Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.12.2024 й. ПҚ-450-сон "Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.2024 й.

N ПҚ-450




КУРАШ МИЛЛИЙ СПОРТ ТУРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ОММАЛАШТИРИШНИ

ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Кураш миллий спорт турини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва хорижий мамлакатларда янада кенг тарғиб қилиш, шунингдек, курашни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятни тизимли қўллаб-қувватлашни ташкил қилиш мақсадида:


1. Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерациясининг Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда унга қуйидаги қўшимча вазифаларни юклаш тўғрисидаги ташаббуси маъқуллансин:

кураш миллий спорт тури бўйича халқаро даражадаги малакали тренерлар ва ҳакамларни тайёрлашни йўлга қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш тизимини жорий этиш;

кураш миллий спорт тури бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириб бориш, шунингдек, зарур ўқув-услубий ва илмий-амалий қўлланмаларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш;

кураш миллий спорт турининг янги йўналишларини жорий қилишда иштирок этиш, уларни оммалаштириш чораларини кўриш;

кураш миллий спорт тури тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга "экспорт" қилишни йўлга қўйиш;

курашни оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитиш ҳамда ушбу миллий спорт турини умумжаҳон миқёсидаги спорт турига айлантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб бориш.


2. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари зиммасига Кураш халқаро ассоциацияси ва Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятига кўмаклашиш вазифаси юклансин.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг Кураш халқаро ассоциацияси ва Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятига кўмаклашиш борасидаги ҳисоботларини ҳар олти ойда бир маротаба Олий Мажлис Сенатида эшитиш амалиёти йўлга қўйилади.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон кураш федерациясига ўз молиявий ҳолатидан келиб чиқиб Халқаро кураш институти фаолиятини молиялаштириб бориш учун зарур маблағларни йўналтириб бориш ҳуқуқи берилади;

маҳаллий йирик тадбиркорлик субъектларини Кураш халқаро ассоциациясига расмий ҳомий сифатида жалб қилиб бориш йўлга қўйилади;

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида кураш миллий спорт тури бўйича маҳаллий мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Халқаро кураш институти билан ҳамкорликда амалга оширилади.


4. Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича "йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Спорт вазирлиги "Йўл харитаси"да кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича ҳар ярим йилда бир маротаба Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.


5. Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

а) кураш миллий спорт тури бўйича жаҳон чемпионатларида (катталар, ёшлар) ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерлар учун белгиланган рағбатлантириш суммаларининг ярми миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириб бориш тизими жорий этилади;

б) Халқаро кураш институти фаолиятини молиялаштириш 2026 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан республика бюджетига ўтказилади ҳамда ушбу мақсад учун ҳар йили 4,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратиб борилади.

Бунда ушбу қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Халқаро кураш институтига 2025 йилда Спорт вазирлигига ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча 1,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги "Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4881-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


7. Ташқи ишлар вазирлиги Спорт вазирлигининг виза талабномаларига биноан Халқаро кураш институти томонидан ўқув курслари ва семинарларга жалб этиладиган чет эл мутахассисларига кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирмасдан, зарур ҳолларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спорт вазири А.И. Икрамов ва Ўзбекистон кураш федерацияси раиси Н.Т. Йўлдошев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 декабрдаги

ПҚ-450-сон қарорига

1-ИЛОВА



Кураш миллий спорт турини ривожлантириш

ва оммалаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

           

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш

механизми

         

Молиялаштириш

манбалари

        

Бажариш

муддати

        

Масъул

ижрочилар

       

1.

Республикадаги олий таълим муассасаларининг спорт клублари таркибида кураш секцияларини ташкил этиш чораларини кўриш.

1. Олий таълим муассасаларига уларнинг спорт клубларида кураш секцияларини ташкил этишга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда услубий ёрдам кўрсатиб бориш.


2. Кураш секцияларига тренер ва бошқа мутахассисларни жалб этиб бориш.


3. Олий таълим муассасалари спорт клублари ўртасида кураш бўйича спорт мусобақаларини тизимли ўтказиб боришни йўлга қўйиш.


Олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари

2025/2026

ўқув йили

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси, Ўзбекистон кураш федерацияси


4. Олий таълим муассасалари спорт клубларида кураш секциялари ташкил этилганлиги ва фаолияти мунтазам йўлга қўйилганлиги, талабаларининг мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаганлиги каби мезонларни олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш мезонлари сифатида белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси


2.

Курашнинг янги турлари қоидаларини ишлаб чиқиш, уларни оммалаштириш чораларини кўриш, тренер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.


1. Кураш халқаро ассоциациясига курашнинг янги турлари қоидаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш.


2. Курашнинг янги турларини оммалаштириш бўйича халқаро семинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказиб бориш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида, Кураш жамғармаси маблағлари


2025 йил

декабрь

Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти

3.

Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Талабалар кўчасида жойлашган 1 га ер майдонида халқаро кураш мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган Кураш миллий спорт марказини барпо этиш.


1. Қурилиш ишлари учун зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш.


2. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.


3. Белгиланган тартибда қурилиш ишларини амалга ошириб бориш.


4. Кураш миллий спорт марказини зарур спорт жиҳозлари, техника ва инвентарлар билан жиҳозлаш.


5. Қурилиш ишларини якунлаш, объектни топшириш ва қабул қилишни амалга ошириш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида, Кураш жамғармаси маблағлари, ҳомийлар маблағлари


2026-2027

йиллар

давомида

Ўзбекистон кураш федерацияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Спорт вазирлиги

4.

Кураш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқилишини ҳамда чоп этилишини ташкил қилиш.


1. Курашни ўқитишга бағишланган "Кураш техникаси ва тактикасини ўргатиш методикаси", "Янги ўрганувчилар учун кураш", "Кураш ҳамма учун", "Кураш усулларини ўқитиш методикаси" номли ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқилишини ташкил қилиш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида, Кураш жамғармаси маблағлари

2025 йил

декабрь


Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти, Спорт вазирлиги

2. Ўқув-услубий қўлланмаларни чоп этиш чораларини кўриш.


3. Ўқув-услубий қўлланмаларни хорижий тилларга таржима қилиш ҳамда хорижий кураш федерациялари орқали тарғиб қилиб борилишини таъминлаш.


2026 йил

март


5.

Кураш спорт тури бўйича жаҳон чемпионатларида (катталар, ёшлар) ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерлар учун белгиланган рағбатлантириш суммаларининг ярми миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириб бориш тизимини жорий этиш.


1. Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2. Лойиҳани ўрнатилган тартибда вазирлик ва идоралар билан келишиш ва Ҳукуматга киритиш.


-

2025 йил

октябрь

Спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси


6.

Кураш спорт тури бўйича тренерлар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб боришни йўлга қўйиш.


1. Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан чет эллик тренерлар ва бошқа мутахассислар малакасини ошириш бўйича режа-график тасдиқлаш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида, Кураш жамғармаси маблағлари

2025 йил

июнь


Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти

2. Ҳар йили 50 нафар чет эллик тренерлар ва бошқа мутахассислар малакасини ошириш бўйича бепул 2 ҳафталик ўқув курсларини ташкил этиб бориш.


режа-график

асосида


7.

Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчи ва ходимлари ўртасида кураш бўйича республика чемпионатини ташкил этиш ҳамда ўтказиб бориш.


1. Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар спорт мусобақалари йиллик календарь режасига кураш бўйича мусобақаларни киритиш.


2. Йиллик календарь режага мувофиқ кураш бўйича мусобақаларни ўтказиб бориш.


Ташкилотчилар маблағлари, ҳомийлар маблағлари

2025 йилдан

бошлаб

доимий

Ўзбекистон кураш федерацияси, Мудофаа вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар

8.

Кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга "экспорт" қилишни йўлга қўйиш.

1. Курашни хорижий давлатларда оммалаштириш, маҳаллий тренер ва бошқа мутахассисларнинг халқаро миқёсда фаолият олиб бориш имкониятларини кенгайтириш мақсадида кураш бўйича маҳаллий тренер ва бошқа мутахассисларга хорижий тилларни ўргатишни йўлга қўйиш.


2. Хорижий давлатлар кураш федерацияларининг сўровига биноан кураш бўйича маҳаллий мутахассисларни хорижий давлатларга юбориш тизимини жорий этиш.


-

2025 йилдан

бошлаб

доимий

Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

9.

Кураш халқаро ассоциациясига аъзо миллий федерациялар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон профессионаллар серияси (World Series Pro) халқаро мусобақаси мунтазам ўтказиб борилишини таъминлаш.


Кураш халқаро ассоциациясига аъзо миллий федерациялар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон профессионаллар серияси (World Series Pro) халқаро мусобақасини мунтазам ўтказиб бориш.


Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси маблағлари, ҳомийлар маблағлари

2025 йилдан

бошлаб

ҳар йили

Ўзбекистон кураш федерацияси, Спорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги

10.

Ҳар йили стандартларга жавоб берадиган 2 000 дона яктак спорт кийимлари ҳамда 50 комплект кураш гиламлари тарқатилишини таъминлаш.


1. Ҳар йили стандартларга жавоб берадиган 2 000 дона яктак спорт кийимлари ҳамда 50 комплект кураш гиламлари харид қилиш.


2. Кураш спорт тури бўйича яктак спорт кийимлари ҳамда комплект кураш гиламларини тегишли жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларига тарқатиш чораларини кўриш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида

Доимий

Ўзбекистон кураш федерацияси, Транспорт вазирлиги, "Uzbekistan Airways" AЖ, Спорт вазирлиги


11.

"Йил курашчиси", "Йил тренери" ва "Йил ҳаками" номинациялари бўйича республика танловларини ташкил этиш ва ўтказиб бориш.


1. "Йил курашчиси", "Йил тренери" ва "Йил ҳаками" номинациялари бўйича республика танловлари низомларини тасдиқлаш.


Кураш жамғармаси маблағлари

2025 йил

октябрь


Спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси


2. Ҳар йил якунида тегишли номинациялар бўйича танловларни ўтказиб бориш.


2025 йилдан

бошлаб

доимий


12.

Тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторларни жалб этиш орқали яктак ҳамда кураш гиламлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.


1. Тегишли тадбиркорлик бирлашмалари билан биргаликда яктак ҳамда кураш гиламлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш.


2. Яктак ҳамда кураш гиламлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини яратиш чораларини кўриш.


3. Тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторларни яктак ҳамда кураш гиламлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш.


Тижорат банклари кредитлари, ижрочилар маблағлари

2025-2028

йиллар

давомида

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон кураш федерацияси

13.

Электрон оммавий ахборот воситаларида кураш бўйича маълумотлар базасини кенгайтириш.


Кураш бўйича нуфузли спорт мусобақалари, жумладан Осиё ва Параосиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари, миллий терма жамоалар аъзолари, шунингдек, нуфузли спорт мусобақалари, тренерлар ва ҳакамлар тўғрисидаги маълумотларнинг Ўзбекистон кураш федерацияси расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш.


-

2025 йил

декабрь

Ўзбекистон кураш федерацияси, Спорт вазирлиги

14.

Ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги "KURASH" номли илмий-оммабоп электрон журналини чоп этиш ва уни электрон оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш.


1. "KURASH" номли илмий-оммабоп электрон журналини таъсис этиш.


2. Журналнинг ўзбек, инглиз ва рус тилларида мунтазам нашр қилиб борилишини таъминлаш.


3. Журнални кураш бўйича ахборот ва маълумотлар билан бойитиб бориш чораларини кўриш.


Кураш жамғармаси маблағлари

2026 йилдан

бошлаб

доимий

Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти

15.

Кураш спорт турини хорижий давлатларда оммалаштириш мақсадида кураш бўйича махсус видео қўлланмаларни ишлаб чиқиш.


1. Миллий ва жаҳон спорт юлдузлари иштирокида ўзбек, рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда кураш усулларини ўргатишга мўлжалланган махсус видеороликлар тайёрлаш.


2. Видеороликларнинг Ўзбекистон кураш федерацияси ва Халқаро кураш институти расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини таъминлаш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида, Кураш жамғармаси маблағлари, ҳомийлар маблағлари

2026 йил

январь

Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти, Спорт вазирлиги

16.

Курашни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш ва оммалаштиришни тизимли йўлга қўйиш.

1. Кураш спортини кенг тарғиб қилиш бўйича медиа режа-графигини тасдиқлаш.


Курашга ажратиладиган маблағлар доирасида, ҳомийлар маблағлари

2025 йил

июнь


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси, Спорт вазирлиги

2. Режа-график доирасида:

"Курашчилар учун бадантарбия", "Болалар учун кураш", "Катталар учун кураш", "Кураш маликаси", "Кураш миллий ғуруримиз", "Кураш миллат фахри" ва бошқа номлардаги махсус роликлар тайёрлаш ҳамда намойиш этиб бориш;

"Бизнинг кураш" номли махсус телекўрсатувлар тайёрлаш, радио эшиттиришлар ташкил этиш;

ёшлар ўртасида курашни кенг тарғиб этиш, уларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундашга қаратилган кўрсатувларни намойиш этиб бориш.


3. Курашни жаҳон бўйлаб тарғиб қилиш бўйича видеороликлар тайёрлаш ва нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларида намойиш этилишини ташкил қилиш чораларини кўриш.


4. Мамлакатимизда ва хорижий давлатларда бўлиб ўтадиган кураш мусобақалари, "тўй курашлари", "кураш сайиллари", "кураш фестиваллари" ва бошқа тадбирлар ҳақида рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда материаллар тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш.


режа-график

асосида


17.

Кураш бўйича халқаро спорт тадбирлари ғолиблари иштирокида кураш маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этиш ҳамда уларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш.


1. Кураш бўйича халқаро спорт тадбирлари ғолиб ва совриндорлари иштирокида республикамизнинг диққатга сазовор тарихий масканлари ва сайёҳлар гавжум бўлган бошқа жойларда кураш маҳорат дарсларини ташкил этиб бориш.


2. Кураш маҳорат дарсларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш.


-

Доимий

Ўзбекистон кураш федерацияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Спорт вазирлиги

          

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 декабрдаги

ПҚ-450-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил 4 ноябрдаги "Кураш миллий спорт турини

ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш

чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4881-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар


1. 1-банднинг бешинчи хатбошисидан "кураш ҳамда жанговар" сўзлари чиқариб ташлансин.


2. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Ўзбекистон кураш федерацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Спорт вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг:

а) 2025 йилдан бошлаб ҳар йили:

олий таълим муассасалари талабалари ўртасида кураш турнирини;

устувор равишда хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнирларни;

давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича "Ўзбек полвони" республика мусобақасини ўтказиш;

б) 2023-2027 йилларда вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриладиган ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Вазирлик ҳузуридаги кураш маҳорат мактабларини (кейинги ўринларда - кураш маҳорат мактаблари) босқичма-босқич ташкил этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин".


3. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3. Ўзбекистон кураш федерацияси Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Вазирлик билан биргаликда ишлаб чиқилган:

Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2020-2025 йилларда курашни оммалаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар) 2-иловага мувофиқ;

2023-2027 йилларда вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида янги қуриладиган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат спорт мактабларининг манзилли рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришнинг пировард мақсади курашнинг Халқаро олимпия қўмитаси томонидан олимпия спорт тури сифатида тан олинишига ҳамда Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш деб эътироф этилсин.

Вазирлик марказий аппарати тузилмасида курашни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириб бориш учун бир нафар масъул ходим бириктирилсин".


4. 6-банднинг биринчи хатбошисидаги "Халқ таълими вазирлиги" сўзлари "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.


5. 8-банднинг учинчи хатбошисидаги "кураш ҳамда жанговар" сўзлари чиқариб ташлансин.


6. 9-банднинг саккизинчи хатбошисидаги "Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирларнинг" сўзлари "кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирларнинг" сўзлари билан алмаштирилсин.


7. 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

а) кураш маҳорат мактаблари фаолияти билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, уларни яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари билан таъминлаш учун зарур маблағларни 2021 йилда ажратсин ва 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин;

б) Давлат бюджетидан ҳар йили:

Кураш халқаро ассоциацияси ҳисоб рақамига унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард сўм, 2026 йилдан бошлаб эса 13 миллиард сўм;

кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириб бориш, шунингдек, Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси доирасида кураш бўйича ўтказиладиган республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиб бориш учун 10 миллиард сўм, 2026 йилдан бошлаб эса - 14 миллиард сўм миқдорида маблағлар Вазирликка Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида кўзда тутилган маблағлар доирасида ажратиб борилишини таъминласин;

в) Вазирликнинг буюртманомасига асосан 2020 йилдан бошлаб кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириб бориш, шунингдек, Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси доирасида кураш бўйича ўтказиладиган республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиб бориш учун зарур маблағлар ажратсин".


8. 13-банддаги "2023 йил 31 декабрга қадар" сўзлари "2030 йил 31 декабрга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин.


9. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"14. Ўзбекистон кураш федерациясига:

а) Кураш халқаро ассоциацияси, Вазирлик, Миллий антидопинг агентлиги ва Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси билан биргаликда 2025 йил якунига қадар:

курашни Халқаро кўзи ожизлари спорт федерацияси (IBSA) ўйинлар дастурига киритиш;

курашни Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритиш;

курашни Бутунжаҳон антидопинг ташкилотининг Спортчининг биологик паспорти гематологик модулига киритиш;

б) Кураш халқаро ассоциацияси, Вазирлик, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти билан биргаликда 2026 йил якунига қадар:

Доминикан Республикасида бўлиб ўтадиган Марказий Америка ва Кариб ўйинлари доирасида курашнинг расмий тақдимотини қилиш;

Кураш халқаро ассоциациясини AIMS (Alliance of Independent Recognised Members of Sport) халқаро ташкилоти аъзолигига киритиш;

курашни Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ўйинлар дастурига киритиш;

курашни Халқаро мактаб спорти федерацияси ўйинлар дастурига киритиш;

в) Кураш халқаро ассоциацияси, Вазирлик ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда 2027 йил якунига қадар курашни Қоҳира шаҳрида (Миср) бўлиб ўтадиган Африка ўйинлари дастурига киритиш;

г) Кураш халқаро ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Вазирлик билан биргаликда курашни Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун ҳар йили амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

д) Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кураш билан шуғулланган ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

е) Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида кураш гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг мунтазам фаолият юритишларини таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилсин".


10. 15-банднинг бешинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


11. 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


12. 3 ва 4-иловалар тегишинча 2 ва 3-иловалар деб ҳисоблансин.


13. 2-илова "Масъул ижрочилар" устунидаги "Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги" сўзлари "Спорт вазирлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.


14. 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"2023-2027 йилларда вилоятлар марказлари,

Нукус ва Тошкент шаҳарларида янги қуриладиган

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳузуридаги

кураш маҳорат спорт мактабларининг

МАНЗИЛЛИ РЎЙХАТИ

            

Т/р

Кураш марказининг манзили

            

Муддати

Жами республика бўйича: (14 та объект)

        

2023-2027 йиллар

1.

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, Тахиатош гузари


2025 йил

2.

Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Юсуф Отабеков кўчаси


2026 йил

3.

Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, Намозгоҳ кўчаси


2026 йил

4.

Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, "Обод" МФЙ


2025 йил

5.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси


2025 йил

6.

Навоий вилояти, Кармана тумани, "Ёшлик" МФЙ


2027 йил

7.

Наманган вилояти, Наманган шаҳри, "Юксалиш" МФЙ


2026 йил

8.

Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳри, "Қорасув" массиви


2026 йил

9.

Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, "Боғи шамол" МФЙ


2027 йил

10.

Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, "Зарбдор" сув истеъмолчилари уюшмаси


2027 йил

11.

Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, "Бирлик" МФЙ


2027 йил

12.

Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Марғилон кўчаси, 1-уй


2026 йил

13.

Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, "Дўстлик" МФЙ (реконструкция қилиш ҳисобига)


2023 йил

14.

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, "Олмос" МФЙ


2027 йил

                  

Изоҳ:

Спорт вазирлиги томонидан ҳар йили Инвестиция дастурини шакллантиришда мазкур объектлар Дастурга киритилиши таъминланади.

Спорт вазирлиги томонидан кураш маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш манзилларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асослантирилган таклифлари асосида тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.".

        

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 21 декабрь