Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2024 й. 177-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 30 мартдаги

177-сон қарорига

2-ИЛОВА



Стандартларнинг ягона ахборот базасини

шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини

ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом стандартлаштириш соҳасидаги стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш тартиби бўйича ишларни ташкил этиш қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.


2. Стандартларнинг ягона ахборот базаси (кейинги ўринларда - Ягона ахборот базаси) «Маълумотнома излаш» ахборот тизими билан биргаликда қоғоз ва электрон шаклдаги стандартларнинг тизимлаштирилган фондидан иборат.

Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар ўзлари ишлаб чиққан стандартларнинг ахборот базасини ташкил этишлари, шакллантиришлари ва юритишлари мумкин. Бунда ушбу стандартларнинг Ягона ахборот базасидаги стандартлар билан айнан бир хиллиги таъминланиши шарт.


3. Ягона ахборот базаси:

юридик ва жисмоний шахсларга стандартлаштириш соҳасидаги стандартлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот бериш;

стандартлаштириш соҳасида фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан фойдаланишга кўмаклашиш;

стандартлаштириш соҳасидаги стандартлар тўғрисидаги ахборотларнинг ошкоралигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.


4. Стандартлаштириш бўйича миллий орган - Стандартлар институти:

Ягона ахборот базаси шакллантирилиши, юритилиши, сақланиши, тизимлаштирилиши, ҳисобга олиниши ва долзарблиги ташкил этилишини;

юридик ва жисмоний шахслар стандартлаштириш соҳасидаги стандартлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот берилишини таъминлайди.



2-БОБ. ЯГОНА АХБОРОТ БАЗАСИНИНГ

ТАРКИБИ ВА УНИ ТЎЛДИРИШ


5. Ягона ахборот базаси таркибига белгиланган тартибда тасдиқланган қуйидагилар киритилади:

миллий стандартлар;

стандартлаштириш бўйича халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари ҳамда миллий ташкилотларнинг расмий ахборот нашрлари ҳисобланган классификаторлар, каталоглар ва кўрсаткичлар;

стандартлаштириш соҳасидаги барча стандартларнинг электрон вариантлари.


6. Стандартлар тўпламида қуйидагилар бир нусхада архивда сақланади:

а) тасдиқланган стандартнинг қарори (буйруғи);

б) тушунтириш хати, стандартга киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар;

в) ўзгартириш ва (ёки) қўшимчаларни киритиш бўйича таққослама жадвал;

г) техник қўмита ва экспертиза хулосалари;

д) техник қўмита баённомаси, стандартни ишлаб чиқишга асос бўлувчи барча ҳужжатлар:

ташаббускор аризаси;

маҳсулот (хизмат, жараён) тавсифи;

ушбу стандарт лойиҳаси қамраб олган масалада аввалги қабул қилинган ва амалдаги стандартлар рўйхати (агар бўлса);

илмий изланишлар натижалари тўғрисидаги хулоса, синов баённомалари, чизмалар, ҳисоб-китоблар, мутахассислар хулосалари (агар бўлса);

стандартни асл нусхасининг қоғозда ва электрон шакли (Word ва PDF форматларида).



3-БОБ. ЯГОНА АХБОРОТ БАЗАСИНИ ЮРИТИШ


7. Стандартлар жамланиб, уларга тегишли бўлган ҳужжатлар билан бирга ҳисобга олинади ва электрон шаклда, Word ва PDF форматларида Ягона ахборот базасида сақланади.

Ягона ахборот базаси махсус серверга жойлаштирилади, ушбу сервердаги ҳужжатларга хавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда, фақат махсус рухсат этилган ходимларнинг киритилиши таъминланади.


8. Амал қилиш муддати тугаган стандартларнинг қоғоз шаклидаги нусхасига «Архив нусхаси» штампи босилиб, қоғоз архивига юборилади, электрон нусхаси эса Ягона ахборот базаси архивига киритилиб, ўн йилгача муддат сақланади.


9. Ягона ахборот базасига киритилган ҳар бир стандарт қабул қилиш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида йиллик кўрсаткичларда ва Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформасида акс эттирилади.


10. Стандарт бекор қилинганда ёки бир стандарт бошқа стандарт билан алмаштирилганда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформасида акс эттирилади.


11. Стандартларнинг қоғоз шаклидаги нусхалари махсус шароитлар билан таъминланган хоналарда сақланади.


12. Ягона ахборот базасининг стандартлари белгиланган тартибда доимий равишда янгилаб борилади ва долзарблиги таъминланади.


13. Архивда сақланаётган стандартлар тўғрисидаги маълумотлар Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформасида акс эттирилади.


14. Ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш, стандартларни сақлаш ва бошқа вазифаларни ташкил этиш учун тартибларни тасдиқлаш фақат Стандартлар институти томонидан амалга оширилади. Бунда халқаро стандартлаштириш ташкилотларининг стандартлар ахборот базасини юритиш бўйича тартиблари ва тавсиялари инобатга олинади.


15. Стандартлар институтидан бошқа ташкилотлар, жумладан республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий, халқаро (минтақавий), хорижий мамлакатларнинг стандартларини ягона ахборот базасини шакллантирилиши, юритилиши ва тарқатилиши йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ЯГОНА АХБОРОТ БАЗАСИДАГИ

СТАНДАРТЛАРНИ ТАРҚАТИШ ТАРТИБИ


16. Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида эълон қилинган стандартлар долзарб стандартлар ҳисобланиб, мувофиқликни баҳолаш органлари, синов лабораториялари, маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар ва бошқа фойдаланувчилар расмий веб-сайтдан электрон кўринишда 11 хоналик махсус код ва буюртмачиларнинг номи кўрсатилган ҳолда олинган стандартлардан фойдаланишлари лозим.


17. Ягона ахборот базасидаги миллий, дастлабки, халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари барча фойдаланувчиларга Стандартлар институти томонидан унинг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформаси орқали шартнома асосида тарқатилади.


18. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси назорат давомида ҳамда «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси мувофиқликни баҳолаш даврида айнан Стандартлар институтининг расмий веб-сайтидан олинган стандартлардан фойдаланиши юзасидан назоратни амалга оширадилар.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 1 апрель