Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 14.12.2000 й. 160-II-сон "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.12.2000 й.

N 160-II



НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ

ҲУЖЖАТЛАР ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари

Ушбу қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчаси, турлари ва уларга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.



2-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчаси

Ушбу қонунда белгиланган шаклда қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида қонун ҳужжатлари нормаларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб ҳисобланади.



3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг турлари ва уларга қўйиладиган асосий талаблар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам белгиланади.



4-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

қабул қилувчи органлар ёки мансабдор шахслар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи органлар ёки мансабдор шахслар (бундан буён матнда органлар деб юритилади) ҳисобланадилар.


II. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ

ТУРЛАРИ ВА ЎЗАРО НИСБАТИ

5-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари

Қуйидагилар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади:

а) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;

б) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари;

д) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

е) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳужжатлари;

ж) Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.



6-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатлари ҳисобланади ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонун ости ҳужжатлари ҳисобланади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва

қонунларининг устунлиги

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасида қонунлар  ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас.



8-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш орқали қабул қилинади.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг қарорлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси

Президентининг фармонлари

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармонлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.



12-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари

ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари ўз ваколатлари доирасида буйруқлар ва қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади. Низомлар, қоидалар ва йўриқномалар тарзида қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар буйруқ ҳамда қарорлар билан тасдиқланади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг, Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бир неча вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда ёки уларнинг биттаси томонидан бошқалари билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг тармоқ бўлинмалари ва ҳудудий органлари норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



13-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.



14-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларнинг ўзаро нисбати

Турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатига ва мақомига, шунингдек ҳужжатларнинг турларига мувофиқ белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига қараганда юқорироқ юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир-бирига тўғри келмаган ҳолларда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир-бирига тўғри келмаган ҳолларда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирлик, давлат қўмитаси ёки идорасининг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил даражадаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идорасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлади.



III. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

15-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

лойиҳаларининг тайёрланишини ташкил этиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқаётган орган, қоида тариқасида, лойиҳани тайёрлаш юзасидан комиссия тузади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга манфаатдор давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, айрим фуқаролар жалб этилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳасини тайёрлашни давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда топшириши ёки шартнома асосида буюртма бериши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган бир неча давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга муқобил лойиҳалар тайёрлашни топширишга ёки улар билан шартномалар тузишга, шунингдек энг яхши лойиҳа учун танловлар эълон қилишга ҳақлидир.

Иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари, давлат бошқарувининг бошқа соҳаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга тегишли тармоқлар ёки бошқарув соҳаларининг ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралари жалб этилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишини мувофиқлаштириб туриш, қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.



16-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашда

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қўлланиш амалиётини

ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашда лойиҳани ишлаб чиқувчи орган:

лойиҳа мавзусига доир қонун ҳужжатларининг қўлланилиш тажрибасини ўрганади ва ҳисобга олади, ҳуқуқни тартибга солишга бўлган жамоатчилик эҳтиёжини, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ва шароитларни аниқлайди;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларнинг тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ва улардан фойдаланади;

бошқа давлатлардаги қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олади.

Қонун лойиҳалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда умумхалқ муҳокамасига қўйилиши мумкин. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасига қўйилиши мумкин.



17-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳасини

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга киритиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тайёрланган лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга тақдимнома билан киритилади, тақдимномада ҳужжатни қабул қилишнинг зарурлиги асослаб берилади, уни ишлаб чиқувчилар кўрсатилади, ҳужжат мазмунининг қисқача тавсифи берилади, лойиҳа қайси давлат органи, шунингдек ташкилот билан келишилган бўлса, шу орган ва ташкилотларнинг рўйхати келтирилади, келишмовчиликларнинг мазмуни ҳамда улар ҳақидаги асослантирилган фикр қисқача баён этиб ўтилади. Зарурат бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига уни асослаш учун молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, статистика маълумотлари ва бошқа ахборотлар илова қилинади.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа органлар ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тайёрланган қонун лойиҳалари, агар лойиҳани тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига тақдим этилади.



18-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

лойиҳаларининг экспертизаси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт.

Ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги текширилади.

Ҳуқуқий экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаган органнинг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қиладиган органнинг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши мумкин. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг юридик экспертизаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Киритилган лойиҳанинг сифатига баҳо бериш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига биноан норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий-техникавий, экология ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар сифатида тегишли лойиҳани тайёрлашда илгари бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва шахслар жалб этилади. Экспертиза ўтказиш учун бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар таклиф этилиши мумкин. Экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳасига баҳо беришда мустақилдир ҳамда экспертиза ўтказишни топширган органнинг нуқтаи назари билан боғлиқ эмаслар.



19-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунига

нисбатан қўйиладиган талаблар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган тарзда бир хилда қўлланилади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда уни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситалари, шу жумладан, молиялаштириш манбалари, рағбатлантириш, мукофотлаш ва назорат қилиш чора-тадбирлари кўрсатилиши мумкин.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқароларнинг мажбуриятларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ушбу мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари (агар бундай чоралар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлмаса ёки махсус ҳужжатда белгиланиши керак бўлмаса) назарда тутилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга уни қабул қилиш сабаблари ва мақсадларини тушунтиришдан иборат бўлган муқаддима киритилиши мумкин. Норматив кўрсатмалар муқаддимага киритилмайди.

Қонунларда норматив кўрсатмалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар тарзида баён этилади. Қонунларнинг моддалари қисмларга бўлиниши мумкин. Моддаларнинг қисмларида бандлар, кичик бандлар ва хатбошилар бўлиши мумкин. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда норматив кўрсатмалар тартиб рақамига эга бўлган бандлар тарзида баён этилади. Бандлар кичик бандларга ва хатбошиларга бўлиниши мумкин.

Ҳажм жиҳатдан йирик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун жиҳатдан яқин бўлган моддалари (бандлари) параграфлар ва бобларга бирлаштирилади. Зарур ҳолларда боблар бўлимларга ва кичик бўлимларга бирлаштирилиши мумкин. Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфлар сарлавҳаларга ва тартиб рақамларига эга бўлади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қонун ҳужжатларига киритилаётган юридик, техникавий ва бошқа махсус атамаларнинг таърифлари берилиши мумкин.

Зарур ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим қоидалари мазкур ҳужжатларга ҳавола қилинган ҳолда айнан такрорланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норматив кўрсатмалари қайта айнан такрорланмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг моддаларида (бандларида) унинг бошқа моддаларига (бандларига), шунингдек амалдаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёки такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.



20-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг

расмий матнини имзо қўйиб тасдиқлаш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матни қуйидаги тарзда имзо қўйиб тасдиқланади:

Ўзбекистон Республикасининг қонуни - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорлари - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорлари - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони - Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раиси томонидан ёки унинг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари - ҳужжатни қабул қилган орган раҳбари томонидан;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари - тегишли ҳоким томонидан.



21-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларнинг реквизитлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги реквизитларга эга бўлади:

ҳужжатнинг тури ва номи;

ҳужжат қабул қилинган жой, сана ва ҳужжат рақами;

тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имзо қўйиб тасдиқлашга расман ваколати бўлган шахсларнинг фамилияси, лавозими ва имзолари.



22-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этиш

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.



23-модда. Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги

муносабати билан илгари қабул қилинган ҳужжатларни

қайта кўриб чиқиш

Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги норматив кўрсатмаларга зид бўлса ёхуд янги ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз аҳамиятини йўқотган, лекин расман ўз кучини йўқотган деб эътироф этилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб эътироф этилмоғи керак.



IV. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ,

УЛАРНИНГ КУЧГА КИРИШИ ВА АМАЛ ҚИЛИШИ

24-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

эълон қилишга қўйиладиган талаблар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Ҳамманинг эътибори учун расман эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким судланиши, жазога тортилиши ёки мол-мулкидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман баён тарзида эълон қилинишига йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий нашрларда эълон қилишга, шунингдек уларни қонун ҳужжатларининг электрон маълумот тизимлари орқали тарқатишга бу ҳужжатлар расмий манбаларда эълон қилинганидан сўнг ҳамда барча реквизитлари, эълон қилинган расмий манбалари ва кучга кириш санасини кўрсатиш шарти билан рухсат этилади.



25-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

эълон қилишнинг расмий манбалари

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами", "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами", вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг расмий нашрлари Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мазкур органларнинг расмий нашрларида эълон қилинади.



26-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларнинг кучга кириши

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатларнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибда кучга киради ва улар эълон қилиниши шарт.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни манфаатдор шахслар эътиборига етказиш норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни билан монеликсиз (эркин) танишиш ҳуқуқини таъминловчи ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.



27-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатнинг орқага қайтиш кучи

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Қонун, у амалга киритилишига қадар юзага келган муносабатларга нисбатан, агар бу ҳоллар қонунда бевосита назарда тутилган бўлса, татбиқ этилиши мумкин. Агар қонун хатти-ҳаракатлар содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш ёки кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар келтирса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.



28-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатнинг амал қилиш муддати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар унинг матнида бошқа изоҳ берилмаган бўлса, муддатсиз амал қилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат амал қилишининг вақтинчалик муддати бутун ҳужжат учун ёки унинг қисмлари учун белгиланиши мумкин. Бундай ҳолда унда  ҳужжат (ёки унинг қисми) қайси муддатга ёки қандай ҳодиса юз бергунига қадар ўз кучини сақлаб қолиши кўрсатилиши зарур.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган белгиланган муддат тугагунига қадар ҳужжатнинг амал қилинишини янги муддатга, бошқа ҳодиса юз бергунига қадар узайтириш тўғрисида ёки ҳужжатга муддатсиз тус бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.



29-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг

шахслар доираси бўйича амал қилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахсларига, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эллик юридик шахсларга, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади.



30-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат амал қилишининг тугатилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) қуйидаги ҳолларда амал қилишини тугатади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) мўлжалланган муддат тугаганда ёки ҳодиса бошланганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) қонунда белгиланган тартибда конституциявий эмас деб топилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) ўз кучини йўқотган деб топилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунда назарда тутилган ҳолларда бекор қилинганда.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

31-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки мантиққа зид тарзда қўлланилган ҳолларда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қонунларнинг нормаларига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди шарҳ беради.

Қонун ости ҳужжатларига уларни қабул қилган органлар расмий шарҳ беради.

Шарҳлаш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тузатишлар, қўшимчалар ва аниқлаштирувчи нормалар киритилишига йўл қўйилмайди.



32-модда. Норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларни мунтазам нашр этиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи ҳужжатларнинг тўпламлари ва мажмуаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нашр этади ёхуд уларни бошқа органлар ва ташкилотлар нашр этиши тўғрисида топшириқлар беради.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир тизимга солинган мажмуаларини нашр этади, мажмуаларни назорат ҳолатида сақлайди, уларга қўшимчалар нашр этади, уларни қайта нашр этади.



33-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни

давлат томонидан ҳисобга олиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат томонидан ҳисобга олиш бундай ҳужжатларни марказлашган тарзда йиғиш ва рўйхатга олишдан, уларнинг фондларини ҳамда бу ҳужжатлар ҳақидаги марказлашган ахборотларни яратиш ва назорат ҳолатида сақлаб туришдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат томонидан ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов