Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

12-сон БХМС "Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш" (АВ томонидан 18.07.2024 й. 3531-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 14.06.2024 й. 138-сон буйруги билан тасдикланган)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 18 июлда 3531-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

иқтисодиёт ва молия вазирининг

2024 йил 14 июндаги

138-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


12-СОНЛИ БҲМС


"МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ"


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.


2. Мазкур БҲМСнинг мақсади бюджет, суғурта ташкилотлари, банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан ташқари мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча юридик шахсларда (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) молиявий инвестицияларини ҳисобга олиш усулини аниқлаш ва уларни молиявий ҳисоботларда акс эттириш тартибини белгилаш ҳисобланади.


3. Мазкур БҲМС ташкилотлар томонидан молиявий инвестицияларни ва улар тўғрисидаги маълумотларни бухгалтерия ҳисобида ёритиб бериш учун қўлланилади.


4. Ташкилот молиявий инвестициялар ҳисобини мазкур БҲМСнинг 7 - 28-бандларига мувофиқ юритади ва улар қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:

молиявий инвестицияларни (қисқа муддатли ва узоқ муддатли) тоифаларига қараб таснифлаш;

молиявий инвестициялар қийматини аниқлаш ва уларни молиявий ҳисоботларда акс эттириш;

молиявий инвестицияларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш;

молиявий инвестициялар қийматининг қайтарилмайдиган пасайиши.


5. Мазкур БҲМС қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақи шаклидаги инвестициялар бўйича олинган даромадларни тан олиш асослари;

шўъба жамиятларга инвестициялар;

биргаликда фаолиятга инвестициялар;

гудвилл, патентлар, савдо белгилари ва бошқа номоддий активлар;

Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (6-сонли БҲМС) "Ижара ҳисоби"да (рўйхат рақами 1946, 2009 йил 24 апрель) келтирилган таърифга мос келадиган молиявий лизинг.


6. Мазкур БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


молиявий инвестициялар - ташкилот тасарруфидаги даромад олишга (фоиз, роялти, дивиденд ва ижара ҳақи шаклида) мўлжалланган, инвестиция қилинган капитал қийматининг ортиши ёки инвестиция қилувчи компаниянинг бошқа наф олиш учун фойдаланадиган активлар;


қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар - муомалада бўлиш муддати 12 ойдан ошмайдиган осон реализация қилинадиган молиявий инвестициялар;


узоқ муддатли молиявий инвестициялар - қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялардан ташқари барча молиявий инвестициялар;


кўчмас мулкка инвестиция - инвестиция қилувчи ташкилотнинг ёки инвестиция қилувчи ташкилот гуруҳига кирувчи бошқа ташкилотнинг ишлаб чиқариш фаолияти давомида фойдаланилмайдиган ер майдонларига ёки иморатларга молиявий инвестициялар;


жорий қиймат - бир-бирига қарам бўлмаган, лекин сотиб олишни хоҳлаган хабардор харидор билан сотишни хоҳлаётган хабардор сотувчи ўртасида актив алмаштириладиган сумма;


бозор қиймати - молиявий инвестицияларнинг актив бозорда аниқланадиган суммаси.



2-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ТАСНИФЛАШ


7. Ўзининг молиявий ҳисоботларида айланма маблағлар ва узоқ муддатли активлар ўртасидаги тафовутни кўрсатувчи ташкилотлар муомалада бўлиш муддати 1 йилгача бўлган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларни айланма маблағ сифатида, муомалада бўлиш муддати 1 йилдан ошадиган узоқ муддатли молиявий инвестицияларни эса узоқ муддатли активлар сифатида кўрсатишлари керак.


8. Ўзининг балансларида қисқа муддатли ва узоқ муддатли молиявий инвестицияларни фарқламайдиган ташкилотлар мазкур БҲМСнинг 13 ва 15-бандларига мувофиқ молиявий инвестицияларни баҳолаш ва балансдаги қийматни аниқлаш мақсадларида ушбу фарқлашни амалга оширишлари керак.



3-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ БАҲОЛАШ


9. Харид қилинганда молиявий инвестициялар сотиб олиш қиймати бўйича баҳоланади ва бу қийматга брокерлар хизмати учун тўланган ҳақ, банк хизмати учун тўловлар, божлар ва бошқа харажатлар киритилади.


10. Агар молиявий инвестиция тўлалигича ёки қисман акцияларни эмиссия қилиш ёки бошқа қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан харид қилинаётган бўлса, харид қилиш қиймати чиқарилган қимматли қоғозларнинг номинал қийматига эмас, балки уларни жорий қийматига тенг бўлади. Агар инвестиция тўлалигича ёки қисман бошқа активга алмаштириш йўли билан харид қилинаётган бўлса, унинг харид қиймати берилаётган активнинг жорий қиймати бўйича аниқланади.


11. Харид қилинган пайтгача бўлган давр учун фоизлар улуши ҳисобланган дивидендларни ўз ичига олган қиймат бўйича харид қилинган молиявий инвестициялар харидор томонидан сотувчига тўланган фоизлар суммасини чегириб ташлаб, харид қиймати бўйича ҳисобга олинади.


12. Қарз қимматли қоғозларга инвестицияларнинг харид қиймати билан тўлаш қиймати ўртасидаги тафовут (дисконт ёки харид қилишдаги мукофот) инвестициялар бўйича доимий даромад мавжуд бўлиши учун инвестор томонидан харид қилинган пайтдан бошлаб қарз тўлангунга қадар ҳисобдан чиқариб борилади.



4-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ

БАЛАНС ҚИЙМАТИ


1-§. Қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар


13. Қисқа муддатли (жорий) активлар сифатида тасниф қилинган молиявий инвестициялар бухгалтерия балансида қуйидаги усуллар орқали ҳисобга олинади:

бозор қиймати;

харид қиймати ва бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг кичиги бўйича.

Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар харид қиймати ва бозор қийматларидан энг кичиги баҳоси бўйича ҳисобга олинадиган бўлса, баланс қиймати инвестиция портфелининг умумий қиймати асосида ёки инвестициялар турлари бўйича ёхуд алоҳида инвестициялар асосида аниқланади.


14. Қисқа муддатли инвестициялар бозор қийматининг ўзгаришидан келадиган даромад ёки зарар ўзгариш содир бўлган ҳисобот даврида тан олинади.



2-§. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар


15. Узоқ муддатли активлар сифатида тасниф қилинган молиявий инвестициялар бухгалтерия балансида қуйидаги усуллар орқали ҳисобга олинади:

харид қиймати;

қайта баҳолашни ҳисобга олган қиймат бўйича;

инвестиция портфели усули бўйича аниқланган, харид қиймати ва бозор қийматидан энг кичиги баҳоси бўйича.


16. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш учун қайта баҳолашни амалга ошириш даврийлигини, шу жумладан узоқ муддатли инвестициялар тоифаларини аниқлаш зарур.


17. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар қиймати пасайганда барча узоқ муддатли молиявий инвестицияларнинг баланс қиймати пасайтирилади, бундан баланс қийматининг вақтинча пасайиши мустасно. Бундай пасайтириш ҳар бир алоҳида молиявий қўйилма бўйича аниқланади ва тайёрланади.


18. Узоқ муддатли инвестициялар харид қиймати бўйича ҳисобга олинганда, узоқ муддатли молиявий инвестициялар қиймати қайтариб бўлмайдиган даражада пасайган тақдирда, бу инвестицияларнинг баланс қиймати ҳар бир инвестиция бўйича алоҳида камайтирилиши керак. Бунда, хатарнинг турлари, инвестиция қилинаётган ташкилотда инвесторнинг улуши эътиборга олинади.


19. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар баланс қийматининг вақтинча пасайиши ҳисобда акс эттирилмайди. Молиявий инвестициялар қиймати пасайишининг бошқа ҳоллари мазкур БҲМСнинг 21-бандига мувофиқ кўриб чиқилади.



5-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР БАЛАНС

ҚИЙМАТИНИ ҚАЙТА БАҲОЛАШ


20. Қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларни бозор қиймати бўйича ҳисобга олувчи ташкилот ҳисоб сиёсатида инвестициялар баланс қийматининг камайиши ёки кўпайишини қуйидагича акс эттиради:

даромад ёки харажат сифатида;

мазкур БҲМСнинг 21-бандига мувофиқ равишда.


21. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш натижасидаги қўшимча баҳолаш суммаси хусусий капиталга қайта баҳолашдан даромад сифатида қўшилади. Молиявий инвестициялар қиймати пасайганда камайтириш хусусий капиталда акс эттирилган ўша инвестицияларни қўшимча баҳолаш суммаси ҳисобидан амалга оширилади. Агар молиявий инвестициялар қийматини камайтириш суммаси қайта баҳолашдан олинган даромад суммасидан ошса, бу фарқ харажат сифатида тан олиниши керак. Қиймати пасайтирилган инвестицияларни қўшимча баҳолаш миқдори шу инвестициялардан келган зарар қоплангандан сўнг хусусий капитал кўпайишига киритилади.



6-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ

СОТИШ ВА УЛАРНИ БИР ТОИФАДАН

БОШҚАСИГА ЎТКАЗИШ


22. Молиявий инвестицияларни сотишда сотишдан олинган тушум билан баланс қиймати ўртасидаги фарқ тегишли харажатларни (брокер ёки дилер хизмати ҳақи) чегириб ташлангандан сўнг даромад ёки харажат сифатида тан олинади.

Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар балансда портфел усули бўйича, харид қиймати ёки бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг пастида ҳисобга олинган бўлса, қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотишдан даромад ёки харажат уларни реализация қилиш нархи билан харид қилиш нархи ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

Агар инвестиция илгари қайта баҳоланган ёки бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган, баланс қиймати эса қўшимча баҳолаш қийматини ҳисобга олган ҳолда кўпайтирилган бўлса, ташкилот қўшимча баҳолашни қолдиқ суммасини даромад ҳисобварағига кредитлаши ёки уни тақсимланмаган фойда ҳисобига ўтказишини ҳисоб сиёсатида тасдиқлаши керак.


23. Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар харид қиймати ва бозор қийматининг энг кичиги бўйича ҳисобга олинадиган бўлса, узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қисқа муддатли (жорий) инвестицияларга ўтказиш ҳам харид қиймати ва баланс қийматининг энг кичиги бўйича амалга оширилади.


24. Агар узоқ муддатли молиявий инвестициялар илгари қайта баҳоланган бўлса, уларни қисқа муддатли (жорий) инвестициялар тоифасига ўтказишда ва бу қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган бўлса, қайта баҳолаш қиймати баланс қийматидан чиқариб ташланиши керак.

Агар қисқа муддатли молиявий инвестицияларнинг бозор қийматидаги ўзгариш даромадга киритиладиган бўлса, қўшимча баҳолашнинг қолган ҳар қандай миқдори даромадга ўтказилиши керак.


25. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни узоқ муддатли молиявий инвестициялар тоифасига ўтказиш харид қилиш қиймати ва бозор қийматидан энг кичиги ёки бозор қиймати бўйича, агар инвестиция илгари шу қиймат бўйича ҳисобга олинган бўлса, амалга оширилади.



7-БОБ. МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР БЎЙИЧА

ОПЕРАЦИЯЛАРДАН МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАР


26. Молиявий натижаларга қуйидагилар киритилади:

а) молиявий инвестициялар бўйича қуйидаги кўринишдаги даромадлар/харажатлар:

узоқ муддатли ва жорий инвестициялар бўйича фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара тўловлари;

қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотишдан даромадлар ва зарарлар;

мазкур БҲМСнинг 20-бандига мувофиқ бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бўйича реализация қилинмаган даромадлар ва зарарлар;

харид қиймати ва бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг кичиги бўйича баҳоланган қисқа муддатли молиявий инвестицияларни тақдим қилиш учун талаб қилинадиган бозор қийматининг камайтирилиши ва бундай камайтиришнинг қайтадан тикланиши;

б) узоқ муддатли молиявий инвестициялар қийматининг вақтинчалик камайишидан ташқари баланс қийматининг пасайиши ва бундай пасайишлар қопланиши;

в) мазкур БҲМСнинг 22-бандига мувофиқ ҳисобланган узоқ муддатли молиявий инвестицияларни сотишдан даромадлар ва зарарлар.


27. Мазкур БҲМСни қўлланиш натижасида юзага келадиган солиқ оқибатларини ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ амалга оширилади.



8-БОБ. ЁРИТИБ БЕРИШ


28. Молиявий ҳисоботларда қуйидагилар ёритиб берилиши лозим:

а) ҳисоб сиёсатида:

молиявий инвестицияларнинг баланс қийматини аниқлаш;

бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларнинг бозор қийматидаги ўзгаришларни акс эттириш;

қайта баҳоланган молиявий инвестицияларни сотишда қўшимча баҳолаш суммасини акс эттириш;

б) қуйидаги кўринишда олинган даромадга киритилган катта миқдордаги суммалар:

узоқ муддатли ва қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бўйича фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақлари;

қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотишдаги даромадлар ва зарарлар;

бундай молиявий инвестициялар қийматидаги ўзгаришлар;

в) реализация қилинаётган инвестицияларнинг бозор қиймати, агар улар балансда бозор қиймати бўйича ҳисобга олинмаган бўлса;

г) кўчмас мулкка молиявий инвестицияларнинг жорий қиймати, агар улар узоқ муддатли инвестиция сифатида ҳисобга олинган бўлса ва жорий қиймати бўйича акс эттирилмаса;

д) инвестицияларга муҳим чеклашлар ёки инвестицияларни реализациясидан даромад ва тушумни ўтказиш;

ж) қайта баҳолаш суммаси бўйича ҳисобга олинган узоқ муддатли инвестициялар:

қайта баҳолаш ўтказилишини даврийлигини ианиқлаш сиёсати;

сўнгги марта қайта баҳоланган сана;

қайта баҳолаш асоси ва ташқи баҳоловчини жалб этиш факти;

з) давр ичида баҳосининг оширилиши суммасидаги ўзгаришлар ҳамда бу ўзгаришларнинг тавсифи;

и) асосий фаолияти инвестиция фаолиятидан иборат бўлган ташкилотлар учун инвестиция портфелини таҳлил қилиш.

        

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 18 июль