Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ҳисобварақ-фактура муддатида тақдим этилмаганда нима қилиш керак
Ҳисобварақ-фактуралар шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова билан тасдиқланган) сотувчи томонидан харидорга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш муддатлари белгиланган. Бироқ айрим ҳолатларда турли сабабларга кўра уларга қатъий риоя этишнинг имкони бўлмайди. Мазкур ҳолатда қандай йўл тутиш лозим?
Buxgalter.uz муаммога ойдинлик киритишга уриниб кўрди.
Ҳисобварақ-фактура эртами-кечми барибир тақдим этилади, акс ҳолда маълумотларда фарқлар юзага келади ва солиқ органларида саволлар туғилишига сабаб бўлади.
Бухгалтерлар buxgalter.uz билан суҳбатда ҳисобварақ-фактуранинг кечикиш ҳолатлари кўп учрашини, айрим ҳолларда ойлаб ҳисоблаб чиқарилишини таъкидлаб ўтдилар. Бундай ҳолатлар Низомга (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова билан тасдиқланган) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилмаган. Шу боис бухгалтерлар солиқ органларидан ҳеч бўлмаганда, қуйидагиларни тушунтириб беришни сўраяптилар:
- тақдим этилмаган ҳисобварақ-фактура қандай муддат мобайнида шакллантирилиши ва харидорга юборилиши мумкин;
- бир ой ва ундан ортиқ кечикиб тақдим этилган ҳисобварақ-фактура ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобларида қайси даврда акс эттирилади? Масалан, белгиланган нормаларга кўра июлда тақдим этилиши лозим бўлган ЭҲФ сентябрда тақдим этилган.
«Янги технологиялар» ИАМда маълум қилишларича, ушбу саволларга ҳозирча жавоб топилмаган ва табиийки, ахборот тизимига киритилмаган. Шу билан бирга суҳбатдошнинг таъкидлашича, бу муаммога ечим изланмоқда. Яқин кунларда ДСҚ томонидан мазкур вазиятларни ҳал этиш масалалари тартибга солинади ҳамда ушбу нормалар ҳисобга олинган ҳолда ЭҲФ ва солиқ ҳисоботи тизимида созлаш ишлари амалга оширилади.
Илгари ушбу масала юзасидан ДСҚ солиқ маслаҳати бошқармасининг бўлим бошлиғи Улуғбек ДАДАХОНОВ buxgalter.uz га берган интервьюсида шундай деган эди: «ҳисобварақ-фактура тақдим этилган муддатидан қатъи назар, СКнинг 242-моддасидаги қоидаларга мувофиқ аниқланадиган айланма амалга оширилган санага тўғри келадиган ой учун ҳисоботга киритилади».
ДСҚнинг якуний қарорини кутиш керак бўлади.
Ушбу вазиятни «Норма» компанияси экспертлар гуруҳи раҳбари, солиқ маслаҳатчиси Татьяна БЕЛОУСОВА шарҳлаб берди:
– ДСҚ томонидан ушбу масала ҳал этилишида қуйидагилар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ бўлади:
- етказиб берувчига ЭҲФ тақдим этилиши лозим бўлган чекланган муддат. Масалан, ЭҲФ товар юклаб жўнатиладиган (хизматлар кўрсатиладиган) санада, бироқ кейинги ойнинг 8-санасидан кечиктирмай тақдим этилиши лозим. Истисноли ҳолатлар – Низомда (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова билан тасдиқланган) кўрсатилган алоҳида ҳолатлар;
- ушбу муддатлар бузилишининг оқибатлари.
Низомда ЭҲФ тизимида узилишлар туфайли ҳисобварақ-фактурани тақдим этишнинг имкони бўлмайдиган вазиятлар назарда тутилган. Мазкур ҳолатда бухгалтер белгиланган муддатларда уни қоғоз шаклида тақдим этиши шарт ва тизимдаги носозликлар бартараф этилганидан кейин 5 кун ичида ЭҲФни расмийлаштириши лозим. Бунда тизимнинг носозлиги далили тасдиқланиши зарур .
Бироқ ЭҲФ тизимининг носозлиги – бу Низомнинг 4-7-бандларида белгиланган муддатларга риоя этилмаслигига сабаб бўладиган ягона ҳолат эмас.
Муддатлар тўғри белгиланиши ва тадбиркорларнинг интизомни бузишига имкон яратмаслиги лозим. Айланма эътироф этилган ойдан кейинги ойнинг 8-санасига қадар бўлган муддат энг мақбул бўлади. Бу тадбиркорларга ҳам, солиқ органларига ҳам қулайдир.
Олег ГАЕВОЙ суҳбатлашди.