Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.11.2024 й. ПҚ-402-сон "Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

22.11.2024 й.

N ПҚ-402



АЁЛЛАР ОРАСИДА ОНКОЛОГИК

КАСАЛЛИКЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Аёллар орасида онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш, скрининг жараёнларини самарали ташкил қилиш, замонавий скрининг усулларини амалиётга кенг жорий этиш, ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш ҳамда мутахассисларнинг билимларини ошириш ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида:


1. 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки, Дастурни амалга ошириш доирасида:

тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади;

ҳар йили 30-50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади. Бунда манфий натижа аниқланганда улар 10 йилдан сўнг қайта текширувдан ўтказилади, мусбат натижа аниқланган аёллар қўшимча текширувга йўналтирилади;

саратонолди ҳолатлар аниқланган аёллар амбулатор даволаш учун Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларига йўналтирилади;

30-65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади. Бунда кўкрак бези текшируви 45 ёшгача бўлган аёлларда ультратовуш диагностикаси усулида, 45-65 ёшдаги аёлларда маммография орқали амалга оширилади;

скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


3. 2025 йил 1 январдан бошлаб:

а) туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига соғлиқни сақлаш тизимида мақбуллаштириладиган штат бирликлари ҳисобидан қуйидаги штат бирликлари киритилсин:

онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор;

мобиль ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар;

б) Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилсин ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида амалга ошириладиган кўкрак бези саратони бўйича скрининг натижалари ушбу марказнинг ягона ридинг тизимига интеграция қилинсин;

в) Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилсин.


4. Саратон касаллиги назорати соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда - Кенгаш) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Белгилансинки:

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказлари Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади;

онкологик касалликларни ташхислаш ва даволаш бўйича тиббий жиҳозлар, ускуналар ва сарфлов материаллари хариди мажбурий тартибда Кенгаш билан келишилади ва тақсимланади.

Бунда Кенгаш томонидан тиббий жиҳозлар, ускуналар ва сарфлов материалларини муассасалар кесимида рационал тақсимлаш мақсадида маълумотлар базаси шакллантирилади;

Кенгашга бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининг текширувлари билан қамраб олинадиган аёллар ёшини молиялаштириш манбалари асосида мустақил белгилаш ваколати берилади.


5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилишга қаратилган лойиҳаларни (кейинги ўринларда - лойиҳалар) мувофиқлаштириш;

лойиҳалар доирасида фақат синовдан ўтган тестлар, фармацевтика маҳсулотлари ҳамда вакциналар, далилларга асосланган диагностика ва даволаш усуллари қўлланишини назорат қилиш;

Дастурга оид харидларни амалга оширишда, маблағлар ва тиббий ускуналарни тақсимлашда, қарор қабул қилишда Кенгаш аъзоларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, жамоат саломатлиги этикасига асосланиб қарорлар қабул қилиш;

бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони юзасидан скрининг текширувлари амалга ошириладиган аёллар ёшини соғлиқни сақлаш бўйича халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш ҳамда аниқ молиялаштириш манбаларидан келиб чиқиб белгилаш;

лойиҳаларнинг натижаси ҳақидаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилишини таъминлаш.


6. Кенгаш аёлларнинг бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининги билан қамровини кенгайтириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини мунтазам жалб қилиб бориш чораларини кўрсин.


7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) Дастур Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда сифатли амалга оширилишини таъминласин;

б) Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил якунига қадар Дастурни мониторинг қилиш, тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ходимлари меҳнати самарадорлигини ҳар олти ойда бир марта баҳолаш ва рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;

в) 2025 йил 1 январдан бошлаб бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш чораларини кўрсин ҳамда давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар харидини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали амалга ошириш тизимини йўлга қўйсин.

Бунда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингини ўтказишда кўрсатиладиган хизматларнинг харид нархлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқланади;

г) бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининг текширувлари натижасида аниқланган беморларни даволаш учун 2025 йилда қўшимча маблағлар талаб этилганда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ушбу харажатларни молиялаштириш манбаларига аниқлик киритиш бўйича асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

д) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининг текширувларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;

е) 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида гинеколог мутахассисларни бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига ўқитиш бўйича ўқув курсларини йўлга қўйсин;

клиник ординатура ва магистратуранинг гинекология ва онкология мутахассисликлари, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув дастурларига бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлашга ўқитиш бўйича модуллар киритсин;

ж) "Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор - "UZINFOCOM" МЧЖ билан биргаликда 2025 йил 1 майга қадар:

бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш тизимини жорий этсин ҳамда скрининг регистри юритилишини йўлга қўйсин;

скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизимини (мобиль илова ва бошқалар) жорий этсин;

з) 2025 йил 1 майга қадар илғор халқаро тажрибани инобатга олиб, скрининг алгоритмларини назарда тутган ҳолда саратонолди касалликлари, бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш бўйича миллий клиник баённомаларни тасдиқласин;

и) Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларини полимераза занжирли реакция текширувларини ўтказиш учун тиббий ускуналар, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг онконазорат хоналарини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминласин.


8. Стратегик ислоҳотлар агентлиги 2025-2030 йиллар давомида бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининги мониторингини ва Дастур самарадорлигини баҳолашни амалга оширсин.


9. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ҳамда назоратини амалга ошириш учун зарур тиббий жиҳозлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


10. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда жойларда "маҳалла еттилиги"га аёллар ва уларнинг оила аъзолари орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, даволаш ҳамда оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини ўтказишни ташкил қилиб борсин.


11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда:

турли мақсадли гуруҳлар (ўсмирлар, катта ёшли аёллар, эркаклар) учун хавфли ўсма касалликлари ва уларнинг хавф омиллари, профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволашнинг муҳимлиги тўғрисида телевидение, радио, интернет ва босма оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли ахборот кампанияларини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кенг форматли ташқи реклама объектларига махсус баннерларни ўрнатиш ва аҳоли гавжум жойларда роликларни тизимли намойиш қилиш чораларини кўрсин.


12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 2025 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.


13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 22 ноябрдаги

ПҚ-402-сон қарорига

1-ИЛОВА



2025-2030 йилларда Бачадон бўйни

ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш

дастурини амалга ошириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

         

Т/р

Чора-тадбирлар номи

          

Амалга ошириш механизми

       

Ижро

муддатлари

        

Молиялаштириш

манбалари

     

Масъул ижрочилар

      

1.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларда барча иштирокчилар ҳаракатини мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилиш.


1. Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини тартибга солувчи низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш бўйича лойиҳалар юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳар чорак якунлари бўйича таҳлилларини олиб бориш.


3. Кенгаш йиғилиши қарорига мувофиқ масъулларга топшириқлар бериш ва ижросини назорат қилиб бориш.


2025 йил

январь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, халқаро ва нодавлат ташкилотлар


2.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини скрининг, профилактика, диагностика қилиш, даволаш, кузатиш ва реабилитация қилишда ягона ёндашув асосида тиббий ёрдам кўрсатишнинг узлуксизлигини таъминлаш.


1. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининги, диагностикаси ва даволаш бўйича қўлланма (клиник протоколларни) ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш.


2024 йил

якунига қадар


-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, халқаро ва нодавлат ташкилотлар (келишув асосида), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининги, диагностикаси, даволаш ва кейинчалик кузатиш тартибини ишлаб чиқиш.

Бунда қуйидагиларни назарда тутиш:

касаллик босқичи ва тарқалганлик даражасидан келиб чиқиб аниқланган бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини даволаш схемаларини ишлаб чиқиш;

жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларни кузатиш, реабилитация қилиш ва паллиатив парваришлаш схемаларини ишлаб чиқиш.


3. Диагностика жараёнларининг сифат назорати стандартларини ишлаб чиқиш.

             

2025 йил

май


3.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини профилактика, скрининг, диагностика қилиш ва даволашда иштирок этувчи тиббиёт муассасаларини стандартларга мувофиқ жиҳозлаш.


1. Тиббиёт муассасалари ва улардаги мавжуд тиббий жиҳозларни хатловдан ўтказиш.


2. Бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлашда иштирок этувчи тиббиёт муассасаларини (бирламчи бўғин ва ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш муассасаларини) жиҳозлашга қўйилган талабларни қайта кўриб чиқиш.


3. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлашда иштирок этувчи тиббиёт муассасаларини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш.


2025 йил

июнь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги


4.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони профилактикаси тизимини татбиқ этиш.


1. Бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг онкологик касалликлар тўғрисидаги ҳушёрлигини ошириш, аёллар ўртасида онкологик касалликлар ривожланиши хавфи омилларини эрта аниқлаш чораларини кўриш.


2. Ўсмир қизлар ўртасида одам папилломаси вирусига (кейинги ўринларда - ОПВ) қарши эмлашнинг ёш чегараларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янгиланган тавсияларига асосан қайта кўриб чиқиш ҳамда Миллий профилактик эмлаш календарини қайта тасдиқлаш.


3. ОПВ (жинсий йўл билан юқадиган бошқа касалликлар, жумладан, ОИВ инфекцияси) юқиши хавфини камайтириш мақсадида ёши ва миллий урф-одатларни ҳисобга олган ҳолда ўғил болалар ва қизларнинг репродуктив тарбияси бўйича дастурлар (алоҳида ота-оналар ва мактаб ўқитувчилари учун) ишлаб чиқиш.


4. Барча аёллар бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони белгилари пайдо бўлганда зудлик билан гинеколог кўригидан ўтиш зарурлигини кенг тарғиб қилиш.


5. Тиббиётнинг бирламчи бўғини ходимлари учун бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонининг бирламчи профилактикаси масалалари бўйича тренинглар ва семинарлар ташкил этиш, шу жумладан, мотивацион маслаҳат бериш ва аёллар билан ўзаро ҳамкорлик усулларини ўргатиш.


6. Акушер-гинеколог ва репродуктологлар томонидан аёлларга гормонал дориларни буюришнинг қатъий мезонларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.


2025 йил

1 январь

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санэпидқўм, манфаатдор вазирлик ва идоралар

5.

Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш тизимини татбиқ этиш.


1. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида 30-50 ёшдаги аёлларнинг электрон базасини (рўйхатини) шакллантириш, ушбу аёлларни режали кўрикдан ўтишга таклиф қилиш тизимини яратиш.


2. Ҳар йили 30, 40 ва 50 ёшдаги аёлларда ОПВни аниқлаш орқали бачадон бўйни саратонига скрининг қилиш, уларни суюқлик цитологияси усули ёрдамида триажлаш.

Бунда ОПВ тести мусбат аёлларни триажлаш натижасида ўзгаришлар топилганда кольпоскопия усулида текширишни ташкил қилиш.

         

2025 йилдан

бошлаб

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги


6.

Кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш тизимини татбиқ этиш.


1. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон маълумотлар базасини (рўйхатини) шакллантириш, ушбу аёлларни режали кўрикдан ўтишга таклиф қилиш тизимини яратиш.


2. Ҳар 2 йилда бир марта 30-65 ёшдаги аёлларни кўкрак бези саратонига скринингдан ўтказиш.

Бунда 30-65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралаш ҳамда 45 ёшгача бўлган аёллар кўкрак безини ультратовуш текшируви усулида, 45-65 ёшдаги аёллар маммография орқали кўрикдан ўтказилади.

     

2025 йилдан

бошлаб

Давлат бюджети маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги

7.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини диагностика қилиш сифатини назорат қилиш амалиётини жорий этиш.


1. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Маммография тасвирини ўқиш маркази (ягона ридинг маркази)ни ташкил этиш ҳамда уни маммографик скринингни бошқариш ва сифатини назорат қилиш ахборот тизимида (screening.mammo.uz) туман (шаҳар) тиббиёт муассасаларининг маммографик кабинетлари билан интеграция қилиш.

Бунда кейинги 5 йил ичида Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури эҳтиёжларини таъминлаш учун тасвирларни архивлаш ва алоқа тизими (PACS) ва етарли сервер сиғимини таъминлаш.


2. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан эрта диагностика қилиш мақсадида ўтказилаётган маммография текширувларини Ягона ридинг марказига улаш шарти билан Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали молиялаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Бунда маммография текширувлари харажатларини қоплаш нархлари (тарифлар) белгиланишини таъминлаш.


3. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида референс-лаборатория ташкил этиш.

Бунда ОПВ тестлари сифатини мониторинг қилиш ва патологик цитологик суртмаларни марказлаштирилган тарзда ўқишни йўлга қўйиш. Ягона лаборатория ва ҳудудий филиалларнинг ахборот тизимларини бачадон бўйни саратони скрининг ахборот тизими платформаси билан интеграция қилиш.


4. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузуридаги Ягона ридинг маркази ва Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузуридаги референс лаборатория фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


5. Ягона ридинг марказига 8 та штат бирлиги ажратиш.


6. Маммография бажариш стандартларига амал қилиш ва аёлларга муолажа зарарини камайтириш мақсадида:

тасвирга олиш учун сифат назорати протоколини яратиш;

рентген лаборантлар ва радиологлар учун кундалик ва ҳафталик сифат назорати тестлари бўйича ўқишни ташкил этиш;

техник носозлик сабабли қайта маммографиялар кўрсаткичини ҳар бир маммография кабинетлари кесимида мунтазам назорат қилиш;

PGMI (жойлашишни аниқлаш ва сифат) ва BIRADS (радиологлар ҳисоботи) воситаларидан фойдаланган ҳолда маммография тасвирларини кенг қамровли баҳолашдан ўтказиш. Бунда, интервалли саратон касалликларига алоҳида эътибор қаратиш;

ҳар бир радиолог томонидан ўқилган тасвирлар бўйича ёзувларни сақлаш ва радиологларнинг иш юкини мақбуллаштириш;

ахборот тизимида биринчи ўқишни амалга оширган радиологларга иккинчи ва учинчи ўқиш хулосалари билан танишишга рухсат бериш ҳамда касаллик аниқланган (BIRADS 0/4/5) беморлар муҳокамасида иштирокини таъминлаш;

ахборот тизимида ультратовуш ва биопсия натижаларини, маммолог кўриги ва якуний ташхисни қайд этишни таъминлаш.

             

2025 йилдан

бошлаб

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги

8.

Кўкрак бези саратонининг диагностикаси сифатини назорат қилиш тизимини жорий этиш.


1. Кўкрак бези саратонининг якуний ташхисини мультидисциплинар тиббий жамоа иштирокидаги консилиум хулосасига асосан қўйилишини таъминлаш.


2. Аниқ локализация ва даволашни режалаштиришга ёрдам бериш учун пайпасланмайдиган ва ультратовуш билан кўринмайдиган ўсмаларни (игнали/игнасиз) маркерлашни ривожлантириш.

Сифатни назорат қилиш жараёнини кучайтириш, маммографик тасвирларнинг ишончлилиги ва аниқлигини таъминлаш учун мавжуд синов объектларидан (кўкрак безининг патологиясини тўғри тақлид қилувчи Plexiglas фантоми) фойдаланиш.


3. Кўкрак бези саратонининг диагностикаси ва босқичини аниқлаш учун радиологик хизматлардан жумладан, ультратовуш, магнит-резонанс томография, компьютер томографияси ва позитрон-эмиссион томографиясидан фойдаланиш.


4. Барча кўкрак бези саратони билан оғриган беморларнинг патоломорфологик ҳисоботига pTNM босқичлари ҳақидаги маълумотларни киритиш ҳамда йилига камида бир марта pTNM натижалари таҳлилини ўтказиш.


5. Барча кўкрак бези саратони билан касалланган беморларнинг таснифига 0-босқични киритиш.

       

2025 йилдан

бошлаб

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

9.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини даволаш сифатини назорат қилиш амалиётини жорий қилиш.

1. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини даволаш протоколларини илмий асосланган маълумотларга мос янгилаш.


2. Жорий миллий онкология дори воситалари рўйхатини унинг ЖССТ муҳим онкология дорилари рўйхатига мос келишини таъминлаш учун қайта кўриб чиқиш ҳамда энг асосий эҳтиёжлар тўлиқ қопланишини таъминлаш учун уларни устувор гуруҳлар бўйича таснифлаш.


3. Онкология дориларини тайёрлаш, аралаштириш, қайта тайёрлаш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг клиник фармакологларини ўқитиш.


4. Тиббиёт муассасаларида тиббиёт ходимлари томонидан дори, сарфлаш материаллари ва тиббиёт асбоб-ускуналари билан хавфсиз ишлаш талабларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


5. Радиотерапия ускуналари билан таъминотни қисқа, ўрта ва узоқ муддатли босқичларда режалаштириш учун радиотерапияга бўлган тахминий ва реал эҳтиёжни баҳолаш.


6. Чизиқли тезлаткичлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.


7. Радиотерапевт онкологларнинг мультидисциплинар жамоа консилиуми ва йиғилишларида иштирок этишини таъминлаш.


8. Кўкрак безини сақлаб қолиш мақсадида жарроҳлик ёки бошқа стандарт даво турлари билан бирга радиотерапиядан фойдаланишни назарда тутиш.


9. Беморларни, ходимларни ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учун жарроҳлик бўлимларида онкологик дори-дармонларни тайёрлаш ва беморларга қўллашни ман қилиш.


10. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиаллари амалиётига лимфа тугунлари биопсиясини (SLNB) жорий этиш.


11. Давлат бюджетидан бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини даволаш учун ажратилаётган маблағлар маълумотларни бошқаришнинг ягона электрон тизими маълумотлари асосида мақсадли йўналтирилишини таъминлаш.


12. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини даволаш муолажалари каталогини яратиш.


13. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони касаллигини даволашнинг аниқ қийматини ҳисоблаш.


2025 йилдан

бошлаб

Давлат бюджети маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

10.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига чалинган ёки уни ўтказган аёлларга ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш.


1. ННТ билан ҳамкорликда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига чалинган ёки уни ўтказган аёлларга ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш.


2. Репродуктив тизим онкологик касалликларига чалинган аёлларни эмоционал ва психологик қўллаб-қувватлаш бўйича тиббиёт ходимларини ихтисослаштирилган тарзда ўқитиш.


3. Заруратга кўра, халқаро ташкилотлар билан биргаликда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига чалинган аёлларга кейс-менежмент орқали ижтимоий ва психологик хизматлар кўрсатиш.


4. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассислари томонидан паллиатив тиббий хизматга муҳтож беморларга уйда тиббий хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш.

            

2025-2026

йиллар

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

11.

Скрининг текшируви, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини дастлабки босқичларида аниқлаш ва даволаш масалалари бўйича аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш.

1. Аҳоли учун ахборот ва тарғибот кампаниясининг режаси, жадвали, контенти ва каналларини ишлаб чиқиш.


2. Турли мақсадли гуруҳлар (ўсмирлар, катта ёшли аёллар, эркаклар) учун бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонининг хавф омиллари (тамаки чекиш ва алкоголь ичимлик истеъмол қилиш), профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволашнинг муҳимлиги тўғрисида ўқув материаллари, шу жумладан, брошюралар, буклетлар, онлайн ресурслар ва бошқаларни ишлаб чиқиш.


3. Телевидение, радио, интернет ва босма оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли ахборот кампанияларини ташкил этиш.


4. Беморлар ҳамжамиятини яратиш, ахборот тарқатиш ва тадбирлар ўтказишга кўмаклашиш учун маҳаллий жамоалар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.


5. Саратонга чалинган беморлар ёки уларнинг яқинлари қарор қабул қилиши учун маълумот олишлари мумкин бўлган бепул онлайн маълумотнома хизматини яратиш.


6. Саратонга чалинган аёллар учун даволанишнинг турли усулларидан ўз вақтида фойдаланишни таъминлаш ва даволанишдан воз кечмаслик учун даволаш хизматлари бўйлаб ҳаракатланишга ёрдам берадиган навигаторни ишлаб чиқиш.

Бунда ҳамширалар ёки кўнгиллилар (айниқса, саратон касаллигидан омон қолганлар) навигатор сифатида ўқитилиши мумкин.


7. Аҳоли орасида қуйидаги мақсадларда ижтимоий сўровлар ўтказиш:

мақсадли гуруҳдаги аёллар скринингдан ўтганлиги ва уларнинг кўрсатилган хизматлардан қониқиш даражасини баҳолаш;

аҳолининг хабардорлик даражасини баҳолаш;

ахборот кампанияларининг самарадорлигини баҳолаш.


2025-2030

йиллар

Корея Республикасининг KOFIH жамғармаси маблағлари (келишув асосида) ҳамда бошқа халқаро молия ташкилотлари маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

12.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.

1. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш соҳасида янгиланган протоколлар бўйича бирламчи бўғин мутахассисларини тайёрлаш.

Оилавий шифокорлар, гинекологлар, патронаж доя ва ҳамшираларни саратоннинг илк белгилари, аломатлари бўйича аёлларни хабардор қилиш, белгилар аниқланганда йўналтириш ва кузатиш бўйича ўқитишни ташкил этиш.


2. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Тренинг марказини ташкил этиш.

Бунда бачадон бўйни саратони скрининги, диагностикаси, саратонолди касалликларини даволаш ва кўкрак бези саратони клиник пальпацияси бўйича гинекологлар учун бир йиллик ўқув курсини ташкил этиш.

Барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг онконазорат хоналари гинекологларини бир йиллик курсда ўқитиш ва сертификатлаш.


3. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалларида бирламчи бўғин мутахассислари (оилавий шифокорлар, доялар, гинекологлар, цитологлар, ОПВ таҳлилини амалга оширувчи шифокор-лаборантлар) учун бачадон бўйни саратони скрининг алгоритми, ОПВ аниқланган ва цитологик суртма аномал бўлган аёлларни кольпоскопия текширувидан ўтказиш ва саратонолди касалликларни даволаш бўйича машғулотлар ўтказиш учун ўқув марказларини ташкил этиш.


4. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони диагностикаси ва уни даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш.

Жумладан, поликлиникалардаги ультратовуш шифокорларини кўкрак безини ультратовуш текшируви бўйича ўқитиш.


5. Ҳудудларда гистология хизматини мустаҳкамлаш.


6. Қуйидаги тиббий таълим муассасаларида оила тиббиёти, гинекология, онкология, суюқлик цитологияси, вирусология, кольпоскопия, патоморфология (биопсия), ҳамширалик иши йўналишларида ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш:

барча олий тиббий таълим муассасалари;

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази;

Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари;

Республика ўрта тиббиёт в фармацевтика ходимлари малакасини ошириш маркази.

Ушбу таълим муассасаларида гинекологлар учун кольпоскопия ва кўкрак безларининг клиник пальпацияси, цитологлар учун суюқлик цитологияси, вирусологлар учун ОПВ диагностикаси, онкологлар учун бачадон бўйни саратонини даволаш, доялар учун суртма олиш бўйича курсларини ташкил этиш.

         

2025 йилдан

бошлаб

Корея Республикасининг KOFIH жамғармаси маблағлари (келишув асосида)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

13.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш ва диагностика қилишда иштирок этувчи тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш.


1. Ягона ридинг марказининг маммография бўйича экспертлар гуруҳи томонидан биринчи ўқиш ва назорат тартибида (иккинчи) ўқиш учун сунъий интеллект тизимидан фойдаланган ҳолда (screening.mammo.uz) ахборот тизимида скрининг маммограммаларини гибрид ўқишни ташкил этиш.


2. Ягона ридинг марказнинг маммография бўйича экспертларга (screening.mammo.uz) тизимида ўқилган ҳар бир маммограмма учун ҳамда референс лабораторияда ҳар бир ўқилган суюқлик цитологияси учун шифокор-цитологларга ишбай ҳақ тўлаш механизмини жорий этиш.

         

2025 йил

январь

Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

14.

Халқаро стандартларга мувофиқ бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш соҳасида фаолият юритаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш.

1. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурида қатнашувчи тиббиёт муассасаларини уларнинг зарур талаблар асосида жиҳозланганлиги ва инфратузилмаси бўйича комплекс баҳолаш.


2. Зарур ускуналар рўйхатини тузиш ва моддий-техника базасини янгилаш ва модернизация қилиш учун устувор эҳтиёжларни аниқлаш.




Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

3. Ҳар йили 30-50 ёшдаги аёллар учун халқаро стандартларга мос бўлган ОПВ таҳлили учун реагентлар ва сарфлов материалларини харид қилиш.


Халқаро молия ташкилотлари ҳамда Давлат бюджети маблағлари


Бунда:

2025 йил - 3,4 млн АҚШ доллари (Ислом тараққиёт банки - 2,6 млн АҚШ доллари, KOFIH жамғармаси - 800 минг АҚШ доллари);

2026 йил - 3,5 млн АҚШ доллари (Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари);

2027 йил - 3,5 млн АҚШ доллари (Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари);

2028 йил - 3,6 млн АҚШ доллари (Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари);

2029 йил - 3,7 млн АҚШ доллари (Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари);

2030 йил - 3,7 млн АҚШ доллари (Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари).


4. Саратонолди, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони диагностикаси учун қуйидаги зарур ускуналарни харид қилиш (Давлат бюджети маблағлари):


21,4 млн

АҚШ доллари


а) туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида скрининг тадбирлари учун 14 та рақамли стационар маммографлар;


2,1 млн

АҚШ доллари


б) Ягона ридинг марказида тасвирларни сақлаш учун сервер;


220 минг

АҚШ доллари


в) 1 500 нафар аёлда кўкрак бези саратонининг эрта диагностикаси учун бир марталик биопсия тўпламлари ва операциядан олдинги маркерлар (ўсмани фиксация қилувчи игна);


500 млн сўм

(ҳар йили)


г) Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларига биопсия олиш ва бачадон бўйни саратонолди касалликларини даволаш учун 14 та радиотўлқинли жарроҳлик аппаратлари;


224 минг

АҚШ доллари


д) Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларига - 14 та, туманлараро перинатал марказларга - 16 та полимер занжирли реакция аппарати;


Ислом тараққиёт

банки маблағлари


е) Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларига суюқлик цитология суртмаларини текшириш ва Референс лабораторияга юбориш учун 14 видеокамерали бинокуляр рақамли микроскоплар.


Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари

500 млн сўм


5. Логистика тизими ҳамда ускуна узлуксиз ва сифатли ишлашини таъминлаш учун унга мунтазам техник хизмат кўрсатиш ва калибровка қилишни жорий этиш.



15.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининги билан қамровни кенгайтириш.


30-50 ёшдаги аёлларни бачадон бўйни саратони ҳамда 40-65 ёшдаги аёлларнинг кўкрак бези саратони скрининги билан қамровини кенгайтириш чораларини кўриш.


2025-2030

йиллар

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари


Саратон касаллиги назорати соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштирувчи кенгаш


16.

Тиббиёт муассасаларини бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони назорати соҳасидаги малакали кадрлар билан таъминлаш.


1. Ягона ридинг марказини радиолог шифокор (4 та штат бирлиги), эпидемиолог (1 та штат бирлиги), маълумот таҳлилчиси (1 та штат бирлиги) ва ахборот технологиялар мутахассислари (2 та штат бирлиги) билан таъминлаш.


2. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг онконазорат хоналарида акушер-гинеколог шифокор штат бирлигини киритиш.


3. 2 та навбатда ишни ташкил қилиш учун тиббиёт муассасаларида стационар ва мобиль маммографик ускуналар билан жиҳозланганлигига қараб рентген-лаборант штат бирликларини киритиш.

      

2025 йилдан

бошлаб

Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

17.

Ахборотни йиғиш, сақлаш ва таҳлил қилишга оид маълумотларни бошқариш ҳамда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури амалга оширилишини мониторинг қилишнинг ягона электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


1. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича маълумотларни бошқаришнинг ягона электрон тизимини (скрининг регистрни) ишлаб чиқиш.


2025 йил

май

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги


2. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича маълумотларни бошқаришнинг ягона электрон тизимини (канцер-регистрни) ишлаб чиқиш.

Бунда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Саратон профилактикаси марказидаги канцер-регистр бўлимини врач-методист (6 та), эпидемиолог (1 та), маълумот таҳлилчиси (2 та) ва IT мутахассис (3 та) учун штат бирликлари билан таъминлаш.


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази маблағлари

3. Қайта алоқа (мобиль иловалар ва бошқалар) тизимини йўлга қўйган ҳолда скрининг-регистр ва канцер-регистрни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш.


4. Маълумотларни бошқаришнинг ягона электрон тизимининг мавжуд тиббий ахборот тизимлари, шу жумладан, соғлиқни сақлаш электрон тизими, канцер-регистр ва эмлаш электрон реестри билан интеграциясини таъминлаш.

Бунда маълумотларнинг аниқ ва тўлиқлигини таъминлаш учун тизимлар ўртасида ахборотнинг автоматик алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, узлуксиз техник қўллаб-қувватлаш ва техник муаммоларни оператив бартараф этиш.



18.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурини мониторинг қилиш механизми ва самарадорлигини баҳолаш ҳамда уни яхшилаш бўйича йўналишларни белгилаш.


1. Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI), индикаторлар ва қўлланмалар, Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурининг турли жиҳатларини, шу жумладан, аҳолини скрининг билан қамраб олиш, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, диагностика ва даволаш сифати, беморлар яшаб қолиш ва тиббий хизматлардан қониқишини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун ички ва ташқи аудит тизимини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.


2025 йил

январь


Халқаро молия ташкилотлари маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


Бунда мониторинг қилишнинг асосий индикаторлари сифатида қуйидагиларни белгилаш:

ОПВга қарши эмлаш билан қамров;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони скринингига таклиф қилиш кўрсаткичи;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони скрининги билан мақсадли гуруҳларни қамраб олиш;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони скринингида қатнашишни рад этган мақсадли гуруҳлардаги аёллар улуши;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони диагностикаси билан қамраб олиш;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони скрининги текширувидан диагностикага қадар ўтган вақт;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони гистология текшируви орқали тасдиқланганлар улуши;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони гистология натижасига асосан гипердиагностика/сохта ижобий натижалар кўрсаткичи;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони ташхиси қўйилгандан кейин даволанишни бошлашгача ўтган вақт;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратонидан даволанишни бошлаганлар улуши;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратонидан даволанишни тугатганлар улуши;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони билан ёш бўйича касалланиш кўрсаткичи;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони босқичлари кесимида касалланиш кўрсаткичи;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратонидан ёш бўйича ўлим ҳолатлари;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратонида оралиқ (интервал) саратон даражаси;

бачадон бўйни/кўкрак бези саратони касаллигидан кейинги яшаш кўрсаткичи.


2. Маълумотларни электрон усулда тўплаш орқали мониторинг қилиб бориш ва дашбордда ахборот тизимига улаш.


3. Муаммоли йўналишлар ва ечимларини аниқлаш учун йиғилган маълумотларни доимий таҳлил қилган ҳолда ҳисоботларнинг даврий нашрини таъминлаш.


4. Онкология соҳаси, шу жумладан, нодавлат тиббиёт ташкилотлари мутахассисларидан иборат мустақил эксперт гуруҳларини ташкил этиш ва муаммоли йўналишлар ва уларнинг ечимлари бўйича уларнинг эксперт хулосаларини олиш.


5. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастурининг аҳоли саломатлигига, жумладан, касалланиш, ўлим ва яшаб қолиш кўрсаткичларига таъсирини даврий баҳолаш.


6. Маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун аҳоли ва мақсадли гуруҳдаги аёллар ўртасида сўровнома ўтказиш ҳамда маълумотларни сўровнома натижалари билан таққослаш.

           

2025-2030

йиллар

давомида

(ҳар ойда)


Республикасининг KOFIH жамғармаси маблағлари (келишув асосида)


19.

Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини диагностика қилиш ва даволаш жараёнларига янги технологиялар ва инновацион усулларни жорий қилиш.

1. Саратон билан касалланган аёллар орасида ЖССТ билан ҳамкорликда DEDICA тадқиқотини ўтказиш.


2. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини диагностика қилиш ва даволашда жорий ва истиқболли технологиялар ва усулларни кўриб чиқиш.


3. Етакчи халқаро ва миллий тадқиқот институтлари, технология компаниялари ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш.


2025-2030

йиллар

Халқаро молия ташкилотлари маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

4. Тиббиёт ходимларини янги технологиялардан фойдаланиш, диагностика қилиш ва даволаш усуллари бўйича хорижда ўқитишни таъминлаш.

Бунда дастурни амалга ошириш учун масъул тиббиёт ходимлари (доя, гинеколог, цитолог, патоморфолог, онколог) ўқишини ташкил этиш.


5. Инвестицияларни жалб қилган ҳолда синов ҳудудларда клиник синовларни ўтказиш ва кейинчалик диагностиканинг инновацион технологиялари ва усулларини баҳолаш ва жорий қилиш.

             

Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари

           

Изоҳ: молиялаштириш манбалари ва ажратиладиган маблағлар миқдорига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳисоб-китобларига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

            

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 22 ноябрдаги

ПҚ-402-сон қарорига

2-ИЛОВА



Саратон касаллиги назорати соҳасидаги

лойиҳаларнинг амалга оширилишини

мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ

             

А.А. Худаяров

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси


Лавозими бўйича (келишув асосида)

-

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси


Лавозими бўйича (келишув асосида)

-

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси


Н.Э. Давлетова

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошқарма бошлиғи


Э.И. Баситханова

-

соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари


А.Ф. Умарова

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги масъул ходими


Д.Ж. Аниёзова

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги масъул ходими


Н.С. Надирханова

-

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори


М.Н. Тилляшайхов

-

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори


Э.И. Мусабаев

-

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори


А.А. Абдукаюмов

-

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори


Ш.У. Турдиқулова

-

Фанлар академияси вице-президенти


З.Ш. Эрматов

-

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси директори


Лавозими бўйича (келишув асосида)

-

Ўзбекистон гинекологлар уюшмаси ва Ўзбекистон онкологлар уюшмаси раҳбарлари, ЖССТ ва ЮНФПА вакиллари


Лавозими бўйича (келишув асосида)

-

хусусий клиникалар вакиллари


Ф.А. Фазилова

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи, Кенгаш котиби

       

Изоҳ:


1. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.


2. Кенгаш раисига зарур ҳолларда Кенгаш таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилади.

          

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 22 ноябрдаги

ПҚ-402-сон қарорига

3-ИЛОВА



Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта

аниқлаш ҳамда назоратини амалга ошириш

учун зарур тиббий жиҳозлар

РЎЙХАТИ

            

Т/р

Муассаса номи

Тиббий асбоб-ускуналар номи

      

Полимераза

занжирли

реакция

ускунаси

       

Радио-

тўлқинли

жарроҳлик

ускунаси

      

Бинокуляр

рақамли

микроскоп

(видеокамерали)

        

Стационар

маммограф*


1.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали


1

-

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали


1



1

2.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон вилояти филиали


1



1

3.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилояти филиали


2

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилояти филиали


1



1

4.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилояти филиали


1



1

5.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиали


1



1

6.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий вилояти филиали


1



1

7.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган вилояти филиали


1



1

8.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти филиали


2

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти филиали


1



1

9.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиали


1



1

10.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Термиз шаҳри филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё вилояти филиали


1



1

11.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиали


1

2

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиали


1



1

12.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали


1



1

13.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона вилояти филиали


1



1

14.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилояти филиали


1

1

1


Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилояти филиали


1



1

Жами

              

30

14

14

14

      

*) Стационар маммографлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ туман (шаҳар) тиббиёт муассасаларига берилади.

           

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 25 ноябрь