Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 28.08.2024 й. ЎРҚ-948-сон "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 20.02.2024 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 18.05.2024 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.08.2024 й.

N ЎРҚ-948



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ КОДЕКСИГА МАҲКУМЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ

ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2024 йил 18 майда маъқулланган



Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, маҳкумлар учун кулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини инсонпарварлик нуқтаи назаридан янада яхшилашни назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга қонунчиликка маҳкумларнинг шаъни ва кадр-қимматини камситадиган муомаладан ҳимоя қилувчи, шунингдек маҳкумларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи институтларга ҳамда халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган нормаларни киритиш зарурати мавжуд.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишига, шаъни ва кадр-қиммати ҳурмат қилинишига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсманига) ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловларда ҳамда референдумда иштирок этишга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини, шунингдек жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этишга ҳамда маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормалари билан уйғунлаштиришни таъминлашга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 6, 175-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 6, 248-модда, N 9, 422-модда, N 12, 595-модда; 2008 йил, N 4, 187-модда, N 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, N 4, 136-модда, N 12, 470-модда; 2010 йил, N 9, 334-модда; 2012 йил, N 9/1, 238-модда; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 310-модда; 2017 йил, N 3, 47-модда, N 10, 605-модда; 2019 йил, N 3, 165-модда, N 5, 267-модда, N 8, 469-модда, N 9, 588, 592-моддалар, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 6, 337-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 11, 1061-модда, N 12, 1193-модда; 2022 йил, N 5, 464-модда; 2023 йил, N 2, 104-модда, N 3, 187-модда, N 4, 269-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 6-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жиноят-ижроия қонунчилиги қонунийлик, адолат, инсонпарварлик, демократизм, жазони ижро этишда табақалаштиришга ва якка тартибда ёндашишга риоя этиш, мажбурлов воситаларини оқилона қўллаш ва маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини рағбатлантириш, маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиш, маҳкумларнинг инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципларига асосланади";


2) 9-модда:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш";

бешинчи - ўн биринчи хатбошилари тегишинча олтинчи - ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Агар оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ ва суднинг ҳукми асосида маҳрум этилган бўлмаса, улар ушбу сайловларда ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади";

тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;


3) қуйидаги мазмундаги 11-1-модда билан тўлдирилсин:


"11-1-модда. Маҳкумларнинг ўзига нисбатан

инсоний муомалада бўлиниши ҳуқуқи


Маҳкумлар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва кадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Жазони ижро этиш муассасаларининг ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиши шарт.

Маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини ва бошқа мажбурлов чораларини кўллашда ушбу Кодексда белгиланган асослардан ҳамда тартибдан четга чиқишга йўл қўйилмайди.

Маҳкумларда уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас";


4) қуйидаги мазмундаги 79-2-модда билан тўлдирилсин:


"79-2-модда. Озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакилига (омбудсманга) ва Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига

(Болалар омбудсманига) мурожаатлар қутиси

орқали мурожаат қилиши


Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат зоналарида, қисқа ва узоқ муддатли учрашувларни ўтказиш учун мўлжалланган биноларда маҳкумлар мурожаатларни қолдириши учун қулай бўлган жойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) мурожаатлар қутиси, тарбия колонияларида эса қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсманига) мурожаатлар қутиси ўрнатилади (бундан буён матнда Омбудсман қутиси деб юритилади). Омбудсман қутиси тегишинча фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ёки уларнинг котибиятлари ходимлари томонидан очилади.

Омбудсман қутисини ўрнатиш, ундан фойдаланиш ва у орқали мурожаатлар юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади";


5) 97-модда тўртинчи қисмининг ўзбекча матнидаги "дифференциация" деган сўз "табақалаштириш" деган сўз билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

         

             

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 август