Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.09.2024 й. ПФ-140-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг солиқ ва божхона имтиёзларини беришни назарда тутувчи айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

18.09.2024 й.

N ПФ-140



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИНИ БЕРИШНИ

НАЗАРДА ТУТУВЧИ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ,

ШУНИНГДЕК, БАЪЗИЛАРИНИ ЎЗ КУЧИНИ

ЙЎҚОТГАН ДЕБ ҲИСОБЛАШ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шарт-шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлиқ ўтишни жадаллаштириш ҳамда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида:


1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси ҳамда Божхона қўмитаси билан биргаликда 2025 йил 1 январдан бошлаб молия йили давомида қабул қилинган ва бюджет даромадларини камайтиришни, солиқ ва божхона имтиёзларини беришни ҳамда солиқсиз тушумлардан бюджетга ажратмаларни камайтиришни назарда тутувчи нормаларни кейинги молия йилидан бошлаб амалга киритиш тартибини ўрнатиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг 2025 йил 1 январдан бошлаб:

йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ягона иштирокчиси ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларни бекор қилиш;

янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзни бекор қилган ҳолда, мазкур ер участкалари бўйича солиқ ставкасини 50 фоизга камайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 18 сентябрдаги

ПФ-140-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги "Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида"ги ПФ-6011-сон Фармонига 1-илованинг 23-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ноябрдаги "Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларни янада жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-195-сон Фармонининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджет ташкилотлари томонидан халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида, шунингдек, давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан инфратузилма лойиҳалари (электр, газ ва иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация, сув хўжалиги, йўл-транспорт инфратузилмаси, алоқа ва телекоммуникация, агрологистика, санитария жиҳатдан тозалаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш лойиҳалари) учун халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи (бундан Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари бундан мустасно) ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмани, шунингдек, уларни олиб киришни 2028 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган имтиёз лойиҳа иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилади".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3832-сон қарори 2-бандининг бешинчи хатбошиси "юридик ва жисмоний шахсларнинг" сўзларидан олдин "2029 йил 1 январга қадар" сўзлари билан тўлдирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 мартдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-109-сон қарорига 1-илованинг 58-позицияси "Чора-тадбир номи" устунидаги биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат объектларини реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод этиш".

         

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 18 сентябрдаги

ПФ-140-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган

айрим фармонлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги "Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5587-сон Фармони.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 мартдаги "Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-41-сон Фармонига илованинг 24 ва 25-позициялари.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 апрелдаги "2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-51-сон Фармонига 3-илованинг 7-позицияси.

          

Изоҳ: мазкур илованинг 1-банди 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 19 сентябрь