Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик синфларни ташкил этиш ва битирувчилари бандлигини таъминлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2024 й. 242-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 29 апрелдаги

242-сон қарорига

ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик

синфларни ташкил этиш ва битирувчилари

бандлигини таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим муассасаларида (кейинги ўринларда - мактаб) педагогик синфларни ташкил этиш ва уларда ўқувчиларга таълим бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом айрим фанларга ихтисослаштирилган, танлов фанлари жорий этилган ҳамда нодавлат умумий ўрта таълим, вариатив ўқув режаси асосида ўқитиладиган синфлар учун татбиқ этилмайди.


3. Педагогик синфлар ташкил этиладиган мактаблар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Педагогик синфлар мактаб педагогик кенгаши ва педагогика олий таълим муассасаси кенгашининг қарорлари асосида ташкил этилади.


4. Педагогик синфлар 10 ва 11-синфларда йўлга қўйилади ҳамда ўқувчилар касбий таълим йўналишида ўқув режасида ажратилган соатлар ҳисобидан ўқитилади.


5. Ўқувчилар педагог касбига лаёқати ва қизиқиши мавжуд ўқувчилар орасидан саралаб олинади ҳамда мактаб педагогик кенгаши тавсияси асосида директорнинг буйруғи билан педагогик синфларга қабул қилинади.


6. Ўқувчилар педагогик-психологик ташхис натижаларидан келиб чиқиб, ота-оналар розилиги, ўқувчининг қизиқиши асосида саралаб олинади.


7. Мактабга бириктирилган педагогика олий таълим муассасаси педагогик синфларда ўқув-тарбиявий жараёнларни сифатли ташкил этишга масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ПЕДАГОГИК СИНФЛАРНИ ТАШКИЛ

ЭТИШНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


8. Ўқувчиларда бошланғич педагогик-психологик билим ва кўникмаларни шакллантириш, педагог касбини онгли танлаш учун шароит яратиш, педагог касбига қизиқишни ошириш ва унинг мақомини жамиятдаги ўрни тўғрисидаги тасаввурларни кенгайтириш педагогик синфларни ташкил этишнинг мақсади ҳисобланади.


9. Педагогик синфларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

педагогика олий таълим муассасалари ёки профессионал таълим муассасаларида таълим олишни давом эттириш истагида бўлган ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш;

ўқувчилар томонидан бошланғич педагогик-психологик билим ва кўникмалар ўзлаштирилишини таъминлаш;

ўқувчиларда педагогик фаолият тўғрисида яхлит тасаввурларни шакллантириш, педагог касбини онгли англаш ва бу касбга ўзининг келажагини боғлаш бўйича методик ёндашувларни амалга ошириш.



3-БОБ. ПЕДАГОГИК СИНФЛАРДА ТАЪЛИМ МАЗМУНИ


10. Педагогик синфларда ўқув жараёни 10-11-синфларда қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) ўқишнинг биринчи йили (10-синф)да:

ўқувчиларда педагог касбининг аҳамияти ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тасаввурлар кенгайтирилади;

педагог касбининг қадриятлари, педагогнинг нутқ маданияти, замонавий педагог фаолиятига қўйиладиган талаблар, унинг имижи ва одоб-ахлоқи тўғрисида тушунчалар берилади;

тарбиячининг касбий сифатлари, замонавий тарбиячининг маънавий қиёфаси, ёрдамчи тарбиячининг касбий тайёргарлиги ҳақида билимлар берилади;

б) ўқишнинг иккинчи йили (11-синф)да:

ўқувчиларнинг педагогика, психология, ўқув ишлари методологияси соҳасидаги бошланғич билимлари ривожлантирилади ва чуқурлаштирилади;

педагогика фани ва амалиётининг замонавий тенденциялари, таълим стратегиялари ва моделлари ўргатилади;

педагог фаолиятида ноанъанавий методларнинг аҳамияти, таълим-тарбия жараёнини лойиҳалаштириш ва технологиялаштириш ўргатилади;

тарбиячининг болаларни тарбиялашдаги шахслараро муносабат маданияти, шахснинг руҳий (психик) хусусиятлари, тарбиячининг хулқ-атворини белгиловчи психологик хусусиятлари, тарбиячининг педагогик қобилияти тушунчалари ва кўникмалари ўргатилади;

ўқувчиларга индивидуал психологик маслаҳат бериш орқали психологик ва педагогик қўллаб-қувватлаш ташкил этилади;

ўқувчиларнинг танишув амалиётлари ташкил этилади.


11. Педагогик синфларда дарс жараёнлари интерфаол маъруза, амалий масалаларга бағишланган семинар-тренинг, маҳорат сабоқлари, кичик гуруҳларда ишлаш, мактабнинг тажрибали ўқитувчиларига "устоз-шогирд" тамойили асосида бириктириш, дарсдан ташқари машғулотлар каби шаклларда ўтказилади.



4-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИ КАСБИЙ ТАШХИСЛАШ

ВА ПЕДАГОГИКА СОҲАСИГА ЙЎНАЛТИРИШ


12. Мактаб ва педагогика олий таълим муассасалари томонидан ўқувчиларнинг педагог касбига мойиллиги ўрганилади ҳамда уларни педагог касбига йўналтиришда қуйидагилар амалга оширилади:

педагогик синфлар ташкил этиладиган мактабларда 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг қизиқишлари ва касбий лаёқатини аниқлаш бўйича сўровномалар ўтказиб борилади;

педагогика соҳасига қизиқиши бор 8-9-синф ўқувчилари учун педагогика олий таълим муассасаларига экскурсиялар ташкил этилиб, маҳорат дарслари ўтказилади;

педагогика соҳасида ва ўқитувчилик касбида муваффақиятга эришган, эл ардоғидаги инсонлар билан "Касбим-фахрим", "Биринчи ўқитувчим", "Устоз отангдек улуғ" мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилади;

9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган психологик ташхислар, сўровнома ва тестлар натижалари асосида педагог касбига қизиқиши бор ўқувчилар аниқланиб, педагогик синфларда ўқишга йўналтирилади.


13. Сўровнома ва ташхис тест топшириқлари Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан тайёрланади.



5-БОБ. ПЕДАГОГИК СИНФЛАРДА ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. 10-синфдан педагогик синф фаолияти йўлга қўйилади ҳамда унга 25 нафардан кўп бўлмаган ўқувчилар қабул қилинади. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча педагогик синфлар ташкил этилиши мумкин.


15. Педагогик синфлардаги ўқувчиларга икки ўқув йили давомида жами 136 соатлик педагогик касби билан боғлиқ ўқув дастури асосида таълим берилади. Ўқув жараёни билан боғлиқ бошқа масалалар таянч ўқув режаси ва дастурига мувофиқ белгиланади.


16. Педагогик синфларда дарс ўтиш учун жалб этилган профессор-ўқитувчиларга мактаб таянч ўқув режасининг касбга таълим йўналишидаги соат ҳисобидан соатбай ҳақ тўланади.


17. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги вақт меъёрларига амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги - 34 ҳафта;

дарс машғулотининг давомийлиги - 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги - 5 - 10 дақиқа.


18. Ўқувчиларнинг педагог касбига оид билим ва кўникмаларини аниқлаш ва назорат қилиш мақсадида қуйидаги назорат турлари амалга оширилади:


жорий назорат - чорак давомида тақдимот, лойиҳалаштириш, гуруҳларда ишлаш, савол-жавоб, муҳокама, ёзма иш кўринишида амалга оширилади;


оралиқ назорат - чорак ва ярим йиллик якуни бўйича ўқув дастурининг маълум бир мантиқий якунланган қисми тугаганидан сўнг амалий кўникмаларни тақдимот қилиш ёки ёзма иш кўринишида амалга оширилади;


босқичли назорат - ўқув йили якуни бўйича амалий имтиҳон, ёзма иш, лойиҳалар ва ишланмаларни тақдимот қилиш ҳамда тест синовлари кўринишида амалга оширилиб, унга асосан ўқувчининг якуний баҳоси аниқланади;


якуний назорат - ўқувчи педагогик касбий таълим бериш жараёни тугаганидан сўнг педагогик синфда эгаллаган билим ва кўникмаларни амалий намойиш этиш орқали якуний давлат аттестациясидан ўтказилади.


19. Жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


20. Ўқув жараёнининг назорати мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан амалга оширилади.


21. Педагогик синфни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга ушбу Низомга иловага мувофиқ намунадаги Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкасининг 2-даражасидаги сертификат "kasb.maktab.uz" платформаси орқали электрон шаклда берилади.

Сертификатга эга бўлган педагогик синф битирувчилари мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи ёрдамчиси лавозимида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.


22. Якуний назоратдан ўта олмаган ўқувчилар учун қайта якуний назорат жорий йил август ойида ташкил этилади. Қайта якуний назоратдан ўта олмаган ўқувчиларга қўшимча имконият ва сертификат берилмайди.


23. Педагогик синф фаолияти ҳамда дарс самарадорлиги учун жавобгарлик мактабга бириктирилган педагогика олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан белгиланган масъулга юкланади.


24. Педагогик синф фаолияти устидан умумий назорат мактаб директори ва педагогика олий таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича проректори томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Педагогик синфлар фаолияти ташкилотчиларнинг коллегиал органи қарори ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг буйруғи асосида тугатилади.






Низомга

ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасаcида педагогик

синфларни тамомлаганлик тўғрисидаги

сертификатнинг давлат намунаси тавсифи


Умумий ўрта таълим муассасаларида касб эгаллаган педагогик синф битирувчиларига электрон сертификат А4 (297х210мм) ўлчамли кўринишга эга.

Унинг юқори қисмига "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI, REPUBLIC OF UZBEKISTAN" сўзлари 24 шрифт ҳажмида ёзилади ва марказига Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг 30 мм диаметрли тасвири туширилади.

Қуйи қисмига "SERTIFIKAT" сўзи кўк рангда 48 шрифт ҳажмида, "CERTIFICATE" кўк рангда 24 шрифт ҳажмида ёзилади. Сертификатда S ҳарфи ва саккизта рақамли тартиб рақами ва матнлар 14 шрифт ҳажмида ёзилади (фамилияси, исми, отасининг исми, таълим муассасаси сўзлари 10 шрифт ҳажмида ёзилади) ва электрон сертификат мактаб директорининг электрон рақамли имзоси (QR-код) билан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан сертификатнинг давлат намунаси ва тавсифига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин.




Умумий ўрта таълим муассасаcида педагогик синфларни

тамомлаганлик тўғрисидаги сертификатнинг

ДАВЛАТ НАМУНАСИ

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

REPUBLIC OF UZBEKISTAN

S E R T I F I K A T CERTIFICATE

S № 00000000

________________________________________________

(familiyasi, ismi, otasining ismi / surname, given name(s), patronymic)


20____-20____- o`quv yili davomida /during the academic year

____________ viloyati _________ tumani (shahar)dagi ___ - son maktabda pedagogik sinfni

(talim muassasasi / educational organization)

_____________________Maktabgacha talim tashkilotlarida tarbiyachi yordamchisi _________________

kasbi bo`yicha o`quv soatlarini tamomlab, ixtisoslik berildi / having completed training hours by profession, he/she was awarded a specialty


Direktor / Director


Berilgan sana /

Date of issue


(familiyasi, ismi, otasining ismi / surname, given name(s), patronymic)



            


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 30 апрель