Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.06.2024 й. ПҚ-227-сон "Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.06.2024 й.

N ПҚ-227



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВА ОЗИҚ-

ОВҚАТ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИ

ЖАДАЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни самарали ташкил этиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда самарали ҳамда янги бозор механизмларини жорий этиш, агрокластерлар, фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга хизматлар кўрсатишни янги тамойиллар асосида ташкил этиш мақсадида:


1. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этишни янада жадаллаштириш мақсадида давлат муассасаси шаклида "Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси (кейинги ўринларда - Лойиҳа офиси) ташкил этилсин.

Лойиҳа офиси 2024 йилда устувор равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 мартдаги ПҚ-109-сон қарори билан тасдиқланган 2024 йилда стратегик йўналишлардаги ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлар режасида назарда тутилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларидаги стратегик ислоҳотларнинг амалга оширилишига эътибор қаратсин.


2. Қуйидагилар:

"Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офисининг асосий фаолият йўналишлари 1-иловага мувофиқ;

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ;

"Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси томонидан биринчи босқичда фаолияти такомиллаштириладиган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

Лойиҳа офиси директорига қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари учун белгиланган ваколатлар берилади;

Лойиҳа офиси директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Лойиҳа офиси штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда тизим ташкилотларининг амалдаги штатлари доирасида шакллантирилади;

Лойиҳа офиси ҳар ойда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради;

давлат органлари раҳбарлари Лойиҳа офисига ҳар томонлама кўмаклашади, шу жумладан унинг сўровига кўра ўз ходимларининг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни сақлаб қолган ҳолда эксперт сифатида юборилишини таъминлайди;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари ҳамда бошқа давлат органлари Лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасига оид масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Лойиҳа офиси билан келишилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Лойиҳа офиси фаолиятини мувофиқлаштириб, унинг самарали фаолиятини таъминлаш чораларини кўрсин.


5. Лойиҳа офисини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

2024 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, шу жумладан ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағларнинг иқтисод бўладиган қисми, 2025 йилдан бошлаб - Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;

2024 йилда Давлат бюджети параметрларида пиллани қайта ишловчи ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун субсидияларга кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 5 миллиард сўм;

Лойиҳа офисининг асосланган таклифларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида жалб қилинадиган грант маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бир ой муддатда Лойиҳа офисининг низомини, шунингдек, унинг тузилмаси, штат бирликлари сони, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини тасдиқласин.


7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Лойиҳа офиси:

а) 2024 йилда:

қишлоқ хўжалиги учун ишчилар сонини мавжуд ер майдонига боғлаш бўйича мезонларни ишлаб чиқсин;

қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурта хизматларини ривожлантириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида уларни республикага жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ҳудудларда фаолият кўрсатаётган озиқ-овқат саноати корхоналарининг мавжуд қувватларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш;

соҳада ўз ечимини кутиб турган муаммоларни бартараф этиш учун халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;

Лойиҳа офиси уч ой муддатда юқори нуфузга эга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хорижий олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича алоҳида ихтисослашган марказ фаолиятини ташкил этсин;

мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириш ва экспорт улушини ошириш учун халқаро молия институтларининг 3,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос бўлган 3 та замонавий лаборатория ташкил этиш чораларини кўрсин;

3-иловада белгиланган ташкилотлар фаолиятини қайта кўриб чиқсин ва иш самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрсин;

б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда аграр соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари билимини, педагогларининг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари фаолиятини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизимини такомиллаштирсин;

Тошкент давлат аграр университетида таълим йўналишларини босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказсин;

в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотларидан 1 нафардан салоҳиятли ходимларни асосий ишидан ажралган ҳолда Лойиҳа офиси эксперти сифатида доимий фаолият олиб бориши учун юборилишини таъминласин.

Бунда, экспертлар номзоди Лойиҳа офиси билан келишилган ҳолда аниқланади ҳамда уларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тизим ташкилотлари томонидан қопланади.


8. Лойиҳа офисига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг тизимидаги муассасалар, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассисларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, шартнома асосида Лойиҳа офиси фаолиятига жалб қилиш;

ишлаб чиқилган лойиҳаларни ҳудудий ташкилотлар, туман (шаҳар) ёки ҳудуд мисолида тажриба-синовдан ўтказиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраб олиш ва уларнинг электрон ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш.


9. Лойиҳа офиси директорига хорижий мутахассислар, эксперт, консультант ва маслаҳатчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб этиш, ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақини миллий ёки чет эл валютасида, шу жумладан маблағларни уларнинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш орқали тўлаш, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг таркибий тузилмалари мутахассисларини ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларига жалб қилиш, улар иштирокида эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳларини тузиш ҳуқуқи берилсин.


10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Лойиҳа офисини Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзили бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маъмурий биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирсин;

бир ой муддатда Лойиҳа офиси фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан уни жиҳозлаш, зарур моддий-техник воситалар ва алоқа турлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 июндаги

ПҚ-227-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги

лойиҳалар маркази" лойиҳа офисининг

асосий фаолият йўналишлари


1. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, шу жумладан ўсимликлар карантини ва ҳимояси, ветеринария, чорвачилик ва наслчилик-селекция, пиллачилик, яйловлардан фойдаланиш соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш.


2. Халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, халқаро баҳолаш ташкилотлари ва консалтинг компаниялари томонидан берилган тавсияларни умумлаштириш ҳамда мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш.


3. Қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурта хизматларини ривожлантириш бўйича таклифларни шакллантириш, ушбу йўналишдаги мақбул ташаббусларнинг амалиётга татбиқ қилинишини таъминлаш.


4. Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан соҳага ажратилаётган субсидия маблағлари самарадорлигининг таҳлили асосида уларнинг натижадорлигини ошириш.


5. Етакчи экспертлар, консультантлар, маслаҳатчилар ва жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда соҳада ресурстежамкор технологияларни жорий қилиш ва интенсив усулда маҳсулот етиштириш, шунингдек, соҳада хизмат кўрсатишни илғор хорижий тажриба асосида амалга ошириш бўйича таклифларни тайёрлаш.


6. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, уларни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш.


7. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини институционал таҳлил қилиш ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда соҳага бозор тамойилларини жорий этиш.


8. Хорижий экспертлар ва халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини рақамлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларига замонавий ахборот тизимларини жорий этиш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш.


9. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таклифларни тайёрлаш.

       

     




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 июндаги

ПҚ-227-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат

соҳасини такомиллаштиришнинг устувор

йўналишларини амалга ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

     

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Амалга ошириш муддати

         

Масъул вазирлик

ва идоралар номи


1.

Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилган натижалар ва йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилган ҳолда асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш.


1. Халқаро экспертлар иштирокида Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларни ҳамда эришилган мақсадли кўрсаткичларни таҳлил қилиш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Таҳлил натижалари ҳамда экспертлар хулосаси асосида Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси устувор вазифаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

ноябрь


2.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва юқори қиймат занжирини яратиш ҳамда уларни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш бўйича узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


1. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва юқори қиймат занжирини яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


2024 йил

июнь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш бўйича узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиб ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

сентябрь


3.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини оширишга ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни интенсивлаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.


1. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини янада ошириш бўйича дастурни ишлаб чиқиш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини жадал ишлаб чиқаришни ташкил этиш чораларини кўриш.


Доимий


4.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан соҳага ажратилаётган субсидия маблағлари самарадорлигининг таҳлили асосида уларнинг натижадорлигини ошириш ҳолатини ўрганиш ва такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш.


1. Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш учун таклифларни ишлаб чиқиш.


2024 йил

июнь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Соҳага Ажратилаётган субсидия маблағлари самарадорлигининг таҳлили асосида уларнинг натижадорлигини ошириш ҳолатини ўрганиш ва такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш.


2024 йил

август


5.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида солиққа тортиш тизими таҳлилини ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ юкини камайтириш бўйича тавсиялар тайёрлаш.


1. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида солиққа тортиш тизимини таҳлил қилиш.


2024 йил

сентябрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев), Лойиҳа офиси


2. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ юкини камайтириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш.


2024 йил

сентябрь


6.

Қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғчилиги ва кўчатчилигини ривожлантириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш.


Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Қишлоқ хўжалиги экинларининг сертификатланган уруғчилиги ва кўчатчилигини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2024 йил

октябрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдурахмонов, А. Шукуров), Лойиҳа офиси


7.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муҳим экспорт бозорлари географиясини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига йўналтирилган бозорларни топиш орқали экспорт улуши оширилишини таъминлаш.


1. Экспорт бозорлари географиясини кенгайтириш учун ташқи бозорларни ўрганиш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И. Эргашев)


2. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт улуши ошириш.


Доимий


8.

Халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган ҳолда чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқаришни кенгайтириш чораларини кўриш.


1. Чорвачиликда озуқа базани мустаҳкамлаш учун уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш.


2024 йил

август


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (Б.Норқобилов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Шукуров)


2. Хатлов натижаларига кўра, озуқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2024 йил

октябрь


3. Халқаро молия институтлари ҳисобидан чорва комплексларини ташкил қилиш ва омухта-ем ишлаб чиқаришга маблағларни жалб қилиш.


2024 йил

декабрь


9.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурта хизматларини ривожлантириш бўйича таклифларни шакллантириш, ушбу йўналишдаги мақбул ташаббусларни амалиётга татбиқ қилишни таъминлаш.


1. Қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурта хизматларини ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Суғурта хизматларини ривожлантириш бўйича мақбул ташаббусларни амалиётга татбиқ қилиш.


2024 йил

сентябрь


10.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини ташкил қилиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини ташкил қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш.


2024 йил

декабрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Қосимов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


11.

Европа иттифоқи ва Жаҳон банки грант маблағларини жалб қилган ҳолда соҳага ажратилаётган барча субсидияларни хатловдан ўтказиб, уларнинг самарадорлигини ошириш ва ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


1. Субсидияларни хатловдан ўтказиш учун хорижий экспертларни жалб қилиш ва хатловдан ўтказиш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И.Абдурахмонов, А. Шукуров), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов), Лойиҳа офиси


2. Субсидиялар самарадорлигини ошириш ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш бўйича доклад (ҳисобот) ва таклифлар тайёрлаш.


2024 йил

октябрь


12.

Кичик хўжаликлар ва аҳоли томорқасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш.


1. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга ихтисослашган электрон савдо платформасини яратиш, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда "Online mahalla" электрон платформаси билан интеграция қилиш.


2024 йил

сентябрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Қ.Юлдашев), Лойиҳа офиси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов)


2. Дастлабки босқичда давлат буюртмачилари (тиббиёт муассасалари, боғча, мактаб ва бошқалар) томонидан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш тизимини йўлга қўйиш.


2024 йил

декабрь


13.

Соҳада эришилган натижалар ҳамда давлат сиёсатининг истиқболли чораларини ўзида қамраб олган қишлоқ хўжалигининг йиллик ҳисоботи (Agriculture annual report) чоп этилишини таъминлаш.


1. Қишлоқ хўжалигига оид барча охирги 3 йиллик статистик маълумотларни таҳлил қилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини баҳолаш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Шукуров), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Таҳлиллар ҳамда баҳолаш натижаларига кўра қишлоқ хўжалигининг йиллик ҳисоботи (Agriculture annual report)га таклифлар ишлаб чиқиш.


2024 йил

декабрь


14.

Ёш мутахассислар орасидан бошқарув кадрларини тайёрлаш учун стажировка ва стипендиялар дастурини жорий этиш. Бунда қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва маркетинги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо-сотиқ қилиш ҳамда шу каби бошқа устувор йўналишларда стипендияларни тақдим этиш ва ходимлар алмашинуви бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш.


1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий ташкилотларнинг ёш олимларини хорижий стажировкага юбориш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


2024 йил

июль


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Шукуров), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (Қ.Шарипов), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Аграр соҳадаги ёш олимлар учун стипендияларни жорий қилиш ва танловлар ўтказиш.


2024 йил

сентябрь


3. Бошқарув кадрларини тайёрлаш, танлаб олинган соҳадаги ёш мутахассисларни хорижий стажировкага юбориш.


2024 йил

ноябрь


15.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини ўрганиш ва такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш.


Соҳа ташкилотларида инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини ўрганиш ва такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаш.


2024 йил

декабрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Шукуров), Лойиҳа офиси, манфаатдор вазирлик ва идоралар


16.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий тармоқларини баҳолаш натижаларига кўра, ички ва халқаро бозорларга экспорт улушини янада ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни доимий амалга ошириш чораларини кўриш.


1. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий тармоқларини, ички ва халқаро бозорларни ўрганиш.


2024 йил

сентябрь


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдурахмонов), Лойиҳа офиси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И. Эргашев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Баҳолаш натижаларига кўра экспорт улушини янада ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни доимий амалга ошириш чораларини кўриш.


2025 йил

январь


         

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 июндаги

ПҚ-227-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги

лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси томонидан биринчи

босқичда фаолияти такомиллаштириладиган

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг

тизим ташкилотлари

РЎЙХАТИ

         

Т/р

Ташкилот номи

   

Масъуллар

    

1.

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази


Қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдурахмонов (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Ш. Отажонов)


2.

Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти


Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А. Шукуров (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Ш. Отажонов, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази директори М. Хакимов)


3.

Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази


4.

Сирдарё агротехнологиялар техникуми


Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А. Шукуров (Тошкент давлат аграр университети биринчи проректори С. Исламов)


5.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг "Ўззооветтаъминот" ДУК


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б. Норқобилов ("Ўззооветтаъминот" ДУК раҳбари О. Алимардонов)


6.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Агрокимёвий тупроқ таҳлил маркази


Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори И. Эргашев ("Агрокимёвий тупроқ таҳлил маркази" ДМ директори В. Мухиддинов)


7.

"Ўзбекипаксаноат" уюшмасининг "Fabrictex" МЧЖ


Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси И. Эргашев ("Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раиси в.в.б. И. Сайфуллаев)


         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 21 июнь