Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.07.2024 й. ПФ-105-сон "Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.07.2024 й.

N ПФ-105



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



РЕСПУБЛИКАДА ОВ ҚИЛИШ ВА ОВЧИЛИК

ХЎЖАЛИКЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш ва такомиллаштириш, соҳага илғор технологияларни татбиқ қилиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш орқали маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги "Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-9-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:


1. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг (кейинги ўринларда - Экология вазирлиги) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб овчилик хўжалигини ташкил этишнинг қуйидаги тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

а) ов қилиш фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади ва овчилик хўжаликлари ҳудудидан ташқарида ов қилишни амалга ошириш тақиқланади (табиий сув оқимларида, шунингдек каналларда ва коллектор-дренаж тармоқларида умумий фойдаланиш тартибида жисмоний шахслар томонидан балиқ тутиш, ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш мақсадида ов қилиш ҳамда Экология вазирлиги томонидан белгиланган тартибга асосан эркин ов қилиш ҳудудларида ов қилиш бундан мустасно);

б) овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни белгилаган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:

биринчи босқичда - 10 йил муддатга;

инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:

иккинчи босқичда - 10 йил муддатга;

учинчи босқичда - 29 йил муддатга.

Бунда, икки йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил қилинмаса, ижара шартномаси бекор қилинади;

в) электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига (овчилик базалари ва питомникларга) туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари Экология вазирлиги билан тўғридан-тўғри тузиладиган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномага асосан овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади. Бунда:

бириктирилган ов қилиш жойларидан фойдаланганлик учун ундириладиган йиллик ҳақ миқдори Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Экология вазирлиги томонидан белгиланади;

электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахслар овчилик хўжалигини юритиш учун туташ ҳудуддаги ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномани тузишдан бош тортган тақдирда, электрон онлайн-аукцион натижалари бекор қилинади ва ер участкалари қайта электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;

г) овчилик хўжаликлари:

Экология вазирлиги томонидан тасдиқланадиган форматда ишлаб чиқилган ва келишилган 10 йилга мўлжалланган техник-иқтисодий асоснома материаллари асосида фаолият юритади;

питомникларда ёввойи ҳайвонларни тўлиқ босқичда етиштиришни йўлга қўйган ҳолда ўзларига бириктирилган ов қилиш жойларига қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига тенг миқдорида ёввойи ҳайвонларни Экология вазирлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида, уларнинг урчиш пайтларидан ташқари йил давомида ов қилишни ташкил этади. Бунда, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома олиш талаб этилмайди;

д) ёввойи ҳайвонларнинг урчиш пайтлари Зоология институтининг хулосаси асосида белгиланади.

2024 йил 1 сентябргача юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзига тегишли ер участкаларида овчилик базалари ва питомниклар ташкил этилган тақдирда, овчилик хўжалигини юритиш учун ушбу ер участкасига туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари Экология вазирлиги билан тўғридан-тўғри тузиладиган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномага асосан 49 йил муддатга бириктириб берилади.


2. Экология вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилсин:

овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқлаш;

овчилик хўжалигини юритишда техник-иқтисодий асоснома материалларининг форматини тасдиқлаш;

юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш.


3. Экология вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Белгилансинки:

а) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида Экология вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган электрон дастур орқали берилади. Бунда, овчилик йўлланмалари берилганлиги учун тўлов миқдори овчилик хўжаликлари томонидан белгиланади;

б) ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри маълумотлари, ёввойи ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш ва тутиладиган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотлари, республикада мавжуд ўрмон хўжаликлари, қўриқхоналар, питомниклар ва шундай фаолият билан шуғулланувчи бошқа жисмоний ва юридик шахслардан олинган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотларидан келиб чиққан ҳолда Экология вазирлиги томонидан ўрнатилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвонлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишга доир ҳар йилги квоталарни тасдиқлашда қўшимча равишда Фанлар академиясининг олиб борилган ва чоп этилган илмий-тадқиқотлар асосидаги тавсиялари ҳисобга олинади;

в) ўлжа ови ташкил этилганда ов мавсумидан қатъи назар ҳафтанинг барча кунларида ов қилишга рухсат берилади;

г) саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларни фақат саноат усулида балиқ овлаш учун квоталар ажратилган балиқчилик хўжаликларига сотишга йўл қўйилади, квоталар ажратилмаган балиқчилик хўжаликларига сотиш тақиқланади.


6. 2024 йил 1 октябрдан бошлаб овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш (кейинги ўринларда - ўқув курслар) жорий этилади;

овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, ўн саккиз ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология вазирлиги ҳузуридаги Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти (кейинги ўринларда - Департамент) томонидан 2 йил муддатга берилади;

овчилик гувоҳномаси берилганлиги тўғрисидаги маълумот жисмоний шахсларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотларига интеграция қилинади;

овчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курслари биохилма-хилликни асраш, ҳайвонларнинг турлари ва анатомияси, ов қилиш қоидалари, ов қилиш этикаси ва ов усуллари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича махсус билимлар ўргатилишини назарда тутган ҳолда Департамент ёки таълим муассасалари томонидан ташкил этилади;

овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун ўқув курсларида қайта ўқиш талаб этилмайди;

овчилик гувоҳномасини расмийлаштирганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, нафақадаги ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади;

овчилик гувоҳномасини бериш тартиби ва овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни ўқув курсларида ўқитиш тартиби Экология вазирлиги томонидан белгиланади.


7. Белгилаб қўйилсинки:

а) Экология вазирлигининг Экология жамғармасига (кейинги ўринларда - Жамғарма) ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномани беришдан келиб тушган маблағларнинг:

80 фоизи - ёввойи ҳайвонлар ва ихтиофауна объектларини такрор кўпайтириш ва улар ҳисобини юритиш ҳамда муҳофаза қилиш;

20 фоизи - Департамент таъминоти ва Жамғарма низомида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун йўналтирилади;

б) 2025 йил 1 январдан бошлаб Жамғарма маблағлари ҳисобидан овчилик хўжаликларидаги питомникларда ёввойи ҳайвонларни тўлиқ босқичда етиштириш (кўпайтириш) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳар йили 5 миллиард сўмгача маблағ ажратилади;

в) ов қилиш жойларидан фойдаланганлик учун ундирилган тўловлар, овчилик гувоҳномасини расмийлаштириш, овчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курсларида ўқитишдан тушадиган маблағлар Жамғармага йўналтирилади;

г) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш жойларини, кичик сафари парклар ва ов туризмини ташкил қилган овчилик хўжаликлари ушбу фаолият йўналишларини ташкил қилгандан бошлаб уч йил муддат мобайнида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;

д) овланган ўлжалардан ҳамда табиат инъом этган маҳсулотлардан ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар "Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри"га киритилади ва уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги "Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-91-сон Фармони ва 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4539-сон қарорида белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.


8. Экология вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 23 июлдаги

ПФ-105-сон Фармонига

ИЛОВА



Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини

янада такомиллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


Т/р

Чора-тадбирлар

номи

Амалга ошириш

муддати

     

Молиялаштириш

манбаи

     

Масъул

ижрочилар

1.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартибини белгиловчи амалдаги нораматив-ҳуқуқий ҳужжатларга 1 гектардан 2 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 50 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Амалга ошириш шакли: Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси.


2024 йил

сентябрь

-

Экология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, манфаатдор

вазирлик ва идоралар

2.

Ов қилиш ҳудудларида овчилик хўжаликларини ташкил этиш бўйича инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш.

Бунда, инвестиция таклифлари асосида ушбу соҳада тажрибага эга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш, "Road-Show"лар ўтказиш бўйича чоралар кўриш.


Амалга ошириш шакли: амалий чора-тадбирлар.


2024 йил

сентябрь

-

Экология вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Фанлар академияси

3.

Овчилик фаолияти ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш:



Экология жамғармаси

маблағлари


овчилик йўлланмасини бериш бўйича электрон дастурни ишлаб чиқиш;


2024 йил

сентябрь


Экология вазирлиги


ов қилиш жойлари ва овчилик хўжаликларининг интерактив электрон харитасини ишлаб чиқиш. Бунда ушбу ҳудудларда яшовчи ёввойи ҳайвонлар ҳақидаги маълумотлар ҳам акс эттирилади;


2024 йил

октябрь


Экология вазирлиги,

Фанлар академияси


ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобини юритишда илғор методология ва технологияларни жорий қилиш. Бунда:

АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Тожикистон каби хорижий мамлакатларнинг ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобини юритиш тажрибасини ўрганиш;

GPS, учувчисиз учиш аппаратлари, тепловизор ва бошқа ускуналар ва илғор технологиялардан фойдаланишни жорий қилиш;


2025 йил

февраль-

март


Экология вазирлиги,

Фанлар академияси,

Ташқи ишлар вазирлиги


ов қилиш мавсуми бошланишида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда, шунингдек, овчилар билан учрашувлар ва семинарлар ташкил қилган ҳолда ов қилиш этикаси бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш;


Ҳар йили

август-

сентябрь


Экология вазирлиги,

Фанлар академияси,

овчилар жамоат бирлашмалари


овчилик хўжалигини юритишда қонунбузилиши ҳолатларини, шунингдек, амалдаги шартномаларда белгиланган мажбуриятларни бажарилишини ўрганиш;


2024 йил

сентябрь-

октябрь


Экология вазирлиги,

Бош прокуратура,

Фанлар академияси


ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитини ўрганиш ҳамда натижаларига кўра ёввойи ҳайвонларни янги яшаш жойларига кўчириш, фауна учун янги бўлган ёввойи ҳайвон турларини иқлимга мослаштириш, шунингдек ёввойи ҳайвонларни чатиштириш тадбирларини ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқиш;


2024 йил

октябрь


Экология вазирлиги,

Фанлар академияси


республикадаги зоопарклар фаолиятини ўрганиш, уларни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳридаги зоопарк мисолида ишончли бошқарувга бериш бўйича таклиф ишлаб чиқиш.


Амалга ошириш шакли: амалий чора-тадбирлар.


2024 йил

октябрь


Экология вазирлиги,

Фанлар академияси


4.

Ўзбекистон Республикасининг "Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида" ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Амалга ошириш шакли: Қонун лойиҳаси.


2024 йил

октябрь

-

Экология вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Фанлар академияси

5.

Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 2-мавзе, Ахмад Дониш кўчаси, 28-уйда жойлашган Тошкент туризм ва сервис коллежи (собиқ) бино-иншоотларини Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига (Green University) оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказиш.


2024 йил

сентябрь


-

Экология вазирлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Мазкур собиқ коллежи негизида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг (Green University) замонавий кампусини ташкил этиш.


Амалга ошириш шакли: амалий чора-тадбирлар.


2025 йил

декабрь


6.

Овчилик хўжаликларидаги питомникларда ёввойи ҳайвонларни тўлиқ босқичда етиштириш (кўпайтириш) харажатларининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқиш.


Амалга ошириш шакли: Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси.


2024 йил

ноябрь

Экология жамғармаси

маблағлари

Экология вазирлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

7.

Ёввойи ҳайвонларни тутиш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тўловлар миқдорини ошириш юзасидан асосланган таклиф ишлаб чиқиш.


Амалга ошириш шакли: Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритиш.


2024 йил

октябрь

-

Экология вазирлиги,

Фанлар академияси,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


8.

Қуйидагиларни белгилаш:

ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва урчитиш бўйича питомникларни ташкил этиш ва уларни сақлашга қўйиладиган талаблар;

ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва урчитиш бўйича питомниклар фаолиятини мониторинг қилиш тартиби;

овчилик гувоҳномасини олиш учун махсус онлайн ўқув курсларини ташкил этиш тартиби;

бириктирилган ов қилиш жойларидан фойдаланганлик учун ундириладиган йиллик ҳақ миқдори;

овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларини ижара ҳуқуқи асосида ажратишда қўйиладиган минимал инвестиция мажбуриятлари.


Амалга ошириш шакли: Экология вазирлиги буйруғи.


2024 йил

сентябрь-

ноябрь

-

Экология вазирлиги,

Фанлар академияси,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

9.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги камида битта давлат олий таълим муассасасида экология соҳасига оид таълим йўналишларида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.

Бунда, ҳар йили ҳудудлар кесимида 20 нафаргача салоҳиятли талабалар учун грант маблағларини ажратиш.


Амалга ошириш шакли: Экология вазирлиги буйруғи.


2025/2026

ўқув йилидан

бошлаб

Экология жамғармаси

маблағлари

Экология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


10.

Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш ва "Яшил макон" тадбирлари доирасида Нукус шаҳрида экобоғ ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш питомнигини ташкил этиш мақсадида 2 миллиард сўм микдорда маблағ ажратиш.


Амалга ошириш шакли: амалий чора-тадбирлар.


2024 йил

сентябрь

Экология жамғармаси

маблағлари

Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши


11.

Овчилик хўжаликларида қуйидагиларни белгилаш:


1. Экспертлар билан биргаликда қуйидаги инфратузилма объектларини назарда тутган ҳолда овчилик хўжалигининг намунавий лойиҳаси. Бунда:

овчиларни қабул қилиш пункти;

овчилик қуролларини сақлаш жойлари;

ов миноралари, овчилар ва ташриф бурувчилар учун хордиқ чиқариш жойлари;

ов маҳсулотини қайта ишлаш ва сақлаш хоналари;

ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш участкалари (питомниклар ва табиий кўпайтириш ҳудудлари);

овчилик хўжалиги фаолияти учун зарур инфратузилма ва моддий-техника базаси назарда тутилади.


2. Ёввойи ҳайвонлар ҳисоби асосида эркин ов қилиш ҳудудларини белгилаш (эркин ов қилиш ҳудудларининг аниқ чегаралари бир овчилик мавсумига белгиланади ва ушбу ҳудудда овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонлар ҳисоби асосида берилади).


Амалга ошириш шакли: Экология вазирлиги буйруғи.


2024 йил

сентябрь-

октябрь

-

Экология вазирлиги

12.

Экология вазирлигининг умумий штатлари доирасида вазирлик тузилмасидаги Давлат экологик назорат инспекцияси таркибида Амударё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлимини ташкил қилиш.


Амалга ошириш шакли: Экология вазирлиги буйруғи.


2024 йил

сентябрь

-

Экология вазирлиги

13.

Республикада браконьерлик авж олган ҳудудлар харитасини ишлаб чиқиш ва ушбу ҳудудларни назорат қилиш бўйича Экология вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этиш. Бунда:

тезкор гуруҳлар фаолияти Экология вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади;

тезкор гуруҳлар фаолиятига Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника воситалари жалб қилинади.


Амалга ошириш шакли: қўшма идоравий буйруқ.


2024 йил

октябрь

Ижрочилар маблағлари

Экология вазирлиги,

Миллий гвардия,

Ички ишлар вазирлиги,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

         

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 26 июль