Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЭҲФда ёки чекда товар номи ўринга товар гуруҳини кўрсатиш мумкинми
«ЭҲФ, электрон ишончнома ёки касса чекини тўлдираётиб, муайян ТМЗ рўйхати ўрнига умумий таърифдан («маиший техника ассортименти» ва ш.к.) фойдаланса бўладими? Ёхуд товарларнинг муайян номларини келтириб ўтиш шартми? Товар – мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган товардир».
«Норма»нинг илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гульнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб ўтди:
– Жавоб қатъий: умумий таърифлардан фойдаланиб бўлмайди, ҳар бир муайян товарнинг номи ёзиб ўтилиши керак. Қуйидагилар фикримизга далил бўлади:
- Ҳисобварақ-фактуралар шакллари ва уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ;
- 4-сонли «Товар-моддий захиралар» БҲМС;
- Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом.
Эътибор беринг: бирламчи ҳужжатларнинг барча шаклларида товар номи учун алоҳида устун мавжуд. «Маиший техника» – товар номи эмас, балки товар гуруҳидир. Товарни номи бўйича тўғри ёзишга доир қуйидаги мисолни келтириш мумкин: «Samsung WW80J6210CWOLD кир ювиш машинаси». Бу ёзувдан сўз маълум русумдаги кир ювиш машинаси ҳақида кетаётганини билиб олишимиз мумкин. Афсуски, ҳужжатларни шакллантиришда бу меъёрнинг бузилиш ҳолатлари ҳали-ҳануз учрамоқда, бироқ келгусида бунинг техник жиҳатдан иложиси бўлмайди.
Товар номининг ўрнига умумий ёзувларни қўллашга рақамли маркировка ҳам йўл қўймайди. Унга кўра, ҳужжатларда товарнинг номи билан бирга рақамли маркировка белгиси акс эттирилиши керак. Бунинг учун товар ўрамидан Data Matrix ўқилиши керак. Data Matrix ҳар бир товар бирлигини ягона бирликка айлантиради. Айнан шунинг учун ҳам агрегацияланган кодларни ҳисобга олган ҳолда ҳар битта Data Matrix мустақил позиция сифатида ёзиб олинади, бошқача бўла олмайди ҳам.
Рақамли маркировка қоидаларини бузганлик учун жарималар назарда тутилган бўлиб, хусусан – СК 227-1-моддасига кўра – у реализация амалга оширилган сўнгги ҳисобот чорагида олинган соф фойда миқдорига тенг. Лекин, Президентнинг 26.02.2024 йилдаги ПФ-39-сонли Фармонига кўра бу модда бўйича жарималар Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритулганга қадар музлатиб қўйилган.
Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилганидан сўнг жарималар миқдори камайтирилади. Ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима тўлашади. Ҳуқуқбузарлик молиявий жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда – охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.
2023 йил март ойидан бошлаб СК 223-моддаси 5-қисмида назарда тутилган меъёр ишга тушишган. Унга кўра, ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида сотиб олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган МХИКнинг акс эттирилиши ЭҲФларда ёки чекларда кўрсатилган реализация қилинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бу барча янгиликлар товарлар қатъий ҳисобга олиниши, солиқ базасини яшириш ёки камайтириб кўрсатишга йўл қўймаслик, аҳолини контрафактдан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Товар номларини ЭҲФлар, ишончномалар ва онлайн-НКТ чекларида акс эттириш талабларининг бузилиши – солиқ текширувини ўтказиш учун сигналдир. Шу боис онлайн-НКТ, ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа электрон ҳужжатларда товарлар билан ишлаш инструментларини ўрганиш ва улардан фойдаланиш муҳимдир. Солиқ ҳисобига доир бу инструментларни бухгалтерия ҳисоби ва омбор ҳисоби дастурлари билан интеграциялашнинг имкониятига эътибор қилинг. Зеро бухгалтерия ва омбор ҳисоби дастурларида юритилаётган корхонадаги товар ҳисоби – ҳар доим энг аниқ ҳисобдир.
Buxgalter PRO экспертларининг тушунтиришлари товар номлари, МХИК ва рақамли маркировкалаш билан ишлашингизни оптималлаштиришга ёрдам беради:
- Харидорга қачон ва қайси турдаги онлайн-НКТ чеки берилиши керак;
- Солиқ қонунчилигини бузмаслик учун сотиш ва қайтариш чеклари қандай расмийлаштирилади;
- Тўлов тизимлари ва маркетплейслар чекларининг солиқ қонунчилигига мувофиқлигини қандай таъминлаш керак;
- Савдо (қайтариш) чекларида номенклатура қандай акс эттирилади;
- МХИК, ўлчов бирликлари, имтиёзлар: tasnif.soliq.uz функционали билан қандай ишлаш керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади