Полезное для бухгалтера в ноябре:
ДМ 2021 йил якунлари бўйича соф фойдадан олинадиган солиқни тўлаши керакми
Доимий муассасалар 2022 йил 1 мартгача бўлган муддатда 2021 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисобот топширди. СКнинг 347-моддасига киритилган ўзгартиришлар туфайли улар 2021 йил соф фойдасидан олинадиган фойда солиғини тўлашлари керакми?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:
– ЎРҚ-741-сон Қонун билан СКнинг 347-моддасига қўшимчалар киритилди, уларга асосан фаолиятини ДМ орқали амалга оширувчи норезидентнинг солиқни тўлангандан кейин ўз тасарруфида қоладиган соф фойдаси дивидендларга тенглаштирилади ва унга 10% ставка бўйича солиқ солиниши лозим .
Соф фойда деганда жами даромад ва доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги фарқ тушунилади. Бунда жорий солиқ даври учун соф фойда айни бир ДМ доирасида аввалги солиқ даврларида олинган зарарнинг умумий суммасига, башарти илгари бундай зарар соф фойдани аниқлашда ҳисобга олинмаган бўлса, камайтирилади.
Соф фойдадан олинадиган солиқнинг ҳисоблаб чиқарилган суммаси солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай бюджетга тўланади.
Ўзгартиришлар 2022 йил 1 январдан бошлаб кучга кирди ва кўриб чиқилаётган ҳолда:
- солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ;
- солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади .
Бундан ташқари, фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклининг ўзи, моҳиятига кўра, ДМ соф фойдасини акс эттиришни ва унга солиқ солишни назарда тутмайди.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, ДМда 2021 йил якунлари бўйича соф фойдадан олинадиган фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмайди. 2022 йил I чорак якунларидан бошлаб эса, фаолиятини Ўзбекистонда ДМ орқали амалга оширадиган юридик шахс-норезидентда бундай мажбурият юзага келади.