давлат муассасаси мувофиқликни баҳолаш даврида мутахассислар малакаси оширилганлиги ва аттестациядан ўтганлиги талабининг бажарилишини ҳам ўрганади.


14. Ташкилотлар мутахассисларининг малакаси Стандартлар институти томонидан аттестациядан ўтказилади.


15. Ҳар бир тегишли соҳада малакани аттестациядан ўтказиш мақсадида Стандартлар институти ҳузурида камида етти кишидан иборат таркибда алоҳида Аттестация комиссияси тузилади.

Стандартлар институтининг буйруғи билан ҳар бир соҳада Аттестация комиссияси таркиби, раис ўринбосари ва комиссия котиби тасдиқланади.

Стандартлар институти директорининг ўринбосари (илмий-ишлар бўйича) лавозими бўйича аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади.

Аттестация комиссияси таркибига келишувга кўра Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Стандартлар институтининг мутахассислари, малакали профессор-ўқитувчилар, баҳоловчилар, экспертлар, малакаси баҳоланаётган ташкилотнинг соҳа мутахассислари киритилади, бунда айни бир мутаҳассиснинг малакаси оширилишида иштирок этган комиссия аъзоси ушбу ҳодимнинг аттестациясига кирмайди.


16. Аттестация комиссияси раиси:

аттестация комиссияси мажлисларида раислик қилади;

аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;

аттестациядан ўтказиладиган мутахассисларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни амалга оширади.

Аттестация комиссияси раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.



4-БОБ. ТАЛАБГОРЛАРНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


17. Ташкилот мутахассиси (талабгор)нинг аттестациядан ўтиши тўғрисидаги аризани (онлайн тарзда юборилиши мумкин) Стандартлар институтига белгиланган муддатларда электрон равишда юборади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун талабгорнинг ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича анкетаси;

талабгор чет мамлакатларда таълим олган бўлса, чет мамлакатларда таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ва ваколатли давлат органи томонидан берилган таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги ёки эквивалентлиги қайд этилган гувоҳнома нусхаси;

иш жойидан тавсифнома;

малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси.

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида ҳақ ундирилади. Ариза кўриб чиқилганлиги ва баҳолаш (аттестация) гувоҳномаси берилганлиги учун тўлов Стандартлар институтининг бюджетдан ташқари жамғармасига тушади.


18. Ҳужжатлар келиб тушган кунидан бошлаб икки кун муддатда кўриб чиқилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, ишчи орган томонидан аттестацияга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ташкилотга тегишли хабарнома юборилади. Хабарномада аниқланган камчиликлар, камчиликларни бартараф этиш ҳамда такрорий кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш муддати кўрсатилади.


19. Аттестациядан ўтказиш рад этилиши учун асос бўлган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун тақдим қилиниши мумкин. Бунда ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун ҳақ ундирилмайди.


20. Қуйидагилар аттестациядан ўтказиш рад этилиши учун асос ҳисобланади:

зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этганлик ёки ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этмаслик;

тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

шартнома асосида пул тўланмаганлик.


21. Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, талабгор ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки ой давомида аттестациядан ўтказилиши керак.



5-БОБ. АТТЕСТАЦИЯНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


22. Аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида тегишли ташкилотга аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин электрон шаклда хабарнома юборилади.


23. Талабгорнинг ҳужжатлари аттестациядан ўтишга тақдим этилган бўлсада, узрли сабабга кўра келмаган тақдирда, аттестация комиссиясининг кейинги навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилишига рухсат этилади.

Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган талабгорлар бўйича улар ишлаётган ташкилот раҳбарларига хабарнома юборилади. Аттестацияга узрсиз сабаб билан такроран келмаган тақдирда, аттестация комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар (материаллар) асосида талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор чиқаришга сабаб бўлади.


24. Аттестация комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, комиссия мажлиси ваколатли ҳисобланади.


25. Аттестация комиссияси мажлиси комиссия аъзоларини талабгорнинг ҳужжатлари билан таништиришдан бошланади.


26. Аттестация тест синовлари шаклида ўтказилади.

Аттестация компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда, талабгор танлаган тилда (ўзбек ва рус тилларида) 50 (элликта) тест саволларига жавоб бериш шаклида ўтказилади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади. Жавоблар учун талабгорга бир соат вақт ажратилади.

Саволларнинг 70 фоизига тўғри жавоб берган мутахассис аттестациядан мувафаққиятли ўтган ҳисобланади.

Ташкилотлар аттестация саволлари таркибига ўз таклифларини беришлари мумкин. Аттестация саволларини тайёрлашда IWA 30-1:2019 "Стандартлар бўйича мутахассисларнинг малакаси. 1-қисм. Ташкилотларда.", IWA 30-2:2019 "Стандартлар бўйича мутахассисларнинг малакаси. 2-қисм. Стандартлар билан боғлиқ ташкилотларда." халқаро стандартлардан фойдаланилади. Саволлар Стандартлар институти томонидан тасдиқланади.

Аттестациянинг ошкоралиги ва холислигини таъминлаш мақсадида аттестация онлайн режимида намойиш этилади, узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва Ўзбекистон Стандартлар институтида уч йил мобайнида сақланади.


27. "Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган шахс аттестация ўтказилган кундан бошлаб бир ойдан сўнг аттестацияни қайта топшириш ҳуқуқига эга.

Аттестация комиссияси "аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган шахс ёки у ишлаётган ташкилот аризасига кўра унинг аттестацияни қайта топшириш кунини белгилайди. Қайта топшириш натижаларига кўра "аттестациядан муваффақиятли ўтган" деб баҳоланган тақдирда, унга гувоҳнома умумий асосларда берилади.

Аттестацияни биринчи марта қайта топшириш учун ҳақ ундирилмайди.


28. Аттестациядан муваффақиятли ўтган талабгорга беш кун муддатда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг аттестациядан ўтганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати - 3 (уч) йил.

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади. Гувоҳномаларни сотиб олиш, кирим қилиш ва сақлаш Стандартлар институти томонидан амалга оширилади.


29. Мутахассиси аттестациядан ўта олмаган ташкилот ёки талабгорнинг ўзи такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан бир ой ўтгач, олти ой мобайнида мурожаат қилиши мумкин.

Агар талабгор такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такрорий аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига хабарнома юборади.


30. Ташкилот раҳбари хабарнома олинган кундан кейин ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги асосларидан келиб чиқиб, ходимга нисбатан меҳнат қонунчилигида белгиланган чораларни кўрилади.


31. Ташкилот ёки талабгор аттестация комиссиясининг қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМА ДУБЛИКАТЛАРИНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ТАҚДИМ ЭТИШ


32. Аттестациядан муваффақиятли ўтган мутахассиснинг гувоҳномаси унинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, ташкилотнинг аризасига асосан аттестация комиссияси томонидан гувоҳнома қайта расмийлаштириб берилади.

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар мутахассис ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.


33. Қайта расмийлаштириш жараёнида аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қолдирилади. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги олдинги гувоҳнома бекор қилинади.


34. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, мутахассиснинг аризасига кўра унинг дубликати тақдим этилади.


35. Дубликатни беришда мутахассисга Стандартлар институти томонидан "Дубликат" белгиси қўйилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади.


36. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг қайта расмийлаштирилиши ёки дубликатининг тақдим этилиши учун аттестациядан қайта ўтиш талаб қилинмайди.



7-БОБ. МАЛАКА ОШИРГАНЛИК ВА АТТЕСТАЦИЯДАН

ЎТГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ЯГОНА РЕЕСТРНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


37. Стандартлар институти - техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш билан боғлиқ соҳалар мутахассисларининг малакаси оширилганлиги ва аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги ахборот киритилган Ягона реестрни (кейинги ўринларда - Реестр) юритади.

Реестр электрон ва қоғоз шаклда юритилади.

Электрон шаклдаги реестр Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида юритилади, қоғоз шаклидаги реестр Стандартлар институтида тикилган ва муҳрланган журнал кўринишида расмийлаштирилади ва сақланади.


38. Реестр журнали қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади. Стандартлар институти қоғоз ва электрон шаклдаги реестрларнинг бир-бирига мос келишига жавобгардир.


39. Реестрда мутахассис тўғрисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми;

яшаш жойи ва паспорт маълумотлари;

мутахассиснинг малакаси оширилганлиги ҳақида маълумот;

аттестация даврида иш жойи ва лавозими;

аттестация йўналиши;

аттестациядан ўтказилган жой, гувоҳноманинг тартиб рақами, бланкасининг тартиб рақами, санаси ва амал қилиши муддати;

аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, вақтинча тўхтатиб туриш, тиклаш, ёки бекор қилиш ҳамда дубликат бериш санаси ҳамда асослари;

мутахассисни Реестрдан чиқариш санаси ва асоси.


40. Реестрга Мутахассис тўғрисидаги маълумотлар ва уларга ўзгартиришлар Аттестация комиссиясининг тегишли баённомалари асосида киритилади.


41. Қоғоз шаклидаги Реестрга киритилган ва ўзгартирилган маълумотлар Стандартлар институтининг расмий веб-сайтидаги Реестрга бир кун давомида жойлаштирилади.


42. Мутахассислар тўғрисидаги ҳужжатлар киритилган йиғма жилднинг сақланиш муддати беш йил.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


43. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалар билан боғлиқ соҳаларда фаолият юритувчи мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, (бўшатиш ёки бошқа лавозимга тайинлаш ва бошқалар), улар ишловчи ташкилотлар ўн кун муддатда тегишли ахборотни Стандартлар институтига юборишлари шарт.


44. 45-банддаги маълумотлар асосида Стандартлар институти ҳар чоракнинг 10-санасигача мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар базасини янгилаб боради.


45. Мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар уларни юборган ташкилот маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


46. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалар билан боғлиқ соҳаларга мутахассисларни ишга олишда, уларни лавозимларга тайинлашда ташкилот раҳбарлари мутахассис тўғрисидаги маълумотни Реестрдаги маълумотларга асосланган ҳолда солиштириш ва қайта текширишга, шу асосда мутахассиснинг ўз лавозимида қолиши ёки тайинланишига масъулдир.


47. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин, санитария ва улар билан боғлиқ соҳалар мутахассисларининг малакасини ошириш ва аттестация ўтказиш фақат Стандартлар институти томонидан амалга оширилади. Соҳа бўйича малака ошириш ва аттестациядан ўтказиш функциялари мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларда амалга оширилишига йўл қўйилмайди.


48. Мазкур Низом талабларига риоя этмаган ташкилот раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

       

        




Низомга

1-ИЛОВА



Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги

гувоҳномани олиш учун талабгор

АНКЕТАСИ

        

1.

Фамилияси


        


Исми


         


Отасининг исми


         

2.

Туғилган санаси (йил, кун ва ой)


        

3.

Паспорт (Шахс гувоҳномаси)нинг серияси, рақами, берилган санаси ва уни берилган жойи:


        


            

4.

Яшаш жойи


        


вилоят


шаҳар (туман)


      


кўча


уй, квартира рақами


      


телефон


факс (агар мавжуд бўлса)


      

5.

Маълумоти


        


Таълим муассасасининг номи


         


Мутахассислиги


Тамомлаган йили


           

6.

Иш жойи ва лавозими


        

      


Тўлдирилган сана



       

       


Имзо



        

      




Низомга

2-ИЛОВА



        

Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг

Малака оширганлиги тўғрисида

СЕРТИФИКАТ

       


N





(серияси)


          


(мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми)

        


          

Ўзбекистон стандартлар институтида


            


мавзусида

      


даврида Малака ошириш курсида иштирок этди.

         

          

Директор:









(фамилияси, исми, отасининг исми)

            


      

Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код

      




         

         




Низомга

3-ИЛОВА



           

Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг

аттестациядан ўтганлиги ҳақида

ГУВОҲНОМА

          


N





(серияси)


          

Ушбу билан



(мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми)

         


            

Ўзбекистон стандартлар институтида аттестациядан ўтганлиги тасдиқланади ва у мулкчилик шаклидан қатъий назар барча республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, ва бошқа ташкилотларнинг

          


            


соҳасида ишлаши тавсия этилади.

             

              

Гувоҳнома


гача амал қилади.


(йил, кун ва ой)


            

Аттестация комиссияси раиси:









(фамилияси, исми, отасининг исми)

            


      

Ҳужжатнинг

ҳақиқийлигини

тасдиқловчи

QR-код

      




         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 1 апрель