Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг фаолияти тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 18.12.2025 й. 3728-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 14.11.2025 й. 18-сон буйруғига 1-илова)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2025 йил 18 декабрда 3728-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Истиқболли лойиҳалар миллий
агентлиги директорининг
2025 йил 14 ноябрдаги
1-ИЛОВА
Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция
воситачисининг фаолияти тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
инвестиция воситачиси - мижознинг топшириғига биноан, мижоз номидан ва унинг ҳисобидан қимматли қоғозларга доир битимлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси;
брокер - фонд биржасининг аъзоси бўлган, мижоз топшириғига асосан ва унинг ҳисобидан биржа битимларини тузувчи инвестиция воситачиси;
дилер - фонд биржасининг аъзоси бўлган, ўз номидан ва ўз ҳисобидан биржа битимларини тузувчи инвестиция воситачиси;
мижоз - қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг хизматларидан фойдаланувчи депонент ёки бошқа шахс;
андеррайтер - андеррайтинг фаолиятини амалга оширувчи инвестиция воситачиси ёки тижорат банки;
маркет-мейкер - қимматли қоғозларга доир нархлар, талаб ва таклиф даражасини сақлаб туриш учун биржа битимларини тузиш мажбуриятини ўз зиммасига олган инвестиция воситачиси;
манфаатлар тўқнашуви - инвестиция воситачиси ва (ёки) меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида ўз фаолиятини олиб борувчи унинг ходимлари (бундан буён матнда ходимлар деб юритилади) билан инвестиция воситачисининг мижози ўртасидаги мулкий ва бошқа манфаатлар тўқнашуви бўлиб, у меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида фаолият юритувчи ходимлар манфаатлари билан боғлиқ ҳолда юзага келади ҳамда инвестиция воситачиси ва (ёки) унинг ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида мижозга зарар етказиши ва (ёки) мижоз учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
2. Банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга тижорат банклари ва суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга суғурта ташкилотлари қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни қонунчилик ҳужжатларида ушбу фаолият учун ўрнатилган талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда, тижорат банклари ва суғурта ташкилотлари томонидан қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун алоҳида лицензия олиш талаб қилинмайди.
3. Инвестиция воситачисининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолияти устидан назорат қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
2-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ВОСИТАЧИСИ ФАОЛИЯТИНИ
АМАЛГА ОШИРИШНИНГ УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ
4. Инвестиция воситачиси шартнома асосида мижозларга:
мижознинг номидан ва ҳисобидан брокерлик хизматларини;
ўз номидан, лекин мижознинг ҳисобидан брокерлик хизматларини;
депозитар операцияларни;
андеррайтерлик хизматларини;
маркет-мейкерлик хизматларини кўрсатишга ҳақли.
5. Инвестиция воситачиси томонидан:
андеррайтерлик хизматлари Қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолияти тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3610, 2025 йил 28 февраль);
маркет-мейкерлик хизматлари Инвестиция воситачиларининг эмитентларга расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1682, 2007 йил 26 май);
депозитар операциялар Депозитар операциялар ҳисобини юритиш қоидалари (рўйхат рақами 3628, 2025 йил 16 июнь) талаблари асосида амалга оширилади.
6. Инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишда:
мижозларнинг қимматли қоғозларини сотиб олиш ва сотишга буюртма бериш, қимматли қоғозларни ўтказиш борасидаги топшириқларини виждонан ҳамда уларнинг келиб тушиши тартибида бажариши;
шартномаларни тузиш ва ижро этиш билан боғлиқ барча зарур маълумотларни мижозларга етказиши, амалга оширилган битимлар ва операциялар тўғрисида мижозларга ҳисобот бериши;
манфаатлар тўқнашувида, шу жумладан дилерлик операцияларини қўшиб олиб бориш билан боғлиқ бўлган ҳолатларда мижозни низо келиб чиқиши ҳақида дарҳол хабардор қилиши ва уни мижоз фойдасига ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриши;
инвестиция воситачиси томонидан мижознинг топшириғи қабул қилинишидан олдин юзага келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳақида мижозни хабардор қилмаган бўлса, етказилган зарарнинг ўрнини мижозга қоплаб бериши;
мижоз топшириғи асосидаги битимларни ўз дилерлик операцияларига нисбатан устувор равишда амалга ошириши;
мижознинг қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича топшириқ ва мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида хабардор қилиши;
мижозларга қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг қоидаларига мувофиқ, қимматли қоғозларни мустақил равишда сотиб олиш ва сотиш имконини бериши, бунда битимларнинг оқибатлари учун инвестиция таваккалчиликлари бўйича жавобгарликни мижозларнинг ўзларига юклаши;
мижозларнинг шахсини текшириши (KYC) ва пул маблағлари манбаларини аниқлаши, амалга оширилган битимлар тўғрисидаги маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларга тақдим этиши;
қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида амалга ошириладиган қимматли қоғозлар билан операцияларда қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг қоидаларига риоя қилиши;
қимматли қоғозлар билан операцияларнинг ички ҳисобини юритиши, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, ўз тартиб-таомиллари ва қоидаларига мувофиқ ички назоратни ташкил этиши ва амалга ошириши;
ўз маблағлари миқдорининг етарли даражада бўлиш меъёрига мувофиқлигини таъминлаши;
ҳар бир мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағларининг ҳисобини юритиши, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириши;
мижозларга дивидендларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда автоматик равишда тўлаши;
номинал сақловчи сифатида ўз мижозларининг қимматли қоғозлари бўйича даромадларини тўлиқ ва ўз вақтида, шу билан бирга қимматли қоғозлар муомаладан чиқарилганда уларнинг номинал қийматини олишда ёрдам кўрсатиши керак.
7. Инвестиция воситачилари эмиссиявий қимматли қоғозларнинг жойлаштирилмаган қисмини сотиб олиш мажбуриятини олиб ёки олмаган ҳолда эмитент номидан эмиссиявий қимматли қоғозларни сотиш тўғрисида шартномалар тузиши мумкин.
8. Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга оширишда:
а) тегишли лицензиясиз қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш;
б) мижозлар билан уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини чекловчи шартномалар тузиш;
в) тақиқланган битимлар ёки қонунчилик талабларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган битимларда иштирок этиш;
г) инвестиция воситачисига тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг қиймати тўлиқ тўлангунига қадар уларга доир битимлар тузиш, бундан неттингдан фойдаланиш мустасно;
д) мижозларга қимматли қоғозларга инвестиция қилишдан олинадиган даромадни кафолатлаш;
е) мижозларнинг қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш, агар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ушбу қимматли қоғозлар эмиссиясини тўхтатган бўлса;
ж) қимматли қоғозлар бозорида тегишли профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлмаган қимматли қоғозлар бозори иштрокчиларининг профессионал хизматларидан фойдаланган ҳолда қимматли қоғозлар билан боғлиқ битимлар тузиш (қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият билан шуғулланувчи тижорат банклари ва суғурта ташкилотларининг профессионал хизматларидан фойдаланиш ҳолатларидан ташқари);
з) инвестиция воситачисининг ҳисобварағида бўлган мижозларнинг қимматли қоғозлари ва пул маблағларидан мижознинг топшириғисиз фойдаланиш, бундан шартномада алоҳида қайд этилган ҳоллар мустасно;
и) қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш, махфий ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш;
к) қимматли қоғозлар ва уларга доир нархлар тўғрисида қасддан бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш орқали қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга ундаш тақиқланади.
9. Инвестиция воситачиси мижознинг талабига биноан унга қуйидаги маълумотларни бепул тақдим этади:
а) инвестиция воситачисининг юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг электрон нусхани;
б) инвестиция воситачиси сифатида қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг электрон нусхасини;
в) инвестиция воситачисининг устав фонди, ўз маблағлари ва захира фонди тўғрисидаги ахборотлар;
г) битимларни тузиш ва бошқа хизматлар учун тўлов (ставкалар), мукофотлар ва бошқа йиғимларнинг нархлари ҳамда миқдори;
д) мижоз оладиган қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ахборотлар;
е) мижоз оладиган қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласидаги ахборотлар, шунингдек ушбу қимматли қоғозларнинг инвестор томонидан маълумот тақдим этиш тўғрисида талаб қўйилган санадан олдинги олти ҳафта давомидаги нархлари ҳақидаги маълумотлар;
ж) қимматли қоғозларга доир ўз номидан ва мижоз ҳисобидан амалга оширилган битимларнинг натижалари бўйича ҳисоботни шартномада келишилган муддатлар ва шаклда.
10. Инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини ҳисобот чораги тугагандан сўнг икки иш куни ичида ёзма шаклда:
бир чорак давомида фақат бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган операциялар тўғрисида;
бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган бир марталик операция, агар бу операция бўйича қимматли қоғозларнинг сони мазкур эмитентнинг қимматли қоғозлари умумий сонининг камида 15 фоизини ташкил этган бўлса, хабардор қилади.
Инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ахборотни ҳам ошкор қилиши мумкин.
11. Инвестиция воситачиси томонидан инвестиция воситачиси сифатидаги фаолиятни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ёки у тугатилган тақдирда, бу ҳақида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан икки иш куни ичида оммавий ахборот воситаларида ва фонд биржасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Инвестиция воситачиси сифатида ўз фаолиятини тўхтатиб тураётган, тугатаётган ёки тугатилаётган инвестиция воситачисида ҳисоби юритилаётган қимматли қоғозлар мижознинг қарорига кўра бир ҳафталик муддатда бошқа инвестиция воситачисига ўтказилади, бундай қарор мавжуд бўлмаган тақдирда эса, қимматли қоғозларнинг эгаси танлаган инвестиция воситачисига қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган муддатларда кейинчалик ўтказиш учун Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига (фаолиятни тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) ўтказилади.
Юридик шахсни - инвестиция воситачисини тугатиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи мазкур бандда кўрсатилган ҳаракатлар якунланганлигини ёзма равишда тасдиқлаганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.
3-БОБ. БРОКЕРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ
12. Брокер мижоздан қуйидаги маълумотларни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли:
а) қимматли қоғозларни сотиб олиш бўйича битим тузишда мижознинг тўлов қобилияти;
б) қимматли қоғозларнинг ва уларга бўлган мулк ҳуқуқининг мавжудлиги - уларни сотиш бўйича шартнома тузилаётганда;
в) қимматли қоғозларга учинчи шахслар олдида мажбуриятлар юклатилганлиги ёки ушбу қимматли қоғозлар тақдим этадиган ҳуқуқларнинг амалга оширилиши тўхтатилиши ёхуд имконсизлигини келтириб чиқарувчи эмитентнинг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ мижозга маълум бўлган вазиятларнинг мавжудлиги;
г) мижознинг лаёқати - жисмоний шахсларнинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни тўлиқ ёки қисман бажариш лаёқати;
д) мижозлар раҳбарларининг ваколатлари - юридик шахсларнинг манфаатларини ифодалаш ва ушбу юридик шахслар учун ҳуқуқий оқибатларга олиб келадиган ҳаракатларни амалга оширишга қонуний ҳуқуққа эгалиги;
е) брокерлик хизматлари орқали битимни амалга оширишни хоҳлаган мижознинг ҳисобварағида турган қимматли қоғозларнинг ҳақи тўлиқ тўланганлиги.
13. Брокер ўзига берилган топшириқни шахсан ўзи бажаради, топшириқни бошқа шахсга бериш (ишониб топшириш) бундан мустасно. Брокерлар ўзига берилган топшириқ бўйича битимлар тузишни фақат бошқа брокерга бериши (ишониб топшириши) мумкин.
14. Брокерлик хизматларини бажариш жараёнида инвестиция воситачиси мижоз билан тузилган шартнома асосида, ўз мижозига уюшган савдоларда қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун пул маблағлари ёки қимматли қоғозлар кўринишида қарз бериши мумкин.
15. Брокер ўзига мижоз томонидан берилган пул маблағларидан, агар бу мижоз билан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса, ўз манфаатларини кўзлаб фойдаланишга ҳақли бўлиб, мижозга унинг топшириқлари кўрсатилган пул маблағлари ҳисобидан бажарилишини ёки мижознинг талабига кўра пул маблағлари қайтарилишини таъминлайди.
16. Брокерга пул маблағларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиш ҳуқуқини берган мижозларнинг пул маблағлари, шундай ҳуқуқни бермаган мижозларнинг пул маблағлари турган ҳисобварақдан (ҳисобварақлар) алоҳида ҳисобварақда (ҳисобварақлар) туриши керак. Брокер ўз маблағларини ушбу ҳисобга ўтказиши мумкин эмас, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни мижозларга қайтариб бериш ва (ёки) мижозларга қарз бериш ҳоллари бундан мустасно.
17. Инвестиция воситачиси мижоз - норезидент билан тузилган шартнома асосида қимматли қоғозларни сотиб олиш (сотиш) чоғида мижоз - норезидент номидан ва унинг ҳисобидан чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш) учун тижорат банкларига буюртмалар бериш ҳуқуқига эга.
18. Инвестиция воситачиси ва мижоз билан тузиладиган брокерлик хизматларини кўрсатиш бўйича шартномада қуйидаги барча муҳим шартлар назарда тутилиши керак:
а) шартнома тури;
б) хизмат тури - қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотиш, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, шунигдек, мижознинг талабига кўра брокернинг ваколатига кирадиган бошқа қўшимча хизматлар;
в) қимматли қоғозлар билан битимлар ва операцияларга доир ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига олиш бўйича мижознинг мажбуриятлари;
г) қимматли қоғозларни ўтказиш ва уларни тўлаш муддати ва усули;
д) инвестиция воситачисига воситачилик ҳақининг миқдори ва уни тўлаш муддатлари;
е) шартнома тарафларининг жавобгарлиги;
ж) шартнома тарафлари ихтиёрига кўра зарур деб ҳисобланган шартноманинг бошқа шартлари.
19. Мижознинг кўрсатмаси бўйича бир нечта битимларни бажариш ёки бир нечта юридик ҳаракатларни амалга оширишда мижоз шартнома бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргунига қадар унинг пул маблағларини ёки қимматли қоғозларини брокернинг ҳисобварақларида вақтинча сақлаш инвестиция воситачиси ва мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилиши мумкин.
20. Брокер:
а) агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мижознинг биринчи талаби бўйича унинг топшириқлари бажарилиш ҳолати ҳақида барча маълумотларни беришга;
б) агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, битим тузилганидан сўнг дарҳол мижозга тузилган битим шартлари ҳақида маълумот беришга, қимматли қоғозларнинг олди-сотдисини тасдиқловчи шартнома ёки бошқа ҳужжатлар нусхаларини мижоз кўрсатмаси бўйича юборишга;
в) агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мижознинг топшириқларини бажариш юзасидан тузилган битимлар бўйича олинган барча ҳужжатлар ва маълумотларни мижозга кечиктирмасдан юборишга;
г) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига мувофиқ мижозларнинг қимматли қоғозлари ва пул маблағлари бут сақланиши ҳамда уларни алоҳида ҳисобга олинишини таъминлашга, мижозларга ушбу мижоз учун амалга оширилган операциялар бўйича даврий ҳисоботларни, мижознинг ҳисобварақлари бўйича пул маблағлари ва қимматли қоғозлар ҳаракатига доир (шу жумладан брокернинг воситачилик ҳақи ва бошқа мукофотлари миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни) кўчирмаларни ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва тузилган шартномага мувофиқ бошқа ҳужжатларни тақдим этишга;
д) қимматли қоғозлари унинг номинал сақловида бўлган мижозларга, қимматли қоғозлар эмитентидан ёки унинг агентидан олинган, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотни тақдим этишга;
е) ҳар бир мижознинг пул маблағлари ҳисобини юритишга, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни фақат мижознинг топшириғига кўра ва у билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширишга, амалга оширилган битимлар ва операциялар тўғрисида унга ҳисобот беришга;
ж) депозитар тизимда ўз мижозлари тўғрисидаги маълумотларни янгилаб боришга, шунингдек уч йил ва ундан ортиқ вақт мобайнида алоқа ўрнатмаган мижозлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш чораларини кўришга мажбур.
4-БОБ. ДИЛЕРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ
21. Дилерлик фаолиятини амалга оширишда инвестиция воситачиси ўзи тузган қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши лозим.
22. Олди-сотди битимини тузаётган дилер ўз номидан ва ўз маблағлари ҳисобидан қимматли қоғозларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш нархларини оммавий эълон қилиш йўли орқали уларнинг эълон қилинган нархлари бўйича сотиб олиш ёки сотиш мажбурияти билан:
а) савдо тизимида қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун буюртмаларни доимий равишда жойлаштириб бориши;
б) ўзига қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотиш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилган шахслар билан оммавий эълон қилинган қимматли қоғозларнинг нархлари ва миқдорига мувофиқ равишда битимлар тузиши шарт.
23. Дилер ўзининг веб-сайтида ва (ёки) биржа ва биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг веб-сайтида сотиб олинадиган ва (ёки) сотиладиган қимматли қоғозларнинг энг кам ва энг кўп сонини эълон қилишга ҳақли.
24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 22 декабрь

Наша страница
Канал в телеграм